ТАҚДИРДАН МИННАТДОРМАН!ТАҚДИРДАН  МИННАТДОРМАН!
ХАЛҚЛАРИМИЗ ДЎСТЛИГИ УЧУН БЕРИЛГАН МУКОФОТ
Мамлакатимизда кейинги йилларда матбуотнинг роли ва қадри ошиб бораётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Ўзбекистон журналистлари нафақат юртимиз ҳаёти ва тараққиёти, янгиланишлар ҳақида балки хорижий давлатларда бўлиб, дўстона ҳамкорлик, маданий алоқалар ҳақида мақолалар ёзиш имкониятига эга бўлмоқда.
Менга ҳам ана шундай имконият ва бахт кулиб, ўтган йили кузда бир гуруҳ журналистлар билан Хитой Халқ Республикасида ижодий сафарда бўлиш насиб этди.
Чин мамлакатидан олган таассуротларим ва ҳайратларимни қоғозга тушириб, туркум мақолалар ёздим. Чунки дунё харитасидан аҳолиси кўплиги, ишлаб чиқариши ривожланганлиги, янги инновацион ғоялар ижодкорлиги, техника тараққиётидаги улкан ютуқлари билан мустаҳкам ўрин эгаллаган, дунёнинг нафақат иқтисодий ривожланиш нуқтаси, балки фан ҳам, маданият ҳам, таълим ва маърифат бобида ҳам ўзига хос мактаб яратган бу мамлакатнинг осмонўпар бинолари, пурвиқор тоғлари, бетакрор дарё, денгизлари, ҳаётнинг рангидек яшил ўрмонлари, энг муҳими, меҳнаткаш ва камтарин, жуда маданиятли асл инсонлари ҳақида ёзмаслик мумкин эмасди.
Ижодий сафаримиз давомида хитойлик дўстлар билан таржимон орқали гаплашган бўлсак-да, тилимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам дилларимиз, урф-одатларимиз, айрим анъаналаримиз бир-бирига мос ва яқин эканлигини юракдан ҳис этдик.
Чин юракдан ёзилган мақолаларимга чин юракдан берилган баҳо учун- шундай юксак мукофот - менга топширилган Олтин қалам учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига ташаккур билдираман.
Мени қўллаган устозларим, мен билан ижодий ҳамкорлик қилган ҳамкасбларим, менга ишонган дўстларимга ишонч учун раҳмат.
Тақдирдан беҳад миннатдорман. Ўтган умримнинг қирқ йилини журналистика соҳасига бағишлаганлигим билан фахрланаман. 2018 йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида Президентимиз Фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Излаган сўзимни топиб, эзгулик истаганларга, яхшилик кутганларга улашиш, ҳаётнинг қувонч ва ташвишларини қаламга олиш имкониятим ва бахтим бор экан, ҳамиша эл хизматига тайёрман! Чунки бу мукофот- менга қайрилмас қанот!

Маруса ҲОСИЛОВА,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси