ТУРИЗМ ТАРАҚҚИЁТИДА ЯНГИ БОСҚИЧФармон ва ижро

ТУРИЗМ ТАРАҚҚИЁТИДА ЯНГИ БОСҚИЧ

Туризм дунёнинг кўпгина давлатларида иқтисодиётнинг энг етакчи йўналишларидан биридир. Бизнинг мамлакатимиз ҳам сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари борасида дунёда пешқадамлардан саналади. Юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива сингари етти иқлимга машҳур қадимий шаҳарлари – очиқ осмон остидаги музейлар, шунингдек серқуёш диёримизнинг деярли барча ҳудудларидаги минглаб диққатга сазовор тарихий-маданий ёдгорликлар билан яқиндан танишиш истагидаги сайёҳлар сони курраи заминда тобора кўпаймоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда туризмни тобора ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида бу борадаги имкониятлардан самарали фойдаланилаяпти. Бунга соҳани талаблар даражасида ривожлантириш юзасидан Навоий вилоятида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Вилоятдаги бугунги кунда табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонага айлантирилган Сармишсой дарасида 10 мингдан ортиқ петроглифлар борлиги аниқланган. Расмларнинг асосий қисми 22,5 километр масофадаги қоятошларга ўйиб ишланган. Улар нафақат республикамиз, балки жаҳон миқёсида аждодларимиздан қолган энг сара гавҳар – ноёб маданий ёдгорлик сифатида тан олинган. Халқаро сайёҳлик йўналишларидан ўрин олган бу масканга 2004 йилдан бошлаб, доимий равишда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилиб, уларга музей хизмати кўрсатилиб келинмоқда. Бу ерга сайёҳлар ташрифини кўпайтириш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга ошириб келинаяпти ва кутилган натижани бермоқда.
Бугунга келиб, ХI асрда бунёд этилган Работи Малик, Сардоба, Деггарон масжиди, Мир саид Баҳром мақбараси, ХVI аср тарихий обидаси – Қосим шайх мажмуаси, Нурота чашмаси каби қатор тарихий-маданий ёдгорликлар, шунингдек, Қизилқумдаги экотуризм объектлари, жумладан, Ўтовлар лагери хорижий ва маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш ўйғотмоқда. Масалан, шу йилнинг май-август ойларида уларга 1700 нафардан ортиқ туристлар ташриф буюриб, шундан 70 фоизини Европа мамлакатлари вакиллари ташкил этди. Бунда сайёҳлар учун энг қулай, замонавий шарт-шароитлар яратиб келинаётганлиги ҳам қўл келмоқда. Биргина вилоят марказининг ўзида мустақиллик йилларида энг замонавий, юксак талаблар даражасидаги меҳмонхоналар сони 20 баробардан ортиқ кўпайганлиги, уларда асосан шу йўналишдаги касб-ҳунар коллежлари битрувчилари хизмат кўрсатаётганлиги ҳам шундан далолатдир.
Вилоятнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришда бу ердаги мавжуд сайёҳлик масканлари, уларда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун яратилган қулайликлар рекламаси, тарғибот-ташвиқоти ҳам катта аҳамиятга эга. Шу мақсадда вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликлар, қадимий бетакрор обидалар ҳамда экотуризм объектлари хусусида рангли реклама буклетлари тайёрланди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Дунё бўйлаб” телеканали ижодий гуруҳи томонидан “Ҳунарларда ҳаёт жилваси” ва “Экотур” кўрсатувлари суратга олинди. Бу йўналишда “Менинг юртим” телеканали билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бундан ташқари, шу йилнинг октябрь ойида Европанинг “Еuronews” телеканали билан ҳамкорликда европалик сайёҳлар учун мулжалланган реклама ролиги тайёрланди ва эфирга узатиб келинмоқда.
– Вилоятимизга сайёҳлар оқимини кенгайтириш мақсадида барча имкониятлардан фойдаланаяпмиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятдаги ваколатли вакили Фарҳод Эрназаров. – Жумладан, 22-бор ўтказилган “Ипак йўлида туризм”анъанавий Тошкент Халқаро туристик ярмаркасида иштирок этиб, кўплаб хорижий туристик компаниялар вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилдик, ўзаро тажриба алмашдик. Улар билан туризмни янада ривожлантиришга қаратилган 300 га яқин шартномалар тузилди.
Энг асосийси эса, шу йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги мамлакатимизда туризм соҳаси ривожида янги даврни бошлаб берди. Фармон ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистонимизнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга қаратилганлиги билан бизга жуда маъқул бўлди. Унда бу йўналишларда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. Шунинг баробарида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар бунинг учун доллар шаклида тўланган маблағнинг 25 фоизинигина давлатга сотилиши белгиланганлиги соҳани ривожлантириш борасида қўшимча имконият яратиб берди. Фармон билан сайёҳларга хизмат кўрсатувчи барча тадбиркорлик субъектларининг масъулияти кескин оширилганлиги ҳам соҳанинг талаблар даражасида жадал ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз. Келгусида хорижий туристлар учун виза олиш жараёнларининг соддалаштирилиши эса мамлакатимизга уларни янада кўпроқ жалб этиши аниқ.
Бугунги кунда Фармонда белгиланган вазифалар вилоятимизда изчиллик билан амалга оширилмоқда ва бу ўз самараларини беради.

Олим ХЎЖАЕВ.
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...
БУТУН  ОЛАМ  СЕНИКИ!...БУТУН ОЛАМ СЕНИКИ!...
Эски йилнинг навоийликларга Янги совғаси


Бугун ахборот асрининг энг юксак чўққиларини забт этиш палласида яшаяпмиз. Ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган замондошларимиз ҳам қойилмақом қилиб уддалаётганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳам тараққиётнинг бир кўриниши албатта. Интернет ёрдамида ахборот оламини, дунё ахборот майдонини забт этиш мумкин! Бир зумда БУТУН ОЛАМ СЕНИКИга айланади!

Янги йил арафасида навоийликларга вилоят марказида жойлашган “Сенсорика” интернет марказининг етти йиллиги шарафига янги бино фойдаланишга топширилди.
Уч қаватли бу кўркам ва замонавий бино банк кредитлари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Энди марказнинг аҳолига интернет хизмати кўрсатиш даражаси ошиб, хизмат турлари сони янада кўпаяди. Янгидан яратилган 4 та қўшимча иш ўринларини Навоий шаҳридаги коллежларни битирган ёш мутахассислар эгаллади. Бинога кираверишда ёзги дам олиш майдончаси замонавий дизайнда яратилганлиги билан кишининг диққатини ўзига тортади. Биринчи қаватга кирар экансиз, Сизни марказ ходимлари хушмуомалалик билан кутиб олади. Шу қаватда Wi-Fi хизматидан бемалол бир финжон қаҳва ёки ширинликлар тановул қилиб фойдаланишингиз мумкин. Қаҳвахонадаги мебелларнинг барчаси юқори дид ва дизайн асосида яратилган. Биринчи қаватда яна сизни дунёдаги энг нозик балиқлар макон топган катта аквариум ҳам бу ерда бир лаҳза бўлса-да, дунё ташвишларини унутиб, табиат қўйнига бошлаб кетгандек бўлади.
Бинонинг иккинчи қаватида бирваракайига 26 мижозга интернет хизмати кўрсатиш зали мавжуд. “Сенсорика” маркази ўз фаолиятини 2007 йилда беш ўринда бошлаган бўлса, бугунгача минглаб мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Янги бино янги мижозлар сонининг ортишига ёрдам беришига асло шак-шубҳа йўқ! Учинчи қаватдан корхона маъмурияти ва дастурчилар жой олган.
-“Сенсорика” интернет марказидан жуда кўп йиллардан буён фойдаланаман,-дея мамнуният билан ҳикоя қилади Дилбар Тошева.- Ўз ишини севадиган раҳбар бу марказнинг биринчи ютуғи бўлса, бу ерда АКТ борасидаги билимларни пухта эгаллаган ишни тез ва соз бажаришга одатланган ходимларнинг фаолият юритаётганлиги ютуқлар ва имкониятлар калитидир.
Тез кунларда бинонинг энг юқори қаватида шаҳар аҳолиси IТ мутахассислари хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлишади.
Бугун мазкур интернет марказнинг ўз сайти бўлиб, бу сайтда Навоий шаҳри, вилоят ва ҳаттоки республикада бўлаётган янгиликлар ҳақида тезкор ахборотларни билиб олишингиз мумкин. Сайтнинг кўриниши, унда ахборот манбалари, мижозлар учун қулайликлар эътиборингизни тортмай қолмайди.
- Биз сайтимизни ҳар кун янгилаб бориш, аҳолини энг кўп янгиликлар базаси билан таништириш борасида мутахассисларимиз билан иш олиб бораяпмиз, -дейди Интернет маркази раҳбари Норбек Арзиев.- Келгуси йилда пенсия ёшга етиб, уйда ўтирган пенсионерларимизни ҳам марказимизга таклиф этиб, уларга интернетдан фойдаланишни бепул курсларда ўргатмоқчимиз. Бундан ташқари, шаҳримиздаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига дастурлашни ўргатиш бўйича машғулотлар ўтказиш ниятимиз бор.
-Ўз навбатида марказимизнинг очилишида яқиндан туриб ёрдам кўрсатгани ва қўллаб-қувватлаганликлари учун вилоят ҳамда шаҳар ҳокимликлари, “Навоий шаҳарсозлик лойиҳалаш институти” МЧЖ раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Дарҳақиқат, интернет марказидан фойдаланиб, бутун олам сеникига айланса, бутун дунёдан хабардор бўлсанг, ўзингни ҳар бир ишга қодир, билимли ва кучли сезсанг бу қандай яхши!
Маруса ҲОСИЛОВА.
Шинам хонадонларга эга бўлинг!Реклама ўрнида

НАВОИЙДА ЭНГ АРЗОН ВА ҚУЛАЙ УЙ-ЖОЙГА ЭГА БЎЛИШНИ ХОХЛАЙСИЗМИ?

Марҳамат! “Ишонч-гилам” МЧЖ шаклидаги Қўшма Корхонаси 2017-2018 йиллар давомида Навоий шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласи ҳудудида Тошкент меъморлари тайёрлаган лойиҳа асосида 5 та кўп қаватли уй-жойлар қуришни амалга оширади.
Қурилаётган уй-жойлар ўзида замонавий шаҳарсозлик қоидаларини мужассам этган бўлиб, улар 7 хил кўринишда Сизга тақдим этилади. Хонадонлар юқори қаватга кўтарилиши билан унинг нархи ҳам арзонлашиб боришига аҳамият қаратинг, бу айниқса Сиз янгидан оила қураётган ёшлар учун ҳам катта имкониятдир!
Бунёд этиладиган янги уйларни шинамли ва барча қулайликларга эга бўлишига кафолат берамиз!
Шошилинг! Ана шундай кўркам ва шинам уйлар Сизга насиб этсин, бу уйларнинг соҳиби бўлинг!

Маълумот учун тел: +998913330001