НАВРЎЗ САЙИЛЛАРИ Наврўз билан боғлиқ гул байрамлари ўтмишда Марказий Осиё халқлари, чунончи, қадимги хоразмликлар, сўғдлар ва бақтрияликлар ҳаётида ҳам энг улуғ тантаналардан саналган. Тарихий манбаларга қараганда, Хоразм ва Бухорода қизилгул, Фарғона водийси ва Тошкент атрофларида лола, тоғли Чуст ва Денов туманларида сунбула, бошқа жойларда бойчечак сайиллари уюштирилган. Қуйида улардан айримлари ҳақида тўхталамиз.
Бойчечак сайли. Шарқ халқлари бойчечакни кўклам даракчиси ҳисоблашган. Шу боис эрта баҳорда болалар тўда-тўда бўлиб, “Ким биринчи бўлиб топса, бахтга эришади!” деган илинжда бойчечак қидиришган. Сўнгра уларни қўйниларига яширган кўйи ҳовлима-ҳовли юриб, қўшиқ айтишган. Бойчечакларни, биринчи навбатда, қарияларга тақдим этишган. Бу гул одамлар қишдан эсон-омон чиққанидан, яна баҳор келиб, янги ҳаёт бошланганидан далолат берган.
Бойчечак сайли турли жойларда ўзига хос тарзда ўтказилган. Масалан, Ургут туманининг Баландқишлоғида унга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Кунлар илиб, кунгай ерларда бойчечаклар бош кўтариши биланоқ йигитлар уларнинг пиёзини кавлаб олиб, лойи билан авайлаб сақлашган. Сайил куни ҳар бир уйга кириб, қадимий “Бойчечак” қўшиғини куйлашган. Баҳор даракчисини хонадон эгаларига топшириб, суюнчи олишган. Шу тариқа бутун қишлоқни айланиб чиқишгач, тушган суюнчилар ҳисобига қўй сотиб олиб сўйишган. Дошқозонда ош дамлаб, энг аввало, кексаларга, беморларга ва азадорларга тарқатишган.
Лола сайли. Фарғона водийси тоғ ён-бағирларида ўтказиш анъанага айланган бу тадбирга халқ томонида сайланган “Лолачи” бошчилик қилган. У дўстлари билан маслаҳатлашиб, сайил жойини белгилагач, бирор дарахтнинг чиройли шохини кесиб олиб, лолалар билан безатган ва қишлоқ кўчаларидан олиб ўтган. Одамлар унга эргашиб, лолазорга йўл олишган. Бояги “гул дарахт” шодиёна ўтказиладиган майдон ўртасига ўрнатилиб, оқсоқоллар дуо бергач, сайил бошланиб кетган.
Қизил гул сайли. У ҳам кўп жиҳатдан лола сайлига ўхшайди. Сунъий гуллар билан безатилган дарахт шохини кўтариб олган “Лолачи” кўчама-кўча кезиб, карнай-сурнайлар жўрлигида халқни сайилга чорлаган. Йигит-қизлар қир-адирларга чиқиб, бир-бирларига қизил гул тақдим этишган. Аёллар эса янги келин тушган хонадонларга “келинкўрди”га боришган.
Хоразмда бу сайил уч кун давом этган. Шу вақт оралиғида навқирон ёшлар дўппиларига қизил гул ғунчасини қадаб юришган. Бухоро шаҳри ва қишлоқларидаги сайиллар эса Наврўз кунларидан бошланиб, салкам бир ой давом этган. У Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг мақбараси атрофида ўтказилган.