ҚУШЛАР  ҚЎНИМ  ТОПГАН  МАКОНЛАРҚУШЛАР ҚЎНИМ ТОПГАН МАКОНЛАР
Дилбар ОЧИЛОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси ходими

Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Кармана саноат касб -ҳунар коллежи ҳамкорлигида муҳим экологик сана “2-феврал-Сувли ботқоқли ҳудудлар ҳалқаро куни”га бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, экоҳаракат фаоллари, коллеж ўқувчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
1971 йилда Рамсар (Эрон) шаҳрида имзоланган Конвенциянинг асосий мақсади сув ботқоқ жойлари (кўллар, дарё водийлари, ботқоқлашган ҳудудлар, денгиз қўлтиқлари) ва сувда сузувчи қушларни аниқлаш ва сақлаб қолишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси 2001 йилда Рамсар конвенциясига қўшилди.
Халқаро аҳамиятга эга бўлган сув ботқоқ жойларидан бири “Айдар-Арнасой” 2008 йилда мазкур конвенция рўйхатига киритилган. Ҳозирги кунда Тўдакўл ва Қуюмозор сув омборлари ҳам халқаро Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилиши борасида ишлар олиб борилмоқда.
Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, сув ботқоқли ҳудудлари сайёрамизнинг барқарор ривожланишида, сувли ва ботқоқ шароитида яшашга мослашган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ва айниқса ўтроқ ҳамда учиб ўтувчи қушларни муҳофаза қилишда, ҳудудий иқлимий шароитларнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
ФОЙДАЛИ  СЕМИНАРФОЙДАЛИ СЕМИНАР
Зубайда ДУШАНОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси тарғибот-ташвиқот ва
ахборот хизмати ходими

Вилоят хокимлиги, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоят адлия бошқармаси, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, саноатгеоконтехназорат, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ички ишлар бошқармаси, “Ер-мулк” ДК, хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган семинар “Навоий вилоятида табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қайта тиклаш соҳасида давлат ва жамоат экологик назоратнинг ҳуқуқий асослари” мавзусига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги “Экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 286-сонли қарорининг мазмун ва моҳиятини тушунтиришга эътибор қаратилди. Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан “Идоравий экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом”,“Ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом”,“Экологик хизмат тўғрисидаги намунавий низом” ҳамда “Экологик аудит тўғрисидаги низом”ларнинг тасдиқланганлиги ҳам соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг давоми сифатида эътироф этилди.
ВИЛОЯТ ОММАВИЙ АХБОРОТ  ВОСИТАЛАРИ  -                   РИВОЖЛАНИШ  БОСҚИЧИДАМатбуот анжумани

ВИЛОЯТ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ -
РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧИДА

Навоий шаҳридаги “Матбуот уйи”да вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган Навоий вилояти ҳокимлигининг 2016 йил 1-ярим йиллигида Матбуот анжуманлари ўтказиш бўйича иш режасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли қарорига мувофиқ вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда “Вилоят оммавий ахборот воситалари- ривожланиш босқичида” мавзуларида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Алоқа ва ахборотлаштириш бошқармаси, вилоят “Компьютерлаштириш маркази”, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида кун тартибидаги масалага алоқадор масъулларнинг маърузалари тингланди.
Маърузаларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда расмий веб-сайтларга қўйилаётган талаблар муҳим аҳамият касб этаётганлиги, вилоятимизда расмий веб-сайтларига эга бўлиши зарур деб топилган давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аксарияти интернет порталида ўз ўрнига эга эканлиги таъкидланди.
Тадбир якунида журналистларнинг саволларига тегишли соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб берилди ва соҳани ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ДАҲОГА ТАЪЗИМДАҲОГА ТАЪЗИМ
Бобонор НОРТОЖИЕВ,
шоир


Ўзбек шеъриятин севиб, ардоқлаб,
Камолга етказган улуғ Навоий,
Ўлмас асарларни яратган чунон,
Асрлар ўтса-да табаррук, боқий.

Даҳо хизматларин буюк самари -
Ижодин яратди ўзбек тилида.
Шеърият илмида бурилиш ясаб,
Мангу яшамоқда халқнинг дилида.

Жаҳон дурдонаси бўлган асарлар,
Ташна мухлисларга манзур бўлолди.
Серқирра шоиру фозил инсондан,
Қанча алломалар ибрат ололди.

Эл орзу умиди, дунё қараши,
Шоир тили билан бўлди тараннум.
Назм султонига муҳаббат ошиб,
Тан олди ижодин ҳар қандай тузум.

Инсон улуғланган ҳар бир шеърида,
Улуғ фазилатга севги, ҳурмат мўл.
Давридан олгандир севги қиссасин,
"Хамса”да акс этган муҳаббат буткул.

Инсон виждони-ю эрки, шарафи,
Тараннум айланган боқий асарда.
Халқпарвар шоирга илҳом бахш этган,
Қалбий муҳаббати эрур аслида.

Инсон ҳиссиётин жо этиб дилга,
Қанча асарларга беролган сайқал.
Юксак ғояларнинг йўқдир адоғи,
Шул сабаб ижодда даҳодир азал.

Шеърият султонин улуғ қудрати,
Замон воқелигин достон қилолган.
Яратиб ижодда ибрат мактабин,
Назмнинг дунёсида абадий қолган.

Улуғ даҳомизга қиламиз таъзим,
Ижодин ўқиймиз, тўймаймиз сира.
Беш юзу етмиш беш ёшда Навоий,
У сўнмас башардир бу дунё ичра.
НАВОИЙ ШАРАФИ  ЯШАР МУҚАДДАС!..НАВОИЙ ШАРАФИ ЯШАР МУҚАДДАС!..
СОЛИБ КЎНГЛИМА СЎЗ ДЕМАК НИЯТИН...
Камола УЛУҒМУРОДОВА,
Навоий шаҳар 11-давлат ихтисослаштирилган
умумтаълим мактаби
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Алишер Навоий – инсон қалби ва онгига сўз орқали таъсир ўтказа олган руҳ алломаси саналади. Зеро, шоир инсоният маънавий оламини сўз сеҳри ила бойитиб, юксалтира олган ижодкордир. Адабиётимиз тарихида шоирнинг табаррук номи серқирра ижод соҳиби сифатида юксак қадрланади. Навоий бундай шарафли унвонга ўзининг бой маънавий мероси туфайли сазовор бўлди. Буни адибнинг ҳам туркий, ҳам форсий асарлари мисолида кўришимиз мумкин.
“Хамса” шоир номини бутун дунёга танитган қимматли асар саналиб, унда Навоий ўзининг бор маҳоратини сўз орқали намоён этади. Шунингдек,инсон камолоти учун зарур бўлган барча амалларни ўзининг пурмаъно сўзлари орқали акс эттиради. Ўз ижодида ҳар бир заррачага катта эътибор қаратган шоир, ҳеч бир нарсани назаридан четда қолдирмайди. Айтмоқчи бўлган фикрини аниқ далиллар билан асослайди.
Ҳазрат Навоий “Хамса” нинг қатор достонларида шахсни камолга етиши учун бир қанча тушунчаларни шарҳлаб ўтадики, бу жараённинг барчаси сўз орқали ўз ифодасини топган. Шунинг учун шоир сўзга нисбатан юксак эҳтиромда бўлган.
“Садди Искандарий” “Хамса” нинг сўнгги достони бўлиб, шоир унда сўз хусусида қатор мулоҳазаларни баён этади. Ҳажми жиҳатдан йирик бўлган ушбу достонда Навоий 211 ўринда сўз ҳақида фикр юритиб, бевосита сўзни таърифлайди. 106 байтни ўз ичига қамраган ушбу бобда Навоий сўзнинг барча сифатларини келтириб ўтади. Жумладан, сўзда шундай қудрат борки, шунинг учун у осмон-у фалакдан ҳам юқори, нафақат фалак, балки инсон онги етган ҳамма нарсадан устун ва ҳамма нарсадан соф дея таъкидлайди.
Бийикрак мақом ичра афлокдин,
Не афлокдин, ваҳм-у идрокдин.
Инсон сўзи билан шарафли. Сўз бўлмаса у бундай юксак номга сазовор бўлиши амри маҳол. Негаки, садаф ҳам гавҳар билан ўз қимматига эга. Алоҳида ўзи юқори қиймат касб эта олмайди. Сўз инсоният оламининг қимматбаҳо жавҳари бўлиб, ҳатто у жонсиз жисмга оби ҳаёт улашувчи тириклик суви мисолидир.
Навоий сўз ҳақида гапирар экан, сўзни – гавҳар, дур, пари, маънолар хазинаси, ёқимли куй, оби ҳаёт, қуёш нури, майин эсувчи шамол кабиларга ўхшатади.
Юқорида достоннинг 211 ўрнида сўз ҳақида мулоҳаза берилгани ҳақида таъкидлаб ўтган эдик. Уларни таснифлаб чиқиш асносида шу нарса аниқ бўлдики, Навоий 17 ўринда сўзни тил маъносида, 160 ўринда муомала воситаси маъносида, 34 ўринда бадиий ижодда мазмунни шакллантирувчи восита тарзида қўллаган.
Жумладан:
Карам айлаб ики қўлим қўлдангиз,
Сўз иқлими сори мени қўлдангиз.

Солиб кўнглима сўз демак ниятин,
Кийиб эгнима доғи сўз кисватин .
Бу ўринда шоир ижодий жараёнда ўз салафларидан қўллаб -қувватлашларини ҳамда сўз мамлакати сари қўллашларини сўраб мурожаат қилади. Биринчи байтда сўз мазмунни шакллантирувчи восита тарзида қаралса, иккинчи байтда муомала жараёнини акс эттирган.
Навоий сўз хусусида тўхталар экан, “сўз иқлими” бирикмасини кўп маротаба тилга олади. Негаки сўз ҳам ўзига хос рангин оламни кашф этади. Бунда ҳамма ўзига маъқул оламни танлайди. Кимдир тўғри сўзга ошиқ бўлиб, ширин сўз ошноси бўлса, яна кимдир ёлғон сўзлаб, хушомадгўйликни ўзига ниқоб қилиб олади. Навоий бу ҳолнинг ҳар бирига ўз муносабатини билдириб, яхши, ёмон томонларини кўрсатиб ўтади.
Шоир сўзга таъриф берар экан, шеъриятнинг етук вакиллари бўлмиш ўз устозлари Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий ҳақида тўлқинланиб гапиради.Навоий таърифига кўра, ҳар иккала шоир ҳам сўзнинг моҳир усталари бўлиб, уларга тенглашадиган киши бўлмаган. Иккала шоирнинг ҳам қалами ниҳоятда ўткир бўлиб, ҳар бир сўзни ўрни билан қўллаган. Сўзнинг маъно нозикликларига катта эътибор қаратган. Навоий бу борада устозлари изидан бориб, ўз ижодини шакллантирди. Умри давомида сўз санъатини эгаллашга, унинг яширин сирларини очишга ҳаракат қилди.
Навоий ижоди чексиз бир уммон. Бу уммондан баҳраманд бўлиш учун улуғ мутафаккир асарларини ўрганишимиз зарур.
Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигигаАлишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига

Рубоийлар

Ё рабки, иноятингни ёр айла манга,
Йўқлуққа ҳидоятингни бор айла манга,
Ҳам каҳфи кифоятингни дор айла манга,
Ҳам дурри иноятинг нисор айла манга.
***
Шоҳеки фалак сори чу майл ўлди анга,
Кўк зарфи сочарға нур кайл ўлди анга,
Афлок шаҳи тобеу хайл ўлди анга,
Балким, еру кўк хайли туфайл ўлди анга.
***
Гар ошиқ эсанг зебу такаллуфни унут,
Яхшию ёмон ишда тахаллуфни унут.
Ўткан гар эрур ёмон таассуфни унут,
Келган гар эрур яхши тасарруфни унут.
***
Ёшимға бағир қони чу эрди монанд,
Кўз асради ёшдек бўлуб андин хурсанд.
Турмади кўзумда еткач ул сарви баланд,
Бўлмас киши фарзанди кишига фарзанд.
***
Кўнглум сайди узуб улустин пайванд,
Саргаштасифатлиғ била эрди хурсанд.
Қуллоби муҳаббатинг яна солди каманд
Сайдеки, узуб эди расан, айлади банд.
ЭКОЛОГИК  НАЗОРАТНИНГ  ҲУҚУҚИЙ  АСОСЛАРИЭКОЛОГИК НАЗОРАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,
Навоий вилояти адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи
Маълумки, Ҳукуматимиз томонидан, шунингдек бевосита муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан (2013 йил 27 декабрь, ЎРҚ-363-сон) Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 286-сонли қарори билан “Идоравий экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом”,“Ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом”,“Экологик хизмат тўғрисидаги намунавий низом” ҳамда “Экологик аудит тўғрисидаги низом”ларнинг тасдиқланганлигини ҳам соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг давоми сифатида эътироф этишимиз мумкин.
Айтиб ўтиш жоизки, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси билан экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ва уларнинг ваколатлари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Қўмита албатта, бошқа махсус ваколатли давлат органларининг давлат экологик назорати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради) шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси,Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги,Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги,Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси махсус ваколатли давлат органлари ҳисобланади.
Юқорида келтириб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан идоравий экологик назорат соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига бир қатор ваколатлар берилди, уларнинг асосий мажбуриятлари ва функциялари белгилаб берилди.
Жумладан, Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идоравий экологик назорат соҳасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва унга чек қўйиш; атроф муҳитнинг ифлосланишига, ўзларига фойдаланишга берилган табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш; атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги мажбуриятлар бажарилишини, идоравий экологик дастурлар амалга оширилишини таъминлаш; идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти натижасида атроф муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва ўз ваколати доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотларини ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш; табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш каби вазифаларни амалга ошириши кўрсатиб ўтилди.
Булар орасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини текшириш функциясига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Ҳозирги кунда бу каби экологик назорат ўтказиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг салмоқли қисмини тадбиркорларимиз ташкил этаётганлигини барчамиз яхши биламиз.
Бундан келиб чиқадики, сон жиҳатидан кўрсатиб ўтилган текшириш тадбирларининг кўпчилиги улар фаолиятида ўтказиладиган текширишлар ҳиссасига тўғри келади.
Экологик назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган масъул шахслар юртимизда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизини ана шу соҳа вакиллари томонидан ишлаб чиқарилаётганлиги, бу соҳада иш билан банд бўлганлар мамлакатимиз аҳолисининг 75 фоизини ташкил этаётганлигини назарда тутишларини таъкидлашни истардик.
Яъни, улар томонидан ўзларига берилган ваколатлар ва функциялардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишларни ўтказишда мазкур соҳани тартибга солиш юзасидан сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан хабардор бўлишлари фойдадан холи бўлмайди.
Жумладан, сўнгги йилларда мазкур соҳада бир қатор янги қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Шу ўринда Муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармонини тилга олиш мумкин.
Фармонга кўра, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб:
- микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши белгиланди;
- молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги;
- тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олиши кўзда тутилди.
Бундан ташқари Фармонда тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг қатъий ижро этилишида қабул қилинган нормаларни амалиётга жорий этиш устидан назоратни кучайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун ваколатли назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминлаш кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Фармоннинг тадрижий давоми сифатида жорий йилнинг 21 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни эълон қилинди.

Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигидаги 43 та қонунга (10 та кодекс ва 33 та жорий қонунларга) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексларига Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгиловчи боблар киритилди.
Булар қаторига Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун ва уларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Бу каби жавобгарлик чоралари қўлланилишининг олдини олиш учун тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказиш тартибларини белгилаб берувчи қонун ҳужжатларидан хабардор бўлиш талаб этилади.
Адлия вазирлигида 2006 йил 6 майда 1573-сон билан рўйхатга олинган “Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги ҳамда 03.09.2007 йилда 1712-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомлар билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида режали, режадан ташқари (қисқа муддатли), назорат тартибида ўтказиладиган ва муқобил текширишларни ташкиллаштириш, бунинг учун НҚОФМРК ва ҳудудий комиссиялардан рухсат олиш тартиблари, рухсат олиш учун асос бўлувчи ҳолатлар, текширишларни ўтказиш тартиблари ва муддатлари белгилаб берилган.
Шулар қаторида, мазкур Низомнинг иловасига асосан экологик назоратни амалга оширувчи органлар томонидан Кенгаш билан қўшимча келишувсиз амалга ошириладиган бир қатор назорат функциялари ҳам келтириб ўтилган. Хусусан, кенгаш билан келишилган объектларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология хизмати ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказиладиган тупроқ, оқава ва ер устидаги сувларни ифлослантириш манбалари мониторингида;
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан куз фаслида хазонларни, ғалла экинлари йиғиб олинганидан кейин далаларда сомонларни ёқишни, дарахтларни ноқонуний арралашни, очиқ оловни қўллаган ҳолда баланд уйлар томларида битум эритишни ва ихтиофауна захираларини ноқонуний овлашни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган тезкор назорат тадбирлари ўтказилганда Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссиялари билан келишиш назарда тутилмайди.
Юқорида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – барча давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифаси ҳисобланади.