Ҳуқуқий маслаҳат

ҲУЖЖАТЛАРНИНГ БИР ТИЛДАН БОШҚА ТИЛГА ТЎҒРИ
ТАРЖИМА ҚИЛИНГАНЛИГИНИ ШАҲОДАТЛАШ Ҳуқуқий маслаҳат

Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 68-моддаси ва «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Йўриқноманинг 26-бандига асосан нотариус башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.
Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши керак. Таржимоннинг тегишли тилни билиши унинг дипломи ёки махсус маълумотга эга эканлиги ҳакидаги сертификат ёҳуд тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Нотариал ҳаракатни ( битимни тасдиқлаш, нусхаларнинг ва шу кабиларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш) амалга ошириш пайтида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг илтимосига кўра айни вақтда бошқка тилга таржимасини ҳам қилинадиган бўлса, таржима асл нусха билан бир варақда, яъни иккала матн тик чизиқ билан бўлинган варақда ёнма-ён жойлашиши, асл матн чап томонда, таржима матни эса ўнг томонда бўлиши керак. Бунда ҳужжатнинг бутун матни ва муҳр ҳам таржима қилинади.
Агар таржима тарижимон томонидан қилинса, унинг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжатнинг таржима матни тагига қўйилади. Ҳужжатни имзоловчи шахслар ҳужжатнинг асл матни ва таржима қилинган матни тагига ўзларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзо кўядилар. Бунда ҳужжатнинг таржима матнидаги уларнинг имзолари таржимон имзосидан кейин қўйилади. Нотариусларнинг тасдиқловчи ёзуви ҳужжатнинг асл матни ва таржима матни тагига қайд этилади.
Нотариал ҳаракат бажарилаётганда, айни вақтда ҳужжатнинг таржимаси ҳам килинадиган бўлса, у ҳолда нотариуснинг тасдиқловчи ёзувда иккита нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги кўрсатилади. Бундан давлат божи ( тариф бўйича ҳак) иккита нотариал ҳаракат учун ундирилади.
Ҳужжатнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимасининг тўғрилигини тасдиқлаганлик учун давлат божи ҳар бир бет учун энг кам ойлик иш ҳакининг 1 фоизи миқдорида ундирилиши белгилаб қўйилган.

Аслиддин ФАЗЛИДДИНОВ,
Навоий вилояти адлия бошқармаси
ҳузуридаги нотариал архив мудири
Хавфсизлик кафолати
АВТОМОБИЛИНГИЗ ГАЗДА ЮРСА...АВТОМОБИЛИНГИЗ  ГАЗДА  ЮРСА...
Ҳомиджон ҲАСАНОВ,
НКМК ЁХТБ алоҳида пост бошлиғи, капитан

Бугун мамлакатимизда автомобилсозликнинг тобора ривожланаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларни ёқилғи билан таъминлаш ҳам бугуннинг долзарб масалаларидан бирига айланганлиги ўз-ўзидан аён. Автомобилларни сиқилган табиий газга ўтказиш- арзон, қулай ва тежамли эканлиги боис кўчаларимизда ҳаракатланаётган жуда кўплаб машиналар газдан фойдаланмоқда. Табиий газ- ёқилғи сифатида нафақат арзон, балки экологик тоза маҳсулот ҳамдир.
Автомобилларни экологик тоза ёнилғи билан ишлайдиган замонавий технологиялар асосида қайта жиҳозлаш юртимизда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш билан биргаликда атроф-муҳитни зарарли чиқиндилардан ҳимоялашга хизмат қилади.
Ҳукумат қарорига асосан 2010-2011 йилларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни метан гази билан ишлашга ўтказиш бўйича 3 босқичли синовлардан сўнг Давлат стандартлари қабул қилиинди. Бугун метан газ билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш шахобчалари тармоғи тобора кенгаймоқда.
Автомобилларга газ баллони ускуналари ўрнатишда 2012 йилдан янги стандартлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозир газ баллони билан биргаликда унинг хавфсизлигини таъминловчи бир неча қўшимча мосламалар, масалан, замонавий жўмраклар ҳам ўрнатиляпти. Одатда газ баллонининг сиғими учун 200 баррел стандарт қилиб белгиланган. Агар ундан ортса, баллон деворларига шикаст ета бошлайди ва тезда яроқсиз ҳолга келади. Ушбу жўмрак эса ортиқча сиғимдаги газнинг сизиб сиқиб кетишига шароит яратади. Бирор шикаст етиб газ чиқиши кузатилган ҳолатларда замонавий жўмрак одатий сиғимда узатилаётган газ миқдори ўзгарса, газ узатишни тўхтатиб қўяди ва оқиб чиқиши ва бошқа хавфларнинг олдини олади.
Давлат стандартига асосан, газ баллони 1 йилда бир маротаба кўрикдан ўтказилиши шарт. Лицензияга эга бўлган газга мослашган автомобилларга хизмат кўрсатувчи устахоналарда кўрикдан ўтказиш хавфсизликни таъминлайди.
Ҳуқуқий бекат Ҳуқуқий бекат

-Никоҳ ёшига риоя қилмаслик қандай қонуний жазолар
берилишига сабаб бўлиши ҳақида маълумот берсангиз?
Мастура ҲОШИМОВА,
Кармана тумани.

Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган никох ёшига риоя қилмасдан ғайриқонуний равишда никоҳ муносабатида бўлиш, никоҳнинг хақиқий эмас, деб топилишига олиб келади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, никоҳ институтини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2013 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилганда: яъни “Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, — энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, —энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Бундан ташқари, бундай ҳолатлар ҳатто жиноий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши қонунда алоҳида белгилаб қўйилди. Жиноят кодексига киритилган ўзгартишга биноан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган фуқаролар:
“Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, бундай ҳолат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.
Бундан ташқари, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади».


Саволга Кармана тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Дилобар ПАРДАЕВА жавоб берди.
НЕГА «ЕТТИ ИҚЛИМ” ДЕЙИЛАДИ?НЕГА  «ЕТТИ  ИҚЛИМ”  ДЕЙИЛАДИ?
Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Иқлим лотинча “клима” ( “оғиш”) сўзидан келиб чиққан. Бу сўз фанга эрамиздан олдинги II асрда яшаган Гиппарх томонидан киритилган. У Ернинг одамлар истиқомат қиладиган қисмини ўн икки бўлакка ажратган. Юнон олими Птоломей бу миқдорни саккизтагача камайтирган. Лекин ўз қаламига мансуб “Жўғрофия”да иқлимлар назариясига амал қилмаган. Жўғрофия жойларни минтақалар ва епархиялар бўйича тақсимлаган.
Жўғрофия иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда илк бор Мусо ал-Хоразмий ( 780-850 йиллар) баён қилган. У Курраи заминнинг маъмур, тушунарлироқ қилиб айтганда, инсоният яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратган. Птолемейдан фарқли ўлароқ минтақалар, мамлакатлар ва улардаги жуғрофий ҳудудларни эмас, балки биринчи иқлимдан то еттинчи иқлимгача бўлган жойларни тавсифлаган. Бу жиҳатдан унинг 836-847 йиллар оралиғида битилган “Китоб сурат ул-арз” рисоласи беқиёс аҳамиятга эга.
Китобда қуруқлик, сувлик ва тоғликдан иборат 2402 та жуғрофий жой ўрни келтирилади. Мамлакатлар, шаҳарлар, булоқлар, дарёлар, кўллар, денгизлар, тоғлар ва ороллар иқлимлар бўйича тақсимланади. Бу назария жўғрофия фанининг кейинги ривожига салмоқли таъсир кўрсатди. Хусусан, Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари асосида ўрганишни осонлаштирди.
Ал- Хоразмий ғоясини яна бир буюк бобокалонимиз – Аҳмад ал-Фарғоний ( 798-865 йиллар) ўзининг “Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум” ( “Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”- одатда у “Астрономия асослари ҳақидаги китоб” деб аталади) асарида давом эттирган. Унинг 9-бобини жўғрофияга бағишлаган. Етти иқлимнинг барчасини улардаги мамлакатлар, вилоятлар ва шаҳарлар билан бирга тасвирлаган.
Фақат ўртадаги фарқ шундаки, Мусо ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ул-арз”и Птоломей анъанасига, Аҳмад ал-Фарғонийнинг “Китоб ал –ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ ил ан-нужум”ига ҳиндлар анъанасига асосланган. Аниқроғи, Ал-Хоразмий иқлимлар тавсифини рубъи маъмурнинг энг ғарбий чеккасидан –Африканинг Атлантика уммони қирғоғига яқин оролларидан бошлаб, энг шарқий чеккасигача, яъни Тинч океанидаги япон оролларигача давом эттиради. Кенглама йўналишида экваториал ерлардан то шимолий қутбий ерларгача бўлган ҳудудлар тўғрисида сўз юритилади. Ал-Фарғоний эса, гапни рубъи маъмурнинг энг шарқий четидан бошлайди. Рисоладаги тартиб бўйича кейинги беш иқлим тавсифи диққатга сазоворлиги билан алоҳида ажралиб туради. Уларда Марказий Осиё ҳамда бу минтақага туташ ерларнинг вилоят-шаҳарлари батафсил тилга олинади. Мана, айрим мисоллар:
“Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарқанд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Тус, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, Қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Дайлам, Рай, Исфахондан ўтади.
Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади. Унда Тороз- савдогарлар шаҳри, Навокат ( Навкат), Хоразм, Исфижоб ( Сайрам), Турарбанд ( Ўтрор-ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Армания вилояти, Бардаъа ( Барда), Нашава ( Нахичивон) шаҳарлари бор.
...Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлар ( Марказий Осиё)дан, сўнг Журжон ( Каспий) денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизи ( Қора денгиз)ни кесиб сақлаблар ( славянлар) мамлакатидан ўтади ва Ғарб (Атлантика) денгизида тугайди”.
Кўриниб турибдики, Ал-Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаш асноси ўзининг асл Ватани –Мовароуннаҳр шаҳарлари ҳақида батафсилроқ тўхталган. Бундан ташқари, Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ жўғрофий ҳудудни кўрсатган.
СЎЗ- МАЪНАВИЯТ НУРИСЎЗ-  МАЪНАВИЯТ  НУРИ
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни кенг ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳимлигини барчамиз яхши биламиз.
Мазкур соҳа ходимларига тўртинчи ҳокимият дея бекорга таъриф берилмаган. Бу албатта журналистларнинг жамиятимизда юксак мавқега эга эканлигидан далолат беради. Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини, сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тезкорлик билан ёритишга муносиб ҳисса қўшаётган машаққатли ва шарафли касб эгаларининг касб байрамини алоҳида нишонлаш мақсадида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 27 июнь- Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни деб эълон қилинган.
Ана шу сана муносабати билан Карманадаги “Ўзбегим” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимининг соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят, туман ва шаҳар газеталарида фаолият кўрсатаётган журналистлар, телевидение ва радио мухбирлари, матбаа ходимлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими, сенатор Қ. Турсунов ўткир қалами, уйғоқ сўзи билан халқимизга хизмат қилаётган, барча соҳалардаги янгиланиш ва ютуқларни ёритишга муносиб ҳисса қўшаётган журналистларни касб байрамлари билан табриклаб, бир гуруҳ соҳа фидоийларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.
-Тадбирланганлар қаторидан ўрин олганлигимдан бениҳоя мамнунман,- дейди “Дўстлик байроғи” газетаси мухбири, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Хуршида Нарзиева.- Бу эътибор ва рағбат менга янги илҳом бериши, эзгу ғояларни тараннум этишимга ёрдам бериши аниқ!
Ёниқ сўз машаққатидан шараф топган ижодкорлар ўз касбларидан яна бир карра ифтихор туйдилар. Ҳамкасблар, устозу шогирдларнинг дийдорлашуви эзгу сўзларга ана шундай янги қанот бахш этди.
Ўз мухбиримиз.
Савол сиздан, жавоб биздан Савол сиздан, жавоб биздан

-Никоҳ ёшига риоя қилмаганларга қанақа жазолар берилиши ҳақида маълумот берсангиз.

Замира СОТИБОЛДИЕВА,
Учқудуқ тумани

Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган никох ёшига риоя қилмасдан ғайриқонуний равишда никоҳ муносабатида бўлиш, никоҳнинг хақиқий эмас, деб топилишига олиб келади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, никоҳ институтини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилганда: “Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, — энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, —энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;
Бундан ташқари, бундай ҳолатлар ҳатто жиноий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши қонунда белгилаб қўйилди. Жиноят кодексига киритилган щзгартишга биноан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган фуқаролар:
“Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, бундай ҳолат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади».

Нафиса ҚУРБОНОВА,
Учқудуқ туман ФҲДЁ
бўлими катта инспектори
Шартнома шартлари тарафлар учун мажбурий.Шартнома шартлари тарафлар учун мажбурий.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги
ПҚ-1602-сонли қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларга хўжалик шартномаларини тузишда ва уларни бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда шартнома интизомини мустаҳкамлаш соҳасида Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очиб берилаётган бир вақтда, айрим корхоналар масъул шахслари томонидан шартнома шартларига риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги, бу билан жамиятимизнинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлаётганлиги айниқса ачинарли ҳолатдир.
Вилоят адлия бошқармасига келиб тушган ҳар бир мурожаатни кўриб чиқишда унда кўрсатилган важларга холисона баҳо бериб, фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга асосий эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан якка тартибдаги тадбиркор “Давидов Ўткир Ҳусенович” томонидан шартномага асосан 4.180.000 сўм пул маблағлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида ЯТТ “Давидов Ўткир Ҳусенович” томонидан
“Саид-бобо” хусусий фирмасига 4.180.000 сўм асосий қарз тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур қарздорликни ҳамда унга ҳисобланган пеняни ундириш тўғрисида хўжалик судига даъво аризаси киритилди.
Шунингдек, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ушбу даъво ариза қаноатлантирилиб, “Саид-бобо” хусусий фирмасига 4.180.000 сўм асосий қарз ҳамда 200.000 сўм пеня ундириш белгиланиб, “Саид-бобо” хусусий фирмасининг мурожаати қаноатлантирилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, шартнома интизоми қатъий, унга амал қилмаслик қонунбузилиш ҳолатларини келтириб чиқаради, қонунбузилишга нисбатан эса ҳар доим чора муқаррар эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Суҳроб МУХАМЕТҚУЛОВ,
Навоий вилоят адлия
бошқармаси масъул ходими