БАҲОР НАФАСИ
Яна баҳор келди қадам

ранжида,

Яна майса гиёҳ

талпинди кунга.

Қушларнинг тилидан

тушмай қасида,

Борлиқ тўлаётир ажиб

ҳуснга.
Ҳуқуқий  маслаҳатҲуқуқий маслаҳат
КВАРТИРАНИ ИЖАРАГА ОЛИШ-БЕРИШ ШАРТНОМАСИ ҚАЙ ТАРТИБДА РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ?

Квартиранинг ижара шартномасини нотариал тартибда расмийлаштиришдан олдин ушбу масала юзасидан мурожаат этувчиларнинг шахси аниқланади. Бунинг учун Ўзбекистон фуқаросининг миллий паспорти, 16 ёшга тўлмаганларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, ҳарбий хизматчининг унга ҳарбий қисм ва ҳарбий муассаса қўмондонлиги томонидан берилган шахсий гувоҳнома ёки ҳарбий билет (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно) тақдим этилиши зарур.
Хорижий фуқаронинг шахси эса унинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий фуқаролар тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистонда аккредитация қилинганини тасдиқловчи аккредитация карточкаси, фуқаролиги бўлмаган кишининг шахси унга мамлакатимизда яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома орқали аниқланади.
Шартномани расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
– кўчмас мулк уни ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
– “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси ҳамда бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома;
– ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий рўйхатда турувчи шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма;
– хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштириш жараёнида розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома.
Булардан ташқари, қўшимча равишда кўчмас мулк тақиқда турган-турмагани ҳақидаги маълумотнома ҳамда ижарага берувчи ёки олувчининг СТИР рақамлари талаб этилиши мумкин.
Расмийлаштириш жараёнида ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий пропискада турувчи шахслар, кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда эри ёки хотини, уй ёки квартирани хусусийлаштиришда қатнашган шахслар, ижарага берувчи ва ижарага олувчилар қатнашишлари лозим.
Бундай шартномани тузишда вояга етмаган шахслар иштирок этганда, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари иштирокида битимлар тузилиши мумкин. Бунинг учун ота-онадан ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.
Васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги олиниши зарур.
Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар муайян сабаблар (хизмат сафарида бўлиш, бошқа жойда яшаши ва ҳоказолар)га кўра, битимни тасдиқлашга розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин.
Битимда вояга етмаган шахс қатнашганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан ушбу вояга етмаган шахснинг расми елимланиб ёпиштирилган маълумотнома тақдим этилади. Маълумотномадаги расм ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати муҳри билан тасдиқланади.
Шаҳло ДАВЛАТОВА,
Навоий шаҳридаги 6-сонли давлат
нотариал идораси нотариуси.
ИСЛОҲОТЛАРНИНГ  ЯНГИ  БОСҚИЧИСайлов- демократия кўзгуси

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари
сайловининг ҳуқуқий асослари хусусида

Мустақил Ўзбекистон кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Биз қураётган демократик жамиятда маҳалла-фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг миллий модели, бевосита демократия институти сифатида тан олинди. Унинг қонуний ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида қатъиян белгилаб қўйилди.
Дарҳақиқат, маҳалла ўзбек миллий тараққиёт моделининг таркибий йўналишларидан бири сифатида ривожланмоқда, шарқона маданият ва қадриятлар бешиги сифатида сайқал топмоқда. Шу боисдан ҳам, фуқаролар йиғини оқсоқоллари ва маслаҳатчилари зиммасида “Кучли давлатдан кучли жамият сари” тамойилни ҳаётга тадбиқ этишдек устувор вазифа юкланган. Маҳалла оқсоқоллари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига юрт тинчлиги , оилалар хотиржамлиги учун қайғурадиган, элда обрў –эътибор топган, халқ билан ишлашга етарли билим ва тажрибага эга бўлган, тадбирли ва ташаббускор фуқароларнинг танланиши бежиз эмас.
Жорий йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддатлари тугаши муносабати билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва улар маслаҳатчиларининг сайлови ўтказилиши ҳам ана шу демократик қонунчиликка асосланган.
Республикамизда ушбу сайловни ўтказиш учун кучли норматив-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, хусусан, 2013 йил 22 апрелда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиб ишланганлиги билан муҳимдир. Бунда фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини янада оширишни таъминлайдиган қоидалар киритилган.
Жумладан, қонунда сайловларни ўтказишнинг асосий йўналиши сифатида муқобиллик принципи белгиланган. Бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида раис ва унинг маслаҳатчиларига икки ва ундан ортиқ номзод кўрсатилиши сайловларнинг қонунийлигини таъминлайди.
Шунингдек, қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ҳокимиятнинг вакиллик органлари роли ва масъулиятини ошириш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун бевосита масъул органларнинг ваколатлари аниқ қилиб белгиланган.
Бундан ташқари, Қонунда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун Сенат Кенгаши томонидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қарори билан тегишли комиссиялар тузилиши белгиланди. Уларнинг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилди. Ушбу янги қоидалар, шубҳасиз, сайловларни тизимли ташкил қилишга, сайловларни ўтказишда фуқаролар йиғинларига ташкилий жиҳатдан кўмаклашишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, Қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) номзодига қўйиладиган талаблар янада кучайтирилди. Жумладан, номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши каби талаблар қўйилди.
Бундан ташқари, Қонун оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари номзоди кўрсатилмаслиги каби талаблар билан мустаҳкамланган.
Бу эса юксак маънавиятли, бошқарувчанлик қобилиятига эга бўлган, фуқаролар йиғини ҳудудида яшаб, унинг муаммолари ва аҳолининг дардларини ҳис этадиган, ўзини одамларнинг иссиқ-совуғига даҳлдор сезадиган виждонли фуқароларнинг раис этиб сайланишига имконият яратиши шубҳасиз.
Қонун катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳамда аҳолининг ҳурмати
ва ишончини қозонган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари этиб сайланишини таъминлаш, фуқароларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришда шаффофликни ошириш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тизими демократлашувини таъминлаш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатасидир.
Сайловга сифатли тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига сайловни ўтказишнинг аниқ муддатларини ҳамда сайловга тайёргарлик тадбирларини олиб бориш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилди.
Сайловни ўтказиш даврига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясини тузиш ва унинг асосий вазифаларини белгилаш ҳақидаги норма ҳам Қонун билан мустаҳкамлаб кўйилди.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг ушбу ваколатлари белгилаб қўйилиши фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказишда жойлардаги комиссиялар ва ишчи гуруҳлар иши самарали мувофиқлаштирилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Қонун ишчи гуруҳ фақат фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан тузилиб, унинг таркибига тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашининг депутатини ҳам киритиш зарурлигини белгилайдиган норма билан тўлдирилди.
Бу чоралар ишчи гуруҳнинг мустақиллиги ва объективлиги, шунингдек ўтказилаётган сайловнинг очиқлиги, шаффофлиги, холислиги ва адолатлилигини таъминлашга ёрдам беради.
Ишчи гуруҳ таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинининг вакиллари, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлар
ва бошқа ташкилотлар вакиллари, шунингдек тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашининг депутатлари киритилади. Ишчи гуруҳ таркибига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғинининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг яқин қариндошлари киритилиши мумкин эмас.
Қонун билан ишчи гуруҳ зиммасига қўшимча равишда ҳовлилар,
уй-жойлар ва кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда йиғилиш якунлари бўйича баённома тузиш вазифалари юклатилди.
Ушбу вазифаларнинг ишчи гуруҳ зиммасига юклатилиши ишни тўғри ва тизимли ташкил этиш имконини беради ҳамда амалиётда туғиладиган муаммоли масалаларни бартараф этишга ёрдам беради.
Шунингдек, жорий этилаётган тартибга кўра фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар тўғрисидаги ахборот фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин илиб қўйилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборотни маҳаллий аҳоли эътиборига олдиндан етказиш сайловнинг ошкоралигини ва очиқлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, Қонун билан ишчи гуруҳга аҳоли фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи берилмоқда.
Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчилари лавозимига номзодларни ишчи гуруҳ томонидан кўрсатиш тартибининг қўлланилиши сайлов тизимини янада демократлаштиришга, шунингдек, айрим салбий ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонунга кўра фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ўз чиқишларида келгусидаги фаолиятлари дастурини эълон қилишлари керак.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови асосан муқобиллик асосида ўтказилади. Номзодлар ўз ҳаракатлари дастурини эълон қилиши мажбурийлигини киритиш фуқароларга у ёки бу номзодни сайлаш масаласига онгли ёндошиш, номзоднинг келгусидаги режаларидан воқиф бўлиш имконини беради.
Қонунга мувофиқ фуқаролар йиғинига сайлов ўтказилган кундан кейин фуқаролар йиғини кенгашини, фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссиясини шакллантириш учун бир ой мухлат берилади. Аниқ муддат белгиланиши фуқаролар йиғинининг раҳбар органлари ўз вақтида шакллантирилишини ҳамда у тўла куч билан иш бошлашини таъминлайди.
Маҳалла фуқароларимизнинг нафақат қувончу ташвишларига шерик бўладиган таъсирчан ижтимоий фуқаролик идораси, балки юртимиз рамзи сифатида ҳам юксак аҳамиятга эга. Шундай экан, бу тизимга фақат элу юртга муносиблар сайланиши лозим!

Анвар РЎЗИЕВ,
Навоий вилоят адлия
бошқармаси бошлиғи
 “КАМИЛЛА”  МЕҲМОНХОНАСИ  НАВОИЙГА ЧОРЛАЙДИ!
 “КАМИЛЛА”  МЕҲМОНХОНАСИ  НАВОИЙГА ЧОРЛАЙДИ!
 “КАМИЛЛА”  МЕҲМОНХОНАСИ  НАВОИЙГА ЧОРЛАЙДИ! “КАМИЛЛА” МЕҲМОНХОНАСИ ЖАМОАСИ БАРЧАНИ ЮРТИМИЗГА ТАШРИФ БУЮРГАН НАВРЎЗИ ОЛАМ БИЛАН ҚУТЛАЙДИ ВА МЕҲМОННАВОЗЛИК БИЛАН НАВОИЙГА ЧОРЛАЙДИ!
Ҳазрат Навоий номи билан аталган вилоят нафақат табиий бойликлари, Буюк ипак йўли ўтган муқаддас қадамжолари, тарихий обидалари билан ҳам дунёга маълум ва машҳурдир. Зумрад шаҳар Навоий марказида жойлашган “Камилла” меҳмонхонаси эса туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган масканлардан бири бўлиб, нафақат Ўзбекистонлик,балки чет эллик ишбилармонлар ва сайёҳларга ҳам замонавий андозаларга мос хизмат кўрсатишга мослашган. Бу ерда меҳмонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, кенг ва ёруғ хоналар, ресторан, иккита конференц зал, тренажёр зали, сауна, автомашина қўйиш шахобчаси, бепул Wi-Fi меҳмонлар хизматида.
Навоийга йўлингиз тушса, ҳеч иккиланмасдан “Камилла”нинг меҳмони бўлинг!
Навоий шаҳри, Охунбобоев кўчаси, 2-уй. Мурожаат учун телефонлар
+99879 223 -99- 97. Факс : 0436 -223-45 -15.
КАФИЛЛИГИМ  ҚИММАТГА  ТУШМАЙДИМИ?Ҳуқуқий бекат
КАФИЛЛИГИМ ҚИММАТГА ТУШМАЙДИМИ?
Хусусий корхона раҳбариман. Яқинда бир дўстим банкдан кредит олмоқчилигини, корхонам кафил бўлишини сўради. Агарда хусусий корхонам кафил бўлса, кейинчалик кредитнинг қайтарилмаслиги ҳолати юзага келганда, корхонам ҳам жавобгар бўладими? Кафиллигим қимматга тушмайдими?
М. Жамолова,
Навоий шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.
Кодекснинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Саволга Навоий шаҳар 2-сон давлат нотариал
идораси нотариуси Илҳомжон САЛОМОВ жавоб берди.
ҚОНУН   БЎЙИЧА  ВОРИСЛИКҚОНУН БЎЙИЧА ВОРИСЛИК

Иқтисодиётимизнинг негизини ташкил қилган хилма-хил мулк шаклларининг ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилиши Конституциямизда кафолатланган.
Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири мерос ҳуқуқидир. У хусусий мулкни, мулкий ҳуқуқ ва бурчларни ҳимоя қилиш, уни мустаҳкамлаш воситаси ҳисобланади. Мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Ҳар бир шахс ўзи ҳаётлигида мулкини ўзи тасарруф қилади ва вафот этганидан кейин мулкининг тақдири қандай бўлишини олдиндан белгилаши ҳам мумкин. Мулкдор мулкининг ўзи вафот этганидан кейинги тақдирини мерос (ворислик) ҳуқуқи ёрдамида амалга оширади. Ўз хоҳишига кўра нотариал тартибда ёки нотариал ҳаракатларга тенглаштирилган шаклда васиятнома тузиб, ворис тайинлайди. Васиятнома тузган шахс исталган вақтда уни ариза бериш йўли билан бекор қилишга ёки янгидан бошқа васиятнома тузишга ҳақли. Демак, ҳар бир фуқаро хусусий мулкини, мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини хоҳлаган жисмоний ва юридик шахсга мерос ҳуқуқи асосида, шу жумладан, ворислик ҳуқуқи асосида васият қилиб қолдиришга, ҳар бир фуқаро қонун ва васият асосида мол-мулкни, мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини мерос қилиб олишга ҳақлидир.
Фуқаролик кодексида меросхўрларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланган бўлиб, бу ҳақда шундай дейилган: “Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин”. Мерос ҳуқуқи ворислик ва мерос масалаларини, ворислик асосларини, мероснинг очилиши ва ворислик ҳуқуқини амалга ошириш, мерос ҳуқуқининг объектлари ва субъектларини, васият бўйича ва қонун бўйича ворисликни, меросни эгаллаш масалаларини тартибга солади. Мерос таркибига меросхўрга тегишли мол-мулк, ашёларгина кирмасдан, балки мерос қолдирувчининг бошқа жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан бўлган ҳар хил қонуний талаблари ҳам киради.
Масалан, мерос қолдирувчининг олиши лозим бўлган, лекин ололмай қолган иш ҳақи, муаллифлик ҳақига бўлган ҳуқуқи ва бошқалар. Мерос таркибига фақатгина талаб қилиш ҳуқуқи эмас, балки мерос қолдирувчининг мулкий мажбуриятлари ҳам киради. Мулк эгаси ўзига тегишли мулкни ўзи вафот этганидан сўнг қандай ва ким томонидан тасарруф қилиниши ҳақида васиятнома қолдирмаган бўлса, қонун бўйича ворислик вужудга келади. Қонун бўйича меросхўрлар доираси Фуқаролик кодексининг 1135-1139-моддаларида навбатлар бўйича белгилаб қўйилган бўлиб, улар мерос қолдирувчининг авлодлари, оила аъзоларидир.
Бир навбат доирасида ворисликка чақирилган меросхўрлар ўртасида мерос мулк тенг ҳиссада бўлинади. Уй-рўзғор буюмлари ва жиҳозлари эса мерос қолдирувчи билан унинг вафотидагача камида бир йил бирга яшаб келган қонун бўйича меросхўрларга ўтади. Ушбу Кодекснинг 1135-моддасига асосан мерос қолдирувчининг болалари, шу жумладан фарзандликка олинган болалари, эри ( хотини) ва ота-онаси ( фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради.
Ушбу Кодекснинг 1136-моддаси бўйича мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда ота( она) бир, ота( она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига ушбу Кодекснинг 1137-моддасига асосан мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонун бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи навбатдаги меросхўрлар бўлмаган тақдирда, шунингдек, улар меросни қабул қилиб олмаган ёки ундан воз кечган ҳолларда, хамма меросхурлар фукаролик кодексининг 1119-моддаси тартибида мерос олишдан четлаштирилганда тўртинчи навбат бўйича ворислик вужудга келади ва мерос мулк мерос қолдирувчининг қариндошларига тенг улушда ўтади, бунда яқинрок қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар ушбу кодекснинг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Бешинчи навбатдаги меросхўр бўлиш учун, у шахс меҳнатга қобилиятсиз бўлиши ва иккинчидан мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши кифоя. Бунда мерос қолдирувчининг вафот этганига қадар қанча вақт унинг қарамоғида бўлиш белгиланмаган ва бу шахс меросхўрлар доирасига кириши ҳам шарт қилиб қўйилмаган.
Шунингдек, у мерос қолдирувчининг қарамоғида ундан ўзининг ҳаёт кечириши учун бирдан-бир манба сифатида моддий ёрдам олиб турган бўлиши керак. Меҳнатга қобилиятсиз деганда шахснинг биринчи, иккинчи ва учинчи гуруҳ ногирони бўлиши, эркакларнинг 60 ёшдан, хотинларнинг 55 ёшдан ошган бўлиши назарда тутилади . Шунингдек, 16 ва 18 ёшга тўлмаган болалар ҳам меҳнатга қобилиятсизлар қаторига киритилади.

Гуллола ЎРИНБОЕВА,
Навбаҳор туман давлат нотариал
идораси нотариуси