Мавлоно Ориф Деггароний меъморий обидаси (XI аср)Мавлоно Ориф Деггароний меъморий обидаси (XI аср)
Ушбу обида Кармана шаҳридан 30 км ғарбда жойлашганҲазора қишлоғидаги, Мовароуннаҳрнинг энг қадимги ёдгорликлардан биридир. Манбаларда келтирилишига кўра унинг қурилиш даври XI аср бошларига тўғри келади . Қадимда ушбу қишлоқ аҳолиси ўтга чидамли қозон тайёрлаш ишининг моҳир усталари бўлишган. Шунингдек, Работи Малик карвонсаройи яқинида жойлашган ушбу манзилнинг номи Хазора ( минг йўл туташган чорраха) деб аталиши, ўтмишда бу ерга Буюк Ипак йўли бўйлаб кўплаб мамлакатлардан савдо карвонлари ташриф буюрадиган, Марказий Осиёдаги энг йирик кўнимгохларидан бири бўлганлигидан дарак беради. Иморатнинг гумбазлари 4 та мустаҳкам пишиқ ғишт устунларга жуда пухта ва аниқ ҳисоб китоблар асосида қурилганлиги ҳамда ноёб лойиҳасига кўра юртимиздаги ўзига хос ягона меъморий обида ҳисобланади. Ёдгорликдан ҳозирда масжид сифатида фойдаланилмоқда. Бинонинг тархи квадрат шаклда 17х17 метр ўлчамда бўлиб, у пишиқ ғишт ва пахсадан қурилган.Пастдан баландгача қалинлиги 1 метр бўлган 15 пахса урилиб, ҳар пахсанинг орасига бир қатор пишиқ ғишт терилган. Иморатнинг ички қисмида кубсимон хонақоҳ, ўрта қисмида диаметри 1,28 метр келадиган 4та пишиқ ғиштин устун бўлиб, уларнинг орасига катта равоқлар, тепасига иккитадан кичик равоқ жойлаштирилган. Марказий гумбаз ушбу устунлар устидан чиқарилган ва 12 бурчак безак ҳосил қиладиган равоқлар устидан кўтарилган. Хонақоҳнинг шимолий, жанубий ва ғарбий томонларида хушбичим ғиштин шарафалар мавжуд. Масжиднинг кунчиқар томонидаги эни 3,14 метр, узунлиги 17 метр бўлган уч эшикли кириш қисми кейинчалик пишиқ ғиштдан қурилганлиги кўриниб турибди. Бу томонидаги иккита шарафа, қолган томонлардаги 6та осилиб турган шарафалардан фарқ қилиб девор устидан кўтарилган. 3 томонидаги 6та шарафанинг ҳеч нарсага тегмай осилиб туриши бир мўжизага ўхшайди. Кириш қисмининг меъморчилиги XIV асрга хосдир, чунки бу ердаги ғиштлар Работи Малик ва Сардоба XIV асрда қайта таъмирланганда ишлатилган ғиштлар билан бир хилдир. Мовароуннаҳрда ягона бўлган ушбу обида 2006 йилда қайта таъмирланиб, ҳозирги кунда бу ёдгорлик мажмуаси бутун мусулмон оламига машҳур зиёратгоҳга айланди. Шуниси эътиборлики, Хожагон Сулукининг машҳур суфийларидан бири бўлмиш Шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313–1376) шу қишлоқда туғилган ва шу ерда дафн этилган.
Мажмуада ул зотнинг хотирасини эслатиб турувчи даҳмаси ва қадимий шифобахш сувли қудуқ ҳамда чиллахона сақланиб қолган. Бу зот Нақшбандия тариқатидаги Хожагон Сулукининг буюк намояндаси бўлганлиги тарихий манбаълардан яхши маълум. Ҳудудда 2006-2007-йилларда кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди ва Навоий вилояти ҳокимлигининг қарори билан Мавлоно Ориф Деггароний тарихий музейи ташкил этилди. Мустақиллигимиз шарофати билан ушбу жаннатмонанд масканга ташриф буюрувчи зиёратчи ва сайёҳларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.
РАБОТИ МАЛИК САРДОБАСИ (ХI аср)РАБОТИ МАЛИК САРДОБАСИ (ХI аср)РАБОТИ МАЛИК САРДОБАСИ (ХI аср)
Сардоба форсча “Сард”-совуқ, “оба”-сув маъносини билдиради. Сув танқис ерларда уни сақлаш учун махсус қурилган гумбазли ҳовуздир. Сардоба девори силиндир шаклида бўлиб, қалинлиги 1,5 м, диаметри 12-13 м, чуқурлиги эса 15-18 м атрофида. У сифатли пишган ғишт ва гилдан ишланган. Сардобага кириш учун эшик ҳам ўрнатилган. Сувни тоза сақлаш учун унинг олд томони девор билан ўралган. Малик сардобаси жуда нодир қурилиш иншоотларидандир. Маълумотларга қараганда Мовароуннаҳрда 44 та сардоба бўлган. Улардан 29 таси Қарши чўлида, 3 таси Мирзачўлда, 3 таси Фарғона ва Тошкентда, 1 таси Кармана яқинидадир. Шундан кўриниб турибдики, Малик Работ сардобаси Самарқанд ва Бухоро орилиғидаги чўлларда ягона оби ҳаёт манбаидир.
Работи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи – диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган Сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини Маккадаги лазиз Зам-зам сувига қиёслайди.
Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган. Карвонсарой ўзининг дастлабки вазифаси эътибори билан XVIII асргача хизмат қилиб келган. Унда Амир Темур ва унинг авлодлари, Бухорода ҳукмронилк қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи Абрўнинг маълумотига кўра, Улуғбек 1420 йилда ушбу минақаларда тўхтаб 40 кун ов қилган.XIX-XX аср бошларида бу ерда Работ номи билан маълум умри қисқагина бўлган қишлоқ ҳам шаклланган.
Буюк бунёдкор, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидай, Қизилқум саҳроси, Навоий вилояти – мамлакатимизнинг олтин сандиғидир. Ҳар қадамидан бир мўъжиза, бир хазина, бир ҳикмат топасиз.Қизилқум саҳроси, Навоий вилояти – мамлакатимизнинг олтин сандиғидир.
Қосим Шайх хонақосиҚосим Шайх хонақоси

ХУI аср маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган Қосим Шайх Азизоннинг бутун фаолияти эзгу ва хайрли ишларига қаратилган. Бухоро ҳукмдори Абдуллахон томонидан 1558 йилда Ҳазрат Қосим Шайхга атаб Карманада хонақоҳ барпо этган. Қосим Шайх бу хонақоҳда карманаликларга тасаввуф илмидан сабоқ берган. Хонақоҳ гумбазли масжид ҳамда ўнта бир-бирига туташ бўлган ҳужралар ва айвондан иборат. Қосим Шайх масжиди ва у кишининг қабри атрофидаги ҳужраларда Кармана мадрасаларининг талабалари ўз устозларидан сабоқ олганлиги ҳам манбаларда айтиб ўтилади. Хонақоҳ тахминан 10 йил ичида қурилган. Унинг уч (шимол, жануб ва ғарб) томони кунгурадор қилиб безатилган қурилмадан иборат. Хонақоҳнинг эни ва бўйича 25 м ўлчамда бўлиб, ичида жами 6 та хона, ўртада катта намозхона, қибла тарафда меҳроб ўрнатилган. Хонақоҳнинг тўрт бурчагида тахминан 6х6 м ўлчамдаги ўнбурчак ҳужралар бор. Шарқ томонига қараб юрилса 6х4 м ўлчамдаги чиллахонага кирилади.Бино ичида жами 5 та гумбаз бўлиб, ўртада ердан баландлиги 12 м бўлган катта гумбаз ва тўрт томонда ердан баландлиги 8 м бўлган гумбазлар мавжуд.

ҚОСИМ ШАЙХ

Марказий Осиё тарихида алоҳида мавқега эга бўлган даврлардан бири – бу шайбонийлар ҳукмронлиги давридир. Бу давр бир аср давом этиб, шу давр тарихида чуқур из қолдирган шайбонийзодалардан бири - Абдуллахон бинни Искандархон бинни Жонибекхондир. У 1534 йилда Кармана яқинидаги Офаринкентда (ҳозирги Хатирчи тумани атрофида) туғилиб, ҳаётининг кўп қисми Кармана билан боғлиқдир. Абдуллахон ва унинг отаси Искандархон даврида Бухоро хонлиги, жумладан, унинг ажралмас қисми бўлган Кармана ҳам ривожланган, обод мавзелардан бирига айланган. ХVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоро пойтахтга айланиб, гуллаб-яшнашида мамлакат ҳукмдори Абдуллахоннинг хизматлари салмоқли бўлган бўлса, забардаст ҳукмдорнинг харбий-сиёсий муваффақиятларида эса Карманалик машҳур суфий ҳазрат қутб ул-авлиё Қосим Шайх Азизоннинг ҳиссаси беқиёсдир. Марказий Осиё тарихидан маълумки, ҳар бир ҳукмдорнинг бир неча диний устози - пири бўлган. Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг машҳур Жўйбор хўжаларидан бўлган бир неча пирларидан бири қосим Шайх Азизондир. Қосим Шайх ХVI асрнинг йирик маънавий баркамол шайхларидан эди. Жўйбор шайхлари мамлакат пойтахти Бухорода яшаганлар, Қосим Шайх эса Карманада умргузаронлик қилган. Қосим Шайх ХVI аср маънавий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, шу давр мамлакат тасаввуфининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, у кишининг маънавий силсиласи Хўжа Ахмад Яссавийга бориб тақалади.
Қосим Шайхнинг анчагина муридлари ҳам бўлган. Масалан, Самарқанд яқинидаги Ашобод қишлоғида яшаб ўтган Хазрат Шайх Олим Азизон ва шу вилоятнинг Сайид Оҳу қишлоғидан бўлган Хазрат Пиримлар у кишининг машҳур муридларидан ҳисобланган. Абдуллахон мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир масалаларни ҳал қилишда қийналган вақтларида доимо Қосим Шайхга мурожаат қилиб турган. У киши эса шоҳга зарур маслаҳатлар бериб, мухолиф томонлар ўртасидаги турли низоларни бартараф қилишда ёрдам қилган. Масалан, Бухоро ҳукмдори шайбонийзода Абдулазизхон 1550 йилда вафот этгач, шайбонийлар сулоласининг турли вакиллари ўртасида Бухоро тахти, Кармана ва Миёнкол учун кураш бошланиб кетади. 17 ёшли Абдуллахон шу мураккаб вазиятда ўзини қўллаб-қувватлаш ва кўмак беришини сўраб Қосим Шайхга мурожаат қилади. Шайх уни дуо қилиб, кўп пайт мудофаада туришни маслаҳат беради. Шундай юришлардан бири - Кармана қўрғони учун бўлган 12 кунлик жанглардан сўнг Абдуллахон душман билан тинчлик сулҳи тузади ва қон тўкилишининг олдини олиб кўп кишини ўлимдан асраб қолади. Бу бевосита Қосим Шайх Азизон маслаҳати билан бўлади. ХVI асрнинг иккинчи ярмида Абдуллахон тасарруфидаги Шаҳрисабзга Туркистон ҳокими Бобосултон даъвогарлик қилганда, маълум ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб ва ортиқча қон тўкилишининг олдини олишга уриниб, Қосим Шайх Азизон уни даъвогарга вақтинча бўлсада, топширишни хонга маслаҳат беради ва бу маслахат ҳам амалга ошади. 1569 йилда Туркистон ва Самарқанд ҳукмдорлари Дабусия ва Карманани эгаллаб, Абдуллахон қўшинлари билан курашни Ғиждувоннинг Ғишти яйловларида давом эттираётганларида Бухоро ҳукмдори Абдуллахоннинг қўли баланд келади ва унинг рақиблари Қосим Шайхга мурожаат қилиб, хон билан яраштириб қўйишни сўрайдилар. Шайх жангу жадаллардан мадори қуриган, босқинчилар жонига теккан аҳолига хайри-хоҳ бўлиб, уларни яраштириб қўяди. Қосим Шайх Азизон 1576-1577 йилларда бир-бири билан курашиб турган уч ҳукмдорни - Хоразм шоҳи Хожи Муҳаммадхонни, Қипчоқ даштидан қозоқ, Эшимхон ва Абдуллахонни Карманада бир кигиз устида ўтирғизиб, сулҳ тўзишга эришганлиги «Абдулланома»-да қайд этилган. Қосим Шайх ҳаётида бундай ҳолатлар кўп марта бўлган. Қосим Шайх Азизон халқ, манфаатларини бутун умри давомида ҳимоя қилади. У киши солиқчилар тазйиқига йўл қўймайди, мамлакат фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги учун умр бўйи курашади. Хофиз Таниш ибн Муҳаммад Бухорийнинг «Абдулланома» асарида Қосим Шайх ҳақида «Ул хазратнинг кимё хосият хаёлларида бутун валият жамиятини бирлаштирмоқ, турли табақадаги халқларнинг яхши кун кечирмоғи, мамлакат ва мулкнинг осойишталиги, яхшиларга ҳиммат ва илтифот кўрсатмоқ бўлган», дейилган сўзлар бор. Қосим Шайхнинг «Радди шия» (Шиа динини рад этиш) асари борлигини ХХ асрнинг бошида яшаган немис олими, шарқшунос Брокелман эслатади. Қосим Шайхнинг асари борлигини бошқа олимлар ҳам тилга олади. Афсуски, бу асарлар тарих қаърида йўқолган. Қосим Шайх салкам 80 ёшни қаршилаб турганида, 1581 йилда вафот этади. У киши Карманада дафн этилган. 2003 йилда алломанинг таваллудига роппа-роса 500 йил тўлди.
Қосим Шайх Азизонга атаб ўша давр шоири Мушфиқий марсия ёзган. Қосим Шайх мақбарасида у киши ҳақда ёзилган тош бўлган. Абдуллахон Қосим Шайхга атаб қурдирган мақбара тошлари ҳам чор мустамлакачилари томонидан ташиб кетилган. Қосим Шайх мақбараси ёнидаги зиёратхона ичида, меҳроб ёнида катта кўк тош (оникис) бўлиб, одамлар унга сиғинганлар. Бу тош ҳам Ленинградга олиб кетилган. Қосим Шайх тўғрисидаги маълумотлар асрлардан асрларга кўчиб, бизнинг давримизгача етиб келди. Шайх тўғрисидаги маълумотлар Хофиз Таниш ал-Бухорийнинг «Абдулланома» («Шарафномайи шоҳий»), Ҳасан-хужа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб», Хазрат Олим Шайх Азизоннинг «Маъмаот мин нафақат ул қудс», Муҳаммад Тоҳир Эшон Хоразмийнинг «Тазкират ул-авлиё» («Тазкираи Тоҳир Эшон»), Сайид Муҳаммад Носириддиннинг «Туҳфат аз-зоирин» асарларида учрайди. Мухаммад Тоҳир Эшон «Тазкира»си Қосим Шайх тўғрисида қимматли маълумотларни берибгина қолмай, шайх маънавий силсиласи давомчилари, яъни халифалари ҳақида ҳам сўз юритади. Ушбу меъморчилик мажмуига Қосим Шайх ҳонақоси, даҳма зиёратхона ва Бухоро Амири Абдуллахон қабри киради. Абдуллахон даврида бунёд этилган Қосим Шайх хонақосининг шарқий томонида Қосим Шайх сағанаси бор. Сағана ўрни тахминан 5-6 метр атрофида бўлиб пишиқ ғишт билан терилиб чиқилган, баландлиги 1,5 - 2 метр. Динга қарши кураш таъсирида сағана чўкиб, хароба ҳолига келтирилган, бироқ Қуръони Карим оятлари ёзилган мармартош бўлаклари ҳозиргача сақланган. Ҳонақоҳ тахминан 15-20 йил ичида қуруб битказилган. Ҳонақоҳ уч томонининг ташқи кўриниши кунгурадор қилиб безатилган қурилмадан ясалган. Ҳонақоҳ катта гумбазли масжид ҳамда ўнта бир - бирига туташ бўлган ҳужралар ва айвондан иборат. Ҳонақоҳ гумбазининг баландлиги 14 метрдан иборат. Қосим Шайх ҳонақосининг шарқий томонида Қосим Шайх сағанаси бор. Қосим Шайх хонақосиҚосим Шайх хонақосиСағана мармар тошлар билан ва "Абдуллахон ғишти" деб аталувчи тошлар билан терилиб чиқилиб айрим жойлари Қуръони Карим оятлари билан ёзилган мармар тошлар билан қопланган. Ҳозир бу тошларнинг баъзилари сақланиб қолган. 1910-1911 йилларда Бухоро амири Олимхон отаси Амир Абдулахатхоннинг қабрини Қосим Шайх даҳмаси ёнига унга монанд қилиб қурдирган. Иккинчи ҳонақоҳ Қосим Шайх ҳонақоҳидан 300 йил кейинроқ қурилган бўлсада яхлит бир-бирига монанд улкан бир ёдгорлик мажмуаси ташкил қилинган.
Хуш келибсиз!
НАВОИЙ ТУРИЗМИ
БУЮК ИПАК ЙЎЛИДА
НАВОИЙ  ТУРИЗМИ БУЮК  ИПАК  ЙЎЛИДА

“Табиат ва ҳаёт” газетасида худди шу ном билан янги саҳифа очдик.
Танишинг: Ҳамкоримиз - Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Навоий вилояти ваколатли вакили -Фарҳод ЭРНАЗАРОВ.

Бугунги кунда туризм дунёнинг кўпгина давлатларида иқтисодиётнинг етакчи йўналишларидан бирига айланган. Худди шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишларидан бири туризм соҳаси ҳисобланиб, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари борасида дунёда ўзининг муносиб ўрнига эга.
Навоий вилояти ўзига хос табиати ва табиий бойликлари билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Вилоятимизда экотуризмни ривожлантиришга ҳам тарихий, ҳам қадимий, ҳам табиий асослар етарли. Масалан, бугунги кунда табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонага айлантирилган Сармишсой дарасида 10 мингдан ортиқ петроглифлар борлиги кўпчиликка маълум. Расмларнинг асосий қисми 22,5 километр масофадаги қоятошларга ўйиб ишланган бўлиб, улар нафақат республикамиз, балки жаҳон миқёсида аждодларимиздан қолган энг сара гавҳар - ноёб маданий ёдгорлик сифатида тан олинган. Халқаро сайёҳлик йўналишларидан ўрин олган бу масканга доимий равишда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар жалб этилиб, уларга музей хизмати кўрсатилиб келинмоқда. Бу ерга сайёҳлар ташрифини кўпайтириш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга ошириб келинаяпти ва кутилган натижани бермоқда.
Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган янги саҳифамиздан вилоятимизнинг туризм салоҳияти, тарихий ва маданий объектлар, муқаддас қадамжолар ҳақидаги маълумотлар, меҳмонхоналар ва сайёҳлик маршрутлари, ноёб табиатнинг ажиб мўъжизалари ҳақидаги қизиқарли манбалар ўрин олиши табиий.
Саҳифамизни кузатиб боринг!

Марҳамат, Навоий вилоятининг Сиз билмаган, Сиз кўрмаган тарихий ва табиий гўшалари ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлинг.
Замонавий лойиҳа“ҚОРНИ ОЧ  ҚОЛГАН ОДАМГА БАЛИҚ БЕРМА,           УНГА БАЛИҚ  ОВЛАШНИ  ЎРГАТ!”
“ҚОРНИ ОЧ ҚОЛГАН ОДАМГА БАЛИҚ БЕРМА,
УНГА БАЛИҚ ОВЛАШНИ ЎРГАТ!”
Замон жуда шиддат билан ўзгармоқда. Шунга мос равишда талаблар ва эҳтиёжлар ҳам ўзгариши табиий. Тан олиш керак, кейинги вақтда “Йигитга қирқ ҳунар оз” деган доно халқ мақолининг асл қимматини бироз унутиб қўйдик.
Эсингизда бўлса, ота-боболаримиз авваллари куёв танлашда йигитларни ақл-заковати билан бир қаторда ўтин ёриш бўйича маҳоратини, қўлидан қандай юмушларни бажариш келишини, спортга ошнолигини, хуллас, мардлиги ва жасоратини синовдан ўтказишарди. Ҳозир-чи...? Ҳозир куёвтўраларни имтиҳондан ўтказиш ўрнига уларнинг қўлига ё машина ёки квартиранинг калитини тутқазиш билан қайноталар синовдан ўтаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Супурги ушлашни билмайдиган келинпошшаларнинг қўлига қайноналари тилла билагузук тақишлари ҳам модага айланганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Орзу-ҳаваслар майли. Аммо йигит-қизлар ҳунарли, уддабурон бўлса, оила фаровон, турмуш чиройли, хонадон файзли бўлишини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун катта тарбия мактаби қайтадан ўз ўрнини эгаллаши керак. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ёшларимизга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Улар учун янги иш ўринлари, турли имтиёзларнинг яратилиши келажак эгаларига алоҳида ғамхўрликнинг ёрқин намунаси албатта. Ана шу ислоҳотларнинг кичик бир бўлаги сифатида Республикамизда эълон қилинаётган турли грант танловларини ҳам тилга олиш ўринлидир.
Навоий вилояти «Жонли табиат биоэкологик маркази» жамоат бирлашмаси яқинда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси томонидан эълон қилинган кичик грант танловида иштирок этиб, “Қорни оч қолган одамга балиқ берма, унга балиқ овлашни ўргат!” номли лойиҳа билан ғолибликни қўлга киритди. Бу лойиҳа бир сўз билан айтганда, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилиши аниқ.
«Халқ фаровонлиги йўлида биргамиз!» мавзусидаги танлов қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашга кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни бошлаш яъни чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, парранда боқиш каби соҳаларда банкдан имтиёзли кредит олиш борасида юзага келаётган муаммоли масалаларни изчил муҳокама қилиш ва амалий ёрдам беришни назарда тутади. Лойиҳанинг мақсадини унинг номидан ҳам англаш қийин эмас.
- Маълумки, ҳозирги кунда умумий таълим мактабларида, лицей ва коллежларда таълим ва тарбия бераётган педагогик таркибнинг асосий фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда,-дейди суҳбатдошимиз «Жонли табиат биоэкологик маркази» жамоат бирлашмаси раҳбари Эшмамат Тоғаев.- Ўқувчиларнинг ҳам аксарият қисмини ўғил болалар ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, келажакда давлат ва жамиятни бошқариши шарт бўлган бу ёшлар ушбу таълим масканларида, ўғил болалар олиши сув ва ҳаводек зарур бўлган, меҳнат, ғоявий, иқтисодий ва жисмоний эркакча тарбияни олаяпти, деб айта оламизми? Ёшларда тадбиркорлик тушунчалари шакллантирилганми? Улар бозорга бориб савдолашиб, уйга сифатли ва арзон маҳсулот сотиб олиб келиш кўникмасига, тажрибасига эгами? Ўғил болаларнинг болта билан ўтин ёра билмаслиги, оддий мих қоқишни эплай олмаслиги, ўзини ёки дўстини ҳимоя қила олмаслиги каби ҳолатлар камайиш ўрнига кўпаймоқда.
Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида мамлакатимизда ёшларнинг чиниқиши, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида бир қатор муҳим қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилинаётганлиги, коллежни битирган йигит - қизларга чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, парранда боқиш каби йўналишларда тадбиркорликни ташкил этишлари учун барча банклардан имтиёзли кредитлар берилаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, аҳоли, айниқса ёшлар кредит нима, қандай парранда зотлари бор, уларни фарқлай олиш муаммоси, уни қаердан сотиб олиш лозим ва қандай шароитда сақлаш керак, нима билан боқилади, касал бўлиб қолса нима қиламан, қандай қилиб ҳам кредитни ёпаман, ҳам ўзим фойда кўраман каби кўплаб саволларни ҳаёлидан ўтказади. Бу ҳадиксирашнинг асосий омилларидан бири ёшларнинг тадбиркорликка, яъни уни бошлашга, ташкил этишга тайёр эмаслиги, тадбиркорлик бўйича малака ва кўникмасининг умуман йўқлигида албатта.
Конфуцийнинг “Қорни оч қолган одамга балиқ берма, унга балиқ овлашни ўргат!” иборасидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган мазкур лойиҳа бутун вилоятни қамраб олади, ҳар бир туман ва шаҳардан биттадан мактаб ўқитувчиси танлов асосида танлаб олиниб, уларга парранда, хусусан товуққа қафас ясаш, товуқ зотларини танлаш, боқиш, касалликка қарши ҳаракатлар, сотиш, фойда олиш сирлари ўргатилади. Улар жойларга бориб, туман ёки шаҳар марказида жойлашган мактабда, бўшаб қолган коллеж биносида уюшмаган ўғил болаларга ўзи ўрганган тажрибани ўргатади, уларни кредит олиб ишлашга йўналтиради. Бу муҳим масалани амалга оширишга туман ва шаҳарлардаги давлат-ёшлар бўйича ҳоким ўринбосарлари ва нодавлат ташкилотлар -“Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари яқиндан туриб ёрдам беришлари кўзда тутилган. Яна бир бор таъкидлаб ўтиш керакки, лойиҳанинг асосий эътибори, мақсадли гуруҳ - уюшмаган ўғил болаларга қаратилган ва бу жараёнда мактаб ўқитувчилари, мураббийлар - бош ижрочи вазифасида иштирок этишади.
Лойиҳадан “Парранда боқиш сирлари, кредит олиш ва сарфлаш босқичлари ҳамда парранда учун катакчалар тайёрлаш” бўйича методик қўлланма тайёрлаш ҳам ўрин олган.
Лойиҳанинг мураббийларига сабоқ бериш учун Навоий шаҳридаги мактабдан тажрибали меҳнат ўқитувчиси, Ипотека банк ходими, парранда боқиш ва етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркор танлаб олиниб, улар биринчи босқич амалиётига тайёрланади.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида 300 дан ортиқ уюшмаган ёшлар тадбиркорликка жалб қилинади, уларда ҳаётда ўзларининг ҳақиқий ўринларини топиш имкони пайдо бўлади, ёшларга яхши ва тўғри яшаш имкониятлари яратилади, уларнинг онгида тадбиркорлик ҳаётнинг фаол ва моддий асосларидан бири эканлиги ҳақидаги ижобий тушунчалар шаклланади.
Ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очувчи мазкур лойиҳа халқ фаровонлиги йўлидаги яна бир муҳим қадам десак, асло муболаға бўлмайди.
Маруса ҲОСИЛОВА
ТАНЛОВГА МАРҲАМАТ! ЭЪЛОН!
ТАНЛОВГА МАРҲАМАТ!
Навоий вилояти “ТОЗА ҲУДУД” давлат унитар корхонаси Кармана туман чиқиндиларни сақлаш полигони қуриш учун пудратчи ташкилотлар танловини эълон қилади.
Мурожаат учун телефон: +99895 6075059