ОИЛА ФАРОҒАТИ
ҲАР ҚАНДАЙ БОЙЛИКДАН УСТУН!ОИЛА  ФАРОҒАТИ   ҲАР  ҚАНДАЙ  БОЙЛИКДАН УСТУН!

Инсоннинг барча орзу-умидлари, қувонч ва ташвишлари энг аввало оиладан бошланишини барчамиз яхши биламиз ва инсон манфаати қаердан бошланишини аниқ англаб оламиз. Инсон манфаатларини биринчи галда оила манфаатлари таъминлайди, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки оила тинчлиги ва хотиржамлигида инсоннинг катта манфаати, бахти-саодати мужассамлашган. Оила бахти, фароғати ҳар қандай бойликдан устунлигини бизнинг ўзбекона оилалар мустаҳкамлигида, Шарқона қадрият даражасидаги ўзаро ҳурматда яққол кўриш мумкин. Зеро ОИЛА фарзандларимиз камолини таъминловчи, барчамизни кўзланган ёруғ манзилларга етказувчи, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни, ўлмас қадриятларни, тотувликни авлодлардан- авлодларга етказувчи ҳақиқий бахт ошиёнидир!
Дарҳақиқат, Оила жамиятнинг асосий бўғини. Мамлакатимизда ҳар йили минг-минглаб оилалар бунёд этилмоқда. Оила институтини мустаҳкамлаш учун юртимизда барча ҳуқуқий асослар яратилган. Кармана туманида ҳам биргина жорий йилнинг 6 ойида 444 та никоҳ қайд этилган бўлиб, никоҳланувчиларнинг 100 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди. Никоҳни бекор қилиш ҳолатларининг 2016 йил ярим йиллиги билан солиштирганда жорий йилда 91 тадан 78 тага камайганлигини кўриш мумкин. Худди шунингдек, ёлғиз оналар сони ҳам йилдан-йилга камаймоқда. Бу ҳам оила манфаатлари, навқирон авлод манфаатларини таъминлаш борасидаги ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги ижроси натижаси албатта.
Маҳаллаларда, коллеж ва лицейлар, мактабларда олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишларининг самарасини ёш турмуш қуришнинг ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олинаётганлигида ҳам кўриш мумкин.
Аммо шунга қарамасдан, турмуш қурган ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди
Бундай ҳолатлар зиммамизда бугунги глобаллашув жараёнида оиланинг муқаддаслигини таъминлашга эътиборни янада кучайтириш вазифасини юклаши аниқ. Ҳукуматимиз шахсан Юртбошимиз томонидан айнан ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бутун бир миллатнинг тақдирига дахлдорлигидан далолат беради. Шу ўринда шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтганини таъкидлаш муҳимдир. Юртбошимиз томонидан
кун тартибига қўйилган масаланинг мазмун- моҳиятида, яъни, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётганини яна бир карра юракдан ҳис этдик.
Ўша учрашувда Юртимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деган қўшимча ундовнинг зарурлиги таъкидланди.
Чунки бугун замон шиддат билан ўзгараётган айни пайтда баъзи ёшларимиз учун меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб тушунчалари бутунлай бегона бўлиб бораётганини кўриб кўрмасликка олишга ҳаққимиз йўқ.
Давлатимиз раҳбарининг тадбирда “ баъзан ҳаётда "ЗАГС", яъни, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди.
Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса?” деган ташвишли фикрлари бугун барчани ўйлантириши шарт.

Ҳақиқатан ҳам тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Энг ачинарлиси, меҳрга зор бундай болалар қалби кемтик бўлиб, ҳеч қачон баркамол бўлолмайди.

Имом-хатибларга қарата айтилган қуйидаги сўзларни эса шарҳлашга ҳожат йўқ албатта. “Сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?! “

Энг муҳими, ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлаш муҳимдир. Бу қонунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, жиноий жазо бериш кўзда тутилади.
Бу қонун оиланинг муқаддаслигини таъминлаш учун муҳим ҳуқуқий асослардан яна бири бўлиши аниқ!

Насиба ТЎРАЕВА,
Кармана тумани ФҲДЁ бўлими мудираси
Тадбир
ЭКОЛОГИЯ БИЛИМДОНЛАРИ АНИҚЛАНДИЭКОЛОГИЯ   БИЛИМДОНЛАРИ АНИҚЛАНДИ
Ғиёсиддин НУРИДДИНОВ,
Вилоят Экология ва атроф –муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармси масъул ходими

Маълумки, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа бўлиб турибди. Ёш авлоднинг экологик билим ва маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар кундан-кунга кўпаяётганлиги бу борадаги муаммолар ечимини топишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”нинг 85-бандида Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги жамоалар ўртасида “Экология билимдони” танловини ташкил этиш ва ўтказиш режалаштирилганлиги ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлиб, унинг ижроси белгиланган муддатда таъминланаётганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин. Шу муносабат билан жорий йилнинг 30 июнь куни мазкур тадбирнинг вилоят босқичи ўтказилди. Бунда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Нурота, Хатирчи Қизилтепа туманларидан келган ўрта махсус касб- ҳунар таълими муассасалари жамоалари экология соҳасидаги ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Якуний босқичда Навоий шаҳри номидан беллашувга киришган НДПИ қошидаги 1-сон Академик лицей ўқувчилари ғолиб деб топилиб, танловнинг Республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишди.
ЁРУҒ КЕЛАЖАК БИЗНИКИ!ЁРУҒ  КЕЛАЖАК  БИЗНИКИ!
Нурбек НАСРИДДИНОВ,
Вилоят Экология ва атроф –муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атроф муҳит мониторинги
бўлими 2-тоифали радиологи

Ўзбекистон ёшлари учун бугун дунёнинг барча эшиклари очиқ. Юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларга берилаётган имтиёзлар, бир сўз билан айтганда, ёшлар сиёсатига берилаётган алоҳида эътибор ҳеч бир давлатда йўқлигини барчамиз жуда яхши биламиз.
Юртбошимизнинг 30 июнь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойидаги “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар- эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзусидаги нутқида бу меҳрибонлик ва ғамхўрликни яна бир карра ҳис этдик. Президентимизнинг нутқи биз ёшларга яна янги масъулият, янги куч-ғайрат ва шижоат, орзуларимизга янги қанот бахш этди. Юртимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг биз ёшларга қарата айтган ҳар бир сўзлари ҳаётимизда тарихий аҳамият касб этиши аниқ! Бизга берилаётган имтиёз ва имкониятларни эшитиб, ҳаяжон ва ғурур билан шу юрт фарзанди эканлигимиздан яна бир бор фахрландик.
Мен ҳам 2015 йилда Тошкент давлат техника университетини Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш мутахассислиги бўйича тугатганман. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида радиолог сифатида фаолият юритаяпман. Фуқаро муҳофазаси, радиактив нурланиш аниқланган жойларда текширишлар ўтказиш, таҳлил қилиш асосий вазифамизга киради. Инсон саломатлигини ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида хавфли бўлган ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўришга эътибор қаратяпмиз. Тажрибали устоз мутахассислардан билмаганларимни ўрганяпман. Университетда олган билимларни ҳаётга тадбиқ этиш учун лабораторияларимизда имкониятлар етарли. Ёш мутахассис сифатида жамоада ўз ўрним борлигидан хурсандман.
Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун -30 июнь санасининг Ёшлар куни деб эълон қилиниши ҳам биз ёшларга катта мукофот бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш мақсадида ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни рағбатлантириш учун “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилиши ёшлар меҳнатини янада қадрланишидан далолат беради. Ёруғ келажак бизники эканлигига асло шубҳа йўқ!
Ёшлик -умрнинг бебаҳо фасли. Ана шу куч-ғайратга тўлган, қалбимизда Ватанга меҳр ва садоқат жўш урган ёшлик чоғимизда давлатимизнинг равнақи, гуллаб-яшнаши учун ҳар қанча хизмат қилсак арзийди. Ахир шу азиз ВАТАН барчамизники! Унинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир гиёҳи биз учун муқаддасдир.
Юртбошимизнинг ишончини ўз меҳнатимиз, Ватанга садоқатимиз, ғайрат ва шижоатимиз билан албатта оқлаймиз!
Акс-садо
ЁПИҒЛИК ҚОЗОН ҚАЧОН ОЧИЛАДИ?ЁПИҒЛИК  ҚОЗОН  ҚАЧОН  ОЧИЛАДИ?
«Табиат ва ҳаёт” газетасининг 29 июндаги сонида чоп этилган Маруса Ҳосилованинг “ Иснод” сарлавҳали мақоласини ўқиб...
Манзура ҚЎЛДОШЕВА,
Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими мудири

Газетада эълон қилинган “Иснод” сарлавҳали мақолада маънавиятли, ориятли, ор-номусли ҳамюртларимизни хавотирга солиб , ўйлантириб юрган муҳим мавзу қаламга олинган.
Бугун замон шунчалик тез шиддат билан ўзгаряптики, унга ҳамоҳанг , ҳамқадам бўлиш катта огоҳликни талаб этмоқда. Бутун олам меники, дея айрим ёшларимиз тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўяётганига қачонгача кўз юмиш мумкин? Бундай хунук ҳолатлар миллатимиз шаънига дахлдор бўлган тарбияга эътиборимизни янада кучайтиришимизни тақозо этаяпти. Айниқса, қизларнинг одоби ҳар бир оиланинг шаъни, қолаверса, бутун миллатнинг шаъни, ори -ғурури эканлигини бироз унутиб қўймадикмикин, дея ўйланиб қолдим мақолани ўқиб.
Хизмат юзасидан бизга мурожаат қилган айрим ёлғиз оналар кўз олдимга келди. Бир неча йил олдин фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига янги туғилган чақалоғини кўтариб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёзиб беришимни сўраб келган ўн саккиз ёшли қиз ёлғиз она сифатида ҳужжатларни расмийлаштиришимизни талаб қилганида, ёш экансиз, боланинг отаси қани, балки шошилмаганингиз маъқулдир, ҳеч бўлмаса оталикни белгилаш имкони бордир, дейишимга “отасининг бошқа оиласи, бола-чақаси, невараси бор” деган жавобни олиб, ҳайрон қолдим. Ўзидан 20 ёш катта, отаси тенги бола-чақалик, ҳатто неваралик эркакка ноқонуний хотин бўлишга уни нима мажбур қилди экан? деган саволга жавоб ололмадим. Оддий ҳақиқатни тасаввур қилдим. Ўзига ишонган, ор-номусли қиз аввало бировнинг бахтини ўғирламайди, кўра –била туриб бировнинг тинч уйини, оиласини бузмайди. Ёруғ юз билан оқ либосда чимилдиққа киришни орзу қилган бокира қиз хуфёна яшаш, никоҳсиз фарзанд орттириш, бировнинг эри билан ўғринча яшашдан ор қилади.
Минг афсуски, енгил яшашнинг айнан ана шу йўлини танлаган қизларнинг “ қуроли” бола. Бегуноҳ болани рўкач қилиб, “ оилангни бузаман, ишхонангга бориб шарманда қиламан” деган пўписалар албатта “гуноҳкор” эркакларнинг тиззасини қалтиратиши аниқ! Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолишини истаган бундай эркакларнинг чекига ёш хотинни боқиш, унга бошпана ва барча шарт-шароитларни яратиб бериш каби оғир вазифалар тушиши табиий. Бировнинг оиласини бузаётган қизларини инсофга чақириш ўрнига, “қизимга уйланмасанг, ёрдам бермасанг, ишдан ҳайдаласан, судга бериб, қаматиб юбораман” дегувчи оналар ҳам афсуски ор-номус деган тушунчалардан йироқлашиб кетмоқда.
Ёлғонга қурилган бундай хуфёна оилани янада “мутаҳкамлаш” учун дунёга келган иккинчи-учинчи фарзандлар ҳам шу маккор ёлғиз онанинг боласи бўлиб қайд этилади. Ёпиғлиқ қозон эса бир кунмас- бир кун барибир очилади...
Тўғри, ҳамманинг бахтли бўлгиси, фарзанд кўргиси келади. Бунга инсон боласининг тўла ҳаққи бор. Аммо ўзгаларнинг бахтсизлиги асосида қурилган бахт бахт эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку.
Гоҳида яшин тезлигида бир-бирини ёқтириб қолиб, ота-онанинг розилигини ҳам олмай, ҳали турмуш ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган ёшларнинг турмуш қуришга қарор қилиб, никоҳдан ўтаётганлиги ва ҳали биринчи фарзанд туғилиб улгурмасдан ажралиш учун “югуриб” юрганларига ҳам шоҳид бўлганмиз. Ҳатто тўйгача ажралаб кетаётган йигит-қизлар борлиги ҳам афсуски факт.
Мақолада жуда тўғри таъкидланган. Кейинги йилларда яна бир иллат қизлар ҳаёси, ибоси йўқолиб бормоқда. Мактабни тугатиб, коллеж ва лицейларга ўқиш учун четдан келган қизларнинг аксарияти ота-она назоратидан чиқиб кетди. Ўзларини жуда эркин, ўта мустақил ҳисоблаб “кунгил”га келган ишни қилиб, кечирилмас хатоларга йўл қўяётганлигини бугун яширишнинг ҳожати йўқ. Фарзандини “гуноҳ қилса энг аввало кечирган” оналарнинг эл олдида юзлари қора бўлиб, мулзам бўлиб қолаётганлигига ҳам кўпчилигимиз гувоҳмиз. Қиз бола гулдан ҳам нозик. Унинг хазон бўлишига йўл қўйманг.
Маънавиятнинг илдизлари жуда чуқур. У авлоду аждодларга бориб тақалади. Маънавияти бутун оилаларнинг фарзандлари комил ва имонли, яхши хулқли бўлиши аниқ. Молу давлат бойлик, зебу зийнатлар фарзандларга яхши мерос бўлолмайди. Зеро, Ҳазрат Навоийнинг ҳикматларидан бирида шундай дейилади: “Элга молу дунё, шараф-шон обрў бўлмай, ҳаё билан одобгина шараф ҳисобланади. Чунки ёғиннинг бошланиши ҳаё бўлганидек, унинг ҳар қатраси тупроқни кимёга айлантиради.”
Рости кейинги вақтларда кўча ва хиёбонлардан ўтишга истиҳола қиладиган бўлиб қолдик, сабаби ҳали она сути оғзидан кетмаган ўғил- қизларнинг беўхшов қилиқлари, беҳаё ҳаракатларини кўриб, биз уялаяпмиз, улар эса уялиш у ёқда турсин, ҳатто пинагини ҳам бузмаслигини кўриб, наҳотки ўзбек миллати шу қадар маънавий таназзулга юз тутаётган бўлса, деб ўйланиб қоламиз. Ёшлар билан учрашувларда ҳар доим қизларнинг одоби, ўз шаъни ва қадр-қимматини баланд кўтариш энг муҳим вазифа эканлигини уқтиришга ҳаракат қиламиз. Ёшликда қўйилган ножўя қадам бутун келажакни, ҳаётни барбод қилиши мумкинлигини тушунтирамиз. Аммо бу ҳаракатлар, бу уринишларнинг самараси жуда кам бўлаяпти. Бунинг учун аввало оиланинг ролини, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги бурчини янаям ошириш зарур. Жамоат жойларида шундай хунук манзараларни кўриб кўрмасаликка олмайлик, ёшларни ақлу ҳушини йиғиб олишга чақиришни ўз фуқаролик бурчимиз, деб ҳисоблайлик! Шунда уларни тўғри йўлга бошлаган, уларнинг одоб ва ахлоқ нормаларига риоя қилишларига ёрдам берган бўламиз.
Шу ўринда ҳурматли ота-оналаримизга фарзандингизга жиддийроқ эътибор беринг, улардаги ўзгаришларга бефарқ бўлманг, болангизга тўғри йўлни кўрсатинг, деган бўлардик!
Бугун Юртбошимизнинг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъватлари ҳар бир ота-онанинг, ҳар бир фуқаронинг қалбидан, юрагидан жой олиши шарт! Юртимиз раҳбари “ Бунинг учун бу масалани, яъни ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди” деб жуда тўғри таъкидладилар.
Фарзандларимизни шу муқаддас юртга, шу садоқатли элга муносиб маънавиятли, маърифатли, ор-номусли қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги бурчимиз эмасми?
НАВОИЙДА    “ТОЗА  ҲУДУД” корхонаси 			     ўз фаолиятини бошладиНАВОИЙДА “ТОЗА ҲУДУД” корхонаси
ўз фаолиятини бошлади

Малика МАМАДИЯРОВА,
Вилоят Экология ва атроф муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси
Ер ва Сув назорати бўлими бошлиғи

Вилоятимизда «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасини ташкил этиш бўйича йўл харитаси асосида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Маълумки, мамлакатимизда барча соҳалар қаторида экология ва атроф- муҳит муҳофазаси борасидаги ислоҳотлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2916-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан Навоий вилояти ҳокимининг 2017 йил 5 майдаги “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, вилоятда санитар ва экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янда ошириш” мақсадида Қ-148-сонли қарори қабул қилинди.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимини такомиллаштиришга доир тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг йиғилиш баённомасида ишчи гуруҳлар шакллантирилган бўлиб, амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам тасдиқланган. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган янги ташкил этилаётган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг намунавий Устав лойиҳасига асосан вилоят “Тоза ҳудуд” ДУКнинг Устави ишлаб чиқилди ва 2017 йилнинг 9- июнида Навоий шаҳар “Ягона дарча” маркази томонидан рўйхатга олинди. Шунингдек, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг шаҳар ва туман филиалларининг Низомлари тасдиқланди, Ипотека Банк Навоий вилояти филиалида ҳисоб рақамлари очилди. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг туман, шаҳар филиалларига раҳбарликка номзодлар туман ва шаҳар ҳокимларининг тавсиясига асосан тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида 2017 йил 31 май куни ўтказилган “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича” Республика комиссиясининг 1-сонли мажлис баённомасида Навоий шаҳрида чиқиндиларни йиғиш, олиб чиқиш, саралаш, зарарсизлантириш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун “Бережливость” ХИЧ корхонаси хизмат кўрсатиши назарда тутилган.
Бизнес-режада даромад ва харажатлар прогноз кўрсаткичларини, йўл хариталарини, махсус техникаларнинг маршрутлари графикларини ишлаб чиқиш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати абонентларини юридик ва жисмоний шахсларни тўлиқ қамраб олиш назарда тутилган. Қарорда келтирилган намунавий структура асосида вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК ва шаҳар, туман филиалларининг штат жадваллари ишлаб чиқилди. Ҳудудий Ободонлаштириш бошқармалари таркибидаги “Санитар тозалаш” участкаларининг мавжуд асосий воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “Тоза ҳудуд” ДУК балансига қабул қилиб олиш юзасидан ҳудудларда бир қатор ишлар якунига етказилмоқда.
“Тоза ҳудуд” чинакамига ҳудудларимиз тоза-озодалигини таъминлайдиган корхона бўлиши аниқ.
Экотуризмни ривожлантириш- давр талаби
БАЛИҚ ОВИ ТАНЛОВИ
кўтаринки байрам руҳида ўтди
Навоий вилояти табиатининг ўзига хос ранг-баранглиги билан республикамизда алоҳида ўрин эгаллайди. Бир томонда Қизилқум саҳ-роси чўллари, бир томонда осмонўпар Нурота тоғ тизмалари ҳамда Зарафшон дарёсининг ўрта қисмида бой ва турфа хил деҳқончилик далалари ястаниб ётиши, бол томган боғлари билан яна ҳам тароватли, саховатли замин эканлигидан далолат беради. Зарафшон дарёси билан биргаликда Айдаркўл, Шўркўл, Тўдакўл сингари кўплаб йирик сув манбалари вилоят табиатининг янада ранг-баранг бўлишига катта ҳисса қўшмоқда.
Вилоятимизнинг инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшган қадимий ва бетакрор тарихи ҳам мақтанса арзигулик. Булар Сармишсой дарасидаги ибтидоий қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари, Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба, Қосим Шайх Азизон хонақоҳи ва Нуротанинг ноёб меъморий обидалари бебаҳо ва бетакрор маданий мерос эканлигини бутун дунё эътироф этмоқда, десак асло янглишмаймиз.
Бу тарихий ва табиий ноёб жойларга маҳаллий сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш учун турли тадбирлар ва мусобақалар уюштирилмоқда. Жумладан, яқинда “Маҳлиё Кармана гўзали” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Зарафшон дарёси соҳилига яқин ҳудудда жойлашган балиқчилик кўлида табиат қўйнида ўтказилган тадбир ҳам маҳаллий сайёҳларга ниҳоятда манзур бўлди.
“Ўзбековчибалиқчи” спорт бирлашмаси Навоий вилоят бўлими томонидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда ҳаваскор балиқчилар ўртасида ўтказилган мусобақа “Ҳаваскор балиқ ови-спорт турини оммалаштириш, ёш ҳаваскор балиқчиларнинг маҳоратини ошириш орқали янги аъзоларни бирлашма сафига жалб этиш” мавзуси ва мақсадига бағишланди.
Ҳақиқатан ҳам турли танлов ва тадбирларнинг ўтказилиши ҳаваскор балиқчилар сафининг тобора кенгайишига ёрдам бермоқда. Мисол учун мазкур бўлимда аъзолар сони 2012 йилда 1300 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб 1700 тадан ортди. Бўлимга тегишли овчилик хўжаликлари 2012 йилда 4 та бўлган бўлса, айни кунга келиб 6 та овчилик ва балиқчилик хўжалиги янгидан фаолият олиб боришига эришилди. Бўлимга аъзо бўлганларнинг 25 фоизга яқини 30 ёшга кирмаган ёш балиқчи ва овчилар ҳисобланади.
-Бундай тадбир вилоятимизда ҳар йили ўтказилади,- дейди бирлашманинг Навоий вилояти бўлими бошқаруви раиси Улуғбек Ҳамидов.-Бу йилги танлов ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбирда вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан 30 га яқин ҳаваскор балиқчилар иштирок этиб, кўлда балиқ ови мусобақаси икки соатдан ортиқ давом этди. Натижаларга кўра, 1-ўрин 29 дона балиқ тутган Муродулло Аззамовга, 2-ўрин 9 дона балик тутган Ғулом Раджабовга, 3-ўрин эса энг катта балиқ тутган ҳаваскор балиқчи Ғиёс Шерқуловга насиб этди. Ғолиблар Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Табиат қўйнида балиқ овлашнинг ўзгача гашти бор. Ўзининг севимли машғулоти билан шуғулланиш ҳар қандай кишига завқ бериши табиий. Сергей Шурыгин ҳам ана шундай балиқ овига меҳр қўйганлардан. У жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан танловда фаол иштирок этиб, ташкилотчиларнинг эътирофи ва эътиборига сазовор бўлди. Танловнинг энг ёш ҳаваскор балиқчиси Сардорбек ҳам бу тадбирдан жуда катта таассурот олди. У кўлдан энг кичик балиқни қармоққа илинтирган бўлса-да, катта орзулар йўлида эканлиги билан кўпчиликнинг ҳавасини келтирди.
Танлов баҳонасида табиатдан баҳра олишга муяссар бўлган иштирокчилар бир пиёла чой устида бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастурини тинглаб дам олишди.

МАҲАЛЛИЙ САЙЁҲЛАР УЧУН
янги қулайликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 52-бандида Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори соҳилларида дам олиш инфратузилмаси объектлари учун ер ажратиш ва уларни яратиш лойиҳаларига тадбиркорларни жалб қилиш ва ҳудуд салоҳияти юксаклигини маҳаллий сайёҳлар учун тарғибот қилиш борасида амалий ишлар олиб борилди.
Қизилтепа туман ҳокимининг жорий йилнинг 20 июндаги қарори билан икки нафар тадбиркорга 65 гектар ер ажратилди. Яқин кунларда қурилиши мўлжалланаётган бу мажмуада меҳмонхона, чўмилиш ҳавзаси, сауна, ресторан ва томоша майдони барпо этилади. Бундан ташқари, у ерда катамаронда сайр, балиқ овлаш, туяда сайр, миллий услубда мастер класс асосида таомлар тайёрлаш, томошагоҳда турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу хайрли ишлар амалга ошса Буюк Ипак йўли ўтган ҳудудда ички туризм янада ривожланиши аниқ.

Ўз мухбиримиз.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуни моҳияти“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуни моҳияти


Истиқлол давридан бугунги кунга қадар қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий хужжатлар мамлакатимиз ривожи, тараққиёти учун ҳизмат қилиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини яанада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ва 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чра-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд ҳуқуқ соҳасини янги босқичга олиб чиқди.
Ушбу узвий давоми сифатида мамлакатимизда суд ҳокимияти фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигидир.
Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти ва йўналишлари аниқ равшан белгиланди.
Жумладан, қонуннинг 4-моддасига асосан Конституциявий суд:
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
Конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.
Шунингдек, қонуннинг 7-моддасида Конституциянинг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги Конституциявий суд фаолиятининг асосий принципларидир деб белгиланган.
Қонунга Конституциянинг устуворлиги, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар қўшилганлиги ҳисобига Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари кенгайди. Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили­(омбудсман) Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига киритилди.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Конституциявий суд судьяларининг ваколат муддати ва судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблари ҳам такомиллаштирилди.
Хусусан, Конституциявий суд судьяларининг икки мартадан ортиқ сайланишига йўл қўйилмаслиги, судьяликка номзоднинг ёшига нисбатан бўлган талаб амалдаги 30 ёшдан 35 ёшга оширилганлиги ҳамда судья лавозимида бўлишдаги энг юқори ёш 70 ёш этиб белгилаб қўйилганлиги ўз навбатида, Конституциявий суднинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ишни ривожига хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур қонунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мақоми, Конституциявий судни сайлаш тартиби, Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари, Конституциявий суд судьяларининг мақоми, Конституциявий судда иш юритиш тартиби, Конституциявий судни ташкил этишнинг ва унинг фаолиятининг бошқа масалалари аниқ белгилаб берилди.
Ҳулоса қилиб айтганда ушбу қабул қилинган қонун инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатл арини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Навоий вилоят адлия
бошқармаси масъул ходими
Сухроб Мухаметкулов