ТАБИАТНИ  СЕВАМИЗ!    ТАБИАТНИ СЕВАМИЗ!
Адиба АҲМЕДОВА, ўқитувчи
Мамлакатимизда ёшларнинг экологик-ҳуқуқий таълим ва тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда экологик таълим ва тарбия асосан: оилада, маҳаллада, мактабгача таълим муассасаларида, мактабларда, лицей, коллеж, институт ва университетларда олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги таълим инсонга табиат ҳодисаларини тушуниб етишга, яшаш жойи, истеъмол қиладиган барча неъматлар, саломатликка таъсир қилувчи омиллар, дам олиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар, унинг мақбул ҳолатини белгиловчи меъёрлар билан таништиради.
Навоий шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактабида 15 апрель- “Халқаро экологик билимлар” кунига бағишлаб “Биз табиатни севамиз ” мавзусида интерфаол очиқ дарс кўринишида ўтказилган тадбирда ўқувчилар тест саволларига жавоб бериш билан бир қаторда, “Қизил китоб”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тўғрисидаги тақдимотни ҳам чиройли уддаладилар. Болаларда экологик-ҳуқуқий таълим-тарбияни мустаҳкамлашга бағишланган тадбирда мактабимизнинг 3-“А” синф ўқувчилари билан “Экология нима?” “Табиат ва ҳарфлар этикаси” мавзусида интерфаол ўйинлар ўтказилди. Ўқувчилар табиатни қанчалик севишларини ўзлари чизган расмларда ифодалаб беришди. Севинч Пардаева, Райҳона Данақулова, Рухшона Қўчқорова каби ўқувчиларимизнинг чизган расмлари бетакрорлиги билан ажралиб турди ва кўпчиликка манзур бўлди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчиларимиз вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ТАРҒИБОТГА  ИННОВАЦИОН  ЁНДАШУВТАРҒИБОТГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ
Зубайда ДУШАНОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси масъул ходими

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмиталари тарғибот ва ташвиқот бўлими ходимлари учун семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш. Муаммолар ва ҳал этиш йўллари, ахборот хизматлари салоҳиятини ва уларнинг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги қарори асосида қабул қилинган , “2013-2017 йилларда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури”нинг амалга оширилишида қўшимча таълим салоҳиятини рўёбга чиқаришда инновацион ёндашув тўғрисида малакали мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Миллий университети ва “Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистон асосий экотизимлари биохилма-хиллигини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш” амалий лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон асосий экотуризмлари биохилма-хиллиги ресурсларини муҳофаза қилиш ва барқарор фойдаланиш” мавзусидаги методик тавсиялар қўлланмасининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тақдимотда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг вилоятлар ва шаҳар ҳудудий қўмиталари, қатор вазирликлар вакиллари, олий ўқув юртлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этдилар. Лойиҳа раҳбарлари ва масъул ижрочилари “Аякагитма”, “Омонқўтон” ва “Дальверзин” ҳудудларида олиб борилган лойиҳавий ҳаракатлар тўғрисида ахборот бердилар.
 ОНА  ЗАМИНГА  МЕҲРНурали БОЛТАЕВ, Ер қаърини, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш устидан
назорат қилиш инспекцияси бошлиғи в.б

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 2009 йил 22 апрелда бўлиб ўтган йиғилишда мазкур санани Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонлашга қарор қилинди. Шундан буён бу сана жаҳоннинг барча мамлакатларида Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Айтиш жоизки, Бутунжаҳон Ер кунида дунёнинг турли мамлакатларида Тинчлик қўнғироқлари жаранглаб, инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган ерни ҳимоя қилишга чорлайди.
Хатирчи туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам 22 апрель- Бутунжаҳон Ер кунини инсоният ҳаёти ва келажагига дахлдор шонли сана сифатида нишонладилар.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир ўсиб келаётган ёш авлод қалбида табиат севиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш туйғуларини камол топтиришга қаратилган бўлиб, унда ўқувчиларнинг табиатга оид билимлари савол-жавоблар ёрдамида синовдан ўтказилди.
Ўқувчилар томонидан тайёрланган суд мажлиси саҳна кўринишларида эса ўсимлик дунёсини пайҳон қилганлиги ва сувни ифлослантиргани, балиқларга зиён етказгани, хазон ёқиб афмосфера ҳавосини ҳамда тупроқ таркибини заҳарлагани учун қонун олдида жавоб бераётган фуқаролар образлари акс эттирилди.
Кўтаринки руҳда ўтган учрашув иштирокчилари ташкилотчиларнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
ЭКОЛОГИК  МУАММОЛАР  ЕЧИМИЭКОЛОГИК МУАММОЛАР ЕЧИМИ ҳамкорликни талаб этади.
Хайрулло БАҚОЕВ,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари, Илмий-техник Кенгаш раиси

Навоий вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2013 йил 12 ноябрдаги 9/3-сонли Ҳайъат йиғилиши қарорига биноан қўмитанинг Илмий-техник Кенгаши тузилганлиги кўпчиликка маълум.
Мазкур Илмий-техник Кенгаш доимий ишлайдиган, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг методик, ахборот-таҳлил, эксперт таъминоти ва илмий-техник фаолиятини мувофиқлаштирувчи консультатив ва илмий орган тариқасида ташкил этилган бўлиб, Кенгаш фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва ҳудудий экологик муаммоларнинг ечимини топишга ҳамда давлатимизнинг ягона илмий-техник ва инновацион сиёсатини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилганлигини яна бир бор эслатишни лозим топдик.
Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бошқа ташкилотлар томонидан тавсия этилаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги лойиҳаларни экспертиза қилиш ва соҳа ҳамда Республика дастурларига киритиш бўйича тавсиялар бериш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими бўйича илмий асосли тавсиялар ишлаб чиқиш, етакчи олимлар билан ҳамкорликда мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш тизимини яратиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги ишларни муҳокама этиш ва танловларга ҳамда мукофотларга тавсия қилиш каби муҳим вазифалар ва йўналишлар ҳам Илмий-техник Кенгаш Низомида ўз аксини топган.
Ўтган қисқа давр мобайнида мазкур Кенгаш томонидан “Вилоят флора ва фаунасининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш бўйича хўжалик шартномалари тузиш ва имзолаш”,” Навоий иссиқлик электр станциясида 450 МвГ қувватли буғ-газ қурилмани ўрнатиш асослари”,” Цемент ишлаб чиқаришда чангни камайтириш мақсадида сув пуркагичларни такомиллаштириш, электр фильтр агрегатларини алмаштириш лойиҳалари”, “Навоийазот АЖнинг 003 –цехида ДАС аппаратидан кейин атмосферага чиқариладиган NH 3 ва NH4 NO 3ни ушлаб қолиш учун санитар колонна аппарати лойиҳаси ҳамда жамиятда таркибида цианли водород бўлган чиқинди газларни ёқиш қозонини модернизация қилиш” каби масалалар кун тартибида атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Кенгаш фаолиятининг самараси сифатида ўтган йили Тошкент шаҳрида қатор вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар, Олий ўқув даргоҳлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Янги композицион материаллар олиш учун маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлардан тайёрланган ингредиентлар” мавзусидаги нуфузли Республика илмий-техникавий конференциясида биз навоийликлар ҳам ўз маърузамиз билан иштирок этганлигимизни айтишимиз мумкин.
Кенгашда вилоятимизда фаолият юритаётган корхона ва олий ўқув юртлари мутахассислари билан бир қаторда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ходимлари, профессорлари ҳам ўз илмий маърузалари билан иштирок этаётганлиги, кенгаш фаолиятининг кенгайиб бораётганлигидан ҳамда фойдали илмий тадқиқотларнинг ҳаётга тадбиқ этилаётганлигидан далолат беради. Масалан, кенгашда кўрилган Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ходимлари- қишлоқ хўжалик фанлари доктори профессор К. Мўминов ҳамда мустақил тадқиқотчи Ш. Қодировалар томонидан “Шўрланган тупроқлар унумдорлиги ва кузга буғдой ҳосилдорлигига нам тўпловчи суғориш ва ўғит меъёрларининг таъсири” мавзусидаги илмий тадқиқоти долзарблиги билан алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
“Ҳамкорликда ҳикмат бор”, деган ақида бекорга айтилмаган. Навоий давлат педагогика институти проректори С. Хўжжиев ва олийгоҳнинг “Умумий биология” кафедраси мустақил тадқиқотчиси И. Баҳромов ҳамда ТДТУ Фан ва техника ДУК “Композит” докторантурасининг мустақил тадқиқотчиси сифатида изланишларим асосида ҳамкорликда нашр этилган “Юксак сув ўсимликлари ёрдамида оқова сувларни тозалаш бўйича тавсиялар” номли кенг оммага мўлжалланган рисоламизда сувдан оқилона фойдаланиш, уларни иқтисодий арзон биологик усулда тозалаш бўйича тавсиялар берилган. Биз келгусида барча саноат корхоналари ва таълим муассасаларини атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга, экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашадиган долзарб лойиҳалари билан илмий-техник Кенгашимиз йиғилишларида фаол иштирок этишларини, биз билан ҳамкорлик қилишларини истардик.
  АЛЛЕРГИЯДАН  ҚУТИЛИШ  МУМКИНМИ?Шавкатжон ПРИМОВ,
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси аллерголог шифокори
Аллергик хасталиклар кўп тарқалган хасталиклардан бири бўлиб, улар биринчи навбатда турли кўринишдаги тери шикастланишлари, нафас олишнинг бузилиши, кўпинча тумов кўринишида намоён бўлади.
Тери шикастланишлари турли омиллар натижасида ривожланиши мумкин. Масалан, нотўғри овқатланиш, юқумли касалликлар юқиши, гормонал бузилишлар, қаттиқ чарчаш, асаб-психик жароҳатлар шулар жумласидандир.
Аллергик ринит ( тумов)ни қўзғатувчи омилларга биринчи навбатда атроф-муҳитдаги аллергенлар- ўт-ўлан ва дарахтларнинг гулларидан тарқаладиган чанглардан ташқари, хонадонларда яшовчи, гилам, намат, жун одеалларга жойлашиб олган ва кўзга кўринмайдиган каналар ҳам аллергик жараёнларни келтириб чиқариши мумкин.
Сизда аллергиянинг асосий симптомлари - тез-тез аксириш, бурун битиши, сув кетиши, кўз қичиши ва қизариши, нафас олишнинг қийинлашиши, терининг қизариб, турли тошмалар тошиши кузатилса, дарҳол аллерголог врачга мурожаат қилишни унутманг.
Кўпчилик аллергик хасталиклардан қутилиш учун антигистамин воситалар ( димедрол, пипольфен, супрастин, гистимет)ни қабул қилишга тушади. Шифокор маслаҳатисиз бу дори-дармонларни қабул қилишга шошилманг. Чунки, ноўрин истеъмол қилинган дори-дармонларнинг ҳам инсон организмига зарар қилиши ва турли асоратларни қолдириши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.
Қийғос гуллаш пайтида шафтоли, нок, сабзи, ёнғоқ (айниқса фундук), киви, ананасларни, уларнинг шарбатларини истеъмол қилишни рад этинг, олмани камроқ енг. Гречка, манний ёрмаси, гуруч ва сули ёрмаларини керагидан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Таркибида эрмон миқдори кўп бўлган сут, ароқ, вермут виноси сингари ичимликларни ичмаган маъқул. Яхшиси, қатиқ маҳсулотларини, ёғсиз гўшт, балиқ, картошка еб туриш керак.
Агар сизда аллергик ринитга мойиллик бўлса, кўчада ёмғирдан кейин сайр қилишга одатланинг. Баҳорги –ёзги гуллаш мавсумида шампунлардан, суюқ совунлардан, ўт ва дарахт экстрактли гелдан, ўсимлик ва гул косметикаларидан, кремлардан фойдаланмасликкка ҳаракат қилинг.
Билиб қўйинг, гул чангида қўзғалувчи реакциядан ташқари, замбуруғ аллергияси ҳам мавжуд, шунинг учун ёз ойларида спорали замбуруғларга дучор бўлишдан эҳтиёт бўлинг.
Аллергия хасталигини ўз вақтида даволамаслик салбий оқибатларга олиб келиши тиббиётда аллақачон исботланган. Агар аллергиянинг нафас олиш билан боғлиқ ҳолларида даволанмаслик бронхиал астмага, тери аллергиясида эса сурункали экзема касаллигига ва дорилардан аллергия юзага келганда, лайелла синдроми яъни терида пуфакчали тошмалар пайдо бўлиши каби касалликларга дучор қилади.
Астма билан касалланган беморлар ¬ иложи борича аллергенлардан узоқроқ юриши лозим. Ҳозирги кунда олимлар томонидан 300 мингга яқин аллерген моддалар аниқланган бўлиб улардан 100 мингтаси ўсимлик дунёсига мансуб бўлса, қолган қисми турли хил кимёвий моддалар, дори-дармонларга тўғри келади. Аллергенлар тўртта асосий гуруҳларга бўлинади: Ўсимлик чанглари; уй-рўзгор аллергенлари; эпидермал аллергенлар (уй ҳайвонларининг юнги ва уларнинг ҳаёт фаолияти жараёнидаги маҳсулотлари); озиқ-овқат аллергенлари.
Совуқ ҳаво, вирусли инфекция, ўткир ҳидлар, асабийлашиш ҳолатлари аллерген бўлиб ҳисобланмайди. Бирок бу омиллар ҳам астма хуружини келтириб чиқариши мумкин.
Уй шароитида аллергия юзага келишининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
Ҳар куни намланган латта билан чангларни артиб туриш; хоналарни шамоллатиш; ўзига чанг йиғувчи жиҳозлар (юмшок, мебеллар, гиламлар, оғир дарпардалар) ни уйдан чиқариб ташла; китоб сақланадиган жавонларни албаттга ойна билан ёпиш; уй ишларини (супуриш-сидириш, чанг артиш) иложи бўлса бемордан бошқа киши бажаргани маъқул, агар бунинг иложи бўлмаса намланган ниқоб билан нафас йўлларини тўсган ҳолда бажариш керак. Замонавий кучли чангютгичлардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Уй ҳайвонларининг юнги, қазғоғига аллергия кузатилган ҳолларда уларни хонадонларда сақламаслик тавсия этилади.
ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИҒаройиб ғоялар
ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ улар электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин

Чиқиндилар кимёвий алоқаларга бой энергияга эга бўлади. Олимлар шуни назарда тутиб, узоқ йиллар ушбу имкониятдан эзгу мақсадда фойдаланиш устида изланиш олиб боришди. Ва ниҳоят, чиқиндиларни плазма — қаттиқ қиздириш натижасида вужудга келадиган ионлашган модда воситасида газга айлантириш технологиясини яратишди.
Бу жараён назарий жиҳатдан оддийгина. Яъни чиқинди ҳамда газ ёки ҳаво билан тўлдирилган идиш ичига, айтайлик, камерага электр токи юборилади. Натижада 7000 даражадан ортиқ иссиқликка эга плазма — ионлашган газ ҳосил бўлади. У мутахассислар тилида яшин деб аталади. Бинобарин, бамисоли шиша ичидаги чақмоқ вазифасини ўтайди.
Плазмаларнинг бениҳоя қизиши камерадаги ҳар қандай чиқиндининг молекуляр боғланишларини парчалаб, органик бирикмаларни, шу жумладан, карбонат ангидрид ва водородни синтезлашган газга, қолдиқларини шишасимон мўрт тошқолга айлантиради. Ҳосил бўлган газ электр станциялари турбиналарини ишлатиш учун зарур ёнилғи вазифасини ўтайди, шунингдек, метанол, этанол ва дизель биоёнилғиси тайёрлашда асқатади. Электр энергия ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитни кўмирга нисбатан анча кам заҳарлайди. Тошқолларидан эса қурилиш ашёлари тайёрланади. Улардан Япония ва Францияда бир неча йиллардан буён қурилишда кенг фойдаланилади.
Тўғри, плазма воситасида газлаштириш ҳозирча маиший чиқиндиларни анъанавий усулда қайта ишлаш усуллари билан рақобатлаша олмайди. Лекин, АҚШнинг Жоржия штатидаги Техник тадқиқотлар институтининг пплазмаларни ўрганиш бўлими директори Луис Сирсеонинг таъкидлашича, кейинчалик унинг технологияси такомиллашиши натижасида таннархи нисбатан арзон энергия ишлаб чиқриш имкониятини бериши мумкин. Қолаверса, турли ҳажмли ва шаклли чиқиндиларни плазмали қайта ишлаш учун уларни кўмиб ташлашга нисбатан камроқ маблағ сарфланади.
Бундан икки ярим йилча бурун чиқиндилар билан шуғулланувчи энг йирик Waste Management компанияси Орегон штатидаги янги inEnTec компанияси билан бирга энг сўнгги плазмали газлаштириш жараёнларини саноатга татбиқ этиш бўйича битим тузди. Флорида, Луизина ва Калифорнияда эса ҳар кеча-кундузда минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга йирик иншоотлар барпо этила бошланди.
Тўғри, плазмали газлаштириш жараёнида ҳосил бўладиган тошқоллар таркибидаги заҳарли оғир металлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси талабларига жавоб беради. Шунга қарамай, уларнинг мавжудлиги чиқиндиларни плазма асосида қайта ишлайдиган заводларни кўпайтириш ниятида бўлган айрим кишиларни бир оз иккилантирмоқда. Мутахассислар эса АҚШда мавжуд қаттиқ маиший чиқиндиларнинг барчаси плазма воситасида қайта ишланса ва ҳосил бўладиган газдан унумли фойдаланилса, у мамлакат эҳтиёжи учун сарфландиган жами электр энергиянинг 5-8 фоизини ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкинлигини уқтирмоқдалар. Бу демак, янги усул тахминан 25 та атом электр станцияси ёки АҚШда мавжуд барча гидростанциялар ўрнини боса олдади..
2020 йилга бориб, ушбу мамлакатда ҳар куни 1 миллион тонна атрофида чиқинди тўпланиши кутилмоқда. Уларни плазмали газлаштириш йўли билан қайта ишлаш фойда келтирса келтирадики, асло зарар қилмайди.


Абдунаби ҲАЙДАРОВ
ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?Ўқинг, бу — қизиқ!
Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги пайтда эски нефть конлари ва ернинг бир замонлар шундай бебаҳо ёнилғига бой бўлган қатламларидан фойдаланиш уларнинг янгиларини излаб топиш ва ўзлаштиришга нисбатан анча арзонга тушади. Чунки аллақачонлар ишлатилиб бўлинган қудуқларда вақт ўтиши билан қайтадан нефть ҳосил бўлади, уларни қазиб олиш учун эса ортиқча сарф-харажат талаб қилинмайди. Россиядаги нефть ва газ муаммолари институтининг академик А.Н.Дмитриев раҳбарлиги остида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ илмий ходимлари бу борада самарали тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Мисол тариқасида Татаристондаги Ромашкино конини келтириш мумкин. Унда жамланган нефть миқдори олдиндан фараз қилинганига нисбатан анча кўп бўлиб чиқди. Умуман олганда эса, кейинги пайтларда Татаристонда нефтнинг олтмиш беш фоизидан ортиғи кўҳна ёки ҳозиргача жами захирасининг тўртдан уч қисми ўзлаштирилган конлардан қазиб олинмоқда. Тегишли қатламларни олдиндан қидириб топиш эса сўнгги 25-30 йил ичида мўлжалдагидан бир ярим баравар кўпроқ нефть захираларига эга бўлиш имконини берди. Қолаверса, тадқиқотчилар “Ромашкино”да муқаддам фойдаланилган, кейинчалик соф ҳолдаги ва сув аралаш нефть билан қайта тўлган эски қудуқларни излаб топишди. Маълум бўлишича, улардаги нефть захираси ер қобиғининг ёрилган ёки дарз кетган қисмларининг ўзаро зичлашиши натижасида тобора кўпайиб бормоқда.
Дарвоқе, ер қобиғи қатлам-қатлам шаклли тузилишга эга бўлиб, гўёки ичига турли-туман масаллиқлар солиб пиширилган таомга ўхшайди. Баъзи жойлари нисбатан қаттиқ ёки юмшоқ, баъзи жойлари ичи нефтга тўла илма-тешик ғоваклардан иборат бўлади. Қайсидир қисми талай ёриқлар ва дарзлар билан қопланади. Улар деярли ясси бўшлиқлар ҳосил қилади. Бу мураккаб шакл ернинг тектоник ҳаракатлари таъсирида узлуксиз равишда ўзгариб туради: қатламлар ҳаракатланади, ёриқлар кенгаяди ва ҳосил бўлган бўшлиқларга чор тарафдаги дарзлардан суюқлик қуйилиб кира бошлайди. Уларнинг ер қобиғига, шунингдек, ғоваксимон юқа қатламларга таъсири ёриқларнинг сезилари даражада кенгайишига олиб келади. Аралашиб қоришиш бўшлиқлар ва дарзларнинг 10-15 километр чуқурликда жойлашган кенг кўламли тизими бўйлаб рўй беради. Ўз навбатида, суюқликларнинг ҳаракати ҳам ўзгарувчан хусусиятга эга бўлиб, нефть гоҳида кўпаяди, гоҳида камаяди. Йирик ғовакли қатламларда бу жараён ўн минглаб йилларга чўзилади, дарз кетган қатламларда эса бирмунча қисқа вақт оралиғида рўй беради. Агар улар унчалик чуқур жойлашмаган бўлса, бу муддат минг йиллардан юз, ҳатто ўн йилларгача қисқаради.
ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?ФАЗОВИЙ КЕМАЛАР НИМА УЧУН ФЛОРИДАДАН УЧИРИЛАДИ?
Флориданинг об-ҳаво шароити анча ноқулай. Шунга қарамай, 1961 йили у Mercury лойиҳаси доирасида бошқариладиган фазовий аппаратлар учириладиган жой сифатида танланди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.
Аввало, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун космодромни одамлар яшамайдиган хилват жойда барпо этиш зарур эди. Бу жиҳатдан Атлантика океани соҳиллари анча афзал ҳисобланади. Чунки Шарққа томон йўналиш бўйича учиш фазовий аппаратга Ернинг айланиш кучидан фойдаланиш имконини беради. Акс ҳолда, у бамисоли дарё оқимига қарши эшкак эшгандек қийинчиликка дучор бўлади. Аниқроғи, Ернинг тортишиш кучини енгиш учун катта миқдорда ёнилғи сарфлайди.
Иккинчидан, Флорида айланаётган Ернинг ҳаракат тезлиги нисбатан юқори бўлган экваторга яқин жойлашган. Бугунги кунда эса фазовий аппаратларни учириш учун дунёдаги энг қулай жой Европа космик агентлигининг Франциянинг Гвиана ҳудудида жойлашган космодроми ҳисобланади. Чунки у экватор шимолига нисбатан атиги беш даража масофада жойлашган.
Учинчидан, Жон Кеннеди номидаги космик марказни қуриш ҳақидаги қарор қабул қилинаётган пайтда Меррит ороллари ҳар томонлама бадастир моддий-техник таъминотга эга ҳудудлар сирасига кирарди. Ён-атрофида армия ва ҳарбий-денгиз базалари жойлашган, яхши йўллар етарли, аҳоли эса деярли йўқ, демак, хоҳлаган нарсани барпо этиш мумкин эди. Тўғри, АҚШда экваторга янада яқинроқ жойлашган Пуэрто ва Гавайя ороллари ҳам бор, бироқ ўша пайтларда уларнинг имкониятларидан фойдаланиш анча қийинчиликларни келтириб чиқарарди.
Ва ниҳоят, яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, Флорида гарчи бўрон ва довуллар тез-тез рўй бериб турадиган субтропик иқлими билан машҳур саналса-да, аксарият қисми ўзига хос об-ҳавога эга. Аниқроғи, АҚШ марказида гирдоб-уюрмалар авжига чиқса, жанубида довул-бўронлар қутуради. Бундай ноқулай об-ҳаво ҳамма жойда кутилмаган нохушликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассисларнинг уқтиришларича, Жон Кеннеди номидаги космик марказ келажакда ҳам ўзининг бошқариладиган фазовий учишлар учун зарур мавқеини сақлаб қолади. Бошқа жойда бундай мураккаб тузилмали иншоотни яратиш жуда қимматга тушади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади