Сувдан оқилона фойдаланайлик!Сувдан оқилона фойдалани табиатнинг бебаҳо бойлиги

Сув - ҳаёт манбаи, сув – бу ҳаёт, сув – бу табиатдаги барча жонзотлар, ўсимлик дунёси учун энг керакли манбадир. Қадимдан ота-боболаримиз сувни табиатнинг бебаҳо бойлиги, неъмати деб билган ва уни тежаб сарфлашга ҳаракат қилишган.
Бугун нафақат шаҳардаги хонадонларимизда балки қишлоқдаги хонадонларда ҳам барча қулайликларга эга уйлар бўлиб, уларда иссиқ ва совуқ сув муҳайё. Аммо айрим юртдошларимиз ана шу бебаҳо неъматни тежаб сарфлашга ҳаракат қилишмайди. Эрталаб бир ювиниш ёки тишни тозалаш учун сувни очиб –қуйиб, 3-4 литр сувни оқизиб қўйишади. Айрим бекалар идиш-товоқ ювиш учун ҳам сувни беҳудага оқизиб қўйишади, ўша сувни бирта идишга олиб ювса ҳам бўлади-ку…ёки кўп қаватли уйларда яшовчи бекаларимиз жуда кўп миқдорда сув сарфлаб гиламларини ичимлик сувида ювишади, айрим ҳамюртларимиз «Пулини тўлаб қўйибмизку» деган қабилида иш кўриб, ичимлик суви билан томорқаларини суғоришади.
Яқинда бир хонадон бекаси ўксиниб гапирди, унинг турмуш ўртоғи ёши бир жойга бориб қолган мўйсафид бўлса-да, ҳар куни 400-500 литр сувни фақатгина ювиниш учун сарфлаши ва натижада бир ойда сув учун тўлов миқдори 100 минггача етиб бориши оилага қийинчилик туғдираётганини айтди. Оиладагилар оқсоқолга «сувни тежанг» деб илтимос қилишса-да, у янада сувни оқизиб қўйишни давом эттираётганини куйиниб айтди. Бундай инсонлар орамизда қанча….. Кўпинча чет эл фильмларида стаканда сув олиб тишини юваётганини гувоҳи бўламиз. Бугунги кунда одамзот табиат бойликлари сув, газ ва бошқа бойликларни ўзига буйнсундириб ундан турли соҳаларда фойдаланмоқда.
Ана шундай сув тежаб сарфланмаётган бир вақтда дунёнинг айрим аниқроғи бир миллиарддан кўпроқ аҳолиси тоза ичимлик сувисиз қийналиб яшамоқда. Бутунжаҳон Сув Кенгаши маълум қилишича, 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг учдан икки қисми чучук сув танқислиги муаммосига дучор бўлиши мумкин экан.
Бугунги кунда юртимиз қишлоқ хўжалигида ҳам “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон республикасининг Қонунида белгиланган сувни тежовчи технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва ускуналарини такомиллаштиришга қаратилган меъёрларнинг ҳар бир ҳудудда бажарилишига катта аҳамият қаратилмоқда.
Мутухассисларнинг маълумотларига кўра мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг 98 фоизи суғорма деҳқончилик ҳиссасига тўғри келар экан. Суғориладиган майдонларни ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини сув билан таъминлаш учун 180 минг км. канал, 141 минг км. зовурдан иборат сув хўжалиги тизимидан иборат. Уларнинг самарали ишлаши учун ҳар йили Давлат бюджетидан катта маблағ ажратилмоқда.
Жонажон Ўзбекистонимиз ҳудудида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги иншоотларини такомиллаштириш ва замонавийлаштириш борасида катта ишлар қилиниши натижасида яъни сувни тежайдиган технологиялар (томчилатиб, ёмғирлатиб, эгатга плёнка тўшаб, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш) кенг жорий этилиши туфайли сувдан анча тежалиб фойдаланилишига эришилган.
Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишга доир муносабатларни тартибга солиш мақсадида Сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилган бўлиб, улар ҳам бугунги кунда сув истеъмоли ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни бир тизимга солиш борасида ўз фаолиятиларини янада яхшилашлари зарур. Бугунги кунда ишлатилаётган об-ҳаётнинг 88 фоизи қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади. Умуман, юртимизда маиший хизмат соҳасида 8 фоиз, энергетика соҳасида 1,5 фоиз, саноатда 2 фоиз ва балиқчилик тармоғида эса 0,5 фоиз сувдан фойдаланилади. Жаҳон табиатни асраш фонди маълумотларида сарфланаётган чучук сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги, 20 фоизи саноат ишлаб чиқариши, атиги 10 фоизигина маиший истеъмолга йўналтирилаётгани қайд этилаяпти. 2050 йилга бориб эса экинзорларга оби-ҳаёт заҳираларининг 90 фоизи йўналтирилиши мумкин. Шунингдек, бугунги кунда электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётгани ҳам айнан сув билан боғлиқдир. 2030 йилга бориб бундай эҳтиёж 55 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Кўриниб турибдики, сув манбаларидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистонда сув бўйича 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларида сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳақида қайд этилган ва уни такомиллаштириш борасида доимий иш олиб борилмоқда.
Сув манбаларидан оқилона фойдаланиш бўйича қонунчилик такомиллашиши қишлоқ хўжалиги замонавийлашишига, экотизим яхшиланишига, бир сўз билан айтганда, тириклик манбаи бўлган сувга муносабат ўзгаришига замин яратади.
Шундай экан биз доимий равишда аҳоли ўртасида доимий равишда сув тежаш ва уни иқтисод қилиш бўйича доимий тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.

Навоий вилоят Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссияси раиси
А.Жалилов
Қишлоқ хўжалигида янгича иқтисодий муносабатларҚишлоқ хўжалигида янгича иқтисодий муносабатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида «..қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилгани, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тарққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётганини кенг ёритиш» ҳақида айтиб ўтилган.
90 йилларда юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, сув ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларини турларини янада кўпайтириш, сифатини ошириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш борасида жуда кенг кўламдаги чора-тадбирлар белгиланиб, жойларда уни ижросини ўз вақтида бажаришга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Шу кеча-кундузда мамлакатимизнинг қайси бир бурчагида бўлманг, жонажон юртимизнинг йигирма беш йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўриш ва уни ҳар бир жабҳада муносиб кутиб олиш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам ана шу улкан тадбирга ҳисса қўшиш ишқи билан тер тўкаётган деҳқон ва фермерларимиз нафақат бизнинг дастурхонларимизни балки Россия бозорларини ҳам харидоргир мева ва сабзавотлар билан тўлдириш борасида тер тўкмоқдалар.
ХХ асрнинг 80-90 йилларида юртимизда картошка маҳсулотлари асосан Россия ўлкаларидан олиб келинарди, мустақилликка эришганимиздан сўнг деҳқон ва фермерларимизга шу соҳа олимларига берилган кенг имкониятлар натижасида полиз,сабзавот экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ навларини етиштирилиб, аҳолига етказилиб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россияга бўлган расмий ташрифи чоғида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашган чоғида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги кун сайин ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, Россия бозорига мева ва сабзавот етказиб бериш ҳажми оширилишига тўхталиб ўтилиб, музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинган эди.
Шу асосда юртимиз деҳқон-фермерлари сифатли, мазали ва арзон мева ва сабзавотлар етказиб, уларни Россия бозорларига етказиб беришга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Евроосиё комиссияси маълумотларига кўра, 2015 йилда Ўзбекистон Россияга 33,4 млн долларлик мева-сабзавот етказиб берган. Ўзбекистон матбуот ва интернет нашрларида тарқалган хабарларга кўра эса Россия делегацияси билан ўтказилган музокараларда Ўзбекистон Республикаси Россияга йилига 800 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб беришга имкониятига эга эканлиги қайд этилган.
Навоий вилоятининг 54 минг гектрдан ортиқ экин майдонларида етиштирилаётган мева, узум, сабзавот, полиз, картошка маҳсулотларидан ҳам юқори ҳосил олиш борасида иш олиб борилмоқда. Етиштирилган тайёр маҳсулотларнинг асосий қисми ички бозорга йўналтирилса, шунинг 9,1 минг тоннаси қиш мавсуми учун заҳирага қолдирилади, 19 минг тоннаси эса экспорт қилинади.
Навоий вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, етиштирилаётган маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, экспорт қилиш, шу соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш борасида доимий иш олиб борилмоқда.
Жонажон юртимиз, муқаддас заминимиз тупроғи олтинга тенг, унда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, полиз ва сабзавот экинларининг мазаси ҳеч қайси юртникига ўхшамайди. Бетакрор ва муқаддас юртимизнинг йигирма беш йиллик тўйини муносиб кутиб олишда дастурхонларимизни тўкин-сочин бўлишида деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам катта ҳиссаси борлиги унутмайлик.


Навоий вилоят Кенгаши аъзоси М.Бопилов
СОҒЛОМ  ОВҚАТЛАНИШ  АСОСЛАРИ 				СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ АСОСЛАРИ
Мажид НАЖИМОВ,
Дилафрўз ҲАКИМОВА,
Вилоят Аҳоли репродуктив Саломатлик маркази шифокорлари

Соғлик- донолар учун давлат. Соғлом бўлиш учун бадавлат бўлиш шарт эмас. Яъни камбағал бўла туриб соғлом бўлиш ёки бой-бадавлат бўла туриб соғлом овқатланиш билимларини билмаслик натижасида хасталикларга дучор бўлиш мумкин.
Соғлом бўлиш учун энг аввало тўғри овқатланиш зарурлигини унутмаслик керак. Соғлом ва тўғри овқатланишнинг 12 та принципи мавжуд бўлиб, улар хилма-хил овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, кун давомида бир неча маротаба маҳаллий шароитда етиштирилган ҳар хил турдаги янги мевалар ва сабзавотларни тановвул қилиш, нон ва дон маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳайвон ёғлари ўрнига ўсимлик ёғларини истеъмол қилиш, ёғли гўштлар ва гўшт маҳсулотлари ўрнига кўпроқ ёғсиз гўшт, балиқ, парранда гўшти ва дуккакли маҳсулотларни истеъмол қилишдан иборатдир.

Таркибида ёғи кам бўлган сут ва сут маҳсулотлари ҳамда таркибида ёғ моддалари ва туз кам бўлган йогурт ва пишлоқларни, шакар ва қанд ўрнига таркибида қанд моддаси камроқ бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишга одатланинг. Сутка давомида истеъмол қилинадиган туз миқдори 5 граммдан ошмаслигини қатъий назорат қилиш, чой ўрнига табиий шарбатлар, шакарсиз компотлар ёки қайнатилган сув истеъмол қилиш ҳам ана шу принципларга киради. Чойни овқат билан истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Таомларни кўпроқ қайнатиб, буғлаб тайёрланг. Бу овқатнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бирга унинг таркибидаги ёғ, мой, туз ва шакар миқдорини камайтиришга кўмаклашади.
Чақалоқларни 6 ойлик бўлгунга қадар фақат кўкрак сути билан боқиш зарур. Кейинчалик она сути билан боқишни сақлаган ҳолда аста-секинлик билан қўшимча овқатлар беришга ўтиш лозим. Принципларнинг яна бир муҳими шуки, вазнни меъёрида сақлаш учун ҳар куни жисмоний машғулотлар ва жисмоний фаолиятлар билан шуғулланиш албатта керак.
Шу ўринда парҳезлик хусусиятлари бўйича озиқ-овқатларни қуйидагича таснифлаш мумкин: Вазнни камайтирувчи маҳсулотлар - деподаги ёғни ҳайдовчи доривор моддалари бўлган карам ва турли сабзавотлар, антидиабетик - яъни мони ва дисахаридсиз, лейцинга бой маҳсулотлар, антиоксидантли, протеторли маҳсулотлар яъни мевалар, сабзавотлар ва уларнинг шарбатлари, антихолетеринли маҳсулотлар – сабзавотлар, ёнғоқ, ўсимлик мойлари, антианемик маҳсулотлар – сут маҳсулотлари, ёғсиз гўшт, балиқ, тухум, сабзавотлар ва мевалар.
Соғлом бўлишни истасангиз, овқат пархезлик хусусиятлари ва овқатланиш маданиятига риоя қилинг.
Зеро доноларимиздан ҳам бу борада “Улуғ одамлар ҳамиша таомда тийилганлар”, “Ҳазм бўлмаган таом уни еган одамнинг ўзини ейди”,”Пархез таомларнинг таъсири давомли, дори-дармонларнинг таъсири эса ўткинчидир” деган кўп ўгитлар қолган.
СОМОН  АЛАНГАСИ  ХАВФЛИ  ЗИЁН...СОМОН АЛАНГАСИ ХАВФЛИ ЗИЁН...
Дилфуза АҲМЕДОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи
Ўлкамизга тўлиб- тошиб яна ёз фасли кириб келди. Миришкор бободеҳқонларимизнинг бошоқли дон экинлари пишиб етилиб, йиғим-терим мавсуми бошланадиган фасл бу. Бу мавсумни намунали ўтказиш, далаларни сомондан тозалаш, сомон пояларини ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишини қатъиян таъқиқлаш мақсадида ҳар йили жойларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилади.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси туман инспекциялари, ички ишлар идораларининг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда профилактик ишларни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ғалла етиштирувчи ҳар бир ширкат, фермер хўжалиги раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан ҳудудларидаги ғалла майдонларидан сомонни қисқа муддатда йиғиштириб олишни ташкиллаштириш ва ёқмаслик, ўрим-йиғимга жалб этилган барча ишчи-хизматчи, комбайнчи, трактор ва автомобиль ҳайдовчиларидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига тўлиқ амал қилиш ҳамда ғалла майдонларини ёнғиндан сақлаш, ўрилган майдонларнинг сомонини ёқиб юбормаслик бўйича тилхатлар олинди.
“Ғаллани ёнғиндан асрайлик!”, “Сомон пояларини ёндирманг!”, “Ерни боқсанг- ер сени боқади!” мавзусидаги мавсумни талофатсиз ўтказишга доир плакатлар чоп этилиб, тегишли корхона, ташкилот ва идораларга тарқатилди.
Бундан ташқари, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари томонидан ҳар бир туманда бошоқли дон экинлари эккан фермер хўжаликлари раҳбарларига 1 гектар майдонда бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 грамм ис гази ва углерод оксиди каби газлар ташланиб, атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши, оқибатда тупроқ структураси бузилиб, тупроқ эрозияси кучайиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 25 декабрда рўйхатга олинган “Бошоқли дон экинлари пояси ва сомонини ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича Низом” талабидан келиб чиқиб, ушбу нохуш ҳолатларга йўл қўйган ер эгалари ва мансабдор шахслар ҳамда фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисмига мувофиқ фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача бўлган миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Шунингдек, бошоқли дон экинларини поя сомонини ёқиш натижасида тупроқ ҳосилдорлигига жиддий зарар етказилганда, ҳар бир гектар ер учун 250 минг сўмгача товон пули ундирилиши ҳам йўлга қўйилган.
Хулоса шуки, ўзимиз яшаётган, яқинларимиз нафас олаётган атроф табиий муҳитни асраш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
“ЯГОНА  ДАРЧА” ТАМОЙИЛИ-  ДАВР ТАЛАБИ“ЯГОНА ДАРЧА” ТАМОЙИЛИ- ДАВР ТАЛАБИ

Жасур АБСОЛИЕВ,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспектори, “Ягона дарча” маркази масъул ходими

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доир қатор қонун ва фармонлар, ҳамда қарорлар қабул қилинаётганлиги мазкур соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2412-сонли Қарори қабул қилиниб, унга кўра тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш “Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси орқали амалга оширилади. “Ягона дарча” марказига табиат муҳофазасига, экологи муаммоларни бартараф этишга оид келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ижроси таъминламоқда. Ҳозирги пайтда асосан дарахт ва буталарга шакл бериш ва кесишга рухсат бериш ҳамда сувдан махсус фойдаланиш бўйича мурожаат қилган барча тадбиркорларга қарор талаблари доирасида хизмат кўрсатилмоқда. Келиб тушган мурожаатларга қисқа муддатда жавоб берилишини таъминлашга вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида узлуксиз интернет тармоғининг фаолият юритаётганлиги катта ёрдам бермоқда. Шу боисдан ҳам “Ягона дарча” марказлари орқали келиб тушган аризалар 30 дақиқа ичида масъул ижрочиларга етказилиб, ижрога қаратилмоқда.
Айни пайтда дарахт кесиш ва буташ бўйича қилинган 10 дан ортиқ мурожаатларнинг барчасига тегишли жавоб берилиб, қарор ижроси таъминланишига эришилмоқда.
ТАБИАТ  ДАРСИШеърият хиёбони
Ҳалима АҲМЕДОВА,
Шоира

ТАБИАТ ДАРСИ
Ҳар битта дарахтда бир дил яшайди,
Тикилганим сари ўсади кўнглим.
Уларга қулоқ сол, уларни тушун,
Дарахтлар алдашни билмайди, болам.

Жажжи юрагингда кимнинг соғинчи,
Сезаман, на қилай, бошқадир йўлим.
Сенга дадангдан ҳам меҳрибон, яқин,
Дарахтлар номардлик қилмайди, болам.

Жасур бўл, кўзингда кўрмай сира ёш,
Ҳар қандай аламни ичингга ют, жим.
Дўстлардан азизроқ, дўстлардан баланд,
Дарахтлар ҳеч қачон сотмайди, болам.

Қачондир барваста йигит бўлурсан,
Толенгни кўриб тўлгайдир кўнглим.
Улардан садоқат сабоғини ол,
Дарахтлар хиёнат қилмайди, ўғлим.

ХХХ
Қанча фасл ўтди,
қанча йил ўтди,
Ниҳоллар дарахтга айланди.
Кўз ёшлар севинчга,
қанча ғам эса
Дардни танимаган бахтга айланди.
Мени сўраб келди қанча шамоллар,
Бошин эгиб кетди олмагач жавоб.
Бир чеккада ётар ғужанак бўлиб,
Мендан аразлаган шеърий изтироб.
Эшигимга мактуб қўйибди хазон,
Менга илҳақ эмиш кузак бечора.
Мен эса, кўзимнинг қорачиғидан,
Суратинг ўчириш билан овора.
Қанча фасл ўтди...

ТАБИАТ  ДАРСИДАЪВО
Юрагим севгидан гуллаган пайтлар
Гуллашни дарахтга ўргатган эдим.
Менинг гуллаб ётган кўнглимга боқиб,
Дарахт ҳам энтикиб гуллади сўлим.
Юракда гул очган севги боғига
Йилларнинг шамоли ногоҳ берди панд.
Гуллашдан тўхтади юрагим, аммо
Дарахт ҳамон гуллар менга нописанд.
На хазон кулгуси, на гул қайғуси
Мени эритолмас, руҳим гунг, карахт.
Гуллашни унутган кўнглим устидан
Кулганча барқ уриб гуллайди дарахт.
	Табиат неъматлариРеклама ўрнида Табиат неъматлари
ДАРДГА ДАВО ГУЛЛАР ЧОЙИ ( суратлари билан)
Табиат бизга жуда ажойиб имкониятларни ином этган. Унинг неъматлари, мўъжизалари беҳисоб.Табиат сирларидан воқиф бўлганимиз сайин ҳайратимиз ошаверади. Аслида жамики хасталикларнинг сабаби ҳам атмосфера ҳавосининг, сувнинг ифлосланиши, турли заҳарли моддаларнинг атроф-муҳитга етказаётган зарари туфайли оғир хасталикларнинг келиб чиқиши мамкинлиги айни ҳақиқат, унинг шифоси ҳам айнан табиатдадир. Чунки табиатнинг ўзи табиб! Халқ табобати беш минг йилдан буён авлод-аждодларимизнинг саломатлигини яхшилашга хизмат қилиб келаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Авваллари танамиздаги дардлардан фориғ бўлиш учун турли дори-дармонлардан фойдаланган бўлсак, бугун табиий ўсимликлардан, гуллардан тайёрланган дамламалар ва чойлардан ҳам шифо топаяпмиз. Энг муҳими, ўзимизда ўсаётган гуллар ва ўсимликлардан қадоқланган дамламаларнинг ишлаб чиқарилаётганлиги барчага қўл келмоқда.
Кармана туманида ташкил этилган “Кармана Ал-Азиз Авиценна” масъулияти чекланган жамияти томонидан худди ана шундай 7 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилаётганлигидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак.
-Ўтган йилнинг август ойида ўз фаолиятимизни бошлаган бўлсак,- дейди корхона директори Шоҳруҳ Шаропов,- ноябрь ойидан биринчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Хитойдан олиб келинган замонавий қадоқловчи жиҳозлар ёрдамида бугунги кунда 1 дақиқада гуллар ва ўсимликлар майдаланиб, 60 дона фильтрпакетли воситалар тайёрланишига эришилмоқда.
-Масалан, иммунитетни кўтарадиган, уйқуни яхшилаб, кишини тинчлантирувчи, ревматизмга қарши қўлланиладиган зверобой яъни далачой ўти, иштаҳани очадиган, балғам кўчирувчи подорожник яъни катта зубтурум барги, қон босими ва юрак фаолиятини яхшилайдиган, саратонга қарши бўлган кийик ўти, турли витаминларга бой шиповник ( наъматак мевалари), антисептик ва яллиғланишга қарши восита-ноготки ( тирноқгул гуллари)га ўхшаган 7 хил турдаги бежирим қутичаларга жойланган воситалар аллақачон вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги дорихоналар, олис-олис қишлоқ врачлик пунктларигача етиб борди.
	Табиат неъматлари“ Кармана Ал-Азиз Авиценна” МЧЖ директори Шоҳруҳ Шароповнинг таъкидлашича, биргина май ойининг ўзида 2554 дона шиповник- наматак мевалари, 888 дона зверобой-далачой ўти, 842 дона майда гулли тоғ райҳони ўти, 864 дона подорожник- катта зубтурум барги, 854 дона ноготки- тирноқгул, 640 дона кийик ўти , жами 7000 дона табиий воситалар тайёрланди.
Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ва унинг туман бўлимлари билан ҳамкорликда фаолият юритаётган мазкур масъулияти чекланган жамиятда 10 дан ортиқ ишчи ўрни яратилган бўлиб, ишчи ходимларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардан иборат.
Инсон табиатнинг бебаҳо асари. У табиат яратган неъматлардан баҳраманд бўлиб, узоқ умр кўриши, юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиши мумкин. Шу жиҳатдан қараганда, “ Кармана Ал-Азиз Авиценна” масъулият чекланган жамияти фаолияти ана шу хайрли йўлда самарали хизмат қилаётганлигини алоҳида эътироф этишга арзийди.
Хизматлар лицензияланган.