Мукофот муборак!
ЧИНАКАМ МЕҲНАТНИНГ ҚАДРИ УЛУҒДИР!ЧИНАКАМ МЕҲНАТНИНГ ҚАДРИ УЛУҒДИР!

Раъно Валиева… Мен бу куюнчак, фидокор, ер билан тиллашган инсон ҳақида беш, олти марта ёзгандирман... Ҳар сафар сўзлашганимда Раъно опани янги қирраларини кашф этаман, бой тассуротлар оламан, ҳаётини тобора англагандек бўламан... Аслида бир одамни тамомила билиш, уни ҳаётини таҳлил қилиш жуда мураккаб иш... Аммо Раъно опа каби бутун умрини далага алишган, халқ хизматига бел боғлаган, давлат манфаатига хизмат қилган шахснинг бор-йўғи шу – фидойилик... У оила кўрмади, бола-чақа ҳузурини билмади, фақат меҳнат ва машаққат ортидан югурди, ака-укаларини уйли-жойли қилиб, жиянларини оёққа қўйди. Бир аёл бўлса, шунчалар бўлар?.. Бир она бўлса бўлар шунчалик!..
Ширингина жилмайиб турган аёлнинг бошидан аслида нима кунлар ўтмади? Ўтган даврнинг таниқли механизатори Турсуной Охуновага ҳавас қилиб илк бор тракторни бошқарганида ёши йигирмага ҳам тўлмаган эди. Ҳавас билан бошлаган ишига ҳасад кўзини тикканлар бор экан. Пахтаю дала, меҳнатдан бошқа нарсани билмаган гулдай қиз, ўша пайтлардаги пахта иши ёлғонларида ноҳақ айбланиб тергов берди. Бу балолардан қутилгач, пилла иши ва яна қанақадир бўҳтонлар чиқди. Деҳқон оиласидан ёниб чиққан аёлни юрагидаги ўтни сўндириш, йўқ қилиб юборишга интилишлар кўп бўлди. Аммо, “Мени кучли қилганлар аслида душманларимдир”, деганга ўхшаб, айнан қийинчиликлар уни ҳаёт майдонида тоблади, чархлади.
Инсонни ноҳақ айбласалар, унинг ҳақлиги эҳтимол бир кунда билинмас. Бир йил, балки ўн йилда билинмас. Аммо ўша кун – қадр юксалган даври албатта келади! Чунки Оллоҳнинг қўлидаги ҳақ тарозилари ҳеч қачон адашмайди, ҳеч қачон қора оқ, оқ қора бўлмайди! Ҳамма нарсанинг аслиси вақт ўтиб билинаверади. Шу каби, Раъно Валиевани ҳам халқ ҳаққоний меҳнаткаш деб таниди, инсон сифатида ғайратига, шижоатига тан бераверди. У раислик қилаётган “Валиобод” фермер хўжалиги ўзининг юқори кўрсаткичлари билан давлатга пахта, ғалла етиштиришда доим пешқадам. Бу орада опанинг депутат, сенатор сифатида ҳам элга фойдаси кўп тегди.
- Ўрта чўлга 1999 йилда чиқиб кетдим, -дейди қаҳарамонимиз кулимсираб. –Ўшанда яйдоқ чўлдан ҳосил олиш у ёқда турсин, тошини териб ерини экишга мослагунча, сувни бу ерга келтургунча жуда катта заҳмат чекиш кераклигини тасаввур қилиб, қип-қизил саҳрога боққанча ўйланиб қолган эдим.... Аммо туман ҳокими билдирган ишончни оқлаш керак, деган масъулият ҳисси ортга чекинишга қўймасди. Бошида чўлдаги 20 гектар ерни ўзлаштирдик. Кейин ўттиз, қирқ... мана, бугунга келиб 91 гектар ердан 52 гектарига ғалла, 33 гектарига пахта экдик. Ғалладан давлат режаси бу йил 136 тонна этиб белгиланган эди, биз эса ортиғи билан 150 тонна дон топширдик. Пахта мажбуриятини ҳам биринчилардан бўлиб уддаладик. Техникаларимиз етарли, ҳеч бир камчилик йўқ. Боғимизда олма, узум, шафтоли, нок етилиб пишган. Бу меваларни ишчилар дастурхонига атаганмиз.
Чўл ерларини экин майдонига айлантириб ҳосил олиш- игна билан қудуқ қазишдай гап. Буни соҳа ходимлари яхшироқ билади. Шундай машаққатларни бўйнига олган аёлнинг сеҳрли қўллари саҳрони чаманга айлантирди.
Ўртачўлнинг қоқ ўртасида тикланган ям-яшиллик узоқдан кўзга ажиб ташланади. Қум барханлари ичра елиб бораётган авто тобора бу яшилликка яқинлашавергач, буғдойзорлар, пахтазору дарахтлар аниқ кўриниш олади. Дала шийпони жуда катта ҳудудни эгаллаган. Мўжазгина ҳовуз атрофи анвойи гуллар билан ўралган. Дарахтлар соя солиб турган ҳовли садҳида ўриндиқлар, стол-стуллар қўйилган. Бу ерда 18 нафар ишчи учун яшаш шароити ҳозир бўлиб, ошхона, ювиниш хоналари, ётоқхона мавжуд. Ҳатто телевизор, радио, аудио апаратуралар, китобу газеталар ҳам бор.
Ҳаммаси бир аёлнинг билагидаги кучи, фаҳм-фаросати, иштиёқ ва ғайрати ҳосили эканини кўриб, доим Раъно опани нега шу вақтгача мукофотга тавсия этишмаган, дея ажабланардим. Мана орадан шунча вақт ўтиб фермернинг меҳнати қадр топди. Президентимизнинг юксак эътиборлари боис, Раъно Валиева “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди! Бу опа ҳаётидаги жуда катта эътироф, бошидан кечирган қийинчиликлари, сабру қаноати, далада режани уддалаш мақсадида тиним билмаган кечаю кундузларига қўйилган ҳайкал бўлди, десак, муболаға бўлмас! Инсоннинг ҳаққоний меҳнати вақти-соати билан албатта қадр топишининг бир исботи бу! Заҳматкаш фермерга, мукофот муборак бўлсин, деймиз!
Ҳилола ИСМАТОВА.
Бугун халқаро туризм куниБугун халқаро туризм куни
Туризм янада ривожланади

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларида миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий қадамжоларга чет эллик сайёҳларни кенг жалб этиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шароитлар ва янги иш ўринларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бетакрор қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, ўзига хос табиат олами мавжудлиги билан Навоий вилояти ҳам туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудуд саналади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида соҳа ходимлари учун туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини кучайтириш, янги туристик маршрутларни яратишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида вилоятда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинаяпти. Туризм йўналишларини тобора кенгайтириш, ҳудудга сайёҳларни кўпроқ жалб этишда “Спутник Навоий”, “Traiding servis”, “Айдар” ўтов лагери, “Сентобистон”, “Ruslan eko servis”, “Сентоб шаҳи Мустафо”, “Қизилқум сафари”, “Hostel Karmana” ва шу каби бир қатор туристик фирмалар, оилавий корхоналар самарали фаолият кўрсатиб келаётир.
Бугунги кунда бизнинг асосий мақсадларимиздан бири юртимизга ташриф буюраётган туристлар оқимини вилоятимизга ҳам келишишига эришишга қаратилган. Ана шу мақсадда ўтказиладиган халқаро туристик ярмарка ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, ўзимизнинг тарихий обида ва зиёратгоҳларимизни кўринишини стендларимиз ва фотосуратлар, видеороликларда акс этиб, уни бошқаларга таништириш, кўплаб хорижлик ва ҳамдўстлик мамлакатлар, юртимиздаги туристик фирмалар билан шартномалар тузишга ҳаракат қилаяпмиз,-дейди …….Бугун халқаро туризм куни
– Вилоятда 70 та архитектура, 306 та археология ва 45 та монументал объектлар мавжуд, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили Фарҳод Эрназаров. – Келаётган сайёҳларни нафақат ушбу тарихий-меъморий объект ва зиёратгоҳлар, шу билан бирга ҳудудимизнинг ўзига хос ҳайвонот олами, сарҳадсиз қумликлардан иборат чўлларию сеҳрли кўллари ҳам ўзига жалб этмоқда. Бу ишларда вилоятда ўз ўрнига эга бўлган сайёҳлик фирмаларининг ҳиссаси катта бўлаяпти. Баҳор ва куз мавсумларида ўзининг мафтункор табиати, флора ва фаунаси билан кишиларни ўзига жалб этган Айдаркўл атрофидаги “Қизилқум сафари”, “Uzbekistan for You” ва “Спутник Навоий” туристик дам олиш ўтовларига, Нуротадаги Чашма зиёратгоҳига сайёҳлар катта қизиқиш билан ташриф буюришади. Шу сабабли ҳам улар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. 2016 йилнинг олти ойи давомида вилоятимизга мингдан ортиқ сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг ўтган олти ойида бу кўрсаткич 4030 нафарга етди. Таъмирталаб бўлган маданий мерос объектларини таъмирлаш, тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Кармана туманидаги “Работи Малик” карвонсаройида таъмирлаш ишлари якунига етказилган бўлса, шу кунларда “Қосим Шайх” зиёратгоҳида ҳам кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари давом эттирилаяпти.
Вилоят экотуризмини ривожлантиришда Нурота туманининг алоҳида ўрни бор. Жумладан, туманда “Ruslan eko servis” оилавий корхонаси ташкил этилиб, бу ерга келган сайёҳлар учун миллий таомлар “Мастер класс” усулида тайёрланади ҳамда улар учун ҳудуднинг қадимий каштачилик намуналари намойиш этилади. Бундан ташқари, тумандаги Сентоб қишлоғида сайёҳлар учун 2 та 30 ўринли миллий уй ва 1 та 25 ўринли меҳмонхона қуриб битказилиб, жорий йилдан сайёҳларни қабул қила бошлади.
– Навоийга келаётган ҳар бир меҳмон ва хорижлик сайёҳлар, албатта, Нурота туманига зиёратга келишади, – дейди тумандаги “Сентобистон” оилавий корхонаси раҳбари Гулмурод Зарифуллаев. – Туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Сентоб қишлоғимиз ҳавоси тоза, атрофи баланд тоғлар билан ўралган, эртакнамо маскандир. Бу ерга келаётган сайёҳлар мўъжизакор тоғ манзарасини, у ердаги қадимий петроглифларни ва энг баланд тоғнинг ёнбағрида жойлашган “Фозилмон” кўлини томоша қилиб, завқ олишади. Сайёҳлар учун 22 кишилик миллий услубдаги уй-меҳмонхона қурганмиз. Унда сайёҳлар учун ўзбек миллий таомлари тайёрланади, улар қадимий Сентобнинг табиати, халқнинг урф-одатлари, миллий ҳунармандчилиги билан ҳам яқиндан танишишади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда вилоятдаги бошқа туманларда ҳам тадбиркорлар томонидан кўплаб мана шундай миллий услубдаги уй-меҳмонхона, дам олиш маскани ва ўтов-меҳмонхоналар бунёд этилиб, сайёҳларга хизмат кўрсатиб келаётир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида вилоятда ушбу соҳада хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида 30 ўринга мўлжаллаб бунёд этилган “Сармишсой” дам олиш маскани шу йил юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуада барпо этилган 15 га яқин ўтовлар, замонавий янги коттежлар мажмуага ташриф буюрган сайёҳларда вилоятимиз ҳаёти билан боғлиқ ажойиб таассуротларни қолдириши шубҳасиз. Нуротадаги “Чашма” зиёратгоҳи атрофи эса кенгайтирилиб, у ерда 30 ўринли яна бир меҳмонхона бунёд этилаётир.
Бундан ташқари, ушбу ойда Зарафшон шаҳрида “Омад бизнес Зарафшон” МЧЖ томонидан бунёд этилган 70 ўринли “Зарафшон” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Ушбу бино ҳам замонавий туризм ва сервис хизматини кўрсатиш имкониятига эга мажмуадир.
Ҳозирда Навоий вилоятида “Grand-M”, “Maximum”, “Камилла”, “Навоий”, “Ёшлик”, “Шердор”, “Nanjin Navoi complex”, “Hotel Texno Plaza” сингари 25 дан зиёд сайёҳлик хизмати кўрсатувчи меҳмонхоналар мавжуд. Жумладан, вилоят марказида жойлашган номлари қайд этилган меҳмонхоналарда “Камилла” меҳмонхонасининг ўзига хос архитектура дизайни, шинам ва барча қулайликларга эга хоналари, у ердаги малакали ходимлар хизматидан сайёҳ-меҳмонлар мамнун. Бу ерда “Wi-Fi” интернет тармоғи хизмати мижозлар учун доимо ишлаб турибди. Ана шундай меҳмонхоналардан бири яъни “Камилла” меҳмонхонаси ходимларидан бирини суҳбатга чорладик.
– Навоий давлат педагогика институтини тамомлаб, шу ерга ишга келдим, – дейди администратор Дилшод Бўриев. – Меҳмонхонага мурожаат этган ҳар бир киши билан хушмуомалалик билан суҳбатлашамиз. Мижозлар билан ўз она тилимиздан ташқари, рус ва инглиз тилларида ҳам бемалол мулоқотга киришамиз. Чунки сайёҳлар турли миллатга мансуб кишилар бўлиб, уларни кўнгилдагидек кутиб олиш, телефон орқали саволларига жавоб бериш, хоналарга жойлаштириш, албатта, ҳар бир ходимдан бир неча тилни пухта билишни талаб этади. Шу кунларда биномизнинг ёнида унинг янги блоки корпуси ҳам қурилмоқда. Ушбу қурилиш ишлари якунланса, меҳмонхонамизда мижозлар учун яна қўшимча 25 та ўрин яратилади. Шундай замонавий меҳмонхонада ишлаётганимдан фахрланаман.
Туризмни ривожлантиришда соҳага малакали мутахассисларни кенг жалб этиш, ходимларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу йил Навоий шаҳрида вилоятдаги меҳмонхоналарнинг администратор ва хизматчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 36 нафар тингловчи малака ошириб, сертификат олишди.
Шуниси эътиборлики, жорий йилдан Навоий вилоятида Тўдакўлнинг жанубий соҳилида ички туризм ва Айдаркўл соҳилларида хорижлик туристлар учун пляжлар ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам бошлаб юборилди. Албатта, ушбу истиқболли лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, бу аввало, вилоятга келаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини янада кенгайтиришга, сайёҳлик йўналишларини кўпайтиришга, маҳаллий аҳолининг қадимий урф-одату ҳунармандчилик анъаналарини дунёга танитишга ва энг асосийси, соҳанинг иқтисодиётдаги улуши ортишига ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши билан муҳимдир.
Раъно РАБИМОВА.
ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙСИЗ!ҚАЛБИМИЗДА  МАНГУ  ЯШАЙСИЗ!
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом КАРИМОВ хотирасига

Асрларнинг силсиласин кўтарган Кент,
Жудоликнинг аламидан чекди нолон.
Не улуғлар хоки ётган эй, САМАРҚАНД,
Бағрингга бош қўйди шундай буюк ИНСОН!

Мангуликка дахлдордир ҳар бир сўзи,
Тоғлар маҳзун, меҳри тушган боғлар дилхун.
Қалбимизни ўртайверар бир чўғ- алам:
“Соғинади СИЗНИ бутун ЎЗБЕКИСТОН!”