ҲОКИМГА ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБҲОКИМГА  ЖЎНАТИЛМАГАН  МАКТУБ
Навоий шаҳар ҳокимига!
Яна баҳор келди. Табиат уйғонди. Борлиқ яшилликка, гулларга бурканди. Шаҳримиз ҳам ўзига хос ҳусну таровати билан кўзларимизни қувонтирмоқда. Аммо шу қувончлар ортида айрим дилни хира қиладиган манзараларга ҳам дуч келганимиз боис ушбу мактубни маърифатли раҳбар сифатида Сизга ёзишни лозим топдик. Мактубни ёздигу аммо уни жўнатишга ўйланиб қолдик. Сабаби, бу хатни фақат Сиз эмас, балки шаҳардаги барча мутассадди раҳбарлар, шаҳар аҳолиси, ҳатто меҳмонларимиз ҳам ўқиб, тегишли хулоса чиқаришини мақсадга мувофиқ деб ўйладик.
Билиб турибмиз, гап нимада демоқчисиз? Гап улуғ мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий Ҳазратлари номи билан аталган вилоятимиз маркази ҳисобланган шаҳримизда бунёд этилган Навоий истироҳат боғи ва бу муборак зотнинг ҳайкалларига ҳурмат ҳақида кетаяпти. Кимдир бу ерга Навоий даҳосига таъзим қилиш , фарзандларига унинг илмидан сабоқ бериш, маданий ҳордиқ чиқариш учун келса, кимдир, аниқроғи, ҳали она сути оғзидан кетмаган ёш ўғил-қизлар хилват хиёбон излаб, қўл ушлашиб юришга, кимдир дам олиш учун қўйилган скамейкаларда ўтириб, атрофни писта чақиб, турли қоғозу чиқиндиларни ташлаб ифлослантиришга одатланганлигини кўриш мумкин.
Алишер Навоийнинг болалик, ўсмирлик, навқиронлик даврларидаги ҳайкаллар композицияси боғнинг бошидан охиригача навбат билан қўйилганлиги буюк зотга юксак эҳтиромни ифода этади. Бу жой навоийликлар ва меҳмонларнинг севимли масканига айланиб улгурган. Биз ҳам шаҳримизга келган меҳмонни боғимизда сайр қилдириш учун бориб, мулзам бўлдик. Боғнинг бошланишидаги ҳайкал пойига кўрга ҳам кўринадиган жуда катта ҳарфлар билан инглиз тилида DEVIL сўзи ёзилганини кўриб, меҳмон ҳайратдан ёқа ушлади ва иблис (шайтон) деган сўз ёзилганлигини айтди. Чунки меҳмон инглиз тилини жуда яхши биларди. Меҳмон олдида ноқулай аҳволга тушиб қолдик. ҲОКИМГА  ЖЎНАТИЛМАГАН  МАКТУБ Оқ мармардаги бу қора ёзувни бўёқ олиб, бир амаллаб ўчирмоқчи бўлдик, аммо ўчиришнинг иложи бўлмагач, уни суратга олиб, Сизни ҳам хабардор қилишни лозим топдик, токи буни ёзган ёшларга сабоқ бўладиган бирорта чора кўринг, ахир бу ҳақорат жиноятдан кам жазога лойиқ эмасдир? Бундай ёшларга тарбия берган ота-оналар, таълим берган ўқитувчилар ҳам ўзига яраша хулоса чиқарсин! Шундагина Шаҳар бедарвоза эмаслигини катта-ю кичик билиб оларди...ҲОКИМГА  ЖЎНАТИЛМАГАН  МАКТУБ
ҲОКИМГА  ЖЎНАТИЛМАГАН  МАКТУБ
ҲОКИМГА  ЖЎНАТИЛМАГАН  МАКТУБ
Апрель ойининг охирги ўн кунлигига ўтган бўлсак ҳам, аммо Навоий боғидаги ҳайкаллар композицияси қисмида бир гулзорни кўрмадик. Мармарлари синиб, айрим кимсалар томонидан қўпариб, олиб кетилгач қуруқ бетоннинг ола чалпоқ изи қолганлигини, чанг босиб кетган булварларга худди деҳқон даласига, томорқасига буғдой донини сепгандек, ёки сабзи, пиёз эккандек узун-узун жайдари жўя тортиб экилган гуллар ўрнининг қақраб ётганини кўрдик. Гул ўрнида ёввойи ўт-ўланларнинг ўралиб ўсиши кўкаламзорлаштириш идорасидаги ва бошқа мутасаддиларнинг виждонига ҳавола. Плиталари ўпирилиб, титилиб кетган йўлаклардан юк машинаси ёки танк ўтганми, деб ўйланиб қолдик.
Навоий даҳосига эҳтиромимиз шуми? деган савол виждонимизни қийнади. Ҳаммасидан ҳам чор-атрофни кўриб, қуриган дарахтларнинг бир-бирига мунгли ва маҳзун термулишига, тириклик билан хайрлашаётганига гувоҳ бўлдик. Қуриган дарахт азалдан хосият келтирмаслигини ота-боболаримиз минг йиллардан буён уқтириб келиши наҳотки ҳеч кимни ташвишга солмаса?
Энг ачинарлиси, жорий йилнинг 25 январида қабул қилинган вилоят ҳокимининг фармойиши айнан “Алишер Навоий мероси- юксак маънавият асоси” шиори билан маънавият ҳашари ўтказиш мақсадида қабул қилинди. Фармойишнинг 4-бандида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар, гузарлар, хиёбонлар, тарихий обидалар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар , кўчаларни тартибга келтириш чора-тадбирларини бажариш ўз аксини топган бўлса, нима учун, маънавият ҳашарига масъул бўлган шахслар МАЪНАВИЯТ СУЛТОНИ боғини эътибордан четда қолдиришди экан? Демак, бу маънавият ҳашари фақат қоғозда ўтказилдими?! Ёки Наврўз сайллари кунида боғда қатор ташкилотлар қозон-қозон ош дамлаб, байрам қилишса-ю, биз кўрган хунук манзараларни кўрмаган бўлса, бунга ишониш қийин. Балким кўриб, кўрмаганга олишгандир? Буниси бизга қоронғу!
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Ободлик кўнгилдан бошланади!” деган иборани жуда кўп такрорлардилар. Дарҳақиқат, кўнгилнинг ободлиги маънавиятдан, маърифатдан далолат.
Ҳазрат Навоийнинг ўзлари
Тухм (уруғ) ерга тушуб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?! деган сатрлари билан салкам олти аср аввал бонг урганлар. Биз-чи, биз, шундай дориломон замонда кўзни бўяйдиган сохта тадбирлар билан ўзимизни алдаб яшасак, келгуси авлоднинг кўзига қандай қараймиз?
Сиздан илтимос, албатта вақт топиб, ташландиқ ҳолга келиб қолган ҳайкаллар аллеясини, бизни ўйлантирган муаммоларни ўз кўзингиз билан бир кўришингизни жуда истардик.
Биз ана шу мурожаатимиз орқали шаҳримиз ободлиги йўлида оммавий ахборот воситалари ёрдамида Сизга кўмакдош бўлишга, эзгуликни тарғиб қилишга доимо тайёрмиз.
Қимматли вақтингизни олганимиз учун узр.

Сизга эҳтиром билан:
“Табиат ва ҳаёт” газетаси таҳририяти