ИЛОН  ЧАҚҚАНДА  НИМА  ҚИЛИШ  КЕРАК?Ҳаммага ҳам ( айниқса шаҳарда яшовчиларга) илон чақиши хавфли экани маълум эмас. Илонлар айниқса, баҳорда жуфтлашиш пайтларида ҳаддан ташқари тажовузкор бўлишади.
Агар сизни илон тишлаб олса, дарров ваҳимага тушмасдан, унинг заҳарли-заҳарсизлигини аниқланг. Бу унчалик қийин эмас: заҳарсиз илон чаққан жойда битта, заҳарли илон чаққан жойда эса иккита жароҳатланган из қолади. Бунинг устига заҳарли жароҳат атрофида қизариш, шишиб чиқиш пайдо бўлиб, жабрланувчижа қаттиқ оғриқ ва ҳароратнинг кўтарилиши кузатилади.
Заҳарли илон тишласа, дарҳол тишлаган жойдан юқорироқни қон тўхтатувчи боғлов билан боғлаб қўйилади ва иложи борича тезроқ жароҳатдан захарни олиб ташлаш учун шу жойга қон тортувчи банка қўйилади, агар бундай банка сизда бўлмаса, бўш резинка халтачани оловда қиздиргач, шу заҳоти жароҳатга қўйиб тортиб олиш керак. Шунингдек, жароҳатдан заҳарни қон билан қўшиб сўриб олиб, дарҳол туфлаб ташласа ҳам бўлади ( бу тадбир бир неча марта қилинади). Агар оғизда яра бўлса, оғиз билан қонни сўриб ташлаш мутлафо мумкин эмас. Қонни сўриб ташлагач, жароҳатга металл қиздириб босилади. Соғ жойлар куймаслиги учун жароҳат атрофига ҳўлланган латта қўйилади.
Иложи бўлса илон тишлаган жой 1 фоизли марганцовка билан ювиб ташланади. Шу жой териси атрофига муздек латта ( муз) босилади.
Илон тишлаганда, бир илож қилиб қаттиқ терлаш ҳам фойдали.
Боғлаб қўйилган жгутни эса 15-20 дақиқадан кейин ечиб ташлашни унутманг.
ИСДАН  ЗАҲАРЛАНИШ   ( УГАР)ИСДАН ЗАҲАРЛАНИШ ( УГАР)
Кейинги пайтларда газ билан боғлиқ фожиалар содир бўлаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.
Ис гази- углерод (11) оксид кучли заҳарли газ бўлиб, организмга кирганда гемоглобиннинг кислород ташиш хусусиятини йўқотади, заҳарланиш организмда қислород етишмаслигидан келиб чиқади. Кўпинча кишилар носоз печкадан ис гази чиқиши натижасида “исланиб” қоладилар. Исдан заҳарланганда кишининг қулоғи шинғиллайди, боши оғрийди, беҳузурлик сезади, қаттиқ заҳарланганда-юз териси кўкариб ( цианоз), кўз қорачиғи кенгаяди, тиришиш ва ҳушдан кетиш рўй беради.
Агар тунда уйғониб қолганда ис ҳидини туйсангиз, тезроқ полга ётинг, чунки ис гази енгил бўлиб, юқорига кўпроқ кўтарилади, пастда эса камроқ бўлади. Шунинг учун эшик ёки деразани очиш учун туриб эмас, эмаклаб бориш керак.
Кейин бошингизни ( айниқса юзингизни) совуқ сув билан ювинг, иложингиз бўлса ўзингиз ёки ўзгалар ёрдамида нашатир спиртидан 5 томчи ярим ёки бир стакан сувга солиб ичиб юборинг.
Сўнг қуюқ қора қаҳва ичиб, ўринга ётинг, оёғингизга иккита грелка қўйинг.
Агар юрагингизда оғриқ сезсангиз 20-30 томчи корвалол, кордиамин ёки кардиовален ичишингиз керак.
Ис газидан ташқари, рўзғорда фойдаланиладиган газ жўмракларининг ёпилмаганлиги натижасида хонага кириши туфайли ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.
Бу заҳарланишни даволаш ҳам юқоридаги тарзда амалга оширилади, фақат ёнадиган газнинг портлаши осон, шунинг учун газ билан тўлган хонада электр чироғи, гугурт ёқиш мумкин эмас.
Бундан ташқари, ёнадиган газ билан заҳарланганда, одатда қуйидаги оддий воситалардан фойдаланиш мумкин: 2 мл нашатир спирти, 20 г шакар ва 200 мл дистиллирланган сув. Бу таркибни ҳар 15 дақиқада 1 ош қошиқдан ичиб турилади.
Яна бир халқона восита: ис газдан заҳарланда латта сийдикка ҳўлланиб, бошга боғланиб қўйилади.
    ЖИГАР  ВА ГЕПАТИТ ҲАҚИДАЖИГАР ВА ГЕПАТИТ ҲАҚИДА
Муяссар ҚАЮМОВА,
юқумли касалликлар бўйича шифокор
“ Овқат устига овқат ейиш ва овқатланиш тартибини бузиш жигарга энг зарарли нарсалардан саналади. Имконият борича жигарни жуда совутиш керак эмас, бу истисқо касаллигига олиб келади. Жуда иситиш ҳам керак эмас, бу унинг сўлишига сабаб бўлади...”
Абу Али ибн Сино
Жигар- энг катта ҳазм бези. Вазни 1,5 кг.га яқин. Қорин бўшлиғида диафрагманинг тагида, ўнг қовурғалар ва қисман чап қовурғалар остида ётади. Ранги қизғиш қўнғир, каттароқ ўнг бўлаги ва кичикроқ чап бўлаги бор. Ўрта қисмининг пастки юзасидаги кўндаланг чуқурча жигар дарвозаси ёки қопқаси деб аталади. Шу жойдан жигарга артерия, дарвоза венаси, нервлар киради ва жигарнинг ўт йўли ҳамда жигар венаси чиқади. Бу ўт йўли ўт пуфагидан чиққан йўлга қўшилиб, ўн икки бармоқ ичакка қуйиладиган умумий ўт йўлини ҳисол қилади.
Жигар моддалар алмашинувида қатнашади, шунингдек, моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган ёки ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарарсизлантириб, ҳимоя функциясини бажаради. Жигарда қон, оқсиллар ( альбумин, глобулин, қон ивишига таъсир қиладиган моддалар) ҳосил бўлади, у озиқ моддалар депоси ҳисобланади.
ГЕПАТИТ- жигарнинг яллиғланиши. Бирламчи инфекцион касалликлар ( масалан, инфекцион мононуклеоз, бруцеллёз, безгак, заҳм ва бошқалар) билан бирга ўтадиган иккиламчи инфекцион гепатит фарқ қилинида. Мишьяк, заҳарли қўзиқоринлар, ишлаб чиқариш ва турмушда ишлатиладиган баъзи заҳарли моддалар ( тринитротолуол, динитрофенол, дихлорэтан, алкогол ва бошқалар) дан заҳарланганда ичакдан жигарга ўтиб, унга зарар етказадиган заҳарлар ҳам гепатитга сабаб бўлиши мумкин.
Ўткир ва сурункали гепатит бўлади. Ўткир гепатитнинг асосий белгиси бадан сарғайишидир. Алкоголизмда касаллик оғир кечиши ва жигар функциясининг издан чиқиши билан тугалланиши мумкин. Баъзан ўткир гепатит 2-3 ойгача чўзилиб, кейин сурункали гепатитга айланиб кетади. Гепатит энди бошланиб келаётганида кўпинча бемор ҳеч нарса сезмай бемалол ишлаб юраверади. Шунинг учун тана ҳарорати меъёрда бўлса ҳам, кўз оқи сал сарғайиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Турли заҳарлар таъсирида пайдо бўлган гепатитда заҳарланишга қарши чоралар кўрилиб, кейин жигар функциясини тиклашга ҳаракат қилинади. Беморга ўринда қимирламай ётиш, жигар соҳасига иситувчи компресс қилиш парҳез сақлаб кўпроқ ҳўл мевалар, сабзавот, қанд, асал, мураббо, оқ нон еб туриш тавсия этилади. Жигар функцияси жуда секин тикланиб боради. Бемор узоқ муддат ( баъзан бир-икки йилгача) маълум режимга риоя қилиши ва сурункали гепатитнинг олдини олиш учун врач назоратида бўлиши лозим. Ўткир гепатитни келтириб чиқариши мумкин бўлган касалликлардан ўзини эҳтиёт қилиб юриш керак.
Вирусли гепатит қўзғатувчилари соғлом киши танасигача юқумли сув ва озиқ-овқат маҳсулотларидан ўтади. Ичаклардан сўрилган вируслар қонга тушиб, асосан жигар тўқимасини заҳарлайди, натижасида жигар шишади ва ишлаб чиқарилган ўт димланиб, қонга сўрилади. Бунинг оқибатида кўз оқи ҳамда тери сарғаяди. Касалликнинг шу белгисига кўра халқимиз уни сариқ касаллиги деб атайди.