ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИҒаройиб ғоялар
ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ улар электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин

Чиқиндилар кимёвий алоқаларга бой энергияга эга бўлади. Олимлар шуни назарда тутиб, узоқ йиллар ушбу имкониятдан эзгу мақсадда фойдаланиш устида изланиш олиб боришди. Ва ниҳоят, чиқиндиларни плазма — қаттиқ қиздириш натижасида вужудга келадиган ионлашган модда воситасида газга айлантириш технологиясини яратишди.
Бу жараён назарий жиҳатдан оддийгина. Яъни чиқинди ҳамда газ ёки ҳаво билан тўлдирилган идиш ичига, айтайлик, камерага электр токи юборилади. Натижада 7000 даражадан ортиқ иссиқликка эга плазма — ионлашган газ ҳосил бўлади. У мутахассислар тилида яшин деб аталади. Бинобарин, бамисоли шиша ичидаги чақмоқ вазифасини ўтайди.
Плазмаларнинг бениҳоя қизиши камерадаги ҳар қандай чиқиндининг молекуляр боғланишларини парчалаб, органик бирикмаларни, шу жумладан, карбонат ангидрид ва водородни синтезлашган газга, қолдиқларини шишасимон мўрт тошқолга айлантиради. Ҳосил бўлган газ электр станциялари турбиналарини ишлатиш учун зарур ёнилғи вазифасини ўтайди, шунингдек, метанол, этанол ва дизель биоёнилғиси тайёрлашда асқатади. Электр энергия ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитни кўмирга нисбатан анча кам заҳарлайди. Тошқолларидан эса қурилиш ашёлари тайёрланади. Улардан Япония ва Францияда бир неча йиллардан буён қурилишда кенг фойдаланилади.
Тўғри, плазма воситасида газлаштириш ҳозирча маиший чиқиндиларни анъанавий усулда қайта ишлаш усуллари билан рақобатлаша олмайди. Лекин, АҚШнинг Жоржия штатидаги Техник тадқиқотлар институтининг пплазмаларни ўрганиш бўлими директори Луис Сирсеонинг таъкидлашича, кейинчалик унинг технологияси такомиллашиши натижасида таннархи нисбатан арзон энергия ишлаб чиқриш имкониятини бериши мумкин. Қолаверса, турли ҳажмли ва шаклли чиқиндиларни плазмали қайта ишлаш учун уларни кўмиб ташлашга нисбатан камроқ маблағ сарфланади.
Бундан икки ярим йилча бурун чиқиндилар билан шуғулланувчи энг йирик Waste Management компанияси Орегон штатидаги янги inEnTec компанияси билан бирга энг сўнгги плазмали газлаштириш жараёнларини саноатга татбиқ этиш бўйича битим тузди. Флорида, Луизина ва Калифорнияда эса ҳар кеча-кундузда минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга йирик иншоотлар барпо этила бошланди.
Тўғри, плазмали газлаштириш жараёнида ҳосил бўладиган тошқоллар таркибидаги заҳарли оғир металлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси талабларига жавоб беради. Шунга қарамай, уларнинг мавжудлиги чиқиндиларни плазма асосида қайта ишлайдиган заводларни кўпайтириш ниятида бўлган айрим кишиларни бир оз иккилантирмоқда. Мутахассислар эса АҚШда мавжуд қаттиқ маиший чиқиндиларнинг барчаси плазма воситасида қайта ишланса ва ҳосил бўладиган газдан унумли фойдаланилса, у мамлакат эҳтиёжи учун сарфландиган жами электр энергиянинг 5-8 фоизини ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкинлигини уқтирмоқдалар. Бу демак, янги усул тахминан 25 та атом электр станцияси ёки АҚШда мавжуд барча гидростанциялар ўрнини боса олдади..
2020 йилга бориб, ушбу мамлакатда ҳар куни 1 миллион тонна атрофида чиқинди тўпланиши кутилмоқда. Уларни плазмали газлаштириш йўли билан қайта ишлаш фойда келтирса келтирадики, асло зарар қилмайди.


Абдунаби ҲАЙДАРОВ
ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?Ўқинг, бу — қизиқ!
Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги пайтда эски нефть конлари ва ернинг бир замонлар шундай бебаҳо ёнилғига бой бўлган қатламларидан фойдаланиш уларнинг янгиларини излаб топиш ва ўзлаштиришга нисбатан анча арзонга тушади. Чунки аллақачонлар ишлатилиб бўлинган қудуқларда вақт ўтиши билан қайтадан нефть ҳосил бўлади, уларни қазиб олиш учун эса ортиқча сарф-харажат талаб қилинмайди. Россиядаги нефть ва газ муаммолари институтининг академик А.Н.Дмитриев раҳбарлиги остида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ илмий ходимлари бу борада самарали тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Мисол тариқасида Татаристондаги Ромашкино конини келтириш мумкин. Унда жамланган нефть миқдори олдиндан фараз қилинганига нисбатан анча кўп бўлиб чиқди. Умуман олганда эса, кейинги пайтларда Татаристонда нефтнинг олтмиш беш фоизидан ортиғи кўҳна ёки ҳозиргача жами захирасининг тўртдан уч қисми ўзлаштирилган конлардан қазиб олинмоқда. Тегишли қатламларни олдиндан қидириб топиш эса сўнгги 25-30 йил ичида мўлжалдагидан бир ярим баравар кўпроқ нефть захираларига эга бўлиш имконини берди. Қолаверса, тадқиқотчилар “Ромашкино”да муқаддам фойдаланилган, кейинчалик соф ҳолдаги ва сув аралаш нефть билан қайта тўлган эски қудуқларни излаб топишди. Маълум бўлишича, улардаги нефть захираси ер қобиғининг ёрилган ёки дарз кетган қисмларининг ўзаро зичлашиши натижасида тобора кўпайиб бормоқда.
Дарвоқе, ер қобиғи қатлам-қатлам шаклли тузилишга эга бўлиб, гўёки ичига турли-туман масаллиқлар солиб пиширилган таомга ўхшайди. Баъзи жойлари нисбатан қаттиқ ёки юмшоқ, баъзи жойлари ичи нефтга тўла илма-тешик ғоваклардан иборат бўлади. Қайсидир қисми талай ёриқлар ва дарзлар билан қопланади. Улар деярли ясси бўшлиқлар ҳосил қилади. Бу мураккаб шакл ернинг тектоник ҳаракатлари таъсирида узлуксиз равишда ўзгариб туради: қатламлар ҳаракатланади, ёриқлар кенгаяди ва ҳосил бўлган бўшлиқларга чор тарафдаги дарзлардан суюқлик қуйилиб кира бошлайди. Уларнинг ер қобиғига, шунингдек, ғоваксимон юқа қатламларга таъсири ёриқларнинг сезилари даражада кенгайишига олиб келади. Аралашиб қоришиш бўшлиқлар ва дарзларнинг 10-15 километр чуқурликда жойлашган кенг кўламли тизими бўйлаб рўй беради. Ўз навбатида, суюқликларнинг ҳаракати ҳам ўзгарувчан хусусиятга эга бўлиб, нефть гоҳида кўпаяди, гоҳида камаяди. Йирик ғовакли қатламларда бу жараён ўн минглаб йилларга чўзилади, дарз кетган қатламларда эса бирмунча қисқа вақт оралиғида рўй беради. Агар улар унчалик чуқур жойлашмаган бўлса, бу муддат минг йиллардан юз, ҳатто ўн йилларгача қисқаради.
ЭСКИ НЕФТЬ КОНЛАРИ  ҚАЙТА ТИКЛАНАДИМИ?ФАЗОВИЙ КЕМАЛАР НИМА УЧУН ФЛОРИДАДАН УЧИРИЛАДИ?
Флориданинг об-ҳаво шароити анча ноқулай. Шунга қарамай, 1961 йили у Mercury лойиҳаси доирасида бошқариладиган фазовий аппаратлар учириладиган жой сифатида танланди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.
Аввало, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун космодромни одамлар яшамайдиган хилват жойда барпо этиш зарур эди. Бу жиҳатдан Атлантика океани соҳиллари анча афзал ҳисобланади. Чунки Шарққа томон йўналиш бўйича учиш фазовий аппаратга Ернинг айланиш кучидан фойдаланиш имконини беради. Акс ҳолда, у бамисоли дарё оқимига қарши эшкак эшгандек қийинчиликка дучор бўлади. Аниқроғи, Ернинг тортишиш кучини енгиш учун катта миқдорда ёнилғи сарфлайди.
Иккинчидан, Флорида айланаётган Ернинг ҳаракат тезлиги нисбатан юқори бўлган экваторга яқин жойлашган. Бугунги кунда эса фазовий аппаратларни учириш учун дунёдаги энг қулай жой Европа космик агентлигининг Франциянинг Гвиана ҳудудида жойлашган космодроми ҳисобланади. Чунки у экватор шимолига нисбатан атиги беш даража масофада жойлашган.
Учинчидан, Жон Кеннеди номидаги космик марказни қуриш ҳақидаги қарор қабул қилинаётган пайтда Меррит ороллари ҳар томонлама бадастир моддий-техник таъминотга эга ҳудудлар сирасига кирарди. Ён-атрофида армия ва ҳарбий-денгиз базалари жойлашган, яхши йўллар етарли, аҳоли эса деярли йўқ, демак, хоҳлаган нарсани барпо этиш мумкин эди. Тўғри, АҚШда экваторга янада яқинроқ жойлашган Пуэрто ва Гавайя ороллари ҳам бор, бироқ ўша пайтларда уларнинг имкониятларидан фойдаланиш анча қийинчиликларни келтириб чиқарарди.
Ва ниҳоят, яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, Флорида гарчи бўрон ва довуллар тез-тез рўй бериб турадиган субтропик иқлими билан машҳур саналса-да, аксарият қисми ўзига хос об-ҳавога эга. Аниқроғи, АҚШ марказида гирдоб-уюрмалар авжига чиқса, жанубида довул-бўронлар қутуради. Бундай ноқулай об-ҳаво ҳамма жойда кутилмаган нохушликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассисларнинг уқтиришларича, Жон Кеннеди номидаги космик марказ келажакда ҳам ўзининг бошқариладиган фазовий учишлар учун зарур мавқеини сақлаб қолади. Бошқа жойда бундай мураккаб тузилмали иншоотни яратиш жуда қимматга тушади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади
Буни ўқинг! қизиқ!
   Билиб  қўйган яхшиЧАЁН ЧАҚҚАНДА
Қоқини эзиб, чаён чаққан жойга боғланади.
   Билиб  қўйган яхши ХОТИРА ПАСАЙГАНДА
Занжабил, ёнғоқ ва уруғи олинган сариқ майишни тенг олиб, асалга қўшиб, бир ҳафта сақлаш керак. Ундан йўтал, нафас йўллари шамоллашда, кам қувватликда,хотира пасайишида эрталаб наҳорга ва кечқурун бир чоқошиқдан истеъмол қилиш кифоя. Кишининг ақлий ва жисмоний фаолиятини яхшилайди.
   Билиб  қўйган яхшиТЕРИ ҚУЁШДАН КУЙГАНДА
Тарвуз ёки бодринг шарбати докага шимдирилиб, 15-20 дақиқага компресс тарзида қўйилади. Муолажа бир кунда 2-3 марта бажарилса, терида ҳеч қандай ориқча ўзгаришлар кузатилмайди.
   Билиб  қўйган яхшиТЕРИНИНГ ОҚ ДОҒИДА
Янги тухум чақилиб, пўчоғи шундайлигича ( ювмасдан) 3 дақиқа қайнатилади. Сўнгра совитиб пўчоқ қайнаган сув билан оқ доғ тушган жойлар артилади. 10-15 дақиқадан кейин чайилади ва артмай қуритилади. Муолажа доғлар йўқолгунча такрорланади.
   Билиб  қўйган яхши РАХИТДА
Рахит касаллигига ялпизли дамламалар яхши фойда қилади. Чунки бу касалликда модда алмашинуви бузилади, ялпиз эса уни тиклашга ёрдам беради.
Бир қошиқ қуритилган ялпизга 200 гр. қайнатилган сув қуйиб дамланади. Болага ( 6 ойликдан кейин) чой қошиқда уч маҳал ичирилади. Шунингдек, рахит касаллигига чалинган болани ялпизли сувга чўмилтириш ҳам яхши фойда беради. У болани тинчлантиради, уйқусини яхшилайди, теридаги тошмаларни кетказиб, тери ва мушаклар тонусини тиклайди. Бунда бир челак ( 5 литр) сувга 150 гр. қуритилган ялпиз солинади.
   Билиб  қўйган яхшиАРИ ЧАҚҚАНДА
Ари ёки асалари чаққан жойни ҳўлланган туз билан яхшилаб ишқалаб артинг. Пиёз ёки саримсоқ суви ҳам оғриқни дарров қолдиради.
   Билиб  қўйган яхшиҚИМИЗ ШИФОБАХШ ИЧИМЛИК
Қимизни қадимдан ўзбек, қирғиз, қозоқ, татар ва бошқа халқлар соғлиқни мустаҳкамловчи, қувноқлик, бардамлик бахт этувчи сифатида истеъмол қилиб келишган.
1858 йили самаралик шифокор Н.В. Постников Россияда биринчи бора қимиз билан даволашни қўллаган. Маълумки, қимиз асосан бия, туя сутини ачитиш йўли билан тайёрланади. Аниқланишича, қимиз таркибида 0,5 дан 2,5 фоизгача спирт бўлиб, бу организмда овқат ҳазм бўлишини тезлаштиради. Шунинг учун ошқозон касали бор одамларга овқатдан олдин 1-2 стакан қимиз ичиш тавсия қилинади. Шунингдек, қимиз таркибида калций тузлари организм учун муҳим бўлган В-В ( тиамин), В рибофлавин, Р Р никотин кислота, биятин параами-нобензой кислотаси мавжуд. Организмда В витаминнинг етишмаслиги оқибатида асаб тизимининг бузилишига, уйқусизлик, қалтираш ҳолатларга барҳам беради. Қимиз пенциллин, стрептомизин каби антибиотиклар ўрнини ҳам боса олади. Шамоллаш, зотилжам касалликларини бартараф этиш мумкин. Бия, туя сутидан тайёрланган қимиз дармон дорига бой бўлиб, организмнинг юқумли касалликларига қарши курашиш хусусиятини кучайтиради. Қимиз таркиби сут кислотасига бойлиги сабабли нордон таъмга эга. Бу эса ўз навбатида ошқозон сўлак безлари фаолиятини яхшилайди.
Маълумки, кўпгина касалликларни даволашда антибактериологик воситалар кенг қўлланилади. Қимиз организмдаги барча зарарли кимёвий қолдиқларни ювиб чиқаради, микробларни ўлдиради. Кальций тузлари айнқса, сил касали бор организмни даволайди.
Айни баҳор фаслида бу доривор ичимликдан баҳраманд бўлиш жуда фойдалидир.
ЯХШИДАН   БОҒ   ҚОЛСИН... Маруса ҲОСИЛОВА

Ватанга муҳаббат табиатга бўлган муҳаббатдан бошланади.
Халқимиз азал-азалдан авлодларимиз онгу- -шурурига боғ яратиш, ободонлаштириш ва дехқончилик ишларини сингдириб келганлар. Зардуштийликнинг мукаддас китоби “Авесто”да ҳам ўша замонларда кенг тарқалган кўчманчилик қораланиб, деҳқончилик эзгулик сифатида рағбатлантирилган. Бундан хулоса чиқариб, ҳозир ҳам ҳар бир одам ҳеч бўлмаса бир туп мевали дарахт, гул, сабзавот эксин, ўзига меваси насиб этмаса, фарзандларига, ночорларга насиб этади, савоб бўлади.
Авестода тўрт элемент: сув, олов, тупроқ, ҳаво ғоят улуғланган, буларни асраб- авайлашга даъват этилган.
- Ҳозир ҳам шундай,- дейди суҳбатдошимиз Навбаҳор агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Мухлиса Тўраева.-Қайси бир ҳовлига, кўча ёки ташкилотга ва корхонага борманг, хар йили баҳорда манзарали ва мевали дарахтлар экиш урфга кирган .- Коллежимизда ҳам бу анъана ҳар йили давом эттирилади. Коллеж “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти ва ёш ўқитувчилар ташаббуси билан 30 сотих ерга “Камолот боғи” ташкил этилган бўлиб , 50 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилган эди. Бу дарахтлар 4 йил ичида вояга етиб , бугун ўз ҳосилини бера бошлади . Ҳар шанба куни коллеж “Камолот боғи”да камолотчи ёшлар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Бу ёшлар томонидан амалга оширилаётган “Экология ва саломатлик” лойихаси ,”Соғлом келажак сари” ,” Она табиатни асрайлик!” каби ўтказилган бир қатор тадбирларнинг амалдаги исботи албатта.
Ҳақиқатан ҳам, Навбаҳорга йўлингиз тушса, Агроиқтисодиёт касб –ҳунар коллежи ҳовлисидаги қиёғос гуллаган боғларни, саранжом-саришта таълим маскани ҳовлисини кўриб, ҳавас қиласиз. Коллеж ўқитувчилари томонидан табиатни асрашга даъватнинг бундай чиройли кўринишидан бошқалар ҳам ўрнак олса қанийди, дегингиз келади.
Тўғри, вилоятимизда баҳор фаслининг бошланиши билан кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга оширишга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан ўтказилган селектор йиғилишининг “Республика ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш, янги боғ, гулзорлар барпо этиш тадбирларини юқори даражада, уюшқоқлик билан ташкил этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги баёни топшириқларини бажариш мақсадида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида штаблар тузилиб, ишчи гуруҳлари томонидан иш олиб борилди. Чиқиндилар чиқарилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ташкилот ва корхоналар ҳамда маҳаллалар ҳудудидаги ер майдонлари гул кўчатлари экишга тайёрланиб, гуллар экилишига киришилди.ЯХШИДАН   БОҒ   ҚОЛСИН...
Аммо, гоҳида баъзи ташкилот ва корхоналар, фуқаролар томонидан юрт ободлигига ҳисса қўшишга масъулиятсизлик билан қараш ҳоллари ҳам учраганлигидан кўз юмолмаймиз. Вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида берилган топшириқларни бажаришга киришган ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган камчиликларни бирма-бир санаб ўтишни лозим топмадик. Чунки кўрсатилган камчиликларни тузатиш ва тугатиш ҳар бир кишининг виждонига ҳавола.
Ободлик кўнгилдан бошланади, деб такрорлайдилар Юртбошимиз ҳар гал. Албатта, юртини, Ватанини севган ҳар бир фидоий инсон учун тоза- покиза виждон билан мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида хизмат қилиш шараф ва ифтихор эканлигини унутиб бўлмайди!
ЯХШИДАН   БОҒ   ҚОЛСИН...Азал-азалдан дарвозамиз олди супурилмаган бўлса, қўшнимиздан уялган халқмиз. Қўшнининг келини эшигимизга супурги урса, ориятдан юзимиз қизарган. Бугун эса биров келиб, подъездимизни ювиб кетсин, ҳовлимиздаги чиқиндини чиқариб , уйимизни оқлаб берсин, томорқамизни ким ағдариб бераркин, деган хаёллар билан юрган замондошларимизга қабристон йўлакларига гул экиш учун қабристонда гулхона қуриб, гул кўчатлари ўстираётган, узун-узун йўлларнинг атрофини гулзорга айлантираётган, чўлу биёбонларда дарахт экиб, боғи эрамларни барпо қилаётган орияти баланд инсонлардан ўрнак олинг, демоқни жоиз топдик.
ЯХШИДАН   БОҒ   ҚОЛСИН...
Табиат борлиққа ўзгача жозиба, фусункорлик ато этган айни кунларда севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “...Ерни гўзал қилгани сайин, гўзал бўлур ўзи ҳам инсон!” деган сатрлариини ёдга олиб, инсон қўли гул, унинг ақл-идроки билан чўллар бўстонга, саҳролар гулистонга айлансин, қиёси йўқ Она Ватан меҳримиздан сув ичиб, гуллаб-яшнасин, деймиз!
“СОВУҚ ЖОНИВОР”ГА ЭЪТИҚОДМозийдан садолар ёхуд илон не сабаб тиббиёт рамзига айлангани ҳақида

Сиз тик ҳолдаги асони бошдан-оёқ чирмаб олган ёки қадаҳсимон идиш тагидан ўралиб чиқиб, унинг жомига заҳарини тўкаётган илон тасвирини кўп кўргансиз. Ўз навбатида, у айрим давлатларда тиббиёт рамзи вазифасини ўташини ҳам яхши биласиз. Лекин ушбу тимсол қачон пайдо бўлгани, бунинг учун нега айнан илон, жомли қадаҳ ёки асо танлангани, уларнинг тиббиётга нечоғли дахли борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? “Йўқ!” дейсизми, унда эшитинг, қуйида шу хусусда сўз юритамиз.
Тарихдан аёнки, ибтидоий одамлар табиий ҳодисаларнинг асл сабаблари ва туб моҳиятини яхши билишмаган. Шу боис мудом қўрқув ва таҳлика остида яшашган. Ижтимоий онг бирмунча ривожлангач, оламнинг яралиши ва ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги фаразлар ўзгарган. Масалан, қабилачилик даврида юнонлар ва римликлар бутун борлиқни жонли ҳис этиб, набототу ҳайвонот дунёси ва бошқа нарсаларнинг илоҳий ҳомийси бор, барчасини маъбудалар бошқаради деган хулосага боришган. Инчунин, ўз тасаввурларида дастлаб қиёфасиз, бора-бора инсонга ўхшаш кўплаб худоларни яратиб, уларга сиғинишган, мадад тилашган, ёвуз кучларни мойил қилиш илинжида қурбонликлар қилишган.
Бурунги юнонлар наздида одам кўринишидаги фалак ҳукмронлари Грециядаги энг баланд ва муқаддас Олимп тоғи чўққилари туташган енгил-шаффоф ҳаво қатламини ўзларига макон тутишган. Улар орасида Зевс – маъбудлар ва одамлар, момақалдироқ ва яшинлар ҳукмдори, жазоловчи даҳшатли куч соҳиби, рафиқаси Гера – самовий маъбудалар маликаси, никоҳ ҳомийси, укаларидан Аид – ҳаёт ва охиратнинг, Посейдон – денгизларнинг ҳоқони саналган. Соҳибкаромат ўғилларидан Аполлон – олмазорлар худоси, чўпонлар ва санъат раҳнамоси, Гермес – аввал чорвадорлар парвардигори, пода ва яйловлар, кейин йўл ва йўловчилар, савдо ва савдогарлар ҳимоячиси, шунингдек, маъбудлар элчиси ва марҳумлар жонини дўзахга ўтказувчи бўлган. Қизларидан Афина – уруш ва ғалаба, санъат ва ҳунармандчилик, билим ва донолик маъбудаси, Артемида – ов худоси ва аёллар тангриси ҳисобланган.
Буни қарангки, илон ва ҳассанинг тиббиёт рамзига айланиш тарихи ҳам ана шу олимп худоларига бориб тақаларкан. Ўзаро уйқаш афсоналардан бирига кўра, лапифлар шоҳи Флегийнинг Коронида исмли қизи Аполлонга турмушга чиқади. Аммо ҳаял ўтмай хушбичим ва моҳир чавандоз Исхийни ёқтириб қолиб, хиёнат йўлига киради. Бундан огоҳ топган Аполлон аламига чидай олмай, хотинини ўлдиради. Мурдани ёқаётганида эса қорнини ёриб, ҳали жисмида ҳаёт нишоналари сўнмаган ҳомиласини ажратиб олади. Сўнгра шифобахш ўсимликларга бой Пелион тоғи ва Пелефрен водийсида яшовчи донишманд кентавр (ярми одам, ярми от маҳлуқ) Хирон тарбиясига беради. Хирон гўдакни белида олиб юриб парваришлаш асноси унга дала-ўтлоқлар аҳамиятини, дарахтлар, гиёҳлар ва гуллар, уларнинг меваси, барги ва илдизи қандай хусусиятларга эгалигини обдон тушунтиради. Устози сабоқларини пухта ўзлаштирган болакай улғайгач, ҳар қандай дардни даволовчи буюк табибга айланади. Ҳатто, аммаси Афина берган, илон сочли аёлсифат учар мавжудот – горгон жасадининг ўнг томиридан олинган қонни қўллаб, кимларгадир навқиронлик, кимларгадир қайтадан умр ато эта бошлайди. Алқисса, Акслепий, аниқроғи, Халоскор деган шарафли номга сазовор бўлади.
Бошқа ривоят бўйича бир куни ундан Крит ҳукмдори Минос марҳум ўғли Главкни тирилтириб беришни илтимос қилади. Шул сабаб саройга ошиқаётган табибнинг ҳассасига ногаҳон бир илон чирмашади. Асклепий уни уриб ўлдиради. Айни шу лаҳза бошқа илон пайдо бўлади-ю, оғзидаги аллақандай ўтни жонсиз шериги танасига суркаб, уни тирилтириб юборади. Бундан ҳайратга тушган Асклепий ён-атрофдан ўша гиёҳни излаб топади. Саройга боргач, унинг ёрдамида шаҳзодага жон киритади. Худди шу зайлда Ипполитни, Орионни, Ликургни, Капанейни, Тиндарейни, Фива жанги қурбонларининг аксариятини ҳаётга қайтаради.
Бироқ Хирон шогирди қалбига шифокор ҳамиша беғараз ва тамасиз иш юритиши зарурлиги ҳақидаги туйғуларни сингдиролмаганди. Оқибатда Асклепий бойликка ружу қўйиб, марҳумларни тирилтиргани учун ҳақ сўрайдиган одат чиқаради. Устига-устак, у ўлим устидан қозонган ғалаба бошқа маъбудлар сингари амаки бобоси Аидни, ер ости дунёси ва ўликлар салтанати ҳукмдори Танатосни ҳам қаттиқ ташвишга солади. Зеро, улар Зевсга Асклепий одамларга боқий умр бахшида этиб, олам қонунларини бузаётгани юзасидан арз қилишади. Зевс бу кетишда осий бандалар худоларга тенглашиб қолиши мумкинлигини англаб, қаттиқ ғазабланади. Алалхусус, саркаш набирасини аяб ўтирмайди, самодан даҳшатли чақмоқ-яшинлар йўллаб, уни нобуд қилади-да, илон икковининг аксини юлдузлар буржига муҳрлаб қўяди. Табиийки, Аполлон ҳам қараб турмайди. Ўғлининг умрига зомин бўлган ажал уруғини тизгинлай олмаган бир кўзли девсимон паҳлавонларга аёвсиз қирон келтиради. Эвазига отаси қаҳрига учраб, одамларга хизмат қилиш учун маълум муддат Олимпдан ерга бадарға қилинади. Асклепий эса мурдаларга жон бағишламаслик шарти билан кейинчалик афв этилади...
Албатта, қай бири рост, қай бири уйдирма бунақа афсона-ривоятлар ҳам, мангу ҳаётга доир хомхаёллар ҳам ўз йўлига. Лекин ўтмишда Асклепий ҳақидаги шов-шувлар бутун Юнонистонга ёйилгани, оми халқ уни буюк инсоний тафаккур ва нутққа эга илон қиёфасида замин қаърида яшайдиган, истаган пайти қуруқликда ҳам, денгизда ҳам ҳозиру нозир бўлиб, дардманлар корига ярайдиган маъбуда деб билгани бор гап.
Дарвоқе, уни табобат асосчиси ва худоси, табиблар ва доришунослар ҳомийси, фақат хаста вужудларнинггина эмас, гуноҳкор руҳларнинг ҳам нажоткори дея илоҳийлаштиришган. Бу эътиқод милоддан аввалги V асрда кучайиб, айниқса, Эпидавр, Трикка ва Пергамда кенг оммалашган. Шифобахш ва зилол сувли чашмалар бўйида, кичик ўрмон-дарахтзорларда, сўлим-баҳаво жойларда Асклепийга атаб ибодатхоналар қурилган. Барчасининг қошида унинг ҳайкали ўрнатилиб, махсус жиҳозланган, қўлга ўргатилган илонлар сақланадиган, касалликликлар ва дори-дармонлар рўйхати илиб қўйилган муолажа хоналари ташкил этилган. Уларда табобатдан яхши хабардор руҳонийлар хизмат қилишган. Чор тарафдан селдек оқиб келаётган беморлар олдин кўрикдан ўтишган, ювиниб-тараниб покланишган. Сўнгра ўша давр анъанасига биноан қурбонлиқ қилинган хўроз териси устига ёки Асклепийнинг ҳайкали пойидаги тўшаклардан бирига ётқизилган. Бурчак-бурчакларида илонлар ғужғон ўйнаётган тим қоронғи саждагоҳда ҳамиша алланечук совуқ сукунат ҳукм сурган. Ана шундай шароитда уйқуга кетган беморнинг тушига гўёки Асклепий кириб, соғайиш йўл-йўриқларини ўргатган. Эрталаб мижоз туши тафсилотларини сўзлаб бергач, коҳинлар уни даволашга киришганлар. Йирик ибодатхоналарда ҳар беш йилда Асклепий шарафига катта байрамлар ўтказилган.
Римда Асклепийга сиғиниш сал кейинроқ бошланади. Бунга уч йил мобайнида авжига чиқиб, бутун мамлакат аҳли ҳаётини хавф остида қолдирган ўлат сабабчи бўлади. Олий мартабали коҳинлар узоқ кенгашиб, офатдан қутулиш учун Эпидаврдаги машҳур Асклепий ибодатхонасида боқилаётган илонларни бу ерга келтириш шарт деган тўхтамга келишади. Милоддан аввалги 292 йили бу иш амалга оширилгач, юқумли касаллик дарҳол ортга чекинади. Шунга кўра, Асклепийнинг бош саждагоҳи Римга кўчирилади ва бир кема муқаддас илон қўйиб юборилган Тибр оролларидан бирида унинг шарафига янги ибодатхона барпо этилади. Ушбу мамлакатда Асклепий (маҳаллий тилда Эскулап)га сиғиниш эрамиздан олдинги 233 йилдан эътиборан кенг жорий қилинади.
Замонлар оша турли асотирлар асосида унга бағишлаб яратилган тасвирий санъат намуналари, ҳайкаллар ва қимматбаҳо буюмлар кўпайди. Чунончи, эрамиздан аввалги 191 йилда зарб этилган тангада у илон шаклида, кўп аср амалда бўлган пуллардан бирида эчкини эмаётган маҳали гўёки ўзини фарзандликка олган чўпон Арестан билан учрашгани, бошида ёғду сочувчи чамбар порлаб тургани акс эттирилди. Бошқа асарларда гўёки болалигида ўзини боққан ит ва даҳолик сари бошлаган илон билан биргаликда ёки чап қўлида ўша жониворнинг бошидан ушлаган, ўнг қўлида бутоғи йўнилмаган ҳасса тутган кўйи гавдаланди.
Қисқаси, Акслепийнинг ҳар хил талқиндаги, аммо муштарак мазмундаги сиймоси қадимги Римнинг 162 та шаҳри, Испания, Галий, Британиядан ажралиб турувчи музофотларнинг бўртма нақшлари, сиртига ёзувлар битилган нодир тошлари ва тангаларида ҳам ўз ифодасини топди. Аксариятида у камолотга эришган, ниҳоятда мўмин-қобил, вазмин-оғир, соч-соқоллари узун, елкасига енгсиз кенг кийим ташлаб олган, қўлига илон ўралган таёқ ёки чўқмор тутган етук донишманд сифатида намоён бўлди. Ўрта асрлар тиббиётига оид миниатюралар ва расмли китобларда эса дорихонада турли малҳамлар ва асбоб-ускуналар орасида ўтиргани тасвирланди. Уйғониш даврида Франческо ди Жоржо томонидан ноёб бронза ҳайкали ясалди. ХVI-XVII асрлар рассомчилигида таваллудига оид афсонавий руҳдаги асарлар янада кўпайди. Тадқиқотчилар уни гоҳо ривоий, гоҳо тарихий шахсга менгзашди.
Энди илон ҳақида тўхталадиган бўлсак, у азал-азалдан турли халқлар маталларида билим ва оқиллик улашувчи жониворга қиёсланган. Кўҳна Финикия ва Вавилонда донолик, узоқ умр, яшариш, соғайиш, саломатлик омилига йўйилган. Бир нақлда таъкидланишича, Зевс инсониятга мангу навқиронликнинг ғаройиб воситасини инъом этади. Таассуфки, одамлар бу бебаҳо неъматнинг қадрига етишмайди. Уни ўзлари билан олиб юриш ўрнига эшакка ортиб қўйишади, эшак эса илонга бериб юборади. Шу-шу илон узоқ вақт ёшлик гаштини сурадиган, одамзод эса кексалик ғам-ташвишларини тортадиган бўлиб қолган дейишади.
Амалда-чи?.. Маълумки, илон узоқ яшайди ва ҳар йили пўст ташлайди. Эҳтимол шундандир, қадимги одамлар у эски териси билан бирга ўзидан қариликни ҳам соқит қилиб, бардавом ёшликка эга чиқади, бинобарин, дори қабул қилган бемор танаси ҳам қайта туғилгандек бўлади қабилидаги хурофий ақидага таянишган. Илоннинг жигари ва ёғи қонни тозалашига, гўштидан тайёрланган шўрва жасурликни кучайтиришига ишонишган. Қолаверса, ушбу жонивор оғусини шифо мақсадларида қўллаш ўрта асрларда кенг тарқалди ва ХIХ асрга қадар шу асосда талай зиддизаҳарлар яратилиб, махсус жомларда сақланадиган бўлди. Бизнинг давримизда эса у қатор дори воситалари таркибидан ўрин олди.
Вақти-соати етиб, аслида Жанубий, Ўрта ва Шарқий Европада, Кичик Осиё ва Ғарбий Африка шимолида, Ғарбий Кавказ ва Европа жанубида учрайдиган, бўйи 1,5-2 метрча келадиган, танаси-ю бошининг устки қисми қўнғирсарғиш, қорамтир ёки қора, эрон тилида табиб илон дея аталувчи думи узун ана шу судралувчи жонзот ва Асклепийнинг қадаҳ шаклига келтирилган ҳассаси тиббиёт рамзи сифатида қабул қилинди. Ҳозир улар мазкур соҳанинг, чунончи, дорихона ишлари ва ҳарбий-медицина хизматининг шартли белгиларидан саналади. Шунингдек, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг бинолари пештоқида, байроғи, герби, медали ва иш қоғозларида кўзга ташланади.
Мавриди келганда эслатиб ўтиш жоизки, Асклепийнинг етти фарзанди ҳам ота изидан борган. Пировардида Панакея жамики дардлардан фориғ этиш, Иазо даволаш, Телесфор соғайиш, Огле фаровонлик, Гигиея саломатлик маъбудаси даражасига кўтарилган. Гомернинг “Илиада”сида ёзилишича, Махаон моҳир жарроҳ, Подарилий машҳур ички касалликлар табиби мақомига эришган. Икковлон бизга мифлар орқали маълум Илион, яъни Троя қамали вақти (эрамиздан аввалги тахминан 1260 йил)да юнонистонлик майиб-мажруҳларни даволаган.
Эътиборга молик яна бир гап. Мутахассислар тахминича, Асклепийнинг ҳамда милоддан олдинги I асрда яшаган рим ҳоқони Юлий Цезарнинг дунёга келиши билан боғлиқ воқеалар туғиш қийин ва хавфли вазиятларда бола она қорнини кесиш йўли билан олинадиган кесарево усули шаклланишига туртки бўлган. Ушбу атама кўҳна Рим ҳукмдорлари унвонини англатувчи “кесарь”, бизнинг тилимиздаги “қайсар” сўзидан келиб чиққан. Ёки тиббиётнинг муҳим соҳаси бўлмиш гигиенани эслайлик. Далилларга қараганда, бу ном Аксплейга бағишланган асарларнинг айримларида у билан ёнма-ён тасвирланган дилбар қизи Гигиеянинг исмидан олинган. Илион жангидан сўнг Кичик Осиёда қўним топган Подарилий эса ўша ерлик шоҳнинг томдан йиқилиб, анча кундан буён беҳуш ётган қизини қон олиш йўли билан соғайтирган. Демак, бу терапевтик муолажанинг асл илдизи ҳам олис ўтмишдаёқ ниш урган дейиш мумкин.
Сирли ва завол топмас тарих саҳифаларида тиббиётга тааллуқли бундай асотирлар кўп учрайди ва барчасининг замирида муайян даражада ҳақиқат ётади...

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
СУВНИНГ СИРЛИ ХОССАСИЎқинг! бу қизиқ!
Абдунаби Ҳайдаров
Сув — табиатнинг бебаҳо неъмати, бамисоли ер, қуёш ва ҳаво сингари инсоният, ҳайвонот ва наботот олами тириклигининг асосий омили. Биз уни ҳар доим истеъмол қиламиз ёки қандайдир коримизга ишлатамиз. Оби ҳаёт Ер куррасининг катта қисмини эгаллашини, совуқда музлашини, иссиқда газга айланишини яхши биламиз. Шу билан бир қаторда, у баъзан даҳшатли тилсиз ёвга айланиб, катта вайронагарчиликлар келтириб чиқаришини ёки юқумли касалликлар тарқалишига сабабчи бўлишини ҳам инкор этмаймиз.
Булар сизу биз ўз кўзимиз билан кўриб, ишонч ҳосил қилишимиз лозим бўлган оддий ҳодисалар. Аммо сувнинг яна бир мўъжизавор хоссаси борки, кўпчилигимиз буни сезмаймиз. Аниқроғи, у ҳар қандай қувватни ўзида акс эттирувчи ахборот ташиш омили эканлигини, гоҳида инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи манбага айланиши ҳам мумкинлигини хаёлимизга келтирмаймиз.
Фараз қилинг, қандайдир сабабга кўра, сиз уйингизда турмуш ўртоғингиз билан қаттиқ жанжаллашиб қолдингиз. Ана шу жараёнда иккалангиз бир-бирингизнинг устингизга ағдарган “мағваза”лар бирон-бир жойга изсиз йўқолмайди. Аксинча, барчаси хонангиз бурчакларига чўкади ва сувга шимилади. Сиз ўша сувни истеъмол қилсангиз, ўзингиз билмаган ҳолда ундан манфий қувват оласиз.
Қолаверса, инсон жисмининг тўртдан уч қисми сувдан иборат бўлгани боис бояги манфий қувват бутун вужудингизга тарқалиб, тана аъзоларингиз ҳужайраларига ўрнашиб олади.
Алқисса, сиз ножўя хатти-ҳаракатингиз оқибатида руҳиятингиз, баданингиз, суякларингиз ва бошқа аъзоларингизда муаммо устига муаммо туғдирасиз. Боз устига, манфий қувватга эга сув кўп ичилса, одамни сал нарсага шубҳаланадиган қилиб қўяди. Бадгумон киши эса нохуш фикрлари билан ғайришуурий равишда ўз вужудида хавфли касалликлар ривожланишига сабабчи бўлади. Масалан, телевизорда тиббий мавзуда кўрсатув берилаяпти, дейлик. Сершубҳа одам экранда онкологик хасталикка чалинган бемор кўриниши биланоқ унинг ўрнига ўзини қўя бошлайди ва ёмон ўй-хаёллар исканжасида қолади. Шу тариқа онгсиз равишда жисмида касаллик урчишига сабабчи бўлади.
Ёки бошқа мисол. Сиз ўзингизни безовталантирган хасталик сабаб, даво истаб, шифокор ҳузурига бордингиз. У инсон руҳиятини яхши тушунса, яхши гаплар айтиб, кўнглингизни тинчлантиради. Борди-ю, сал ваҳимачироқ бўлса-чи? Йўқдан бор ясаб, бир талай ташхис қўяди. Ўлганнинг устига тепгандай, аллакимлар худди шунақа касалликка учрагани-ю вақтида даволанмагани туфайли азоб чека-чека жон таслим қилгании ҳақида қатор далиллар келтириб, юрагингизга қутқу солади. Қарабсизки, сизнинг кайфиятингиз бузилади. Нохуш ўйлардан миянгиз ғовлаб, дардингиз баттар оғирлашади. Охир-оқибат соғайишингиз чўзилиб кетади.
Ана, кўрдингизми, ортиқча шубҳа-гумонлару ноўрин гап-сўзлар нималарга олиб келади. Эҳтимол, кимдир “Энди нима, хавфли жиҳатлари ҳам бор экан деб, умуман сув ичмаслик керакми?” дея ҳайратга тушиши мумкин. Йўқ, ичиш керак! Бусиз яшашнинг сираям иложи йўқ.
Модомики, шундай экан, энди ҳақли савол туғилади: хўп, бирон-бир танкернинг ҳалокати туфайли океан ёки денгизга тарқалиб кетган нефтни-ку, бир амаллаб тўплаш, ногаҳон ўпирилиб, ўзида тўпланган зарарли унсурларни оқизиб юборган тозалаш иншоотини қайта тиклаш мумкин. Турли-туман заҳри қотиллар ва чиқиндилар билан ифлосланган сувни, гарчи ҳар доим ҳам кўнгилдагидек самара бермаса-да, қайнатиш, хлорлаш ва бошқа усуллар билан зарарсизлантириш имкони мавжуд. Бироқ одамларнинг ўзи сув орқали тарқатадиган манфий, яъни хасталикка қоришган қувватни қандай йўқотса бўлади?
Бунинг учун, аввало, ичишдан олдин сув таркибини соғлом энергия билан тўйинтириш керак. Лекин бу ўринда айрим сохта шифокорларнинг телевизор орқали бир вақтнинг ўзида ҳам сувни, ҳам қўл телефони аккумуляторини қувватлантириш мумкин деган сафсаталарига зинҳор-базинҳор ишонманг. Қувватлантирувчи “қурилма” вазифасини ўзингиз бажаринг. Сидқидилдан қилинган тоат-ибодат, эзгу тилаклар, ширин сўзлар ва дилрабо куйлар сувга ижобий хусусият бағишлайдиган восита вазифасини ўтай олишини ёдда тутинг. Сувни идишга солгач, у билан обдон “суҳбатлашинг”. Фақат қалбингизни қийнаётган муаммолар ҳақида чурқ этманг, чунки улар зарарли унсурлар миқдорини кўпайтириб юборади. Энг муҳими, сиз сувдан завқланинг. Жуда бебаҳо, ажойибдан-ажойиб неъмат эканлигини айтиб, уни мақтанг. Сиҳат-саломатлик, фаровон ҳаёт, бахт, севги, Аллоҳ, илоҳиёт, табарруклик, муқаддаслик ва бошқа эзгуликлар ҳақида сўз юритинг.
Шунда, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, мўъжиза рўй беради. Илиқ гапларни “тинглаган” сув ўз таркибини тўлиқ ўзгартириб, мусбат қувватга эга бўлади. Бу инсон саломатлиги учун ўта муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўтмишда аксарият азайимхону табиблар беморларни айнан дам солинган, қайтариқ қилинган оби ҳаёт билан даволаганлар. Коҳинлар ҳам бутхоналарда ўтказиладиган сирли ибодатлар пайтида хочлардан ташқари, таркиби яхши тилаклар ила бойитилган сувдан ҳам фойдаланганлар.