ТАРҒИБОТ ГУРУҲИ НАВОИЙДА!
Барчамиз учун ҳам ўзимиз севган санъаткорлар, киноактёрлар, сўз усталари, ёзувчи ва шоирлар билан юзма-юз учрашишнинг, мулоқот қилишнинг ўзгача гашти бор. Кейинги вақтда пойтахтда ижод қилаётган ижодкорларнинг жойларда, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида бўлиб, халқ билан учрашиши яхши анъанага айланган. Халқимизнинг севимли санъаткорлари, таниқли ижодкорларидан тузилган тарғибот гуруҳи яқинда Навоий вилоятида ҳам бўлди. Вилоятнинг шаҳару туманлари билан бир қаторда олис чўл овулларида санъатимиз фидоийлари билан бўлиб ўтган учрашувлар турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган навоийликларга олам-олам таассурот бахш этди.
-Биз ҳам бу учрашувлардан жуда катта илҳом олдик,-дейди Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова.- Бу албатта халқ билан мулоқотнинг мевалари. Талантли қишлоқ ёшларининг истеъдодини кўриб ҳайратландик. Ватанни севишга ўрганган ажойиб ватанпарварлар вояга етаётганлигига уларнинг шеърлари, қўшиқларини тинглаб яна бир карра амин бўлдик. Бу гўзал юрт, бу меҳнаткаш эл бизнинг фахримиз, бизнинг ғуруримиз.
Тарғибот гуруҳи аъзоларининг жойлардаги учрашувлар давомида Ватан кўзларимизнинг қароси эканлиги, уни асрашга барча бурчли эканлигини англаб турганидан мумнунлиги кўзланган мақсадларга албатта етишимиз муқаррарлигидан далолатдир.