ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ...
ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДАГИ МИЛЛИОН ЙИЛЛИК МУЗЕЙ... ТОШЛАР ФАЛСАФАСИ
Она табиат ғаройиб мўъжизаларга, сиру синоатларга бой. Ер юзида ўзига хос тилсимларга эга бўлган “Тошўрмон”ларнинг борлиги ҳам ана шундай бетакрор мўъжизалар сирасига киради.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бундай ноёб тошларнинг сеҳрли оламини кузатиш мумкин. Масалан, Хитойнинг Юнань провинциасида 350 квадрат километрни эгаллаган “Тошўрмон” (Shilin) миллий парки 1931 йилда ташкил этилиб, 1982 йилда Хитойнинг табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Аслида Мин ( 1369-1644 й.й) сулоласи давридаёқ Хитойнинг машҳур гўшаларидан ҳисобланган бу жой “Очиқ осмон остидаги биринчи мўъжиза” деб ном олган. “Тошўрмон” миллий боғи Юнань провинциасининг маркази ҳисобланган Куньминг шаҳридан 80 километр узоқда жойлашган бўлиб, бу шаҳарни “ Мангу баҳор шаҳри” деб ҳам аташади.
Яна бир “Тошўрмон” Лена дарёсининг Якутскдан Россияга қараб оқадиган оқимидан 60 километр юқорида жойлашган бўлиб, 150 метр баландликдаги бу ажойиб тош минора дарёнинг тахминан 80 километрлик ўзанини ювиши билан ложувард манзара кашф этади. Бу жой сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Болгарияда эса Варна шаҳридан София шаҳригача 20 километрлик масофада жойлашган ажойиб “Тошўрмон” жаҳоннинг ҳеч қайси мамлакатида йўқ. Дунё олимлари, геологлар Болгария тошўрмонлари тилсимларини топишга кўп ҳаракат қилишган. Расман 15 дан ортиқ гипотеза тахминлар мавжуд бўлиб, ана шу тахминларнинг энг оммабопи 50 миллион йил олдин денгиз бўлган жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашиб, мустаҳкам тош устунларига айланган деган хулосаларга олиб келган. Жуда катта тошларнинг турли кўриниш ва шаклларга айланиб қолганлиги ҳам тошлар фалсафасидан.
Сайёрамиздаги энг катта “Тошўрмон” АҚШнинг Аризон чўлларида ястаниб ётибди. Бу ердаги манзараларни кўрган киши тошлар тилсими нафақат жонли дарахтлар шохида қушлар сайраши мумкинлигини, балки тошга айланган гиёҳлар ҳам сайёҳлар ҳайратини оширишга қодирлигини англайди.
II. АФСОНАВИЙ МЎЪЖИЗА
Ана шу тарихий ва афсонавий табиат мўъжизаларига эга бўлган давлатлар қаторида жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бор. Асрлар оша сукут сақлаб келаётган бу мўъжиза айнан бизнинг вилоятимизда эканлиги ҳам яна бир табиий ва тарихий бойликка эга эканлигимиздан далолат беради.
Маълумки, вилоятимизнинг ўзида 500 га яқин археологик ва 300 дан ортиқ меъморчилик ёдгорликлари рўйхатга олинган. Кўҳна Сангижумондаги сеҳрли тошлар, Сармишсойдаги ноёб суратлар, Нурота чашмаси ва Буюк Ипак йўлида жойлашган Сардоба, Работи Малик силсиласи ва бошқа қатор объектлар тарихнинг келажакка тутган кўзгусидир.
Республикамизнинг 30 миллион гектар майдонини эгаллаб ётган Қизилқум саҳроси эса ўзига хос чўл флора ва фаунаси билан алоҳида эътиборга лойиқ . У ўзининг ўта қурғоқ жазирама иссиқ характери билан ажралиб туради. Унинг ландшафти ҳам жозибадорлиги ва ранг-баранглиги билан диққатга сазовордир. Бу ерда тупроқли, лойли тепаликларга эга бўлган текисликлар, ойнадек сип-силлиқ ва метиндек қаттиқ тақирликлар, унча баланд бўлмаган қояли тоғлар, минерал манбалар, саксовулли ўрмонлар, ёши миллиард ва ундан катта бўлган тоғ жинслари ҳамда мавжуд кўллари, ўзига мафтун этувчи жойлари ноёбдир.
Бир вақтлар афсоналарда тасвирланган "Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” саҳрода бугун ҳаёт қайнайди. Яратувчанлик, бунёдкорлик билан нафас олаётган меҳнат кишилари чўлни бўстонга, гулистонга айлантирмоқда. Қадим ўтмишнинг ўчмас излари, мўъжизалари эса ҳамон сақланиб қолган.
Бугунги кунда бу сеҳрланган тошлар макони геологлар ва олимларга жуда яхши таниш. Кейинги юз йилда бу ерда оламшумул янгиликлар кашф этилди. Ва ранг-баранглиги жиҳатидан бетакрор бу топилмалар дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатидаги “Тошўрмон”ларга асло ўхшамайди деган хулосалар ҳам бор.
Учқудуқ туманининг Мингбулоқ қишлоғидан 30 километр нарида жойлашган “Жарақудуқ” дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган “Тошўрмон” деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳам ўзига жалб этмоқда. Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд бошчилиқ қилган Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган ( ЎРБАК) Халқаро экспедиция кўмагида Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.
Бу мўъжиза Тетис денгизи қирғоқлари ва унга учиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар ҳам мавжуд. Айтишларича, коинотдан метеоритлар учиб келиб тушиши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада –чанг-тўзон гирдобида қолади. Ва барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади... Ҳақиқатан ҳам “Тошўрмон” ҳудудида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва скелети суяклари, дарахт таналари, меваларни, ҳаттоки ўрдакбурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриши мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.
Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари кўп. Олис ўтмишнинг бетакрор ва ўчмас саҳифаси бўлиб муҳрланиб қолган тошлар ўрмони ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизаси бўлиш билан бирга давлат ва жамият бойлиги ҳамдир. Шундай экан, Учқудуқдаги “Тошўрмон”га Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида муҳофаза мақомини бериш ва унинг қўриқланишини ташкил этиш зарур.
Тўғри, кейинги йилларда экоҳаракат фаоллари, табиатни муҳофаза қилиш соҳаси ходимлари томонидан бу афсонавий жойни қўриқлаш, унга мақом бериш ҳаракатлари бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 декабрдаги йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича 2013-2015 йилларга мўлжалланган Комплекс чора-тадбирлар Дастури”да кўрсатилган “Учқудуқ туман Жарақудуқ ҳудудидаги тошўрмоннинг муҳофазасини ташкил этиш ва уни туман тарихий –ўлкашунослик музейи филиалига айлантириш” тадбири “Навоий вилоятида 2014-2017 йиилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Дастури”га киритилган бўлиб, маълум миқдорда маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, вилоятда 2002 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Жонли табиат” биоэкологик маркази ҳам ноёб наботот ва ҳайвонот оламини асраб-авайлашга ҳисса қўшмоқда.
Энг муҳими, “Жонли табиат” марказининг “Учқудуқ тумани Жарақудуқ ҳудудидаги “Тошўрмон”га табиий тарихий ёдгорлик мақомини бериш” номли лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида ғолиб деб топилиб, марказ давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси ижрочисига айланди.
Грант лойиҳаси шарофати билан энди бу ноёб табиат мўъжизаси давлат реестрига олинади ва қўриқланади. Энг муҳими, миллион йиллик тарихий тошўрмонга четдан келганларнинг зарар етказишларига йўл қўйилмайди. Мазкур лойиҳанинг яна бир хайрли жиҳати, Учқудуқдаги 3-умумтаълим мактабида “Қизилқум мўъжизалари” клуби ташкил этилиб, ёшларни ватанпарварлик, атроф-муҳитни асраш, табиат мўъжизаларини авайлаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади.
Халқимизда “Юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал...” деган яхши мақол бор. Шу боисдан ҳам худди ана шу лойиҳа доирасида Жарақудуқдаги “Тошўрмон”га экомедиатур ташкил этилди.
III. “ТОШЎРМОН”ГА САЁҲАТ...
Экомедиатур шарофати билан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий бўлинмаси ходимлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари “Тошўрмон”ни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлдилар.
Саҳро қўйнидаги мўъжизани томоша қилиш иштиёқи Навоий шаҳридан «Тошўрмон»гача бўлган саккиз соатлик йўл қийинчиликларини ҳам билдирмади. Қолавеса, мўъжизавий маконгача қолган 30 километрда асфальт йўл тугаб қумлик оралаб кетишга тўғри келди. Йўлни яхши билган чўпон ҳамроҳлар кўмагида манзилга беталофат етиб олдик. Йўл -йўлакай саҳро ўсимликлари, коврак, ёвшан, янтоқ ҳар икки, уч қадамда атай экиб чиқилгандек, тартиб билан ўсган. Қуриган айрим шох- шаббалар гўё саҳна декорацияси каби антиқа кўриниши билан кўзни қувнатади. Шаҳарда умуман учрамайдиган яшил патли, тумшуқлари қизил қушчаларнинг чуғурлашигина саҳро узра таралган ягона овоз эди. Барча саёҳатчилар ички ҳаяжон билан космос «назари» тушган, ноодатий тусда тошга айланиб қотган маконни тезроқ ўз кўзи билан кўришга шошар, унинг яралиши билан боғлиқ афсоналар бош мавзу эди.
Ҳақиқатдан ҳам орадан миллион йиллар ўтган бўлишига қарамай, қумли тоғларда бу ер денгиз бўлганини билдирувчи тўлқинларнинг изи сақланиб қолган... Тупроқ эса гиламдан ҳам майин, унга қадам босишимиз билан ҳориган оёқлар бир зум ором олди. Қуёш ҳам булутлар ортига яшириниб, салқин шабода кун иссиғида танга ёқарди. Яёв юриб тошларга қараб борарканмиз, «Жонли табиат» маркази директори ўринбосари Эшмамат Тоғаев кейинги йилларда «Тошўрмон»даги тошларни бу ерга келиб-кетувчилар ташиб кетишгани боис камайиб қолгани, тезроқ бу ерни қўриқхонага айлантирилиб, қўриқланиши лозимлигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам «Тошўрмон»нинг аввалги суратлари билан бугунги кўриниши анча фарқ қилади. Тошга айланган дарахт қолдиқлари, балиқ ва чиғаноқлар анча сийраклашиб қолган... Айрим қоришмаларнинг нима эканлигини ҳам билиб бўлмайди, фақат кучли яшиндан қолган куйгинди излари кўринади. Ҳаётнинг аниқ бир қоидалари бор. Мисол учун ҳар қандай тирик жисм тупроққа айланиб, чириб емирилиб кетади. Лекин бу ерда ўсимлик ва жониворларнинг тошга айланиши ана шу буюк қоиданинг йўққа чиққанини, ҳаётда мўъжизалар содир бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ бундай каромат ҳам ҳар куни содир бўлаётгани йўқ. Миллион йилда бир бўлган ғаройибот осмон ости музейи сифатида бугун ўз қадрини топиши лозим.
Вилоятда экотуризмни ривожлантирилса, соҳага жуда катта даромад олиб келиши аниқ. Умид қиламизки, «Жонли табиат» маркази томонидан бошланган хайрли иш ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилса, бу ер сайёҳларнинг энг севимли масканига айланишига шубҳа йўқ. Яна бир муҳим томони, бундай сайи ҳаракат, бу ерлик аҳолининг ҳам иш билан таъминланишида асос бўлади.
Маруса ҲОСИЛОВА,
«Табиат ва ҳаёт» газетаси муҳаррири,
Ҳилола ИСМАТОВА,
«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.
"Тош ўрмон" да тадбир ўтказилдиКўп минг майдонларни қамраб олган Қизилқумнинг ўзига хос сеҳр ва синоатлари бор. Олдин ҳам ҳабар қилганимиздек, вилоятимизнинг Учқудуқ туманидаги Жарақудуқ дарасидаНавоий вилоят "Жонли табиат” биоэкология маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида "Учқудуқ тумани Жарақудуқ ҳудудидаги Тош ўрмонга табиий тарихий ёдгорлик мақомини бериш” гранти соҳиби бўлган эди. Ана шу ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида марказ томонидан "Тош ўрмон”га экомедиатур уюштирилди. Тадбирда вилоят табиатни муҳоқаза қилиш қўмитаси вакиллари, маҳаллий журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этдилар.
Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани ҳудудидаги бу ноёб жойнинг тарихий табиий манзараларини яъни тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки ўрдакбурун динозаврларнинг тошга айланган суюкларини кўриб ҳайратларимни яшира олмадим,-дея хабар беради "Табиат ва ҳаёт” газетасининг бош муҳаррири Маруса Ҳосилова.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бой тарихий меросимизни асраш, уни келгуси авлодларга етказиш борасида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг олиб бораётган хайрли ишлари ана шундай бардавом бўлаверсин.
 Ҳурматли фуқаро ва тадбиркорлар!Навоий вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳар ойнинг охирги чоршанба куни «Очиқ эшиклар куни» ўтказилишини маълум қилади. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволлар, муаммоли масалалар билан иштирок этишингиз ҳамда 225-45-78; 225-36-21; 225-45-79 рақамли «Ишонч» телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.
ТИНЧЛИК -  ЮРАКЛАР  МАДҲИЯСИТИНЧЛИК - ЮРАКЛАР МАДҲИЯСИ
Ёки Ватан ҳақида қўшиқ

ВАТАН! Меҳримизни, бахтимизни, ғуруримизни, ору номусимизни, қадру қимматимизни, диёнатимизни йўргаклаган, асраган, ардоқлаган муқаддас бешик! Ҳар тоғу тоши, ҳар гулу гиёҳи кўзимизга чўғ бўлиб муҳрланган ифтихоримиз -ВАТАН! Шаҳару қишлоқларимиздаги осмонўпар бинолар салобати, дупури юракни титратадиган кўприклар маҳобати, меҳрлар чорлаб турган йўллар фароғати, олимми, муаллимми, деҳқонми, косибми, чароғбонми, боғбонми, энг оддий меҳнаткаш инсонлар саодати -ВАТАН! Қуёшни уйғотган саҳролар таровати, инсон меҳридан гуллаётган тошлар тиловати - ВАТАН!
Ўзбекистон ҳақидаги ҳар битта сўз, ҳар битта ашъор бизни Ватанни севишга ўргатди. Юрту Ватан, элларини соғиниб ўтган Бобур Мирзонинг “Ватандин яхши ёр ўлмас...” дегувчи сатрлари асрлар ўтса ҳам, кўнглимиз кўзгусидан ўчмайди. Севимли шоиримиз Ойбекнинг Ватанга берган таърифини ҳар куни такрорлаймиз:
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар...
Юрган йўлимизда пичирлаб айтганимиз Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфнинг “ О, ота маконим, Онажон ўлкам, Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга...” сатрларида яна бир ҳассос шоиримиз Усмон Азимов : “Шоир юрагимни юлиб берардим, Жоним -Ўзбекистон, деган сўз учун!” деганида қалбимизга Ватан меҳри қалқиб киради. Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги бўлган, Юртбошимиз ишонган ёшларнинг вакили, бетакрор истеъдод эгаси навоийлик Ифтихор шоир эса ўз сатрларида Ватаннинг суратини айроча тасвирлайди:
Тошлар бирлашганда тоққа айланар,
Дарахтлар жамланиб боққа айланар.
Халқ тоғдай бирлашиб, боғлар яратса,
Бу юртда гадо ҳам шоҳга айланар!..

Муҳтарам Юртбошимиз эса барча шоирларнинг фикрини битта шоҳ сатрда ифодалаб: “ШУ АЗИЗ ВАТАН БАРЧАМИЗНИКИ!” деган улуғвор ундов билан қалбларимизни биз кўзларга суртган Ўзбекистон ифтихори билан яна минг карра тўлдирдилар.
“Шу азиз Ватан барчамизники!” Йиғласак ҳам, кулсак ҳам, қувончда, ташвишда ҳам шу азиз Ватан ортимизда буюк суянч бўлиб турганига ҳар куни шукроналар айтсак арзийди. Тинчликнинг қиммати дунё қалқиб турган бугунги таҳликали дамларда айниқса янаям ошди.
Ҳа, Ўзбекистон- осойишталик қўрғони, тинчлик Ватани, хотиржамлик остонаси! Тинчликнинг садолари – юрагимизнинг мадҳияси! Бу мадҳия томирларимизда жаранглаб оқади... Ўзбекистоннинг ҳар гўшасида бундай кунларнинг қадрига етиш истагида яшаётган турли миллат ва элатларнинг бир оиладек қадрдон бўлишининг сири ҳам ана шунда. Айвонларимизнинг тўрида қалдирғочларнинг ин қуриши, оппоқ лайлакларнинг энг баланд жойга макон қуриб, тинчликка таъзим қилиши, кабутарларнинг парвозидаги осудалик, ҳамма-ҳаммаси ана шундан.
Ҳатто миттигина чумолининг ўзидан ўн баробар катта юкни қилдек нозик елкасида кўтариб кетаётганлигида ҳам Ватанга садоқат туйғуси борлигини ҳис этамиз. Юртимиз озодлигини қадрлаш, ободлигига ободлик қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини англаймиз. Тинчликни кўз қорачиғимиздек асрашга ўргандик. Яқиндагина мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа -Президентлик сайловида ҳам халқимиз Тинчлик ва хотиржамликка кафил бўлган ИНСОН учун овоз берди. Бу кунларнинг қадрига етишни бизга Ватан учун жон олиб, жон берган, кўкси тўла орден, медаллару аммо тўлиб-тўлиб йиғлаётган, сафлари сийраклашиб бораётган уруш қатнашчилари ўргатди.
Оталаримиз жасорати неча замонлар ўтса ҳам, Ўзбекистон ўғлонлари учун ибрат мактаби бўлиб мангу қолади. Зеро, кексаларини қадрлаган халқ ҳеч қачон кам бўлмаган. Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги ва Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан кўрсатилаётган эҳтиром замирида ҳам мунис ва меҳрибон, жондан азиз ота-оналаримиз қалбини меҳримиз билан тўлдиришдек эзгу мақсад мужассам.
Ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, шу юртда қадр топган, бахту саодат топган суронли уруш йилларининг жудолигини, юракдаги жароҳатларини кўрган қардош ватандошларимиз ҳам берган нону тузимиз учун Ватанимизга сиғиниб яшаётганлигидан ифтихордамиз. Шулардан бири Нина Харлампиевна Попова Президентимизнинг жорий йилнинг 19 февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари- 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан эсдалик медалини кўксига тақаётганларида кўзи тўла ёш, қалби тўла титроқ билан ўша машъум кунларни ёдга олди: “Қора денгиз бўйида туғилганман. Германия концлагерига юк вагонларига ваҳшийларча босиб олиб кетилганимизда 15 ёшда эдим. Ўшанда фашистлар аёллар ва болаларни бараварига вагонларга олиб кетиб, қўлидан иш келмайдиган ёш болаларни тўплаб, сўнгра ёқиб юборганини ўз кўзим билан кўрганман. Бизларни онам билан австриялик хоним, ўз ерларида ишлатиш учун сотиб олмаганида, балки мен ҳам бу ёруғ кунларга етиб келмаган бўлармидим... Уруш тугаб, Югославия орқали ном-нишони ҳам қолмаган уйимизга қайтдик. Тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келдим. Урушдан кейинги оғир йиллар бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон минглаб бошпанасиз, меҳр-мурувватга, бир бурда нонга зор турли миллат вакилларини ўз бағрига олди. Бир майизни қирқ бўлакка бўлиб, барча билан баҳам кўрган, барчамизга беминнат нону туз берган Ўзбекистон менинг ҳам Ватаним бўлиб қолди. Ҳозир 88 ёшдаман. Мана 63 йилдирки, ана шу беминнат оқибат, қуёшдек иссиқ меҳр ўлкасидаман... ”
Навоий вилоятида истиқомат қилаётган 113 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 2242 нафардан зиёд фронт орти фахрийлари орасида кўплаб бундай тақдир эгаларини учратиш мумкин. Энг муҳими, миллатидан қатъи назар уларнинг барчаси Юртбошимиз, ҳукуматимиз эътиборида, эъзозида.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “ 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2015 йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонлари ана шу эътибор ва ғамхўрлик намунаси.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигини кўзида ёш, танасида битмас жароҳатлар, қалбида ҳам армон, ҳам шукроналик билан кутиб олаётган, қўлидан, оёғидан ажралса ҳам, кўксини қанча ўқ тешиб ўтса ҳам Ватанни сотмаган уруш фахрийлари ҳаққи-ҳурмати, ҳар тонг она бағрида тенгсиз меҳр оғушида эркаланиб, уйғонаётган набираларимиз ҳаққи-ҳурмати Ўзбекистон тинчлигини асрашга қасамёд қилайлик!..
Маруса Ҳосилова
ДУРДОНА ДУРДОНА
• Кимки мард экан, у жасур ҳамдир.
• Мардлик қалбнинг буюк фазилатидир: кимдаки шу фазилат бор экан, у ғурурланса арзийди.
• Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатларни ҳам чилпарчин қилади.
• Чинакам мардлик- кулфатда синалади.
[b]СИЛ  КАСАЛЛИГИ- ЖАМИЯТ  МУАММОСИ[/b]СИЛ КАСАЛЛИГИ- ЖАМИЯТ МУАММОСИ
Зубайда ДУШАНОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг масъул ходими

Сил касаллиги- бутун жамиятнинг муаммоси, шунинг учун ҳам бу хасталик ҳақидаги маълумотлардан барчамиз хабардор бўлишимиз даркор.
Бухоро шаҳрида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Бухоро вилоят силга қарши кураш диспансери ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилояти журналистлари учун семинар- тренинг ўтказилди. USAIDнинг Ўзбекистонда силга қарши кураш дастурини амалга оширувчи Project HOPE филиали ҳам ушбу тадбирнинг ташкилотчиларидан саналади.
Журналистларнинг профессионал малакасини ошириш ҳамда сил мавзусини ёритишга доир билимларини чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингда журналистлар тайёрлаётган материаллар сифатини кўтариш орқали аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш ва сил касаллигининг тарқалишини камайтиришга эришиш мумкинлигига эътибор қаратилди.
Республикамизда силга қарши кураш масаласига эътибор ҳукумат даражасида қаратилаётганлигини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мисолида яққол кўриш мумкин.
Шунингдек, турли халқаро ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида Ўзбекистонда силнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами кенгаймоқда. Ўзбекистонда сил касаллигига қарши курашишни кучайтиришга кўмаклашадиган USAIDнинг беш йиллик дастурини ана шундай хайрли ҳамкорлик натижаси дейиш мумкин. Ушбу кўмак доирасида аҳолининг мақсадли гуруҳига тўғри ташхис қўйиш ва уни даволаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги беморларни даволаш кўзда тутилган.
Семинар давомида иштирокчилар сил касаллигини ёритишга доир қонунчилик асослари ва тиббий жиҳатлар билан таништирилди. Тадбир давомида турли интерфаол усуллар ва амалий машғулотлар орқали мавзуга доир кўникмалар чуқурлаштирилди.
Малакали тиббиёт ходимлари томонидан Ўзбекистонда сил касаллигининг тарқалиши ва олдини олиш бўйича олиб борилаётган чора -тадбирлар ва дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.