Наврўз тимсоллари ГУЛЛАР- ДИЛЛАРГА ДАВО…

Маълум бўлишича, қадимги Хитойда беморларни гуллар билан даволашган. Бу усул ҳозир ҳам дунёнинг турли бурчакларида қўлланилади. Гуллар нафақат гўзаллик рамзи, балки соғликни тиклашга ёрдам берадиган даво ҳам. Бунда гулларнинг ранги муҳим роль ўйнайди.
ҚИЗИЛ ГУЛЛАР -ТУШКУНЛИККА ҚАРШИ
Қизил гуллардан ясалган гулдаста жуда кучли энергияни ўз ичига олади. Бундай гулдаста киши организмининг умумий фаоллигини ошириб, гормонлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қизил рангли атиргуллар эса кишининг руҳий ва жисмоний аҳволини яхшилаб, тушкунлик ва чарчоқни енгади. Ва юрак саломатлигини яхшилайди.
Наврўз тимсоллариСАРИҚ ГУЛЛАР- ИММУНИТЕТНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Лоланинг тўқ сариғи, орхидея ҳамда кунгабоқар гуллари кайфиятни кўтариб, дилни яйратади. Бу гуллар мия фаолиятини яхшилаб, хотира сустлигини ҳам даволаши мумкин. Шунингдек, сариқ гуллар иммунитетни мустаҳкамлаб, ҳар хил юқумли касалликлардан ҳолсизланиб қолган организмни тетиклаштириш кучига эга.
Наврўз тимсоллариБИНАФШАРАНГ- ОРТИҚЧА ВАЗННИ ЙЎҚОТАДИ
Бинафша рангли гуллар ишда кун давомида йиғилган стрессни енгишга яқиндан ёрдам беради. Шу билан бирга, бундай гуллар ҳар хил оғриқларни сусайтириб, ҳаттоки ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам бераркан.
Наврўз тимсоллари КЎК РАНГ ШИРИН УЙҚУ УЧУН
Кўк рангли гуллар азалдан тинчлик ва хотиржамлик белгиси саналган. Бунда гуллар асаб толаларига ижобий таъсир кўрсатади ва жаҳлни енгиб, тинчланиб олишга кўмаклашадиган энг самарали восита ҳисобланади. Кўк рангли гуллар ширин уйқуни таъминлаб, яхши дам олишга ёрдам беради.
Наврўз тимсоллариОҚ РАНГЛИ ГУЛЛАР – ТИНЧЛАНТИРАДИ
Оқ гуллар ҳам ташқи, ҳам ички тозалик белгисидир. Оқ гуллардан ясалган гулдаста кишининг миясида ўрнашиб қолган ҳар хил ёмон ўй-хаёллардан халос этиб, ички тотувликни ҳадя этади. Бундай гуллар мия учун жуда фойдалидир.
( Интернетдан олинди.)
 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили ҚАДРИЯТ ҚАЛЪАСИ
Дилором УЗРО

Юртим қуёшидай бунда дил меҳрин
Бир-бирига офтоб нуридай сочган.
Буюк аждодларин эъзозлаб халқим
Буюк келажакка ёруғ йўл очган.

Йиллар китобида тўрт фасл тугал,
Саховат сабоғин ўқир неъматлар.
Унга умри қиёс нуронийларни
Қадр этмоқдан етар файзу ҳикматлар.

“Болам” дер, тилаги тушда ҳам уйғоқ,
Ҳар ўйида шу сўз кечган бир умр.
Дуосин олганга холиқ ҳам йўлдош,
Кексалар кўнглидан кўнгиллар маъмур.

Етти маҳалладан ўтса қай фарзанд,
Ғамхўрлик “болам” деб овоз бергуси.
Маънавий таназзул қошида дунё
Ҳайратда бизга кўп ҳавас қилгуси.

Эл қалби — қадрият қалъаси мудом,
Минг йилларки собит, олмосдай тоза.
Эзгулик нурига чулғаб оламни
Эй, одамийликка мангу андоза!
МАТБУОТ ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ахборот агентликларини қўллаб- қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, ЮНИСЕФ ва Халқаро журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида ўтказилган навбатдаги давра суҳбати “Матбуотда болалар ҳуқуқи мавзусининг ёритилиши” масалаларига бағишланди.
Давра суҳбатида лойиҳа координатори, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров мавзу юзасидан вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан гапирди. Шунингдек, “Дўстлик байроғи” газетаси мухбири Н. Рўзиева, “Зиёкор садоси” газатаси муҳаррири Х. Ўтаганова, “Истиқбол ғунчалари” газетаси муҳарири А. Жўраевлар ҳам ўз маърузаларида болалар мавзусининг ёритилиши юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ўз мухбиримиз.
МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ-  ХАВФСИЗ ВА МУСАФФО ҲАЁТ  КАФОЛАТИ
Махсуд ИСОҚОВ, Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг маҳаллий жамғарма бўлими бошлиғи

Мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни биргина Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида экоҳаракат депутатлар гуруҳининг фаолият кўрсатаётганлиги ва юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир қатор қонунларнинг қабул қилинаётганлигида яққол кўриш мумкин.
Маълумки, Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, серқуёш мамлакат. Баъзан ана шу табиий бойликлардан фойдаланиш ҳам атроф- муҳитга зарар етказади. Аммо шундай табиий бойликларимиз борки, улардан фойдаланиш кони фойда ва мусаффо ҳаёт кафолати ҳамдир. Масалан, қуёш, шамол ва бошқа муқобил манбалардан энергия олиш борасидаги дастлабки тажрибалар кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Навоий вилоятида ҳам бу борадаги илк тажриба 2009 йилда Қизилтепа туманидаги тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида қўлланилган эди. Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилган Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ушбу хайрли ташаббуси бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида кенг қулоч ёймоқда.
Масалан, ўтган йили қўмитамиз режасига асосан, Конимех туманидаги олис Боймурод овулининг Холмурод қишлоғи аҳолиси ҳамда Нурота туманидаги 26- умумий таълим мактабининг ана шу имкониятдан фойдаланаётганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Ёки вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тасдиқланган дастурига асосан ўтган йиллар мобайнида Қизилтепа, Томди, Нурота, Конимех туманларидаги корхона ва ташкилотларда қуёш нуридан электр токи ҳосил қиладиган кўплаб станциялар ишга туширилганлиги ва муваффақиятли ишлаётганлиги диққатга сазовор.
Аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётган муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни истаётган талабгорлар сони тобора ортмоқа. Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 10 га яқин буюртмалар келиб тушди. Жумладан, Нурота тумани марказидан 35 километр олисдаги Жарма қишлоғида жойлашган 120 ўринли 51-мактаб директори И. Умрзоқов қўмитамизга мурожаат қилиб, ўқувчиларнинг ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишларига имконият яратиш ва қишда синф хоналарини иситиш учун қуёш батареяси ўрнатиб беришимизни сўраган.
Шунингдек, Томди туманидаги Шиели овул фуқаролар йиғинида жойлашган Утемурат қишлоқ врачлик пункти, Қизилтепа тумани Тез тиббий ёрдам шифохонаси янги бинога қўчиши муносабати билан муқобил энергиядан фойдаланиш истагини билдирган. Ўртачўлдаги Муқимов номли фермер хўжалиги аъзолари эса ана шундай замонавий қурилма ёрдамида телевизор кўриш орзусида қўмитанинг маҳаллий жамғарма бўлимига мурожаат қилишган.
2013-2017 йилларда Навоий вилоятининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари ҳудудий дастури чора-тадбирларига имкон қадар бу талаб ва истакларни киритишга ва амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Нуротадаги "Қоратут" бобоТабиат сирли тилсимларга, ажойиб ғаройиботларга бой. Жумладан, Нурота табиати ҳам ўзининг ноёб мўъжизалари ва дурдоналари билан алоҳида ажралиб туради. Кейинги йилларда табиат нур ато этган юртда амалга оширилаётган ишлар айниқса диққатга сазовор.Табиатни асраш, ноёб ўсимликларни кўпайтириш борасида вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар кўлами кенгайтирилмоқда. Масалан, туманимизнинг Ҳасан ота, Қадоқ, Бароқ ва Тутли қишлоқларининг тоғ ён бағирларига ёввойи тоғ пистасини экиб, ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишларда Германиядан келган олимлар бош-қош бўлмоқда. Экотуристларни ўзига жалб қилаётган бу хайрли ишлар табиатни ва био хилма -хилликни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Бизнинг Ҳасан ота қишлоғида тоғ бошланиши ҳудудида халқ номи билан аталувчи “Қоратут” бобо номли кўп йиллик тут дарахти мавжуд. Ота-боболаримизнинг айтишича, унинг пайдо бўлганига 4-5 аср бўлган. Ушбу тутни ўлчаб кўрганимизда, унинг айланаси 9 метру 35 сантимер эканлиги, бир неча кишининг қулочи билан тенгли маълум бўлди.
Табиатнинг бундай ноёб мўъжизаси эътиборга молик, албатта. Шу боисдан ҳам уни табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси назоратига олишларини ва 2015 йилда маҳаллий жамғарма фонди дастурига киритишларини истардик. Бу табаррук бобо тут атрофини ободонлаштириш, худди шу ерда экотуристик жой ташкил этиш, уни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиздир.
Ҳасан ота қишлоғининг бир гуруҳ фуқаролари номидан Иброҳим Эшонқулов, Ҳусниддин Суннатов.
Зубайда ДУШАНОВА, Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси масъул ходими

Навоий давлат кончилик институтида 14 март -“Тўғонларга қарши ҳаракатлар” кунига бағишланган семинар ўтказилди. Тадбирда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Навоий давлат кончилик институти ўқитувчи ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Семинар иштирокчилари вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари, Экоҳаракатнинг Навоий худудий бўлинмаси раҳбари Х.Бақоев ва НДКИ “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” кафедраси мудири Ш. Бабаев, НДКИ ўқитувчиси Х.Салимовларнинг Орол муаммоси ва Тожикистондаги Роғун ГЭСи қандай экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги ва бу бутун жаҳонни ташвишга солаётган муаммо эканлиги , гидроэлектростанцияларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири тўғрисидаги маърузаларини тинглашди.ҲАЛОКАТ ЁҚАСИДАГИ  ТЎҒОНЛАРГА  ҚАРШИМИЗ!
Мутахассислар ўз маърузаларида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимидаги қўшни мамлакатлар – Тожикистон (“Роғун”) ва Қирғизистон – (“Қамбарота-1”) ўз ҳудудида жуда йирик тўғонларни қуриб битказишни режалаштираётганлиги, Ўзбекистон ушбу ҳалокатли қурилишларга қарши эканлиги, бу бўйича халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилиб келаётганлигини, юқори сейсмик минтақада масъулиятсизлик билан қурилаётган бу ГЭСлар қурилиши инсониятга қарши жиноий ҳатти-ҳаракат эканлигини алоҳида таъкидладилар ва дунё олимларининг “ сув инсониятнинг бойлиги бўлиб, у қайсидир давлатнинг мулки бўлиши мумкин эмас”, деган хулосаларини эътироф этдилар.
НАВРЎЗ САЙИЛЛАРИ Наврўз билан боғлиқ гул байрамлари ўтмишда Марказий Осиё халқлари, чунончи, қадимги хоразмликлар, сўғдлар ва бақтрияликлар ҳаётида ҳам энг улуғ тантаналардан саналган. Тарихий манбаларга қараганда, Хоразм ва Бухорода қизилгул, Фарғона водийси ва Тошкент атрофларида лола, тоғли Чуст ва Денов туманларида сунбула, бошқа жойларда бойчечак сайиллари уюштирилган. Қуйида улардан айримлари ҳақида тўхталамиз.
Бойчечак сайли. Шарқ халқлари бойчечакни кўклам даракчиси ҳисоблашган. Шу боис эрта баҳорда болалар тўда-тўда бўлиб, “Ким биринчи бўлиб топса, бахтга эришади!” деган илинжда бойчечак қидиришган. Сўнгра уларни қўйниларига яширган кўйи ҳовлима-ҳовли юриб, қўшиқ айтишган. Бойчечакларни, биринчи навбатда, қарияларга тақдим этишган. Бу гул одамлар қишдан эсон-омон чиққанидан, яна баҳор келиб, янги ҳаёт бошланганидан далолат берган.
Бойчечак сайли турли жойларда ўзига хос тарзда ўтказилган. Масалан, Ургут туманининг Баландқишлоғида унга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Кунлар илиб, кунгай ерларда бойчечаклар бош кўтариши биланоқ йигитлар уларнинг пиёзини кавлаб олиб, лойи билан авайлаб сақлашган. Сайил куни ҳар бир уйга кириб, қадимий “Бойчечак” қўшиғини куйлашган. Баҳор даракчисини хонадон эгаларига топшириб, суюнчи олишган. Шу тариқа бутун қишлоқни айланиб чиқишгач, тушган суюнчилар ҳисобига қўй сотиб олиб сўйишган. Дошқозонда ош дамлаб, энг аввало, кексаларга, беморларга ва азадорларга тарқатишган.
Лола сайли. Фарғона водийси тоғ ён-бағирларида ўтказиш анъанага айланган бу тадбирга халқ томонида сайланган “Лолачи” бошчилик қилган. У дўстлари билан маслаҳатлашиб, сайил жойини белгилагач, бирор дарахтнинг чиройли шохини кесиб олиб, лолалар билан безатган ва қишлоқ кўчаларидан олиб ўтган. Одамлар унга эргашиб, лолазорга йўл олишган. Бояги “гул дарахт” шодиёна ўтказиладиган майдон ўртасига ўрнатилиб, оқсоқоллар дуо бергач, сайил бошланиб кетган.
Қизил гул сайли. У ҳам кўп жиҳатдан лола сайлига ўхшайди. Сунъий гуллар билан безатилган дарахт шохини кўтариб олган “Лолачи” кўчама-кўча кезиб, карнай-сурнайлар жўрлигида халқни сайилга чорлаган. Йигит-қизлар қир-адирларга чиқиб, бир-бирларига қизил гул тақдим этишган. Аёллар эса янги келин тушган хонадонларга “келинкўрди”га боришган.
Хоразмда бу сайил уч кун давом этган. Шу вақт оралиғида навқирон ёшлар дўппиларига қизил гул ғунчасини қадаб юришган. Бухоро шаҳри ва қишлоқларидаги сайиллар эса Наврўз кунларидан бошланиб, салкам бир ой давом этган. У Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг мақбараси атрофида ўтказилган.