Ўзаро ҳамкорликлар самарасиҚонун ва ижро
Ўзаро ҳамкорликлар самараси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалдаги қонунлар, жойларда уларни ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти, қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги (таҳрирдаги) қонунлар лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиб ва бу ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Айниқса Қонунчилик палатасининг ана шу соҳаларда маҳаллий Кенгашлар билан ўзаро ҳамкорлиги, бошқа вилоятларнинг қонунларни бажаришдаги иш тажрибаси билан танишиш борасида жуда кўп тадбирлар ташкил этилиб, бу жойларда яхши самара бермоқда.
Жорий йилнинг 22 июл куни Андижон вилояти ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 38-41-моддаларининг Андижон ва Навоий вилоятларида ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижаларига бағишланган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йиғилишга биз ҳам маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раиси сифатида таклиф этилдик.Йиғилишни Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдурахмонов очди ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Б.Алихонов кириш сўзи билан чиқиш қилди.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳи аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати Ф.Куватов томонидан назорат-таҳлил фаолияти якунлари бўйича батафсил ахборот берди. Ахборотда қайд қилинишича“Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 38-41-моддаларининг ижросини таъминлаш юзасидан ҳар иккала вилоятда ҳам муайян ишлар амалга оширилган.
Ушбу йиғилиш матбуот хабарномасида қайд этилишича, маълумотлар ва ўрганилган ҳужжатларга кўра, Андижон вилоятининг ўрмон хўжалиги умумий майдони 2029 гектарни, шундан ўрмон билан қопланган майдонлар 1178 гектарни, Навоий вилоятида эса ўрмон хўжалигининг умумий майдони 2900,6 минг гектарни, шундан ўрмон билан қопланган майдонлари 1290,1 минг гектарни ташкил этиши ва барча ўрмонлар асосан экологик (санитария-гигиена, соғломлаштириш), эстетик ва бошқа вазифаларни бажаришга мўлжалланганлиги таъкидлаб ўтилган.
Бизнинг вилоятимизда 2013 йилда 4615,0 гектар, 2014 йилда 4610,0 гектар ва 2015 йилда 6638,5 гектар янгидан ўрмонлар ташкил этилган бўлиб, вилоят бўйича 2013-2015 йиллар давомида 45,0 млн. донадан ошиқроқ ҳар хил турдаги дарахт кўчатлари етиштирилган ҳамда 62 тоннадан ошиқроқ ўсимликлар уруғлари тайёрланган. 2015 йилда 97,0 тоннадан ошиқроқ доривор ўсимликлар тайёрланишига эришилган.
Биргина ўтган 2015 йилда вилоятимиз ҳудудидаги мавжуд бўлган давлат ўрмон хўжаликларида ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш борасидаги ишларни ташкил этиш ишларига 3 млрд. 672 млн. сўмдан ортиқроқ маблағлар йўналтирилган. Вилоятдаги мавжуд ўрмонларни муҳофаза қилиш юзасидан мутасаддилар томонидан доимий текширишлар олиб борилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли зарур чоралар қўлланилган. Ўтган 2013-2015 йиллар давомида 89 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилгани қайд этилиб, улардан 60 млн. 702 минг сўм миқдорида жарима ва товон пуллари ундириб олинишига эришилган.
Юқорида қайд этилган қилинган ишлар билан бир қаторда вилоятимизда ҳалигача Қонун талабларининг ижросини таъминлаш борасида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, қонун нормаларининг тўлақонли бажарилиши таъминланмаётганлиги ва соҳада баъзи муаммолар мавжудлиги ушбу йиғилишда алоҳида қайд қилиб ўтилди. Бу ўз навбатида албатта, соҳа маъсуллари ва мутахассислари зиммасига катта маъсулият юклайди.
Тан олиб айтиш мумкинки, ҳақиқатдан ҳам Андижон вилояти каби бизнинг вилоятда ҳам Қонун нормаларини тарғиб қилиш бўйича ҳамда аҳолини хабардорлигини ошириш борасидаги тарғибот ишларининг етарли даражада эмас. Нафақат соҳа ходимлари балки биз депутатлар ҳам ана шу ишни етарли ташкил эта билмаяпмиз.
Ушбу тадбирда ҳар икки вилоятнинг табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари ва ўрмон хўжалиги раҳбарларининг мазкур масала юзасидан ахборот бердилар.
Тадбирда иштирок этган олим ва мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунига бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ва ўзгартишлар киритишнинг фурсати етганлиги, Қонун нормаларининг ижросига қаратилган қонуности ҳужжатларининг тўлиқ ишлаб чиқилиши, давлат ўрмон хўжаликлари иш самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва ходимларнинг касб маҳоратини ошириш мақсадида аниқ режалар асосида ҳудудларда амалий семинарлар ташкил этиш юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Шу куннинг ўзида, тадбир иштирокчилари – Андижон, Навоий, Наманган ва Фарғона вилоят ўрмон хўжаликлари ходимлари ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Фарғона вилоятининг Қўқон ўрмон хўжалигида бўлишди. Биз депутатлар ҳам жойнинг ўзида ана шу фаолият билан танишиб, вилоят ўрмон хўжалиги томонидан ташкил этилган “Ўрмон қонунчилиги ва уни такомиллаштириш масалалари” мавзусида семинарда иштирок этдик. Ушбу семинарда “Ўрмон қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” ҳамда “Ўрмонларни бошқариш: муаммо ва ечимлар” мавзуларида маърузалар тинглаб, иштирокчилар мазкур Қонунни такомиллаштириш юзасидан ўзларининг бир қатор амалий таклифлар билдиришди.
Тадбир давомида биз ҳудудлардан келган маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялар раислари фаолиятимиз бўйича ўртоқлашиб, ҳудуддаги депутатлар фаолияти билан ҳам танишиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоблар олдик.

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссияси раиси ўринбосари
А.Жалилов
ЁРУҒ  КУНЛАР  ШУКУҲИЁРУҒ КУНЛАР ШУКУҲИ
Кончилик тизимида рўй бераётган ислоҳотларда
яққол намоён бўлмоқда

Гўзал ва бетакрор юртимиз улуғ тўй тараддудида. Тинчлик ва бунёдкорлик, бахтиёрлик ва шукроналик халқимизга қаноат. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг ифтихор билан “Ким эдигу ким бўлдик” деган сўзларини дилдан такрорлаймиз. Қувонарлиси, сўнгги йигирма беш йиллик ҳаётимиз-бахту саодатга тўлиқ йиллар бўлди. Ҳалкимизга энг олий бахтни, ўтаётган ҳар кунидан шукроналик ҳиссини туйиб яшаш саодатини Мустакиллик берди. Бу буюк неъмат эртамизнинг бугунимиздан яхшироқ бўлишига ҳам кенг йўл очди.
Мухтарам Юртбошимизнинг “Узбекистон Республикаси Давлат мустакиллигининг йигирма беш йиллиги байрамига тайёргарлик куриш ва уни утказиш тугрисида” ги карори калбларимизга байрам шукухини жойлади.
Чиндан ҳам, халқимиз эртасини, манфаатини кўзлаб, танланган тўғри йўл мамлакатимизнинг тарихан қисқа давр ичида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, ўз сўзини топишига имкон яратди. Бугун юртимиз нуфузли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, кўплаб мамлакатлар Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида эътироф этмоқда.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида мамлакатимизда эришилган ютуқлар қаторида таълим соҳасини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига давлат сиёсати сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Инсон доимо эртанги кун орзуси ва ўй-хаёли билан яшайди. Бошдан ўтказган қийинчиликларни эса нима учундир тез унутади, ҳамиша ҳам эслайвермайди. Аммо, бугунги ёруғ кунларнинг, ҳаетимизга файз киритаётган ўзгаришларнинг қадрига етиш учун кечаги кунга бир назар ташлаш лозим деб ўйлаймиз.
Манбаларда кўп ўқиганмиз, ўзимиз гувоҳ бўлган жиҳатлар ҳам бор, мустабид тузум даврида халкимиз учун кундалик эҳтиёжига зарур бўлган оддий хўжалик моллари, нефть ва нефть маҳсулотлари, ғалланинг 80 фоиздан ортиғи, туз, ҳатто гугурт ҳам четдан олиб келинарди...
Маданиятли, илмли, маърифатли ҳамюртларимизга тазйиқлар, туҳмату бўҳтонлар қилиш етмаганидек, истиқлолга қадар кўплаб олий таълим даргоҳларининг бинолари эски ва кўримсиз, моддий техника базаси ҳам ночор, аудиториялар, ўқув лабораториялари етишмас эди.
Ўша “қайта қуриш” деган баландпарвоз ном билан аталган, аммо барча соҳаларда бошбошдоқлик авжига чиққан йилларда табиийки кончилар ҳаетида ҳам инқироз юз берган бўлиши табиий.
Истиқлол арафасида -1988 йиллар... кончилик соҳасини ривожлантириш имкониятлари батамом чеклаб қўйилганлигини кўплаб соҳа фидоийлари, таниқли олимлар тез-тез хотирлайди. Технологик асбоб -ускуналар эскирган, кўпчилиги бутунлай ишдан чиққан. Иш самарадорлиги ниҳоятда паст. Юк ташувчи транспортларнинг учдан икки қисми доимо таъмирда бўлиб колганди. Бунинг устига кончилик тизимида миллий кадрларнинг ўрни ва аҳамиятига умуман эътибор йўқ эди. Кадрлар асосан четдан таклиф қилинарди. Энг ачинарлиси, барча бойликларимиз ташиб кетилиб, меҳнатнинг шарафи эмас, ғурбати, оғир жароҳати миллатимиз гарданида қоларди.
Мустақиллик ушбу тизимга янги эпкин бахш этди. Бунёдкорлик ва беқиёс ривож, ҳамда тараққиётни олиб кирди. Ниҳоятда киска давр ичида Юртбошимиз раҳнамологида кончилик тизимини тараққий эттиришга оид қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Республикамизда кон-металлургия саноатини самарали ривожлантириш бўйича кенг камровли дастурий чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борадаи, жумладан, чуқур каръерларда масъулиятли муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқаришни замонавий асосда ташкил қилиш, каръерларнинг пастки горизонтларида юқори қувватли конвейерлар, автомобильва темир йўл транспорти мажмуаларини кенг қўллаш, қазилиши ва тузилиши мураккаб бўлган тоғ жинслари ва руда массасини катта ҳажмда қазиб олишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун маъданли конларда ишлаётган ишчи замонавий шароитда ишлаяпти. Чет эллик шериклар билан ўзаро тенг алоқалар ўрнатилиб, ушбу тизимда алоҳида ютуқларга эришиляпти. Энг муҳими, кончилар мамлакатимиз раҳбарининг эътибори ва узлуксиз ғамхўрлигини доимий равишда ҳис этиб турибди.
Истиқлолга эришилган дастлабки йиллардаёк, кончилик соҳасини энг муҳим соҳалар қаторида баббаравар ривожлантириш , соҳага кўпроқ миллий кадрлар етказиб бериш мақсадида 1995 йил 7 июлда “Навоий давлат кончилик институтини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинганлиги ҳам Ўзбекистон улкан мамлакатлар имконияти эканлигининг ёрқин далилидир.
Бугун бу олий таълим даргоҳи Ўрта Осиёда ягона институт сифатида алоҳида мавқега эга. Мазкур олийгоҳ бугун нафақат салоҳиятли мутахассис кадрлар тайёрлаш балки иқтидорли юксак илмий салоҳиятга эга олимларни етиштириш билан ҳам маълум ва машҳурдир. Навоий давлат кончилик институти, Тошкент давлат техника университети, Минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти, Сейсмология институти, Ўзбекистон нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, геология ва геофизика институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи Илмий кенгашнинг фаолият юритаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Фан доктори илмий даражасини берувчи Илмий кенгашга техника фанлари доктори, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувандиқ Санақулов раислик қилмоқда.
Академиклар, фан докторлари, профессорлар, илм-фан фидоийларидан таркиб топган ушбу нуфузли Илмий кенгаш қанча-қанча олимларга раҳнамо бўлган, бешик бўлган. Ёш олим Тошкент давлат техника университети геология ва кончилик иши факультетининг декани Фарҳодбек Умаровнинг докторлик диссертацияси ҳам ана шу Илмий кенгаш синовидан ўтди.
Навоий давлат кончилик институтини битириб, ўз меҳнат фаолиятини Мурунтоғ конида машинист ёрдамчиси булиб бошлаган бу ёш мутахассис малакали устозлардан конда ишлаш коидаларини урганди. Кейин шу йуналишда магистрлик унвонини олди. Илмий изланишлар олиб бориб, 32 ёшида номзодлик диссертациясини ёклаган эди. Ўттиз тўққиз ёшда эса докторлик диссертациясини ёқлаш шарафига муяссар бўлди.
Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини ана шу диссертация ҳимояси мисолида яна бир карра исботлади. Президентимизнинг ёш авлодга чукур таълим бериш, катьий фукаролик позициясига эга, замонавий касб хунарларни пухта эгаллаган, интеллектуал салохиятли, жисмонан ва маънан янги авлодни камолга етказиш борасидаги эзгу максадлари “Таълим тугрисида”ги Конун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” каби умуммиллий дастурларнинг хаетга татбик этилиши, биз танлаган тараккиёт йули тўғри эканлигини яккол исботлаб турибди. Юртимизда шахсни шакллантириш, асраб-авайлаш, вояга етгунига кадар, мустақил ҳаётга кадам қўйиб ўз ўрнини топгунича давлат эътибори ва ғамхўрлиги остида бўлиш тизими ҳали бирор мамлакатда мавжуд эмас.
Ўзбекистон ёшлари бугун дунё билан беллашмоқда. Бир пайтлар тасаввуримизга ҳам сиғмаган, бугунги ёшлар янгидан барпо этилган ёки замонавий услубда кайта реконструкция қилинган олий ўқув юртларида, лицей ва коллежларда таҳсил олишаётгани, юртимизда таълим моделининг самараси халқаро майдонда тан олингани ва эътироф этилаётганини кўриб, қалбимизда беихтиёр ифтихор ҳислари уйғонади.Ўғил қизларимиз юртимизда яратилган катта имкониятлардан унумли фойдаланиб, фан чўққиларини, хорижий тилларни,касб ҳунарларни пухта эгаллаб, она-Ватанимизга садоқатли, муносиб фарзанд сифатида бугун бошланган эзгу ишларнинг давомчиси бўлиб вояга етаётганини дунё тан олмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 20 майдаги “ Олий таълим муассасалари моддий- техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора -тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасалари бинолари кўринишигина эмас, балки таълимнинг мазмун -моҳиятини ҳам сифат жиҳатидан ўзгартириб юборди. Олий таълим муассасаларини модернизациялаш, уларни илғор ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, таълим жараёнини сифат жиҳатидан юқори поғонага кўтариш, педагоглар меҳнатини рағбатлантиришни кучайтириш имконини берди.
-Жумладан, биргина бизнинг Тошкент давлат техника университети геология ва кончилик иши факультетининг ўзида ҳам қувонарли ўзгаришлар содир бўлди,- дейди мазкур факультет декани, техника фанлари доктори Фарҳодбек Умаров.
-Факультет биноси таъмирдан сўнг, жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган аудиторияларга эга бўлди.Шу билан бирга, янгидан таъмирланган ўқув лабораторияларига қўшимча тарзда Австралиянинг “Mikromine” компанияси билан ҳамкорликда ”Геологик маълумотларга ГМТ (геологик маълумотлар тизими)да ишлов бериш” ўқув илмий лабораторияси ҳам ташкил этилди.Бундай янгиланишлар факультетимизда бакалавриат таълим йўналишлари (маркшрейдерлик иши, фойдали қазилма конларини ер ости усулида қазиб олиш , фойдали қазилма конларини очик усулда қазиб олиш, фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси қаттиқ фойдали қазилмалар, металлургия, геодезия, картография ва кадастр, гидрогеология ва муҳандислик геологияси, кончилик электр механикаси)да таълим олаётган 1834 нафар ҳамда магистратура мутахассисликлари (рангли ва кора металлар металлургияси, фойдали казилма конларини ер ости ва очик усулда казиш, шахта ва ер ости муҳандислиги, маркшрейдерлик иши, фойдали қазилмаларни бойитиш, фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси, фойдали қазилма конларини қидириш ва хариталаш усуллари, кончилик геологияси ва геофизикаси, гидрогеология)да таҳсил кўраётган 78 нафар талабага катта қувонч бахш этди.
Факультетда “Кўмир ва катламли конлар геотехнологияси” кафедраси ташкил этилди. Швециянинг “Саndvik Коrоmant” ва “Atlаs Kоpsо” компанияларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ташаббуси билан кончилик электромеханикаси ўқув ва лаборатория хоналари жиҳозланди. Халқаро стандартларга мос жихозланган аудиторияларда талабаларга кончилик сохасида фойдаланилаётган машина ва механизмларнинг ишлаш жараёни ва соҳа янгиликлари бўйича машғулотлар олиб борилаётир.
Янгидан таъмирланган бинонинг замонавий, чет эл ўқув даргоҳларидан қолишмайдиган кўриниши , тўлалигича жиҳозланган ўқув хоналари, замонавий техника воситалари ҳар кандай кишини ҳайратга солади.
Айни пайтда факультетда 133 нафар профессор ўқитувчи, бир нафар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, 8 нафар фан доктори, 29 нафар фан номзоди, 3 нафар катта илмий ходим изланувчи ва мустақил изланувчи, катта ўқитувчи ва ассистентлар фаолият юритишмоқда.
Ёш бўлса ҳам ана шундай катта салоҳиятли жамоага раҳбарлик қилаётган Ф. Умаров кончилик карьерларида муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқаришнинг энг афзал усуларини ишлаб чиқишга аҳд қилди. Тинимсиз изланишлар, таҳлиллар, конда ўтказилган тажрибалар, синовлар учун керак бўладиган муҳандислик конструкциялари, бир қанча тажрибали фан арбоблари, академиклар, профессор олимлар, бошқа республикаларда шу соҳадаги тажрибалар, олимлар билан алоқа ва мулоқотлар, хуллас, юксак мақсад ва интилиш унга қанот бўлди, кўмакдош бўлди. Ниҳоят тўпланган тажриба, билим, изланиш, ўқиш ва ўрганиш, эзгу ғоялар ўз натижасини берадиган кун келди.
Илмий кенгаш аъзолари ҳукмига ёш олимнинг “Чуқур карьерларда масъулиятли муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги докторлик диссертацияси ҳавола қилинди. Мазкур докторлик иши ўзининг айни долзарблиги, самарали эканлиги билан аҳамиятли бўлиб, у ҳаётга тадбиқ этилса, фойдали қазилмани комбинацион усулда қазиб олишда ялпи портлатишнинг сейсмик таъсирини пасайтириш, тоғ жинслари массивининг кон-технологик ва физик-механик хоссаларини инобатга олувчи бурғилаш-портлатиш ишлариининг ишлаб чиқилган самарали параметрлари, шунингдек, чуқур карьерларда тадбиқ этилган кумулятив эффектни кичик диаметрли бурғилаш-портлатиш бурғиқудуқдаги заряд конструкциясини қўллаш Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси Мурунтоғ каръери шароитида 336, 644 миллион сўм йилига иқтисодий самара бериши расман тасдиқланди. Энг муҳими, бу докторлик диссертацияси кончилик соҳасини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши ва жуда кўплаб давлат олимлари томонидан билдирилган ижобий фикрлар орқали ҳаётда қўллаш ва катта самарадорликка эришиш имконини бериши эътироф этилди. Бу ёш олимнинг изланишлари зое кетмаганлиги ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида Ўзбекистон ёшлари ва олимларининг ўзига хос нуфузга эга эканлигидан далолат беради.
Чунки мазкур диссертация мавзуси бўйича хорижий илмий-тадқиқотлар ҳам эътиборга лойиқ. Чуқур каръерлардаги масъул муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқариш усулларини ишлаб чиқишга йўналтирилган илмий изланишлар жаҳоннинг жумладан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой, Чехия, Россия Федерациясидаги етакчи илмий марказлари ва олий таълим муассасаларида ҳам олиб борилмоқда.
Ўзбекистон бугун ҳар жабҳада дунё билан тенглашмоқда, улкан имкониятлар мамлакати эканлигини ҳар қадамда исботламоқда. Юртимизнинг хар бир гўшасидаги улуғвор ва улкан бунёдкорлик ишлари бизни ёрқин ва улуғ мақсадларга етаклаётганлигига барчамиз гувоҳмиз ва бундан беҳад мамнунмиз.Зеро, бу мамнунлик, шукроналик нафақат ўзбек, балки Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат ва элатлар қалбига жойланганлигига шубҳа йўқ. Бугунги ёруғ, нурафшон кунлар шукуҳи шундан далолат бериб турибди. Зеро “ Гўзал ва батакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори нафақат тилимизда, балки дилимизда ҳам акс садо бермоқда...
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
ИСТИҚЛОЛНИНГ  ЯНГИ  АВЛОДИ:  ИНТЕРНЕТ  ДЎСТМИ  ЁКИ  ДУШМАНМИ,   БИЛИШИ  КЕРАК!ИСТИҚЛОЛНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ:
ИНТЕРНЕТ ДЎСТМИ ЁКИ ДУШМАНМИ, БИЛИШИ КЕРАК!
Бугун интернет кирмаган соҳа, интернетдан фойдаланмайдиган корхона, ташкилот, муассаса ва ҳатто оила кам қолди, десак муболаға бўлмайди. Шундай экан интернетдан фойдаланишнинг ўзига хос муаммолари пайдо бўлди. Яъни жамият олдида интернет дўстимизми, ёки душманимиз деган КАТТА САВОЛ намоён бўлди. Шу боисдан ҳам интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари, ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда интернет маданияти нечоғли зарурлиги даврнинг глобал вазифаси бўлиб қолди. Жойларда ўтказилаётган тадбирлар ана шу долзарб вазифаларни ўз ичига олган бўлиб, ёшлар ҳаётида катта таассурот қолдирмоқда.
Худди ана шундай тадбирлардан бири Навоий вилоятининг қадимий ва кўҳна Кармана туманида ўтказилди. Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналарини муносиб кутиб олиш мақсадида ташкил этилган форум “ Мустақиллик- миллий тикланиш ва юксалишдир” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши , Кармана туман ҳокимлиги, “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги маркази масъуллари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши мутасаддилари, партиядан сайланган депутатлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, ёш ҳунармандлар, вилоят ахборот-ресурс маркази ходимлари, иқтидорли фаол ёшлар иштирок этишди.
Анжуман дастлаб, Карманадаги “Қосим Шайх Азизон” тарихий мажмуаси зиёратидан бошланди.Тадбирнинг асосий қисми Кармана туман ҳокимлигида “Истиқлолнинг янги авлоди: Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз!” шиори остида “Глобаллашув жараёнида ёшларда интернет маданиятини шакллантиришнинг долзарб вазифалари” мавзусидаги давра суҳбати билан давом этди. Уни Кармана туман ҳокими Ш. Исматов очиб, иштирокчиларни истиқлол йилларида туманда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси билан яқиндан таништирди.
Миллий тикланиш партиясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси ўринбосари А. Бобомуродова бошқариб борган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Козимжон Тожиев ислоҳотларнинг давомийлиги, қонунчилик тизимидаги такомиллашув, айниқса мамлакатимиздаги миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Тадбир давомида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги маркази ходими Фахриддин Солиев бугунги кунда интернет орқали уюштирилаётган, дунёни ларзага солаётган айрим ахборот хуружлари ва уларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш борасида олиб борилаётган ва бажарилиши лозим бўлган масалаларга тўхталиб ўтди. Интернетнинг ижобий ва салбий жиҳатлари мисоллар, ижтимоий таҳлиллар ёрдамида кўрсатиб ўтилди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Жонибек Шуҳратовнинг маърузаси эса “Баркамол авлодни ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда интернет маданиятининг роли” мавзусига бағишланди. Слайдлар ёрдамида масаланинг асл моҳиятини очиб беришга қаратилган мазкур маъруза ахборот хуружининг нафақат салбий балки фожиали кўринишларини мисолларда акс эттирганлиги билан барчада чуқур таассурот қолдирди. Бугунги кунда шафкатсизликни тарғиб қиладиган онлайн ўйинларнинг кўпайиб бораётганлиги, осойишталигимизга раҳна солаётган террористик ва ақидапарастлик ғояларини ўзида сингдирган, маънавиятимизни, қадриятларимизни, ор-номусимизни хатарга қўядиган гиёҳвандлик, парнографик ахборотлар, ғарбдан кириб келган “оммавий маданият”нинг миллатимизга, маданиятимизга ёт кўринишлари слайдлар орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Содда қилиб айтганда, истиқлолнинг янги авлоди ўз маънавий камолоти йўлида тиниқ тафаккур билан ахборот асрига кириши ва ахборот хуружларидан ўз онги ва қалбини ҳимоя қила оладиган даражада кучли ирода соҳиби бўлиши шартлиги алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, шундай. Президентимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “Жаҳон ахборот майдони кенгаиб бораётган шунда бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чрмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Мухтасар қилиб айтганда, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун луранинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.”
Форумнинг кейинги қисми “Ишонч” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида давом этди. Иқтидорли ёшлар ижоди, ёзувчи ва шоирларнинг китоблари, уста ҳунармандларнинг ижод намуналари кўргазмаси билан тадбир кўлами янада кенгайиб, янгича мазмун кашф этди. Истиқлолни мадҳ этувчи концерт дастурининг намойиш этилганлиги ёшларнинг қалбини Ватан ва мустақилликнинг тиниқ туйғулари ва шукуҳи билан янада тўлдирди.
Маруса ҲОСИЛОВА
Қизилқум конларидан омад топган Навоийлик ёш олимҚизилқум конларидан омад топган Навоийлик ёш олимФарҳоджонда ёшлигидан табиатга ва унинг ноёб ер ости дунёсига бўлган қизиши жуда баланд эди. У Навоий шаҳридаги 11-мактабни аъло баҳолар билан тугатгач, ўқишни Навоий шаҳридаги Кончилик олийгоҳида давом эттирди. Ўқишни тугатиб, ўз ишини Мурунтов конида экскаватор ҳайдовчиси ёрдамчиси вазифасида бошлади. Иш билан бўлиб, шу ердаги конлар, уларнинг жойлашиши, ер ости тилсимотларини қазиб олиш устида бош қотира бошлади. Кончилик билан боғлиқ билимини магистратурада давом эттирди, кейин эса ўзи илк иш бошлаган Мурунтов кони ҳақида номзодлик ишини ёқлади.
У пойтахт Тошкенту азимдаги Тошкент давлат техника университетида ишлаб туриб, бир лаҳза бўлса-да кончилик карьерларида муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқаришнинг энг афзал усулларини ишлаб чиқиш ҳақида ҳам унутмади. Тинимсиз изланишлар, таҳлиллар, конда ўтказилган тажрибалар, тажрибалар учун керак бўладиган муҳандислик конструкциялари, бир қанча тажрибали фан арбоблари, профессор олимлар, бошқа республикаларда шу соҳадаги тажрибалар, олимлар билан алоқа ва мулоқатлар ... хуллас булар учун унга анча вақт керак бўлди. Ниҳоят тўпланган тажриба, билим, изланиш, ўрганиш ва ғоялар ўз натижасини берадиган кун келди.
Фарҳоджон ҳеч кимга насиб этмаган омад ва бахтга эришди, у ўзи ўқиган институтнинг ҳали ҳеч ким иш бошламаган янги биносида ўзининг докторлик ишини 21 нафар Илмий Кенгаш аъзолари иштирокида рус тилида ёқлаш шарафига муяссар бўлди. Илмий Кенгаш раиси, Навоий кон металлургия комбинати раҳбари, сенатор Қ.Саноқулов раислигида ўтган илмий Кенгаш аъзоларининг кетма-кет берган саволларга Фарҳоджон аниқ ва ишонарли жавоблар бериб ҳаммани қойил қолдирди. Ёпиқ яшириш овоз бериш йўли билан ўтган овоз бериш жараёнида 22 нафар Кенгаш аъзоларининг барчаси унга олимлик даражаси берилишига ўз розиликларини билдиришди.
“Чуқур карьерларда маъсулиятли муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш” мавзусида Ф.Умаров ёқлаган номзодлик иши ўзининг шу кундаги долзарблиги, самарали эканлиги билан аҳамиятли бўлиб, Марказий кон бошқармаси Мурунтоғ карьери шароитида 336,644 млн.сўм йилига иқтисодий самара бериши мутахассислар томонидан тасдиқланган.
Фарзандининг камолини кўриш ота-онага насиб этсин экан. Ҳақиқатдан ҳам Фарҳоджон отаси тажрибали журналист Ё.Умаров ва бутун умрини журналистика соҳасига ҳамда эл-юрт фаравонлиги, равнақи йўлида хизмат қилишга бахшида этган раҳбар аёлларимиздан бири Раъно опанинг ишончини оқлади. У бугунги кунда Тошкент давлат техника университетида декан лавозимида ишламоқда. Ёш олим мақомини олган ҳамшаҳаримизни докторлик даражаси билан қутлаймиз!