ТИНЧЛИК  ТЎЁНА  БЎЛСИН!ТИНЧЛИК ТЎЁНА БЎЛСИН!
Шарифжон ХУДОЙҚУЛОВ,
Навоий вилоят табиатни муҳофаза
қилиш қўмитаси раиси

Бугун она юртимиз Ўзбекистон яна байрам оғушида. Тинчликни асраётган юрдошларимиз азиз Ватанимизнинг Мустақилликка эришган кунини тантанали нишонламоқда. Эндигина 24 ёшга тўлаётган навқирон Ўзбекистон улуғ мақсадларни кўзлаб юксалмоқда, дунёга танилмоқда.
Бу байрам ўз шукуҳи, ўз таровати, ўз салобати билан ўзгача.
Юртбошимиз раҳнамолигида Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир иншоот- бетакрор ва кўркам мажмуалар, тураржой бинолари, ижтимоий инфратузилма объектлари, дам олиш ҳамда зиё масканлари архитектурасида миллий ҳамда замонавий меъморчилик анъаналарини ўзаро уйғунлаштиришга эътибор қаратилиб, улар атрофи ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштирилмоқда. Сув ҳавзалари, фавворалару дам олиш масканлари шаҳар ва қишлоқлар қиёфасига ўзгача чирой ва гўзаллик бағишлаётганлигига барчамиз гувоҳмиз.
Кафтдек текис йўллар салобатидан кўнглимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Бетакрор боғлар тароватида меҳнаткаш ва заҳматкаш халқимизнинг пешона тери кўриниб турибди.
Нафақат вилоят марказида балки олис туман ва қишлоқларда бунёд этилаётган истироҳат боғлари, хиёбонларда, кўчаларда каштан, қарағай, япон сафораси ва бошқа манзарали дарахтлар, тобора кенгайиб бораётган яшил ҳудудлар ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгалигини, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун фойдали эканлигини жуда яхши биламиз.
Ободлик кўнгилдан бошланади, деб такрорлайдилар Юртбошимиз ҳар гал. Албатта, юртини, Ватанини севган ҳар бир фидоий инсон учун тоза- покиза виждон билан мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида хизмат қилиш шараф ва ифтихор эканлигини унутиб бўлмайди!
Буларнинг барчаси бир сўз билан айтганда, фаровонлигимиз рамзи эканлигини алоҳида ғурур билан айтсак арзийди.
Бу бунёдкорликларнинг замирида эса юртимиз тинчлиги пойдевор ва қалқон! Ўзбекистонимиз тўйига биз кўзларга суртган ана шу Тинчлик тўёна бўлсин!
Барча ҳамюртларимизга Истиқлол нашидасидан баҳраманд бўлиб яшаш насиб этсин! Келажаги буюк Ватанимиз гуллаб-яшнасин!
Барча навоийликларни 22-23 август кунлари умумхалқ ҳашарига чорлаймиз!
22-23 август кунлари ўтадиган умумхалқ ҳашарига фаол иштирок этайлик!
Жонажон диёримизда саноқли кунлардан кейин мустақиллигимизнинг 24 йиллик шодиёналарини нишонланади. Ана шу тадбир олдидан ҳар йили анъанавий равишда байрам олдидан юртимиз ҳудудларида кенг миқёсдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари саҳифаларида жорий йил дам олиш кунлари яъни 22-23 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар берилган.
Ҳашар ўтадиган кунларда вилоятимизда ҳам умумхалқ ҳашари тадбирида навоийликлар томонидан кўча ва хиёбонлар, қабристонлар, муқаддас қадамжолар, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ҳамда шаҳардаги марказий кўчаларда ҳамда Алишер Навоий номидаги дам олиш ва истироҳат боғида ҳам тозалаш, оқлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши мўлжалланмоқда. муқаддас заминни севган, унинг тупроғини олтин деб билган ва ҳар бир қарич ерини қадрига етиш ҳар бир навоийликни зиммасига маъсулият юклайди.
Шундай экан барча-барча навоийликларни вилоятимизни ҳар бир гўшасини байрам олдидан сўлим жойларга айлантириш, ободонлаштириш тадбирларини амалга оширишларига даъват этиб қоламиз.
Диёримизда тез ўсадиган "Павловния" дарахти кўпайтирилмоқдаФарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тажриба майдонларида бир йилда 7 метргача ўсган дунёда энг тез ўсадиган дарахт - павловния экилган.
2012 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан Буюк Британиянинг Кембриж университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази олимлари ишлаб чиққан инновацион лойиҳа асосида павловния дарахтининг сунъий уруғлари «in vitro» усулида етиштирилиб, кўпайтирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Павловния ёғочи тез қурийди, жуда енгил. Қиёслаш учун – эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етиши мумкин. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги туфайли павловния ёғочидан шифт, эшиклар, жавон, стол ва стуллар тайёрлашда кенг қўлланилади.
Ёғоч таркибида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқларида истиқболли хом ашёга айлантирмоқда. Хусусан, халқаро амалиётда автомашиналар салонида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда.

Пеллетлар ёниш жараёнида ўзининг тежамкорлиги ва юқори иссиқлик самарадорлиги билан ажралиб туради. Павловния пеллетлари эса ёндирилганда ҳавога карбонат ангидрид ҳамда олтингугурт миқдори бирмунча кам чиқади. Ҳаводаги намликни ўзига тортиб олмайдиган бундай қаттиқ ёқилғининг юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиши билан ҳам камайиб кетмайди.
Навоий вилоятига экологик медиатурНавоий вилоятига экологик медиатур

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси "Масс-медиа ва экология: барқарор ривожланиш мақсадларида ҳамкорлик" лойиҳасини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 6 августидан 9 августига қадар ОАВ вакиллари учун мутахассислар иштирокида Навоий вилоятига экологик медиатур ташкил этди.

Журналистлар ҳамда экологларнинг медиатур маршрути Ўзбекистоннинг йирик саноат маркази - Навоий шаҳридан бошланиб, чўлда жойлашган Учқудуқ шаҳрида якунланди. Ташкил этилган медиатурнинг асосий мақсади кенг жамоатчиликни Навоий вилоятида олиб борилаётган табиатни муҳофаза қилиш фаолияти хусусида, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ва Ҳукумат томонидан тасдиқланган 2015 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда тиклаш бўйича 14 та ҳудудий дастурлар доирасидаги ижтимоий-экологик лойиҳалар тўғрисидаги бохабарлигини ошириш, шунингдек, ҳудуднинг экотуристик салоҳияти билан яқиндан таништириш ҳисобланади.

Навоий вилояти - Ўзбекистоннинг саноати ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоятнинг саноат ишлаб чиқаришдаги улушу бутун республика саноатида 11 фоиздан зиёдни ташкил этади. Вилоят иқтисодий ривожланишининг асосини машинасозлик, тоғ-кон ва кимё саноати, озиқ-овқат ва текстил тармоқларига ихтисослашган ҳамда бошқа саноат корхоналари ташкил этади.

Шу билан бирга ҳудудда нафақат вилоятнинг иқтисодий ривожланишига, балки табиатни муҳофаза қилиш фаолияти масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Босқичма-босқич, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган табиатни муҳофаза қилиш дастурлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган "2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракатлар Дастури" доирасида саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик тармоқларига барқарор ривожланиш тамойиллари татбиқ этилмоқда.

Иштирокчилар қатор объектларга ташриф буюриш давомида замонавий интенсив технологиялар асосида қишлоқ хўжалигида эришилган ютуқлар билан танишдилар. Бугун мамлакат олдида турган долзарб масалалардан бири бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Мамлакат аҳолисининг ўсиш суръатлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг ҳажми давлатнинг агротехника сиёсатини амалга оширишда янги вазифаларни белгилаб бермоқда. Шу билан бирга мазкур масалалар атроф-муҳитнинг экологик ҳолати ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари билан узвий боғлиқдир. 2015 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда тиклаш бўйича ишлаб чиқилган 14 та ҳудудий дастурларда асосий эътибор манзилли аниқ чора-тадбирларга ва республикада озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга кўмаклашишга қаратилган.

Атроф-муҳитнинг мақбул экологик ҳолатини таъминлаш ва балиқчиликни барқарор ривожлантириш мақсадларида табиий сув ҳавзалари яқинида инкубацион цехлар қурилмоқда ҳамда табиий сув ҳавзаларида балиқлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Балиқчилик тармоғи салоҳиятини ошириш мақсадида "2015 йилда республиканинг балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури" қабул қилинган.

Тўдакўл кўлида балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган, шу билан бирга қафас усули билан интенсив балиқ етиштириш технологиясидан фойдаланган ҳолда ишловчи "AQUA-TUDAKUL" ўзбек-америка қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. ОАВ вакиллари балиқ чавоқларини етиштириш бўйича инкубацион цехларга ташриф буюрдилар. Қафас усули билан интенсив балиқ етиштириш алоҳида ўралган объектда амалга оширилади. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, бундай хўжалик бевосита сув ҳавзасида жойлашиши мумкин ҳамда унинг бир қисминигина эгаллайдики, бу сув ресурсларидан нафақат балиқчилик учун, балки бошқа тармоқлар учун ҳам фойдаланиш имконини беради.

Ёввойи жониворлар популяциясига турли омиллар, шу жумладан экстенсив хўжалик сиёсатини олиб бориш ҳам таъсир этади. Бундай ҳолатда ёввойи жониворлар турларини кўпайтириш бўйича питомникларни ташкил этиш ўзига хос ечим ҳисобланади. Бугунги кунда Навоий вилоятида турли фермер хўжаликлари ташкил этилиб, улар агросаноат мажмуаси учун ноанъанавий ҳисобланди. Журналистлар ёввойи ўрдакларни сақлаш ҳамда кўпайтириш бўйича "Яшил диёр", шунингдек, жониворларнинг индивидуал турларини кўпайтиришга ихтисослашган "Кубари Диёр" фермер хўжалигига ташриф буюрдилар. Улар ёввойи жониворларни сунъий кўпайтиришнинг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишиш ҳамда мутахассислар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастурларда ҳар бир ўрмон хўжаликларида иккитадан асаларичилик хўжаликларини ташкил этиш кўзда тутилган. Мамлакатда асал, шу жумладан доривор турларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда. Ҳудудий дастурларда назарда тутилган хўжалик фаолиятининг мазкур йўналишининг амалга оширилиши билан танишиш мақсадида журналистлар Қизилтепа туманидаги асаларичилик хўжалигига ташриф буюрдилар.

Медиатур якунида иштирокчилар Қизилқум чўлидаги Жарақудуқ дарасида жойлашган ноёб табиий ёдгорлик - Тош ўрмонга ташриф буюрдилар. Ушбу дарада сайёрамизда ягона ҳисобланган тошга айланиб қолган (ўсимликлар, ҳайвон суяклари ҳамда балиқ тишлари) табиат намуналари мавжуд. Ўрганишлар натижасида Қизилқум саҳроси ўрнида бундан 100 миллион йил аввал Тетиз денгизи бўлганлиги, шунингдек, денгизга хос бўлган сув ости бойликлари ва денгиз соҳили, ўрмон ҳамда тўқайзорлар, ўз навбатида мазкур ерларда яшайдиган ҳайвонларнинг, шу жумладан ўтхўр ва гўштхўр динозаврлар, тимсоҳлар, балиқлар ва бошқа денгиз жониворларининг мавжудлиги аниқланган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
«Тоза ҳаво» тадбирини уюшқоқлик билан ўтказайлик«Тоза ҳаво» тадбирини уюшқоқлик билан ўтказайлик

Республикамизда «Тоза ҳаво» тадбирининг биринчи босқичи 10 апрель—10 май кунлари бўлиб ўтганди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матубот хизмати хабарига кўра республикамиз бўйича «Тоза ҳаво» тадбирининг биринчи босқичида 120 мингга яқин автотранспорт воситалари, 37 та автотранспорт корхонаси, 16 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва 4 та техник хизмат кўрсатиш станцияси текширувдан ўтказилганди. Биргина Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида ана шу тадбирни ўтказиш жараёнида 3 та йўл патруль хизмати постлари орқали 9500 та, 2 та кўчма экологик постлар орқали эса 500 та автомашиналар кўрикдан ўтказилди.
Автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга мақсадида Ўзбекистонимизда 10 августдан бошлаб «Тоза ҳаво» тадбирининг иккинчи босқичи бошланди. Ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошириладиган бу тадбирдани ўтказишдан асосий мақсад автотранспорт воситалари томонидан чиқарилган газларнинг заҳарлилик даражаси ва тутун ҳолати газни таҳлил қилиш ускуналари ёрдамида текшириши кўзда тутилган. Ўрганиш натижалари белгиланган тарзда расмийлаштирилиб, кўрсаткичлар белгиланган талаблардан ошиб кетган бўлса, автотранспорт воситаси эгасига нисбатан маъмурий чоралар кўрилади. Камчиликларни бартараф этиш учун тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилади.
Республика табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ахборот хизмати хабарида иккинчи босқич давомида ҳудудлар бўйича автотранспорт корхоналари, техник хизмат кўрсатиш станциялари ва автобилларни таъмирлаш муассасаларини текширишга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.

Навоий шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Алижон ЖАЛИЛОВ
[b][/b]
ФИТОТЕРАПИЯНИНГ  ЧЕКСИЗ  ХОСИЯТЛАРИФИТОТЕРАПИЯНИНГ ЧЕКСИЗ ХОСИЯТЛАРИ

Абдумуҳаммад ХОЛДАРОВ,
Навоий вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

Фитотерапия нима деган саволга у доривор ўсимликлар, улардан тайёрланган ва олинган препаратлар билан беморларни даволаш тўғрисидаги фан деб жавоб бериш мумкин.
Фармакология юнонча Pharmacоn-дори, logos-таълимот, сўзларидан олинган бўлиб, дорилар тўғрисидаги таълимот, маъносини билдиради.
Фармакологиянинг тарихи фитотерпиядан бошланган десак хато бўлмайди. Чунки у инсоният тарихи каби қадимийдир. Ибтидоий даврда инсонлар асосан дори моддалари сифатида ўз теварак-атрофидаги турли ўсимликлардан фойдаланганлар. Улар жониворларга тақлид қилиб ёки тасодифан ўсимлик таъсирига эътибор бериб, уни даволаш мақсадида эгаллаганлар.
Ибн Синонинг «Тиб қонунлари"да келтирилган доривор ўсимликлар, уларнинг ишлатилиши ва ишлатиш усуллари алоҳида аҳамиятга эгадир. Чунки Ибн Сино ўзигача ўтган табибларнинг тажрибаларини синчиклаб ўрганиб, уларни янада мукаммаллаштирган, уларга янги муолажаларни қўшиб, ўша замондаги халқ табобатида ишлатиб келинган доривор ўсимликлар ва меваларнинг тиббиётдаги аҳамиятини ҳар томонлама очиб берган.
Маълумки, Ўзбекистон шифобахш гиёҳларга бой диёр. Республикамизда 4000 дан ортиқ ёввойи ўсимликлар ўсади. Шулардан 100 дан ортиқроғи тиббиёт амалиётида дори воситаси сифатида қўлланилмоқда. Халқ табобатида эса худудимиз ўсимликларидан 600 га яқини доривор ҳисобланади. Бу деган сўз республикамизда ўсадиган ва ўстириладиган шифобахш ўсимликлар сони жуда кўп ва улар янги дори-дармонлар яратишда битмас-туганмас манба бўлиб хизмат қилади.
Шунинг учун фитотерапия фанини янада ривожлантириш ва халқимизни самарали, асорат бермайдиган ва арзон дори воситалари билан таъминлаш долзарб масалалардан бири деб қаралади.
Беморларни даволашда тиббиёт амалиётида фақат фитотерапия билан чегараланиб қолмасдан, балки даво қилишнинг бошқа мавжуд усулларидан, шу жумладан синтетик ва ярим синтетик дорилардан, физиотерапия ва бошқалардан фойдаланиш ҳам катта самара беради. Бу касалликнинг турига, унинг кечишига, беморнинг аҳволига ва бошқа бир қатор омилларга боғлиқ.
Шунинг учун фитотерапияни маълум даво усулларидан ажратиб бўлмайди ва беморларни комплекс даволашнинг усулларидан бири деб қаралиши керак.
Доривор ўсимликлардан турли дори шакллари (дамлама, қайнатма, тиндирма-настойка, экстрактлар, порошоклар ва бошқалар) тайёрланади.
Уларни тайёрлаш ёки улардан якка ҳолдаги тоза дори моддасини ва дори препаратларини олиш учун қўлланиладиган ўсимликларнинг маълум қисмлари ёки шу ўсимликлардан бирламчи ишлаш йўли билан олинган моддалар (эфир мойи, мой, дарахт елими ва б.) доривор ўсимликлар маҳсулоти деб юритилади. Ўсимликлар таркибида учрайдиган алкалоидлар, гликозидлар, витаминлар, ёғлар, ёғсимон моддалар, кислоталар, кумаринлар, лигнанлар, ошловчи моддалар (танидлар), полисахаридлар, сапонинлар, флавоноидлар, эфир мойлари (терпеноидлар), фитонцидлар каби ҳар хил бирикмалар биологик фаол моддалар сифатида бўлиши мумкин. Ушбу моддалар ўсимликнинг ўсиш-ривожланиш даврининг турли вақтида йилнинг фаслига қараб кўп миқдорда тўпланади, айни шу вақтда улар юқори сифатли хисобланади ва тайёрланиши лозим. Шунга қараб доривор ўсимликларнинг маҳсулотлари турли даврларида йиғилади. Масалан, ўсимликнинг ер устки қисми (ўти) ўсимлик гуллаганда, барглари гуллаш олдидан ёки гуллаганда, куртаклар ва пўстлоқлар ўсимлик танасида суюқлик юра бошлаганда (эрта баҳорда), ер остки қисмлари эса одатда ўсимлик уйқуга кирганда (кеч кузда) йиғилади.
Кўриниб турибдики доривор ўсимликлардан самарали ва тўғри фойдаланиш инсон соғлиғида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур масаланинг долзарблигини мамлакатимизда 2015 – 2016 йилларда доривор воситаларни ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш каби муҳим лойиҳани амалга оширишга киришилганлигида ҳам яққол кўриш мумкин. Фитотерапиянинг имкониятлари беқиёс, хосиятлари бисёр.
Ибн Сино айтадилар...
• Сурма кўзнинг соғлигини сақлайди. Кўз яраларидаги чиркни йўқотади, милкда касалликлар пайдо бўлмайди, бўлса тузатади.
• Қорақанд меьда ва жигарни кучли қилади, чанқоқни қондиради.
• Олхўри япроғи билан оғиз чайилса, бодомча безларга тушадиган назлаларни қайтаради.
• Лавлагини қайнатиб шишларга боғланса, пиширади. Лавлаги баргининг қайнатилгани оловдан куйганга фойда қилади. Асал билан қўшиб суртилса темираткига даво бўлади.
• Майиз ва жигар меьданинг дўстидир, буйрак ва қовуққа фойдали.
• Зарчавани чайнаш тиш оғриқларига фойда қилади.
• Ялпиз меьдани маҳкамлайди, ҳиққичоқни тўхтатади, овқат ҳазм бўлади ҳамда сариқ касалига даво.
• Баргизуб узоқ давом этадиган ёмон яраларга ва чуқур жароҳатларга даво. Илдизи, уруғи ва барглари жигар ҳамда буйракдаги тиқилмаларни даволашда ишлатилади.
• Бодом кўз нурини ўткир қилади. Туйилган бодом йўтал ва қон туфлашда фойдали. Ширин бодом семиртиради.
• Гулсафсарнинг илдизини сирка билан ичилса, жигар ва талоқнинг шамоллашдан бўлган оғриқларини босади.
• Асални танглай билан эзиб сўриш ва ғарғара қилиш бодомча безларга фойда қилади.
• Равоч сафроли ич кетишга шифо, сиқиб олинган суви кўз нурини ўткир қилади.
• Сабзида бета-каротин бор, шунинг учун озод радикалларнинг зарарли таьсирини ва ҳужайраларнинг зарарланишини камайтиради.
• Цитрусли мевалардаги С иммун тизимини мустаҳкамлайди.
• Мол ва қўй жигаридаги витаминлар темир танқислигини бартараф этади, анемия, яьни камқонлик ривожланишига йўл қўймайди.
• Сули ва дуккаклиларда эрийдиган клетчатка бор бўлиб, холестеролнинг соғлом даражасини тутиб туради.
• Балиқнинг ёғли турларида омега-2,3, ёғ кислоталари бўлганидан қон оқимини яхшилайди, мия ишини рағбатлантиради.
• Пиёзда олтингугурт бўлгани боис у иммун тизими ишини рағбатлантиради.
• Унган буғдойдаги витамин Е юракни соғлом қилади.
ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИҒаройиб ғоялар

ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ
улар электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин

Чиқиндилар кимёвий алоқаларга бой энергияга эга бўлади. Олимлар шуни назарда тутиб, узоқ йиллар ушбу имкониятдан эзгу мақсадда фойдаланиш устида изланиш олиб боришди. Ва ниҳоят, чиқиндиларни плазма — қаттиқ қиздириш натижасида вужудга келадиган ионлашган модда воситасида газга айлантириш технологиясини яратишди.
Бу жараён назарий жиҳатдан оддийгина. Яъни чиқинди ҳамда газ ёки ҳаво билан тўлдирилган идиш ичига, айтайлик, камерага электр токи юборилади. Натижада 7000 даражадан ортиқ иссиқликка эга плазма — ионлашган газ ҳосил бўлади. У мутахассислар тилида яшин деб аталади. Бинобарин, бамисоли шиша ичидаги чақмоқ вазифасини ўтайди.
Плазмаларнинг бениҳоя қизиши камерадаги ҳар қандай чиқиндининг молекуляр боғланишларини парчалаб, органик бирикмаларни, шу жумладан, карбонат ангидрид ва водородни синтезлашган газга, қолдиқларини шишасимон мўрт тошқолга айлантиради. Ҳосил бўлган газ электр станциялари турбиналарини ишлатиш учун зарур ёнилғи вазифасини ўтайди, шунингдек, метанол, этанол ва дизель биоёнилғиси тайёрлашда асқатади. Электр энергия ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитни кўмирга нисбатан анча кам заҳарлайди. Тошқолларидан эса қурилиш ашёлари тайёрланади. Улардан Япония ва Францияда бир неча йиллардан буён қурилишда кенг фойдаланилади.
Тўғри, плазма воситасида газлаштириш ҳозирча маиший чиқиндиларни анъанавий усулда қайта ишлаш усуллари билан рақобатлаша олмайди. Лекин, АҚШнинг Жоржия штатидаги Техник тадқиқотлар институтининг пплазмаларни ўрганиш бўлими директори Луис Сирсеонинг таъкидлашича, кейинчалик унинг технологияси такомиллашиши натижасида таннархи нисбатан арзон энергия ишлаб чиқариш имкониятини бериши мумкин. Қолаверса, турли ҳажмли ва шаклли чиқиндиларни плазмали қайта ишлаш учун уларни кўмиб ташлашга нисбатан камроқ маблағ сарфланади.
Бундан икки ярим йилча бурун чиқиндилар билан шуғулланувчи энг йирик Waste Management компанияси Орегон штатидаги янги inEnTec компанияси билан бирга энг сўнгги плазмали газлаштириш жараёнларини саноатга татбиқ этиш бўйича битим тузди. Флорида, Луизина ва Калифорнияда эса ҳар кеча-кундузда минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга йирик иншоотлар барпо этила бошланди.
Тўғри, плазмали газлаштириш жараёнида ҳосил бўладиган тошқоллар таркибидаги заҳарли оғир металлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси талабларига жавоб беради. Шунга қарамай, уларнинг мавжудлиги чиқиндиларни плазма асосида қайта ишлайдиган заводларни кўпайтириш ниятида бўлган айрим кишиларни бир оз иккилантирмоқда. Мутахассислар эса АҚШда мавжуд қаттиқ маиший чиқиндиларнинг барчаси плазма воситасида қайта ишланса ва ҳосил бўладиган газдан унумли фойдаланилса, у мамлакат эҳтиёжи учун сарфланадиган жами электр энергиянинг 5-8 фоизини ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкинлигини уқтирмоқдалар. Бу демак, янги усул тахминан 25 та атом электр станцияси ёки АҚШда мавжуд барча гидростанциялар ўрнини боса олади.
2020 йилга бориб, ушбу мамлакатда ҳар куни 1 миллион тонна атрофида чиқинди тўпланиши кутилмоқда. Уларни плазмали газлаштириш йўли билан қайта ишлаш фойда келтирса келтирадики, асло зарар қилмайди.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ