ХАЙРЛИ   МАСАЛАХАЙРЛИ МАСАЛА
Зубайда ДУШАНОВА,
Вилоят Табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси масъул ходими

Қадимий ва тарихий Сармишсой дарасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши ходимлари, Экоҳаракат Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши фаоллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навбаҳор туман бўлими вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сармишсой комплексини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаш ва у жойлашган ландшафтдаги табиий –тарихий ёдгорликлар ҳақида нафақат маҳаллий аҳоли, балки халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Сармишсойни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейингина, барча йўналишлар қатори, табиий, тарихий ва археологик ёдгорликлар муҳофазасига ҳам эътибор кучайтирилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қадимий тош суратларнинг кўплиги билан жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, айни пайтга қадар мамлакатимиз ҳудудида 145 дан ортиқ қоя суратлари санъати объектлари мавжуд бўлиб, Сармишсой- Ўзбекистонда нисбатан яхши ўрганилган йирик тош суратлар санъати объекти ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 7000 дан ортиқ алоҳида чизилган чизгилар қайд қилинган бўлиб, археологлар томонидан бу суратлар 15 гуруҳга бўлинган, улар маҳаллий халқларнинг бир неча минг йиллар олдин яшаш тарзи ҳақида тасаввурлар беради.
Тадбир иштирокчилари Сармишсой дарасини борлигича сақлаб қолиш, мавжуд табиат қонунчилиги талаблари ва белгиланган тартибда муҳофаза қилиш ва уни БМТнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритишдек хайрли масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
ОНА ВА БОЛА  САЛОМАТ  БЎЛСИН!
ОНА ВА БОЛА  САЛОМАТ  БЎЛСИН!
ОНА ВА БОЛА  САЛОМАТ  БЎЛСИН!
ОНА ВА БОЛА  САЛОМАТ  БЎЛСИН!
ОНА ВА БОЛА  САЛОМАТ  БЎЛСИН!ОНА ВА БОЛА САЛОМАТ БЎЛСИН!
Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонаси мажлислар залида Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлиги ва молиявий кўмагида “Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича хизматларни такомиллаштиришнинг оммавий ахборот восталарида ёритилиши” йўналишида амалга оширилаётган “Ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида журналистлар учун “Оналик ва болалик муҳофазаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Мажид Нажимовнинг “Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш устувор вазифа” ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати Давлат корхонаси тиббий санитария бўлимига қарашли санитария эпидемиология назорат маркази врач эпидемиологи Раҳмон Қурбоновнинг “Эмлаш ҳамда гигиена санитария қоидаларига риоя қилиш- турли касалликларнинг олдини олишнинг самарали воситаси” мавзусида кўргазмали слайдлар асосида тайёрланган маърузалари тингланди.
Мутахассислар мавзу доирасида журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.
ЁНАЁТГАН  ВИЖДОН  ЭМАС…МИ?Табиатни асрайлик
ЁНАЁТГАН ВИЖДОН ЭМАС…МИ?
Гулноз ҲАҚҚУЛОВА,
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси
“Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини
муҳофаза қилиш” инспекцияси мутахассиси

Фуқароларнинг бурчлари Конституциямизнинг ўн биринчи боб 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган. Бу бурч барчамизнинг зиммамизга жаҳондаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланган атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, инсон саломатлигини таъминлаш каби масъулиятни юклайди. Тоза ичимлик суви таъминоти ва ноёб ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш ҳозирги пайтда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик муаммолардан бири эканлиги ҳам бугун йигирма биринчи асрда ҳеч кимга сир эмас.
Ва ана шундай экологик муаммоларнинг келиб чиқишига ўзимиз сабабчи бўлаётганлигимиз жуда ачинарли.
Кейинги вақтларда биргина саксовул ўғрилари ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Тўғри, қишнинг совуқ кунларидан ўзини асраш учун инсон қиш ғамини ейиши табиий. Аммо ўз манфаати йўлида халқ, давлат мулки ҳисобланган ўсимлик дунёси, табиат бойлигини топташи, нобуд қилиши, сотиши, айниқса у келгусида экологик фожиаларга сабаб бўлиши мумкин бўлган оқибатларни келтириб чиқарса, асло кечириб бўлмайди.
Хусусан, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани фуқароси Акмал Давронов ( исми ўзгартирилган) томонидан рухсатсиз ноқонуний равишда Учқудуқ тумани ҳудудидан икки метр квадрат саксовул бутасини чопиб КАМАЗ русумли автомашинасига олиб кетаётган вақтида Учқудуқ тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ушланди. Қонунбузар А. Давроновга нисбатан Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси “Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш” инспекцияси инспектори томонидан маъмурий баённома тузилди. Қонунбузардан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддаси 1-бандига асосан 130 240 сўм миқдорида жарима ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги 290-сонли қарорнинг 1-иловасига асосан 1 823 360 сўм миқдорида табиатга етказган зарари учун товон пули ундирилди. Бироқ табиатга етказилган зарарнинг ўрнини ҳеч қандай жазолар ва жарималар билан тўлдириб бўлмаслигини халқимиз англаб етмас экан, ёки нафс домига илинганлар кўзини кўр, қулоғини кар қилиб, бу ҳолатни кўриб кўрмаганга олиш билан ўзини оқлашга уринар экан, демак билингки, саксовулга қўшилиб, айрим кимсаларнинг виждони ҳам ёнаверади.
Агарда бундай ҳол давом этаверса, аксарият қисми дашт ва чўллардан иборат ҳудудимизда яйловларнинг тобора камайиб кетиши муаммосини келтириб чиқариши табиий. .
Энг муҳими, саксовуллар қум кўчишининг олдини олиши, ҳавога жуда кўп миқдорда кислород чиқариши, шунингдек, чўл шароитида бу ноёб ўсимлик чорва моллари учун муҳим озуқа манбаи ҳисобланиши, саҳро бойликлари- туялар унинг баргини чайнаб, ўзига керакли миқдорда сув заҳирасини тўплаши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳақиқатан ҳам, барча дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига эга. Олимларнинг олиб борган кузатувларига қараганда, 1 гектар майдондаги саксовулзор чанг ва тузларнинг ҳавога кўтарилишини кескин камайтиради, парчаланишни 35 фоизгача пасайтириб, ҳавонинг нисбий намлигини 28 фоизгача оширади. Шунингдек, бир гектар майдондаги 4 ёшли саксовул 1158 кг. карбонат ангидридни ютиб, 835 кг. кислород ажратади, черкез ўсимлиги эса 1548 кг. карбонат ангидрид газини ютиб, 1116 кг. кислород ажратиши аниқланган. 1 туп саксовул кўчати ўз илдизи атрофида 5 кубометр миқдордаги қумни тутиб туради.
Демак, саксовул ўғрилари ўз қилмишлари билан қанча -қанча табиий офатларга йўл очаяпти, замин яратаяпти, дейиш мумкин.
Ўғирланган саксовулнинг гуриллаган оловида исинаётган кимсаларнинг виждони наҳотки заррача қийналмаётган, куймаётган бўлса?
СОҒЛОМ  ОНА- СОҒЛОМ  БОЛАСОҒЛОМ ОНА- СОҒЛОМ БОЛА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларни жадаллаштиришда давлат идоралари билан бир қаторда нодавлат ташкилотларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Жумладан, юртимизда эълон қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг бажарилишида ҳам ННТлар томонидан бажарилаётган ижобий ишларни алоҳида эътироф этиш мумкин. Бу борада айниқса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ҳар йили эълон қилинаётган грант танловларининг ҳам ўз ўрни бор.
Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Конимех тумани бўлинмаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига ННТ ларни кенг жалб қилиш” мавзуси бўйича “Мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳларнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги ахборотни аҳолининг кенг қатламлари онгига етказиш,” йўналиши бўйича “Соғлом оила - соғлом жамият пойдеворидир” номли лойиҳаси билан грант танлови ғолиби бўлган эди. Лойиҳани бажариш учун “ Ёшларни онгли равишда мустаҳкам ва соғлом оила қуришларига эришайлик” мавзусида Конимех туманида 3 та коллеж ва 6 та умумтаълим мактаблари юқори синфлари ўқувчи ёшлари ва аҳоли ўртасида соғлом оилани шакллантиришда тиббий кўрикдан ўтиш муҳимлигини тушунтириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларини олдини олиш, ёшларни соғлом ва мустаҳкам оила қуришга тайёрлаш мавзуларида семинар тренинглар ўтказилмоқда.
 - Лойиҳанинг асосий мақсади,- дейди лойиҳа раҳбари Ойсара Бўронова.-“Камолот” ЁИҲ ҳамда коллеж фаоллари билан биргаликда ёшларни ёмон иллатлардан асраш, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги тадбирларни амалга ошириш, туман тиббиёт бўлими ходимлари билан ҳамкорликда эрта ва қариндошларнинг оила қуриши салбий оқибатлари, оила қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини кенг тушунтиришдан иборат. – Бу эзгу мақсадни амалга оширишда бизга ҳамкорларимиз- туман ҳокимлиги, туман хотин – қизлар қўмитаси, маҳаллалар, туман ФХДЁ бўлими, туман “Камолот” ЁИҲ, туман Тиббиёт бирлашмаси, туман Саломатлик маркази, тумандаги касб- ҳунар коллежлари, туман ХТМФМТТЭБ ва умумтаълим мактаблари, вилоят телерадиокомпанияси, газеталар тахририятлари, туман “Конимех тонги” газетаси таҳририяти яқиндан ёрдам бераётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Аслида ҳам, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Конимех тумани бўлинмаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларни олдини олиш, ёшларни инсонпарварлик, меҳр –шафқат тамойилларига жалб этган ҳолда Ватанга, оилага нисбатан ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, тиббий маданиятни ошириш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришни ўзининг юксак вазифаси деб ҳисоблайди.
Бу борадаги ютуқлар қаторига Конимех тумани бўлинмасига 2004 йилда Нидерландия Қизил Хочи ҳамда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти ҳомийлигида ёшлар билан ишлаш, ёшларни ҳаракатга кенгроқ жалб этиш мақсадида “Ёшлар маркази” гранти ажратилганлигини ҳам қўшиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, инсонпарварлик ва меҳр-шафқат тамойилларига асосан фаолият юритаётган бу нодавлат ташкилоти давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларига ҳамоҳанг тарзда қадам ташлаётганлиги қувонарли албатта.
КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК  ЖАМИЯТИ  САРИКУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шерикли бўйича жамоат комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ҳамда “Ижтимоий шерикчилик- тинчлик, осойишталик ва барқарор ривожланиш манбаи” мавзуидаги семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди малағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органлари вакиллари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди.
Дастлаб халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Назира Тоғаеванинг маърузасида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида мазкур комиссия томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шундан сўнг Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди малағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Ўктам Мирзаёров Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди эълон қилган давлат гранти ажратиш тўғрисидаги қўшимча танлов ҳақида ахборот берди.
Жамоат фонди эълон қилган давлат гранти соҳиблари бўлган Навоий вилоят Асаларичилар Ассоциацияси раҳбари А. Қўзиев, “Навбаҳор тонги” газетаси бош муҳаррири Б. Умаров ҳамда Татар-бошқирт миллий –маданий маркази раҳбари Л. Ардашироваларнинг лойиҳа тақдимотлари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирда давлат гранти танловларида ғолиб бўлган ННТ ҳамда ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат гранти Сертификатлари топширилди.
Ўз мухбиримиз.
  Табиат  календари Табиат календари
БМТ томонидан айнан табиатни асрашга эътибор қаратиш учун алоҳида саналар белгиланган:
Масалан, 21 мартда Халқаро Она сайёра куни дунё бўйича нишонланса, 22 мартда Халқаро оби-ҳаёт куни, яъни Бутунжаҳон сув куни 1992 йилдан буён БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Конвенцияси иштирокчилари қарорига мувофиқ нишонлаб келинади. 1 апрель эса Халқаро қушлар куни (1906 йилдан буён), 22 апрель — Халқаро оламни асраш куни (1990 йилдан) ва Халқаро ерни муҳофазалаш куни (1992 йилдан), 22 май — Халқаро биохилма-хиллик куни (2000 йилдан), 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни (1972 йилдан), 17 июнь — Умумжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни (1994 йилдан), 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни (1994 йилдан) сифатида кенг нишонланади.
Билиб қўйган яхши
Ҳар йили ер қаъридан фойдали қазилмаларни олиш учун 100 млрд.тонна тоғ жинслари чиқариб олинади, 800 млн.тонна турли хил металлар эритилади, ерга 500 млн.тонна минерал ўғитлар солинади, электр энергия олиш мақсадида 3 млрд.тонна нефть ва нефть маҳсулотлари ёқилғи сифати ёқилади. Катта ҳажмда ёқиладиган ёнилғи натижасида кейинги 30 йил ичида бизнинг сайёрамизда карбонат газлари 5 фоизга ошди.
НОҚОНУНИЙ  ҚУДУҚЛАР  БАМИСОЛИ  ЖАР...НОҚОНУНИЙ ҚУДУҚЛАР БАМИСОЛИ ЖАР...
Маманазар НОРҚОБИЛОВ,
Вилоят Сув ресурсларидан оқилона
фойдаланиш устидан назорат
инспекцияси бошлиғи

Сувни зар, оби ҳаёт, тирикликнинг асосий манбаи деб бежизга айтилмаган. Сув илоҳий неъмат! Статистик маълумотларга қараганда, ер юзасининг 70 фоиздан ортиқ майдони сув билан қопланган, аммо улар тузли, ичишга яроқсиз. Қуруқликдаги сувнинг 3 фоизи ичишга яроқли дарё ва кўллардан иборат. Ҳозирги пайтда дунёдаги 50 дан ортиқ мамлакатда чучук сув танқислиги сабабли катта қийинчиликлар ва муаммолар юзага келмоқда. Дунё аҳолисининг қарийиб 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган жойларда яшайди. 2025 йилга келиб ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик суви танқис ҳудудда яшаши мумкин. Ушбу муаммо бизнинг минтақамиз учун ҳам бегона эмас. Кузатишлар 2020 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар заҳирасининг 15-20 фоизга камайишини кўрсатмоқда. Орол фожиаси барчамиз учун катта сабоқ. Бу муаммоларнинг барчаси тириклик манбаи бўлган сувни тежаб ишлатиш ва исроф қилмасликни тақозо этиши ҳеч кимга сир эмас.
Шуниси эътиборга моликки, истиқлол йилларида сувдан фойдаланиш ва уни ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларни янада яхшилашга алоҳида эътибор берилди. Жумладан, Бош Қомусимизнинг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб кўрсатилганлиги сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратди.
Сув- Ўзбекистон Республикасининг давлат умуммиллий бойлиги ҳисобланиб, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш лозимлиги давлат назоратида. У давлат томонидан қўриқланади, сувга доир муносабатлар “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Сувдан рухсатнома асосида лимит бўйича фойдаланиш, идоравий бўйсунувидан қатъий назар сувдан фойдаланувчилар учун мажбурийдир, деб белгилаб қўйилган.
Маълумки, вилоятимизнинг тоғли, адирли ҳудуди бўлган Нурота тумани марказида истиқомат қилаётган аҳолигина Нурота чашмаси сувидан фойдаланади. Олисдаги қишлоқлар ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари оқар сув бўлмаганлиги сабабли асосан ер ости сув қудуқларидан фойдаланиб келади. Айни пайтда туман кесимида ер ости сув қудуқлари сони 500 дан ортиқ бўлиб, афсуски улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳоллари ҳам қайд этилмоқда. Сабаби, бир вақтлар, аниқроғи 15-16 йил аввал қўл билан қазилганда 13-15 метрдан чучук ичимлик суви олинган бўлса, бугунги кунда биринчи қатлам суви тугатилиб, иккинчи қатлам, ҳаттоки айрим нуқталарда 3- қатламдан ҳам сув олинмоқда.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан оқилона фойдаланилиши ва унинг муҳофаза қилиниши, шунингдек барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олишнинг белгиланган лимитларига риоя этилиши, норматив ҳужжатлар асосида кўрсатиб ўтилган бўлишига қарамасдан, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан кейинги уч йил мобайнида вилоят прокуратурасига, Нурота туман ҳокимлигига, Нурота тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғига хатлар билан бир неча бор мурожаатлар қилинган бўлишига қарамасдан, ер ости сув қудуғидан фойдаланиш учун “Сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаси”ни расмийлаштирмасдан ноқонуний ҳолатда иш фаолиятини давом эттираётган корхоналар сони ортмоқда.
Корхоналар ва аҳолига хизмат қилаётган ер ости сув қудуқларининг умумий сони, яроқсизлиги ичимлик ва техник мақсадларда фойдаланиш бўйича умумий инвентаризация ишлари ўтказилмаган. Бундай камчиликлар нафақат Нурота, балки бошқа барча туманларда ҳам амалга оширилмаган. Энг ачинарлиси, ноқонуний қазилаётган ер ости сув қудуқларига барҳам берилмаса Нурота тумани аҳолиси бир қатор қийинчиликларга дуч келиши аниқ.
Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, мазкур қонун сувга доир барча муносабатларни тартибга солишга хизмат қилмоқда. Аммо бугунги давр мазкур қонуннинг 27-моддасига “ҳар қандай сувдан фойдаланувчи корхона, ташкилот ва аҳоли норматив меъёрий ҳужжатга эга бўлишлигини, ноқонуний фойдаланилган сув учун иқтисодий зарар тўловларини киритилишини, ноқонуний ер ости сув қудуғига уланган электр тармоқларини узиб қўйилиши, техник экинларни қисқартириб, томчилаб суғоришга мўлжалланган боғдорчиликни ташкил қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар ҳар бир фойдаланилган бир метр куб сув учун белгиланган тартибда давлат солиқ тизимини яратиш каби ўзгартишларни киритишни тақозо этмоқда.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 117-моддасида етказилган зарарни қонунда белгиланган тартибда қоплаш шартлиги кўрсатиб ўтилган. Етказилган зарар қай усулда қопланиши уни экилган экин турига қараб ёки суғориладиган экин ерига қараб, ер бал бонитетига қараб ёки олинган сувига қараб алоҳида кўрсатиб ўтилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Сув табиатнинг бебаҳо неъмати, инсониятнинг соғлиги, эл-юрт тўкинчилиги учун ноёб бойликдир. Шундай экан, ундан оқилона фойдаланайлик. Бир сўз билан айтганда, сув- ҳаёт, ўз ҳаётимизга эса бефарқ бўлмайлик!