Савол-жавоб
НАВОИЙЛИКЛАРГА ҚАНДАЙ ЯНГИ СОЛИҚ
ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛДИ?НАВОИЙЛИКЛАРГА  ҚАНДАЙ  ЯНГИ СОЛИҚ   ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛДИ?

-Президентимизнинг яқинда қабул қилган қарорига асосан навоийликларга солиқ тўловларидан қандай янги имтиёзлар берилганлиги хусусида тушунтириш берсангиз?
Б. Жусипов,
“Қизилқум полимер каучук “ хусусий корхонаси раҳбари


- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.09.2017 йилдаги “Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ва аҳолисининг бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3301-сонли қарори билан 2017-2019 йилларда Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида кафолатланган ишчи ўринларини яратиш ва йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Кўрсатиб ўтилган туманларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик тармоқлари, шунингдек, хизматлар ва экотуризм соҳаларини ривожлантириш режалаштирилаётир. Алоҳида ҳудудларнинг банд бўлмаган фуқаролари ҳунармандчилик ва бошқа мутахассисликларга ўқитилади, уларнинг малака ошириши таъминланади.
Ушбу ҳудудлар учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилди.
Мазкур қарорнинг 6-бандига кўра, вилоятнинг Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари, Нурота туманининг Деҳибаланд, Сентоб, Темирқовуқ, Қизилча, Гум ва Чуя аҳоли пунктлари ҳамда Зарафшон шаҳри ҳудудларида 2017 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январь санасига қадар қуйидаги тўловлардан озод қилиш белгиланган:
саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи (савдо ва автомобилларга газ қуйишдан ташқари) янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари учун – барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан;
чорвачилик ва туячилик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида фаолият юритувчи фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари учун – ягона ижтимоий тўловдан;
тегишли ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун – қатъий белгиланган солиқдан;
тегишли ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва фаолият юритувчи юридик шахслар таъсисчилари томонидан олинган дивидендлар учун – даромад (фойда) солиғидан.
Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасалари, «Баркамол авлод» марказлари, мусиқа ва санъат мактабларида болаларни ўқитиш учун ота-оналарнинг ойлик тўлови жорий йилнинг 1 октябридан умумбелгиланган тўловнинг 50 фоизини ташкил этади.
Худди шу санадан эътиборан санаб ўтилган туманлар ва шаҳардаги фойдаланилмаётган бўш турган давлат объектлари тадбиркорлик субъектларига янги иш ўринлари яратиш шарти билан 10 йилгача бўлган муддатга “ноль” ставка бўйича ижарага берилади.
Саволга Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими
Жасур САЙИДОВ жавоб берди.
“КИТОБ -ДЎСТ, ДЎСТНИ ЭСА СОТИБ БЎЛМАЙДИ... “  “КИТОБ  -ДЎСТ,   ДЎСТНИ   ЭСА  СОТИБ   БЎЛМАЙДИ... “
дейди карманалик энг китобхон оила соҳиби , энг катта шахсий кутубхона эгаси, иқтисод фанлари номзоди Самандар ҚОБУЛОВ.
Самандар Қаландаровични жуда кўп йиллар мобайнида давлат бошқарув органларидаги раҳбарлик фаолияти орқали нафақат Навоий вилоятида, балки республикамизда ҳам яхши танишади. У кишининг Навоий вилоятини қайта ташкил этиш бўйича ташаббускор гуруҳда бўлиб, вилоятимизнинг қайтадан тикланиши йўлида энг кўп елиб-югурганлардан, элим деб, юртим деб, куйиб -пишадиган шахслардан бири эканлигини ҳам алоҳида эътироф этсак арзийди.
Самандар акани қатъиятли, ташаббускор, бир сўзли, билимли, тажрибали, иродали раҳбар сифатида яхши билардик, аммо у кишининг китоб оламига меҳрини, китоб дунёсидаги бойлигини яқинда кашф этдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан маъқулланган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлимининг “Интеллектуал салоҳиятли ёшлар- Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги” номли грант лойиҳасида “Китоб ўқиш оиладан бошланади” акцияси доирасида энг кўп китоб фондига эга бўлган юртдошимиз хонадонига ёшлар ташрифини ташкил этиш каби муҳим маърифат тадбири ўтказилиши ҳам режалаштирилган эди. Ана шу тадбир баҳонасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси, лойиҳа раҳбари Ёрқул Умаров раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ 3 500 та китоб фондига эга бўлган шахсий кутубхонага ташриф буюрдик.
Маърифатли хонадон дарвозасидан кириб, бир-биридан одобли кичкинтойларни кўриб қувондик. Бошланғич синфларда таълим олаётган неваралар биз билан бирга боболарининг шахсий кутубхонасида ҳозир бўлишди. Ҳамманинг ўз бурчаги борлиги аён бўлди. Болажонлар учун эртаклар оламига саёҳат қилдирадиган китоб жавонлари алоҳида эканлиги учун улар ўзлари севган китобларини дарров қўлларига олиб, меҳмонларга ниманидир ўқиб бергилари келаётганлигини сезиб турардик.
Суҳбатни китоб мухлиси, китобни ўзининг энг содиқ дўсти деб билган Самандар Қобулов билан бошладик.
-Отам биринчи марта китоб совға қилганларида олти ёшда эдим,- дейди суҳбатдошимиз.- Мен ҳам ҳамма қатори ўқувчилик йилларимда кўп китоб ўқиганман. Китоб йиғишни эса адашмасам 5-синфда ўқиб юрган кезларимдан бошлаганман. Ҳозир шахсий кутубхонамда 300 йил аввал чоп этилган китоблар ҳам бор. Баъзи китобларни икки мартадан ўқиганман, китобларим орасида ҳали ўқилмаганлари ҳам бор. Жаҳон адабиёти намуналари учун алоҳида, классик адабиёт, тарихий адабиётлар, болалар адабиёти учун алоҳида жавонлар ажратилган. Ўзбек тилидаги, рус тилидаги адабиётларни топишга қийналмаслик учун алоҳида –алоҳида жавонлар қилинган. Ўзим иқтисодчи бўлганим учун иқтисодий мавзудаги китоблар ҳам анчагина.
-Ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳозир компьютерлаштирилган китобларни ўқиш ҳам анча ривожланиб кетди. Аммо китобнинг меҳри иссиқ. Китобни варақлаб, қаҳрамонлар билан бирга нафас оласиз, ўқиб чарчамайсиз. Ҳар бир саҳифадаги воқеалар кўз ўнгингизда гавдаланади, ёдингиздан кетмайди. Китоб -дўст. Китобларни шунинг учун ҳам ҳеч қандай бойликка алмашмайман.
Тадбирда журналистлар, ижодкорлар билан бирга Кармана тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбасари Элёр Кенжаев ва тумандаги 5-умумий таълим мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари, “Кармана овози” газетаси таҳририяти қошидаги ёш ижодкорлар тўгараги аъзолари ҳам иштирок этиб, маънавий бойлигимиз саналган китоблар оламидан баҳраманд бўлдилар.
- Катта уйнинг тўрттала деворлари бошдан охиригача китоб билан тўлган бундай катта ва бой бўлган шахсий кутубхонани биринчи марта кўришим, -дейди 5- умумий таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ситора Нормуродова.- Мен ҳам китобларни жуда севаман. Ҳозиргача анча китоблар тўплаганман. Келгусида шахсий кутубхонамни янада бойитиш истаги туғилди.
-Мазкур шахсий кутубхона ноёб китобларга ниҳоятда бойлиги билан ажралиб туради,- дейди А. Қодирий номли вилоят Ахборот-кутубхона маркази директори Рамазон Ражабов.- Бизда китобларни тезкор рақамлаштирадиган сканер мавжуд бўлиб, ноёб нусхадаги китоблар рақамлаштирилиб, DELEB.UZ сайтига жойлаштирилади ва у китобдан бошқалар ҳам баҳраманд бўлиши мумкин. Чунки ҳозирги кунда ҳар ойда 150 нафар китобхон ана шу сайтдан электрон китобларни ўқиш имконига эга бўлиш учун аъзо қилинаяпти. Шарти оддий: Ахборот-кутубхона марказимиз томонидан сайтга кириш учун код ва логин парол берилади ва бемалол фойдаланиш имконига эга бўлади. Келгусида Самандар Қобуловнинг шахсий кутубхонасидаги айрим қимматли китобларни ана шундай рақамлаштириш асосида кўплаб китобхонлар ҳукмига ҳавола этиш ниятидамиз.
Қаҳрамонимиз фақат китоб ўқиш, китобларга бойлиги билан эмас, балки китоб ёзишда ҳам ўрнак олса арзийдиган инсон. Ҳозиргача 10 дан ортиқ китоблар муаллифи сифатида Самандар Қобулов кўпчиликка яхши таниш. Айни кунларда қадим Кармана тарихи ҳақидаги китоб устида ишлаяпти.
-Ота-она дуосини, оила фароғатини, фарзандлар камолини, дўстлар садоқатини, адолат ва ҳақиқат мезонларини, яшашнинг маъносини китобга меҳр ва дўстликда деб билдим,- дейди Самандар ака.- Ҳаётимнинг энг оғир дамларида ҳам китобга суяндим, ундан мадад олдим, ундан куч олдим...
Дарҳақиқат, китобга дўстлик сабаб оилада барча фарзандлар маълумотли, неваралар билимдон, дўсту қадрдонлар илмга ташна. 93 ёшли Қаландар бобонинг қўллари эса дуода. Бундай оила гулшани ҳамиша чароғон, доимо фаровон. Китоб тафаккур чироғини ёққан бундай кўнгилларда Ўзбекистоннинг ёруғ эртасига ишонч мужассам!
Маруса ҲОСИЛОВА
Тоза ҳавони соғиндик!
ҲАММА НАРСА ИНСОН УЧУН...МИ?Тоза ҳавони  соғиндик! ҲАММА  НАРСА  ИНСОН  УЧУН...МИ?

Инсон учун энг қимматли нарса - ҲАЁТ! У инсонга бир марта берилади... Уни қандай яшаш инсоннинг ўз хоҳиши, аммо қандай шароитларда умр кечириш гоҳо инсонга боғлиқ бўлмай қолади. Умрнинг яхши-ёмонлиги, қисқа ёки узунлигини атроф-муҳитнинг таъсири белгилаши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги техника асри, барча соҳалардаги ривожланишлар, тенгсиз тараққиёт ўзгаришлари инсон ҳаётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқ. Саноатнинг ривожланиши, завод, фабрикалар, автотранспорт воситаларининг кўпайиши бу борадаги мураккабликларни янада ошириши табиий.
Ўйлаб кўринг. Тонгда тоза ҳаводан тўйиб нафас олганингизни эслай оласизми? Уйқудан уйғониб, бошингизга гўёки қўрғошин қафас қуйилгандек ўзингизни нохуш сезишингиз ҳам оддий ҳақиқатга айланиб қолдими?
Бунинг сабабини бугунги кунда барчамиз жуда яхши биламиз: Шаҳримизда жойлашган саноат корхоналари чиқараётган зарарли чиқиндилар. Хусусан “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан чиқаётган зарарли газлар эшикни ёпсак, тешикдан кириб,соғлигимизга зиён етказмоқда.
Республикамиздаги йирик кимё саноати корхоналаридан бири сифатида ном қозонган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотларининг катта қисмини ишлаб чиқараётган мазкур корхона шўролар даврида қурилганлигини инобатга оладиган бўлсак, масала янада ойдинлашади. Ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида узлуксиз фаолият кўрсатаётган мазкур корхона модернизацияга муҳтожлигини таъкидлашга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли газлар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги оқибатида келиб чиқаётган муаммоларни санаб адоғига етиш қийин.
Ана шу муаммолар ечимини топиш мақсадида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси томонидан “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг умумий фаолияти ва унинг атроф- муҳитга таъсири” мавзусидаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсадини “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни жойларда амалга оширишдан иборат бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят адлия бошқармаси, вилоят экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, вилоят санитария ва эпидемиология назорати маркази шифокорлари, вилоят Гидрометереология маркази мутахассислари, вилоятдаги йирик саноат корхоналарининг бош экологлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Навоий шаҳар ва Кармана туман маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари ҳамда вилоятнинг бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувини ташкил этишда Ўзбекистон экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси координатори Эшмамат Тоғаев бош-қош бўлди. Тадбирда вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Бақоевнинг “Навоий вилоятининг йирик саноат корхона ва ташкилотлари, уларнинг атроф -муҳитга таъсири”, Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Д. Аҳмедованинг “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг саноат йўналишидаги фаолияти ва табиатга кўрсатаётган салбий таъсири”, вилоят давлат санитария ва эпидемиология маркази бош врачи ўринбосари Ш.Набиевнинг “Вилоят атмосфера ҳавосининг санитар-гигиеник ҳолати ва унда “Навоийазот” АЖ фаолиятининг ўрни”, “Навоийазот” акциядорлик жамияти бош экологи Н.Саломованинг “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги маърузалари тингланди.
Жамоатчилик эшитувидан асосий мақсад аҳоли саломатлигига хавф туғдираётган омилларни бартараф этишдан иборат бўлиб, мутахассислар ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда аниқ таҳлиллари билан иштирок этдилар. Қуйида уларнинг мулоҳазалари билан танишишингиз мумкин:
Хайрулло БАҚОЕВ,
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари

-Бугунги кунда атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш глобал муаммога айланган. Атмосфера ҳавоси табиий ва антропоген омиллар таъсири остида ифлосланади. Йирик саноат корхоналари, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ҳавони ифлослантираётганлиги инсон саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Маълумки, йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, собиқ шўролар тузуми даврида, аҳоли яшаш пунктларига яқин масофаларда, яъни табиий сув манбаларига яқин жойларда қурилган. Навоий вилояти аҳолиси ҳам худди ана шу ҳолатдан азият чекмоқда.
Мустақилликкача бўлган даврда маҳсулот ишлаб чиқаришда инсон соғлиғига, айниқса Марказий Осиё республикалари аҳолиси саломатлигига, беписандлик, бефарқлик билан қаралганлиги ҳеч кимга сир эмас. Таъкидлаш лозимки, кимё саноатининг табиатга, инсон соғлиғига таъсири энг кучли бўлган корхоналари худди шу ҳудудга қурилган.
Умуман олганда, вилоят ҳудудида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти, геология ишларининг олиб борилиши, маъданларни қазиб олиш тизими ва улардан керакли метал ва хом ашёларни ажратиб олиш ҳамда ҳосил бўлган ташланма ва чиқитларни жойлаштиришдек мураккаб технологик жараёнлар табиатга салбий таъсир этмай қолмайди.
Мавжуд барча ишлаб чиқариш мажмуаси атроф-муҳитга, аввалом бор инсон соғлиғига, атмосфера ҳавоси таркибига, сувнинг сифатига, тупроқ структураси тизимига, ёввойи ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсининг сифат ва сон жиҳатдан ўзгаришига салбий томондан таъсир этиб, жойларда экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Технологияларнинг эскириши ишлаб чиқариш жараёнларининг бузилишига, бу эса атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорининг кўпайишига сабаб бўлади. Ўтган йил мобайнида “Навоийазот” АЖда технологияларнинг носозлиги оқибатида 12 марта авария ҳолатлари қайд этилган. Бугунги давр янги технологияларни ҳаётга тадбиқ этишни тақозо этмоқда. Юртбошимизнинг алоҳида эътибори туфайли “Навоийазот” корхонасида ҳам модернизация ишлари бошлаб юборилган. Чет эл инвестицияси ёрдамида айрим цехларнинг қайта қурилиши электр энергиясини тежашга, маҳсулот сифатини оширишга, энг муҳими, табиий муҳитга етказиладиган зарарни камайтиришга ёрдам бериши аниқ.
Дилфуза АҲМЕДОВА,
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи

-Вилоятимизда атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатувчи металлургия, иссиқликлик энергетикаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кимё саноати соҳасида фаолият кўрсатаётган 572 та назорат остига олинган объектлар мавжуд. Шу жумладан, 304 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, 268 та транспорт корхоналаридир.
Атмосфера ҳавоси бўйича Навоий вилоятининг мониторинг рўйхатига кири-тилган объектлар қаторида “Навоийазот” АЖ ҳам бор. Мазкур корхона фаолиятида 2016 йил давомида 8,044 минг тонна зарарли газлар атмосфера ҳавосига чиқариб ташланган.
Вилоятда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича мониторинг ишлари Навоий вилояти гидрометеорология бошқармасининг лабораторияси томонидан олиб борилади. Вилоятда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилиш учун 3 та стационар ва 1 та кўчма кузатув постлари мавжуд бўлиб, постларда атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар: чанг, олтингугурт оксиди, углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, озон, фенол ва аммиак моддалари бўйича намуналар олинади ва уларнинг таркибига кимёвий таҳлиллар ўтказилади. Мавжуд постлардан олинган намуналарнинг кимёвий таҳлиллари натижасида атмосфера ҳавосида бирор -бир ингредиентнинг миқдори улар учун белгиланган меъёрдан ортиш ҳолатлари аниқланган тақдирда зудлик билан қўмитага хабар берилади. Ҳисобот даврида чанг миқдори, азот икки оксиди белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги қайд этилди. Бу ўз навбатида хасталикларнинг кўпайишига, ногиронлар сонининг ортишига, носоғлом чақалоқлар туғилишига сабаб бўлиши аён. Бунга бефарқ қараш миллатимиз келажагига раҳна солиши муқаррарлигини ҳеч ким инкор этолмайди.
Тадбирда жамоатчилик вакиллари “Навоийазот” корхонаси ва унинг атроф- муҳитга таъсири бўйича ўзларини қийнаб ва қизиқтириб келган саволларга тегишли соҳа мутахассислари томонидан жавоб олдилар.
Иштирокчилар таъкидлаганларидек, бугунги кунда атроф- муҳитга антропоген ва техноген таъсирни камайтириш масаласи муҳим ва долзарб муаммолардан биридир. Демак, атроф -муҳит ҳолатини мониторинг қилиб бориш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Уни амалга ошириш учун ифлослантирувчи манбалар ҳисобини олиш, экологик мониторинг жараёнини максимал автоматлаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, мавжуд ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш, инновациялар, хавфсиз экологик технологияларни сингдириш ҳамда давлат ва жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш орқали эришиш мумкин, деган хулосага келинди.
Тадбир якунида жамоатчилик эшитувида билдирилган таклиф, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича 15 кун муддатда “Навоийазот”нинг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш; “Навоийазот”АЖнинг барча йўналишлари бўйича экологик норматив ҳужжатларни жорий йилнинг декабрь ойигача ишлаб чиқиш; корхонанинг айрим цехларини босқичма-босқич шаҳар ҳудудидан чиқариш таклифини Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий Кенгашига ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига бериш; Навоий шаҳрининг 10-кичик тумани ҳудудида “Навоийазот”АЖ маблағлари ҳисобидан 2018 йилнинг май ойига қадар гидромет пост қуриш таклифини киритиш; “Навоийазот” фаолияти билан боғлиқ экологик муаммоларни ва янги технологик жараёнларни яхшилаш мақсадида 2018 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Навоий бўлими, Навоий давлат кончилик институти ва Навоий давлат педагогика институти олимлари иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошириш; “Навоийазот”нинг умумий фаолияти ва унинг атроф -муҳитга таъсири” масаласини вилоят ҳокими соатига масала сифатида киритиш; корхонада содир бўлган технологик ва кутилмаган ташланмалар бўлганда, давлат экологик назорати ходимларининг сўзсиз ўз вақтида кириш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш; Табиатдан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар томонидан атроф-муҳит софлигини сақлаш бўйича ажратиладиган маблағларнинг етарли ёки етарли эмаслиги тўғрисида кретерий белгилаш; Навоий шаҳрида бўлган 1 километрлик “Яшил белбоғ” зонасини тиклаш бўйича бир қатор тавсиявий мақомга эга бўлган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоатчилик эшитуви амалга оширилди. Соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Аммо унинг ижросига ким кафолат беради? Таклиф ва тавсиялар қоғозда қолиб кетмаслигига, атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ масалалар мутасадди раҳбарларнинг виждон ишига айланишига умид қиламиз. Бу тоза ҳавони соғинган барча навоийликларнинг энг катта ОРЗУСИ ва ИСТАГИ! Ахир ҳамма нарса ИНСОН учун эмас...ми?




БАРГИ ХАЗОН УМРИМИЗГА ЗАВОЛ БЎЛМАСИН! БАРГИ ХАЗОН  УМРИМИЗГА  ЗАВОЛ  БЎЛМАСИН!

Зебохон ТЎРАҚУЛОВА,
Вилоят Экология ва атроф –муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси


Ўлкамизга куз фасли кириб келиши билан дов-дарахтларнинг барглари олтин тусга кира бошлайди. Шу тариқа табиат қишки уйқуга ҳозирлик кўради. Бир томондан қарасангиз чор атрофнинг олтин тусга кирганлиги дилларни қувонтирса, иккинчи томондан уларнинг тўкилиб, барча майдонларга тарқалиши дилни хира қилади. Лекин дарахт шохларида ям-яшил бўлиб турадиган, иссиқ пайтлари оромбахш соя берадиган барглар сарғайиб ерга тушганда, баъзи фуқаролар уларни териб, йиғиштириб олиб, дарҳол йўқ қилишнинг энг осон йўли- ёқиб юборишга шошиладилар.
Вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан ҳар мавсумда айнан хазонларни ёқиб юбориш оқибатида қандай моддалар ажралиб чиқиши ва атроф -муҳитга тарқалиб қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида вилоятимиздаги умумий таълим мактабларида, қишлоқ врачлик пунктларида, шунингдек бир қанча корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Қуриган япроқлар ёки хазон ёниши учун юқори ҳарорат талаб қилинмайди, лекин, ёниши оқибатида ҳосил бўладиган тутун таркибида жуда кўп миқдорда заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Булардан азот оксидлари, углерод оксидлари, углеводородлар ва ис гази ҳисобланади. Бу заҳарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чикаради. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Шифокорларнинг маълумотларига кўра, атмосфера ҳавосини ифлосланишининг организмга таъсири инсоннинг индувидуал хусусиятлари ёши, жинси, саломатлигига боғликдир. Одатда ёш болалар, кексалар ва беморлар заиф бўладилар. Шунинг учун улар тезроқ ва оғирроқ зарар кўриши аниқ.
Барчамиз атмосфера ҳавосининг ифлосланиб кетаётганлигидан нолиймиз, зорланамиз. Лекин унинг ифлосланишида инсонларнинг таъсири катталиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.
Баргихазонларни йиғиб, махсус чиқиндихоналарга чиқариб компослаш йўли билан маҳаллий ўғит олиб, кейинги йилда қишлоқ хўжалигида маҳаллий ўғит сифатида ишлатиш ҳам мумкин.
2017 йилнинг 9 ойи давомида вилоятимиз бўйича ноқонуний битум эритилганлиги, шох-шаббалар ва ўсимлик қолдиқлари ҳамда барги ҳазонларни ёққанлиги учун 100 та қонунбузарларга нисбатан 18023037 сўм миқдорида жарима солинди ва ундириб олинди. Биз экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассисларининг мақсадимиз фуқароларни ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жаримага тортиш эмас, аксинча уларда табиатга бўлган меҳрни кучайтириб, барчамиз учун керакли ва азиз бўлган табиатимизни келажак авлод учун асрашдан иборатдир.
Ҳар бир инсон соғ-саломат бўлишни истаса, атроф- муҳитни асраб-авайлашни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблаши лозим.
Билиб қўйган яхши

* Анемияда, қон саратонида ҳар куни 5 кг. олма ейиш тавсия этилади. Олма егандан сўнг 1-2 соат давомида чой ичиш тавсия этилмайди.
*Камқонликда ҳар куни чекланмаган миқдорда тарвуз истеъмол қилиш тавсия этилади.
*Анор шарбати овқат ҳазм қилиш ва ҳазмга кўмак берувчи хусусияти билан инсон организми учун жуда фойдали. У биоген стимулятор сифатида ошқозон ости безидаги иллатларни даволашда ёрдам беради. Камқонликда ва қонни тозалаш зарурати туғилганда истеъмол қилинади.
*Халқ табобатида қоқиўт илдизи ва поя қисмидан тайёрланган дамлама жигар ва ўт пуфаги хасталикларида ўт ҳайдовчи ҳамда иштаҳа очувчи, қонни тозаловчи восита сифатида қўлланилган.
*Бодрингнинг аччиқ навларини истеъмол қилиш ўсимтага қарши таъсир кўрсатади.
*Турли жойлардаги саратон ўсимталарида, айниқса, ошқозон ва ичак саратонида хом карам ва карам шарбати истеъмол қилиш тавсия этилади. Карам ўзагини истеъмол қилиш ҳам ўсимтага қарши таъсир кўрсатади.
* Соч тўкила бошлаганда бодринг ва сабзи шарбати аралашмаси ( 1:1 нисбатда) бир ҳафтада 2 марта 15-20 дақиқадан бошнинг сочли қисмига суртилади.
*Веналарнинг варикоз кенгайишида оддий карам баргларидан компресс қилинади. Камида ярим соат ушлаб турилади.
* Дўлана юрак мушакларига яхши таъсир қилиб, қон босимини анча камайтиради.
“Саломатлик кутубхонаси”дан
Экологик тарбияБОЛАНГИЗГА  ЎРНАК   БЎЛИНГ!
БОЛАНГИЗГА ЎРНАК БЎЛИНГ!

Зарифа БОБОХОЛОВА,
Навоий шаҳридаги “Эртак” номли
10-сон мактабгача тарбия муассасаси
тарбиячиси

Жажжигина қизалоқ дадаси ҳовлиларидаги болта билан чопиб ташлаган катта дарахт шохларига , бир пасда сўлиб қолган япроқларга қараб раҳми келди. Дадасидан нима учун шундай азим дарахтни чопиб ташлаганини сўради. Дадаси бу дарахт ўрнига ошхона қуришни режалаштирганлигини, кейин аяси бу ерда ширин таомлар пиширишини таъкидлади. Орадан анча вақт ўтиб, ошхона ҳам битди. Ширин таомларнинг ҳиди бутун ҳовлини тутиб кетди. Бутун оила аъзолари дастурхон атрофида жамул-жам бўлдилар. Аммо қизалоқнинг томоғидан овқат ўтмади... Қизча ҳамон шохлари синган, барглари илтижоли ҳилпираётган дарахтни ёддан чиқаролмасди. У болаларига табиатни севишга, ўсимликларни, ҳар бир гулу гиёҳни асрашни ўргатган, уларга озор бериш гуноҳ саналишини уқтирган дадаси нимага ўз сўзига амал қилмаганини тушунолмасди.
Дарҳақиқат, инсон жамият ва табиат ўртасидаги ўзаро ўзгариб турувчи муносабатларнинг оқилона бир тарзда тартибга келишини, шунингдек ҳар бир киши табиатни асрашга интилиши, келажак авлодлар олдида жавобгарлик ҳиссини сезиши шарт.
“Бола бошдан...”, деган гап тўғри. Мактабгача ёшдаги болаларга илк ёшданоқ дарахтларнинг шохларини синдирмасликка, гулларни, капалакнинг қанотини узмаслик, ниначига озор бериш, қушларни ўлдириш, ит-мушукларни қийнаш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш гуноҳ эканлигини машғулотларда, сайрларда, ривоят, ҳикоялар ва шеърлар оркали тушунтириб бериш зарур.
Мактабгача тарбия ёшидаги болажонларга табиат ҳақида тушунча беришнинг аҳамияти жуда катта. Зеро бола борлиқ муҳитни табиат орқали англайди. Теварак атрофимизни қуршаб олган нарса ва ҳодисаларни кўриб, солиштиради ва таҳлил қилиб, хулосалар чиқаради.
Масалан, бир ўсимлик кўкариб гуллагунга ва мева туккунга қадар бўладиган даврни кузатганда, ўзи учун қанча янгиликларни кашф қилади, ҳайратланади.
Демак, бола ақлий томондан ҳам тарбияланади, ҳам мантиқий тафаккури ўсади.
Экологик билим беришда мактабгача тарбия ёшидаги болаларда назария ва амалиётни бирга олиб борилса, табиатни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш тасаввур ва тушунчаларни кенгрок камраб олади. Она юртимиз табиатини ҳар бир мавсумда ўзгаришини болажонлар билан кузатишимиз ва унинг мазмунини секин-аста мураккаблаштириб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Мактабгача тарбия ёшидаги болажонларга экологик вазифалар бўлган ҳайвонларни парвариш килиш, ўсимликларни эҳтиёт қилишга одатлантириш, болаларни истироҳат боғига, боғча полизига, экинзорларга сайрга олиб чиқиш, у ердаги дарахт, гуллар, экин ва ҳайвонлар билан таништириш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш керак. Болаларда табиат гўзаллигидан завқ олиш туйғусини тарбиялаш, ўсимлик ва ҳайвонларга зиён етказмаслик, атроф- муҳитни ифлос қилмаслик чиқиндиларни ҳар ерга ташламасликка ўргатиш зарур. Болалар онгига сув, хаво, озиқ-овқат, кийим -кечак, ёруғлик, иссиқликнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамиятини, уларни тежаш зарурлигини ҳам сингдириш керак. Табиатнинг тозалиги факат табиат учунгина эмас, энг аввало инсонларнинг ўзлари учун ғоят муҳимлигини уқтириш лозим.
Экологик маданиятли киши ўз фаолиятини тўлалигича табиатдан рационал фойдаланиш талабларига бўйсундиради.Табиатни асрашга ғамхўрлик қилади, унинг бузилиши, ифлосланишига йўл қўймайди. Шундай экан, биз педагоглар экологик тарбияни мактабгача ёшдаги болажонлардан бошлайлик. Энг аввало ўзимиз уларга ўрнак бўлишни унутмайлик.

“Энг муҳим масала- аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин.”
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
21 октябрь- Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунОНА ТИЛИМ
ОНА ТИЛИМ
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ шоири

Минг йилларким булбул каломи
Ўзгармайди яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли,
Ўзгаларга тақлид ҳамиша

Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!