Экологик тизим учун қулай шароитлар кафолатиЭкологик тизим учун қулай шароитлар кафолати
Бугун мамлакатимизда жамиятимизга татбиқ этилаётган барча меъёрий хужжатларнинг туб мазмун моҳияти инсон омилига, унинг хуқуқ ва манфаатларига қаратилгандир. Албатта ҳар бир янгилик аҳоли фаровонлигини оширишда, уларнинг турмуш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелда имзолаган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилаётир.
Хусусан, фармонда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи ва ҳисобот берувчи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантирилиши кўзда тутилган.
Мазкур хужжат билан қўмитага бир қанча муҳим вазифалар юкланди.
Жумладан:
-экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;
-маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил этиш;
-атроф-муҳитнинг экологик ҳолати мақбул тарзда сақланишини, экология тизимлари, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлашни, экологик вазият соғломлаштирилишини таъминлаш;
-ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиш борасида давлат экологик назоратини амалга ошириш;
-экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини юритиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар, ёввойи ўсимликлар кўпайтириладиган ва сақланадиган питомниклар, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш;
-экологик тарбия, тарғибот ва маърифий ишларни, шунингдек, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
Фармонга мувофиқ қўмитанинг янги тузилмалари ҳам ташкил этилади:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг марказий аппаратларида Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, сақлаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш бўйича назорат инспекциялари;
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва мамлакатимиз шаҳарларида, шунингдек, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари;
табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармалари негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича жамғарма ташкил этилади, жамғарма маблағлари биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига, жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишларга ва биоресурсларни сақлаш ва қайта тиклашга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга, тарғибот ва маърифий ишларни ташкил этишга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга йўналтирилади;

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта тузилади ва унинг ҳудудий инспекциялари ташкил қилинади.
Ушбу фармоннинг амалга оширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат назорати ва бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги идоралараро самарали ҳамкорликни ва атроф-муҳитнинг экологик ҳолати, экологик тизим, табиий комплекслар ва алоҳида объектларни қўриқлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Алижон Жалилов

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши “Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари” доимий комиссияси раиси.
“ТАБИАТ ВА МЕН” МАҚОЛАЛАР ТАНЛОВИ ғолиблари тақдирланди.“ТАБИАТ ВА МЕН”  МАҚОЛАЛАР  ТАНЛОВИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан маъқулланган “Табиат ва ҳаёт” газетаси таҳририятининг “Табиий бойликларни асраш виждонимиз амрига айлансин!” лойиҳаси доирасида 2016 йил октябрь ойидан 2017 йилнинг май ойига қадар эълон қилинган “ТАБИАТ ВА МЕН” мақолалар танлови якунига етди.
Танловда республика газеталарининг вилоятимиздаги мухбирлари, вилоят ҳамда тармоқ газеталарида фаолият юритаётган журналистлар ўз мақолалари билан иштирок этди.
Навоий шаҳридаги “Камилла” меҳмонхонасида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили Ф.Эрназаров, Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш” доимий комиссияси раиси Амир Азимов, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Навоий ҳудудий бўлинмаси координатори Эшмамат Тоғаев ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Атроф –муҳит мусаффолигини таъминлашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, ноёб ўсимликлар дунёсини асрашга ундовчи мақолалари билан танловда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров, фахрий журналист Ҳамдам Эшонқулов,“Правда Востока” ҳамда “Знамя дружбы” газеталари мухбири Дилфуза Ғуломова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилоятидаги шарҳловчиси Нуриддин Раҳимов, “Дўстлик байроғи” газетаси мухбирлари Ҳилола Исматова, Нигора Рўзиева, Зулфия Бобоева, Зебо Қутлиева, “ Зиёкор садоси” газетаси бош муҳаррири Ҳибия Утаганова, “Навоий ёшлари” газетаси бош муҳаррири Санжар Қурбоновларга Диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
-Табиатни асраш йўлидаги барча ҳаракатлар замирида Она Ватанимизни асраш мақсади мужассам,-деди тадбирда иштирок этган журналист Раъно Ҳакимова.- Мазкур танлов ҳам айнан ана шу эзгу мақсадни амалга оширишга ва ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилганлиги билан жуда самарали якунланди. “Табиат ва мен” танловида чоп этилган барча мақолалар долзарблиги билан ниҳоятда муҳим эканлигини эътироф этишни истардим.
Шунингдек, танлов ғолибларидан бири “Зиёкор садоси” газетаси бош муҳаррири Ҳибия Утаганова ҳам мазкур танлов табиатни асраш йўлидаги ўзига хос чорлов бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
САЙЁР ҚАБУЛ КУНЛАРИ САЙЁР   ҚАБУЛ   КУНЛАРИ
Бугунги давр Бош Қомусимизда ўз ифодасини топган энг асосий мақсад- инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, сайёр қабул кунлари жойлардаги муаммоларнинг ижобий ечим топишига ёрдам бермоқда.
Вилоят экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутассадди раҳбарларининг шаҳар ва туманларда жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабул қилиш жадвали тасдиқланди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Раззоқов томонидан тасдиқланган мазкур жадвалга асосан бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосари йил давомида ҳар ойда барча туман ва шаҳарларда бўлиб, фуқароларни қабул қилиши, халқнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиши кўзда тутилган.
ОҚАР СУВЛАР ОҚАВЕРАДИ...ОҚАР СУВЛАР  ОҚАВЕРАДИ...
АММО УЛАРНИНГ АТРОФ-ТАБИИЙ МУҲИТГА САЛБИЙ ТАЪСИРИДАН ХАБАРДОРМИЗМИ?

Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг атроф-табиий муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон бутун жаҳон табиат инқирозини олдини олиш ҳамжамиятига қўшилиб, мамлакатимизда табиатни, ер ва сув, ҳавони, ўсимликлар ва ҳайвонот оламини асрашга доир қатор қонунлар қабул қилинди. Сув ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Вилоятимизда кўплаб йирик саноат корхоналари фаолият юритаётганлиги оқибатида улардан чиқарилаётган ташлама чиқинди сувлар атроф-табиий муҳит рельефига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Республикамиздаги меъёрий ҳужжатларга асосан вилоятда атроф-табиий муҳитга ошиқча оқова сувларни оқизганлик учун компенсация тўловлари белгиланган. Ўтган давр мобайнида компенсация тўловчи объектларнинг 2017 йил учун рўйхати қайта кўриб чиқилди ва вилоятимизда 437 та ана шундай объектлар мавжудлиги аниқланиб, шундан оқова сувларни етарли даражада тозаламаган ва ифлослантирувчи моддаларни коммунал канализация тармоқларига чекланган меъёрдан ортиқ оқизганлиги учун айрим объектлардан жорий йилнинг 1-чораги давомида 17417,3 минг сўм компенсация тўловлари белгиланиб, ундирилди.
Барчамизга маълумки, оқова сувларнинг таркибида кўплаб анорганик ва органик ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлади. Бу оқова айниқса ҳўжалик –маиший сувлар саноат корхоналаридан чиққан сувлар билан аралашганда бутунлай кутилмаган заҳарли бирикмаларга айланади.
Шу боис янги саноат корхоналарини барпо этаётганда, янги технология жорий этилаётганда, асосан маиший, саноат ишлаб чиқариши ҳамда атмосферадан ажраладиган сувлар ҳисобга олиниши зарур. Чунки атроф-табиий муҳитга чиқариладиган оқова сувлар атроф-табиий муҳит мувозанатини издан чиқариб, хавфли ҳолатларни юзага келтиради.
Юқоридагилардан келиб чиққан холда, инсон саломатлигини сақлаш, атроф-табиий муҳит ифлосланишининг олдини олиш, уни назорат қилиш, мониторинг олиб бориш мақсадида вилоят Экология ва атроф –муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузурида Аналитик назорат қилишга ихтисослаштирилган инспекция фаолият юритади.
Атроф-табиий муҳит муҳофазаси давлат назорати билан бир қаторда хар бир атроф-муҳитга ифлослантирувчи ошиқча оқова сувларни оқизаётган корхона, ташкилот, муассасаларнинг атроф-табиий муҳитни ифлослантирувчи манбаси бўлса, ўз худуди ва унинг атрофларида сув билан ифлосланишни кузатиб боришлари, оқар сувлар оқаверади-да, деб ўйламасдан, зарур ҳолларда кимёвий таҳлил ўтказиш мақсадида бошқарма хузуридаги Аналитик назорат қилишга ихтисослаштирилган инспекцияга мурожаат этишлари лозим бўлади. Ахир атроф-табиий муҳит муҳофаза , уни келажак авлодга тоза ҳолда етказиш учун барчамиз масъулмиз-ку!
Елена АҲМЕДОВА,
Наргиза ХОЛОВА,
Вилоят Аналитик назорат қилишга ихтисослаштирилган
инспекцияси “ Сув ресурсларини муҳофаза қилиш
сектори” мутахассислари



“ТОЗА ҲАВО” ДАН ТОПИЛГАН ЗАҲАР“ТОЗА  ҲАВО” ДАН  ТОПИЛГАН   ЗАҲАР

Йилдан- йилга автотранспорт воситаларининг сони ортиб бориши инсонлар турмуш тарзининг яхшиланиши ва автомобилсозлик саноатининг ривожланишидан далолат берса, иккинчи томондан автомобилларда ёқилғи ёқилиши билан ажралиб чиқувчи чиқинди газлари миқдорининг ошиши билан атроф муҳитга салбий таъсирнинг кўпайиши кузатилмоқда.
Ҳозирги кунда атмосфера ҳавосига ташланадиган жами ташламаларнинг 50-60 фоизи транспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдорига тўғри келаётганлигини кўпчилик яхши билади.
Автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари таркибида углерод, азот, олтингургут оксидлари, альдегидлар, тетраэтилсвинец, бенз(а)пирен ва бошка зарарли моддалар мавжуд бўлиб, улар атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқараётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Автотранспорт воситаларининг двигателларидан чиқаётган чиқинди газларни атмосфера ҳавосига ташланишини камайтириш мақсадида Республика миқёсида ҳар йили икки босқичда «Тоза ҳаво» тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Вилоятимизда «Тоза ҳаво» тадбирининг жорий йилдаги биринчи босқичи ҳам вилоят ҳокимининг 2017 йил 14 апрелдаги Ф-32-сонли фармойиши асосида самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилди.
Фармойишга асосан тузилган Ишчи гуруҳи томонидан тадбирни самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида қўшма тадбир ишлаб чиқилди. Вилоятнинг серқатнов автомагистралларида 11 та экологик постлар ташкил қилиниб, тадбирнинг 1-босқичи давомида постларда 6845 та, автокорхоналарнинг кириш чиқиш жойларида 877 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори ўлчанди. Натижада 162 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги аниқланди.
«Тоза ҳаво» тадбирини ўтказиш давомида атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашда автомобил ҳайдовчиларининг бурч ва маъсулиятлари хусусида ҳайдовчилар, корхона ва ташкилот раҳбарларига кенг тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Дилфуза АҲМЕДОВА,
вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш»инспекцияси бошлиғи
Табиатни севишга ўрган!МАКТАБДА ЭКОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

МАКТАБДА ЭКОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

Саховатли қуёш, зилол сув, серунум тупроқ, яшилликка бурканган турли хил ўсимликлар-у ҳайвонот олами. Ушбу табиат неъматларисиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Улар биз учун шу қадар азизки, беихтиёр момо ер, она табиат сингари муқаддас номлар билан атаймиз. Минг йилларки инсониятдан ўз ҳимматини аямай келаётган табиат сиз-у бизга она каби меҳр улашади гўё.
Афсуски, кейинги йилларда тараққиёт атамаси остида илм-фан янгиликлари, саноат корхоналарининг кўпайиши атроф-муҳит билан боғлиқ турли муаммоларни юзага келтирмоқда. Афсуски, орамизда бунга бепарволик билан қараётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Аммо юртимизда гўзал диёримизни гулистонга айлантиришни мақсад қилган, экологик маданият тушунчасининг мазмунини англаб етган ёш авлодни ҳар қадамда учратиш мумкин. Навоий шаҳридаги 12-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига ташриф буюрар экансиз, ушбу масканда ана шундай йигит-қизлар таҳсил олаётганига гувоҳ бўласиз.
Таълим муассасасининг кириш эшиги ёнида ташкил этилган жонли бурчак нигоҳингизни ўзига тортиши тайин. Ўқувчилар томонидан чизилган табиат мавзусидаги расмларни кўриб кўнгилда завқ тошади. Бурчакка ўзгача руҳ бериб турган сайроқи қушчаларнинг шўх овози шубҳасиз ҳар қандай кайфиятни кўтаришга қодир. Узун зал гуллар билан безалган. Ҳар қадамда кўзни қувонтирувчи гўзалликка дуч келиш мумкин.
– Атроф-муҳит муҳофазаси учун барча бирдек масъул. Биз ушбу шиор остида ўқувчиларимиз онгига она табиатимизга бўлган меҳрни сингдириш йўлида тинимсиз изланамиз, янгидан -янги тадбирлар, лойиҳаларни амалга оширамиз, – дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилбар Ҳожиева. – Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлиши лозимлиги, мактаб ҳудудида тозалик ишларини мунтазам ўтказиш ҳозирда йигит-қизларимиз учун анъана тусига кириб қолган. 2001 йилда ташкил қилиниб ушбу кунга қадар фаолият юритиб келаётган мўжаз “Экология” музейи ҳам уларнинг атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимликлар оламига бўлган меҳр-муҳаббатини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзим музейда мавжуд экотўгарак раҳбари сифатида ўқувчи-ёшларнинг она табиат саховати, унинг бизга бераётган неъматлари ҳамда юзага келаётган айрим муаммолар ҳақидаги қарашларини шакллантиришга қаратилган мавзуларда дарслар олиб бораман.
Дарҳақиқат, эзгу мақсадлар йўлида очилган музей фаолияти билан қизиққанимизда Дилбар опанинг сўзларига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Айни вақтда музейда чўл, тўқай ҳамда тоғ минтақасида ўсувчи ўсимликлардан намуналар, қуш ва ҳайвон экспонатлари мавжуд. Иқтидорли ўқувчилар ижодига мансуб қўлда чизилган ранг-баранг расмлар музейни ҳам безаб турибди.
– Мен “Экология” музейида жорий қилинган “Ёш қўриқчилар” тўгараги аъзосиман, – дея сўз бошлади биз билан суҳбатда мактабнинг 7-синф ўқувчиси Феруз Эркинов. – Ботаника фанига қизиқишим сабаб ҳар ҳафта тўгарак машғулотларида мунтазам иштирок этаман.
-“Қушлар – бизнинг дўстимиз”, “Қизил китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвонлар”, “Ўзбекистонда ҳозирги экологик муҳит”, “Инсон ва тупроқ” сингари бизга топширилган мавзуларда ижодий ишлар ёзар эканман, табиатга бўлган қизиқишим янада ортди.
Мазкур таълим масканида Феруз сингари ботаника, биология фанларини чуқур ўзлаштираётган йигит-қизлар сони кўплиги бизни қувонтирди. Уларнинг ҳозирда билимлар беллашуви, фан олимпиадаларига қизғин тайёргарлиги кейинчалик мактаб нуфузига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Хуллас, Навоий шаҳридаги 12-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби жамоаси атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар -атмосферанинг заҳарланиши, сувнинг ифлосланиши, табиий бойликларнинг камайиб кетишига қарши ёшлар онгида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида намунали ишларни олиб бормоқда. Ўйлаймизки, ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ҳар бир ёш келажакда фусункор табиатимиз неъматларидан оқилона фойдаланадиган, юқоридаги муаммолар ечими йўлида жон куйдирадиган муносиб авлодлар бўлиб етишади.
Санжар ҚУРБОНОВ,
журналист
ТАРҒИБОТ ГУРУҲИ НАВОИЙДА!
Барчамиз учун ҳам ўзимиз севган санъаткорлар, киноактёрлар, сўз усталари, ёзувчи ва шоирлар билан юзма-юз учрашишнинг, мулоқот қилишнинг ўзгача гашти бор. Кейинги вақтда пойтахтда ижод қилаётган ижодкорларнинг жойларда, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида бўлиб, халқ билан учрашиши яхши анъанага айланган. Халқимизнинг севимли санъаткорлари, таниқли ижодкорларидан тузилган тарғибот гуруҳи яқинда Навоий вилоятида ҳам бўлди. Вилоятнинг шаҳару туманлари билан бир қаторда олис чўл овулларида санъатимиз фидоийлари билан бўлиб ўтган учрашувлар турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган навоийликларга олам-олам таассурот бахш этди.
-Биз ҳам бу учрашувлардан жуда катта илҳом олдик,-дейди Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова.- Бу албатта халқ билан мулоқотнинг мевалари. Талантли қишлоқ ёшларининг истеъдодини кўриб ҳайратландик. Ватанни севишга ўрганган ажойиб ватанпарварлар вояга етаётганлигига уларнинг шеърлари, қўшиқларини тинглаб яна бир карра амин бўлдик. Бу гўзал юрт, бу меҳнаткаш эл бизнинг фахримиз, бизнинг ғуруримиз.
Тарғибот гуруҳи аъзоларининг жойлардаги учрашувлар давомида Ватан кўзларимизнинг қароси эканлиги, уни асрашга барча бурчли эканлигини англаб турганидан мумнунлиги кўзланган мақсадларга албатта етишимиз муқаррарлигидан далолатдир.