МАНГУЛИК Асқад  МУХТОР








Ўзини денгизга бағишлаб дарё,
Жилғалар ўлади.
Узоқ-узоқ янграб, замонлар аро
Қўшиқлар сўнади.
Ёруғ ёниб,
Шон-шуҳратга қониб,
Юлдуз ўчади-
Йўқлик дунёсига кўчади.
Гоҳ ҳавас қиламан...
Лекин аслида:
Мен у ҳам бўлмасам,
Бу ҳам бўлмасам:
Табиатдай бўлсам:
Сўлсам-да фаслида,
Сира ўлмасам!
Ўзбекистон Халқ шоири  ЗУЛФИЯ таваллудининг 100 йиллигигаБАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ...
Салқин саҳарларда, бодом гулида
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Мана, қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
У ҳам ёш тўқдию, чекилди нари.
Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чикди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.
Топмай, сабри тугаб бўрон бўлдию,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.
Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Барида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…
Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан,
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.
Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлдию, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:
«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан
«Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб».
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?
Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?
Қандай ишкқа тўлиб боқарди тонгта,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.
Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол?
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?»
Қандай жавоб айтай лолдир тилларим,
Баридан тутдиму, келдим қошингта.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.
Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этдилар чок-чок.
Гулу райҳонларнинг таралди атри
Самони қоплади майин бир қўшиқ
Бу қўшиқ нақадар ошино, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.
Баҳорга бурканган, сен севган элда
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!
Ўзбекистон Халқ шоири  ЗУЛФИЯ таваллудининг 100 йиллигига
ҲАЁТ БУ!
Ҳаёт бу!
Инсонга кутишдир одат,
Эртанинг бугундан жозибаси зўр.
Туйнукда кутгандай чақноқ саодат,
Кўлажак ҳар кимга кўринар ҳузур.
Ошиқма, ошиқма оромга!
Зотан
Бахту буюклигинг – бетинчлигингда.
Ғафлатда карахт бир ўтган умрдан
Нафратдан ўртанган азоб ширин-да…
1972
ҲИЖРОН
Куз оқшоми эди. Булутли оқшом,
Ойдан тўкилмасди кумуш каби нур.
Азамат тераклар сафи хаёлчан
Кўкка чўзган эди бошини мағрур.
Барглари сарғайган гуллар, дарахтлар
Оқшом туманида сокин боққан чоғ,
Ёрим, севар ёрим, жўнади жангга,
Менинг юрагимга тушди ҳижрон-доғ.
Мен севган дилдорнинг севган юрти бор!
Ишқ доим эрк учун ҳижронга рози.
Бу ҳижрон мангумас, висоли ҳам бор –
Қаҳратон қишларнинг бўлгандай ёзи.
1942
КЎЧАТ ЭКИНГ, БОҒ ҚИЛИНГ...Роза ҲОСИЛОВА,Навбаҳор туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
Бу сўзлар барчамизга таниш ва қадрдон сўз. Уни кўп эшитамиз, кўп такрорлаймиз. Такрорлаганимиз сайин кўз ўнгимизга баҳорда қийғос гуллайдиган олча-ю ўриклар, шовуллаган шафтолизорлар, тарам-тарам олмали боғлар келади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон боғларининг таровати, саховати нафақат кўзларни қувонтиради, дастурхонимиз файзу баракаси боғлар шарофатидан. Собиқ шўро даврида ота-боболаримизнинг пешона ери эвазига бунёд этилган гектарлаб катта боғлар йўқ қилиниб, адоғсиз пахта далаларига айлантирилганлигига гувоҳмиз. Истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида ер ҳақиқий эгаларига берилиб, боғ-роғлар кўпайтирилди. Боғдорчилик, узумчилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга ошмоқда.
Навбаҳор туманидаги “Хашман” маҳалласида истиқомат қилувчи 80 ёшли Абдураҳмон ота Турдиев ана шундай истиқлол берган имкониятлардан кенг фойдаланаётган фермерлардан бири. Айнан 1991 йилда ташкил этилган “Абдураҳмон бобо” фермер хўжалиги асосан боғдорчилик билан шуғулланади. 4,5 гектар токзор, 4,5 гектар боғдорчиликка ихтисослашган мазкур фермер хўжалигидан йил – ўн икки ой мева-чева аримайди. Бешрабод, Тошрабод ва Кармана деҳқон бозорларидан қишда ҳам ана шу фермер етиштирган нақш олмаларни топасиз.
Қишлоқдаги пиру бадавлат отахонимиз фарзандларини ҳам меҳнат билан тарбиялаган, невараларининг олий ўқув даргоҳларида таҳсил олиши ҳам ана шу ҳалол меҳнат шарофатидан.
-Нафақат фарзандлар, невараларга, балки маҳалладошларга, қишлоқ ҳудудида жойлашган 17- умумий ўрта таълим мактабимиз ёшларига ҳам ибрат бўлаётган бу инсондан,- дейди меҳнат фани ўқитувчиси Таваккал Саноев,- боғдорчилик сирларини ўрганиб, мактабимизда катта боғ яратганмиз. 5 гектар майдонни эгаллаган мактабимизнинг чор-атрофидаги боғ-роғни кўриб қувонасиз. Таълим масканимизда 460 нафар ўқувчи, 50 дан ортиқ ўқитувчи бор. Уч йил олдин Самарқанддаги боғдорчилик институтидан тез ҳосил берадиган к ўчатлар келтирилиб, ҳар бир ўқувчи ва педагог бир донадан дарахт экиб, боғ барпо қилинди. Ҳозир ана шу олма, ўрик, нок дарахтлари мевага кираяпти. Мактабимизнинг ўзида ўқувчилар ўзи парвариш қилаётган мўъжазгина лимонария иссиқхонаси ҳам бор. Яна бир иссиқхонада эса кўкатларни ўстиришни бошладик. Хуллас, меҳнат дарсининг самараси ўзини кўрсатаяпти.
-Ўқувчилар бўш вақтларида ўз хонадонларидаги томорқаларида ота-оналарига ёрдам бераётганлиги ҳам меҳнат дарсининг самарали эканлигидан албатта. Қолаверса, раҳбаримиз Норпўлат Қосимовнинг ташаббускорлиги ва талабчанлигидан ҳамда мактаб-оила-маҳалла ҳамкорлигининг ижобий натижаси бу.
Остонада баҳор. Баҳорнинг энг улуғ хосияти яратиш, яшариш, борлиқни гўзалликка буркаш. Сиз ҳам баҳорнинг бағрини гулларга тўлдиринг. Кўчат экинг, боғ қилинг...
“ТАБИАТ  ВА  ҲАЁТ” - 13-РЕСПУБЛИКА  ЭКОЖУРНАЛИСТИКА ТАНЛОВИ  ҒОЛИБИЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 13-Республика экожурналистика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танлов оммавий ахборот воситалари ходимларининг экология мавзусини ёритишдаги профессионал салоҳиятини ошириш ва эколог журналистлар ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган.
13-Республика экожурналистика танловига республикамизнинг барча ҳудудларидан 100 га яқин муаллифдан 400 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушди.
Танлов ғолиблари орасида аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини оширишга ҳисса қўшаётган “Табиат ва ҳаёт” газетасининг ҳам борлиги қувончли хабар бўлди.
Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва диплом билан тақдирландилар.
ЙОД  ТАНҚИСЛИГИ - ХАВФЛИ   Маълумки, инсон саломатлиги кўп жиҳатдан табиатга, атроф-муҳит мусаффолигига боғлиқ. Чунки экологик танглик юзага келган ҳудудларда инсон соғлиғи, айниқса, аёллар саломатлиги ёмонлашиши табиий. Буни кўп йиллик тажриба ва таҳлиллар аниқ кўрсатиб турибди. Кейинги йилларда саноатнинг ривожланиши натижасида атмосферага салбий таъсир кўрсатаётган турли зарарли ва заҳарли газлар оқибатида аҳоли орасида эндокриник, нафас йўллари, ички ва онкологик хасталикларнинг камаймаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Кейинги йилларда организмда йод етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган касалликларнинг кескин ортаётганлиги ҳам ташвишли албатта.
Эътибор беринг, бутун дунёда йод етишмаслиги оқибатида :

- 43 миллион инсон– ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга, жумладан, 11 миллион кретинлар мавжуд.

- 760 миллион одамда буқоқ бор.
Қалқонсимон без гормонларининг тана ривожланишига таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак:
-Асаб тизими , асабийлашув, жаҳлдорлик, йиғлоқилик;
-Қалқонсимон безнинг катталашуви, ютишга халақит бериши, томоқни сиқиши;
-Ошқозон-ичак тизими ,қабзият ёки ич кетиши, кўнгил айниши;
-Тери ва сочда ўзгаришлар, соч тўкилиши, тирноқ синувчанлиги;
-Юракнинг тез-тез уриши, юрак соҳасида санчишлар;
-Репродуктив фаолият –бепуштлик;
-Суякларнинг оғриши, синувчан бўлишини кузатиш мумкин.

Унутмаслик керакки, йод танқислигининг оғир оқибати анимия, камқонлик, ёш аёлларда ҳомиланинг тушиши, туғма юрак пороги билан туғилиш, болаларнинг жисмонан ва ақлан ўсишдан орқада қолишига олиб келади.

Дарҳақиқат, йод инсон организми учун энг зарур микроэлементлардан бири саналади. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда аҳоли ўртасида йод танқислигининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Эндокринология институти, Республика Давлат санитария-эпидемилогия назорати маркази ва уларнинг жойлардаги идоралари туз ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНИСЕФ, Осиё тараққиёт банки томонидан кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Хўш, инсон организмида йод танқислигини қандай ҳолатларда билиш мумкин? Аввало, инсон организмида йодга эҳтиёж ортаётганлигини қуйидаги ҳолатлардан билиш мумкин:
Ичакларда сўрилиш камаяди, ингичка ичак шиллиқ қавати касалликлари кузатилади. Шунингдек, Спру-операциядан кейин ёки ингичка ичак резикциясидан сўнг узоқ муддатли ич кетиши, (асосан қандли диабетга чалинганларда), жигар церрози ҳолатларида Абсорцияни пасайтирувчи полистрамин, амиодрин, солен, тироксин каби препаратларга эҳтиёж пасаяди. Бу ҳолат, айниқса, 65 ёшдан ошган беморларда кўпроқ кузатилади.
Таъкидлаш лозимки, қалқонсимон безда йод заҳираси мавжуд. Айнан шу безда йод 80 мкг.гача тўпланиши мумкин. Шу боис ҳам қалқонсимон безга йодидлар тушиши камайганда ёки тўхтаганда йод танқислиги яққон сезилади.
Ҳозирги пайтда йод танқислигини бартараф этиш ёки унинг олдини олиш учун аҳоли ўртасида йодланган ош тузидан фойдаланишни татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Табиий ош тузини йодлаш учун эса бир тонна тузга атиги 65 грамм миқдорида калий йодид қўшиш кифоя қилади. Ёдланган тузни сақлашнинг ҳам ўз қоидалари бор. Биринчи галда яроқлилик муддатига аҳамият қаратмоқ керак. Йодланган туз албатта қоронғу, қуруқ жойда, ёпиқ идишларда сақланиши зарур. Овқатланиш жараёнларида фақат ёдланган ош тузидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шуни ҳам алоҳида эслатиб ўтиш жоизки, ёдланган тузни фақат овқат ейиш пайтидагина истеъмол қилиш лозим.
Тўлиқ ёдланган ва сифати кафолатланган ош тузи буқоқ касаллигининг бошланғич ҳолатини йўқотади. Кичик ҳажмдаги бўқоқларни эса янада кичрайтириш таъсирига эга. Катта ҳажмдаги бўқоқ шакллари йодланган ош тузини истеъмол қилиш билангина йўқолиб кетмайди. Йод етишмаслиги кузатилганда, албатта ҳомиладор аёлларга узоқ муддат мобайнида анструмин препаратини қўллаш тавсия этилади. Бу ўз навбатида беморнинг қалқонсимон без фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради. Яъни керакли миқдордаги йод моддаси ўрнини босади. Антиструмин болаларга ҳафтада бир марта бир таблеткадан, ҳомиладор аёллар ва ўсмирларга эса ҳафтасига икки марта берилиши тавсия этилади. Шунингдек, денгиз карамидан олинган “Ламинария” таблеткаси, “Йоддар”, “Йодомарин”, “Элтероксин” каби таблеткалардан унумли фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунга келиб, баъзи “ишбилармон” табиблар хурмо, ёнғоқ баргидан фойдаланиш каби маслаҳатларни беришади. Афсуски, бизнинг тупроқда, сувимизда, меваларимизда йод моддаси етарлича эмас. Шу боисдан ҳам дунё тан олган препаратлар билан даволанган маъқул.
Йод танқислиги билан боғлиқ касаллик аломатлари сезилиши билан биринчи галда мутахассис-шифокор ҳузурига шошилган маъқул. Чунки нотўғри тавсиялар оқибатида хасталик хуружи кучаяди. Натижада қатор патологик хасталиклар келиб чиқади. Жумладан, буқоқ, гипотероз кретинизми, карлик, соқовлик, ғилайлик, ақлий заифлик, паканалик, жинсий ривожланишнинг орқада қолиши ҳолатлари рўй беради.
ҚИЗИЛҚУМ  БЕДАРВОЗА...МИ? Фуқароларнинг бурчлари Конституциямизнинг ўн биринчи боб 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган. Бу бурч барчамизнинг зиммамизга жаҳондаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланган атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, инсон саломатлигини таъминлаш каби масъулиятни юклайди. Тоза ичимлик суви таъминоти ва ноёб ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш ҳозирги пайтда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик муаммолардан бири эканлиги ҳам бугун йигирма биринчи асрда ҳеч кимга сир эмас.
Ва ана шундай экологик муаммоларнинг келиб чиқишига замондошларимизнинг ўзи “ҳисса қўшаётганлиги”, сабаб бўлаётганлиги ачинарли албатта.
Кейинги вақтларда биргина саксовул ўғрилари ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Тўғри, қишнинг совуқ кунларидан ўзини асраш учун инсон қиш ғамини ейиши табиий. Аммо ўз манфаати йўлида халқ, давлат мулки ҳисобланган ўсимлик дунёси, табиат бойлигини топташи, нобуд қилиши, сотиши, айниқса у келгусида экологик фожиаларга сабаб бўлиши мумкин бўлган оқибатларни келтириб чиқарса, асло кечирилмас ҳол.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини қўриқлаш инспекцияси томонидан ўтган йил давомида 329 маротаба табиат қонунчилиги бузилганлиги аниқланди.
Тўғри, табиатга етказган озори ва зарари учун 148 фуқарога 53876, 160 сўм миқдорида товон пули солинган. Жумладан, 121 нафар фуқарога ўсимлик дунёсини асраш бўйича солинган товон пули 9107346 сўмдан иборат бўлди. Масалан, қонунбузар Намоз Шокиров Конимех туманидан рухсатсиз ноқонуний равишда ўзига тегишли бўлган МАЗ-551 д/р 80 192 АА автомашинасида 27 м 3 саксовул бутасини олиб кетаётган вақтда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан тўхтатилди. Қонунбузардан 96 105 сўм миқдорида жарима ҳамда 3 632 769 сўм миқдорида товон пули солиниб, тўлиқ ундириб олинди. Бироқ табиатга етказилган зарар бундай жарималар билан қопланмайди, аниқроғи саксовулзорларни қайта тиклаш шунчаки осон иш эмас... Машина давлат рақамига эътибор беринг, 80. Ён қўшнимиз Бухоро вилоятига тегишли рақам. Аммо Қизилқум чўллари бедарвоза эмас-ку. Ёки нафс домига илинганлар кўзини кўр, қулоғини кар қилиб, кўрмаганга олиш билан ўзини оқлашга ўрганиб қолдими?
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо шунга қарамай, ички ишлар, божхона, табиатни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига чап бериб, яширин йўллар билан саксовулни ўгирлаб пуллаётганлар камаймаётир. Ажабланарли жойи шундаки, саксовул игна эмаски, уни хуфёна йўллар билан яшириб олиб ўтишга негадир барҳам берилмаяпти. Бундай қонунбузарларга кимлар имкон яратмоқда, кимлар ёрдам бермоқда деган саволлар эса ҳамон жавобсиз қолмоқда.
Агарда бундай ҳол давом этаверса, аксарият қисми дашт ва чўллардан иборат ҳудудимизда яйловларнинг тобора камайиб кетиши муаммосини келтириб чиқариши табиий. .
– Вилоятимизда саксовулзорларни янада кенгайтириш борасида қатор ишлар олиб борилаяпти, – дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Панжи Рўзиқулов. – Энг муҳими, саксовуллар қум кўчишининг олдини олиши, ҳавога жуда кўп миқдорда кислород чиқариши, шунингдек, чўл шароитида бу ноёб ўсимлик чорва моллари учун муҳим озуқа манбаи ҳисобланиши, “саҳро кемалари” – туялар унинг баргини чайнаб, ўзига керакли миқдорда сув заҳирасини тўплаши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳақиқатан ҳам, барча дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига эга. Олимларнинг олиб борган кузатувларига қараганда, 1 гектар майдондаги саксовулзор чанг ва тузларнинг ҳавога кўтарилишини кескин камайтиради, парчаланишни 35 фоизгача пасайтириб, ҳавонинг нисбий намлигини 28 фоизгача оширади. Шунингдек, бир гектар майдондаги 4 ёшли саксовул 1158 кг. карбонат ангидридни ютиб, 835 кг. кислород ажратади, черкез ўсимлиги эса 1548 кг. карбонат ангидрид газини ютиб, 1116 кг. кислород ажратиши аниқланган. 1 туп саксовул кўчати ўз илдизи атрофида 5 кубометр миқдордаги қумни тутиб туради.
Маълумки, чўлланиш қурғоқчил иқлимли ўлкаларда экологик тизимларнинг бузилиши, улардаги органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашувига ва натижада табиий-иқтисодий имкониятларнинг пасайиб кетишига олиб келувчи табиий-географик ҳамда антропоген жараёндир. Бу жараёнлар табиий ўсимликлар турлари ва миқдорининг камайиши, тупроқ эррозияси ва шўрланиши, унумдорлигининг камайиб кетиши билан тавсифланади. Натижада чўллар ҳудуди кенгаяди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2,8 миллион гектар ер сув эррозиясига учраган ҳолда 2,4 миллион гектар ер шўрланган. 162 минг гектар майдон эса тошлоқ ерларга тўғри келади. Мавжуд ресурсларни унумли ишлатиш, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, биологик хилма-хилликни асраш, қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш, глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.
Биз ҳам табиатга етказаётган ҳар бир озоримиз ва зараримиз учун келгуси авлод азият чекиши мумкинлигини унутмайлик. Фарзандларимизга, яқинларимизга ёмонликни раво кўрмайлик!