ҲУҚУҚИНИ БИЛМАГАН...
ИМКОНИДАН АЙРИЛАР...ҲУҚУҚИНИ  БИЛМАГАН... ИМКОНИДАН  АЙРИЛАР...

Халқимизда “Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар” деган яхши нақл бор. Бу нақлга яқин яна бир иборани бугунги куннинг долзарб шиорига алантириш мумкин. Ҳуқуқини билмаган нафақат ҳамёнидан, балки бор-бутидан, барча имконларидан ҳам айрилиши мумкинлигини бугунги шиддатли даврнинг ўзи исботлаб турибди.
Тўғри, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, демократик институтларни ривожлантириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат
ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил
7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ–4947-сонли Фармони билан 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.
Аҳолининг ҳуқуқий билими, маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кундан-кунга кенгайтирилаётганлигига қарамасдан, жойларда фуқароларнинг бу борадаги саводи етарли эмаслигини кўрсатувчи ҳолатлар ҳам оз эмас.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Канада маҳаллий ташаббуслар фонди билан ҳамкорликда “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари масалалари: Ўзбекистон ОАВ да ёритилиши” мавзуидаги янги лойиҳа юзасидан ўтказилган семинар –тренингда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини
ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирлари, жамоатчилик назорат механизмларини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллиги ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли тарзда ҳимояланишининг кафолатланишини таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси тизимининг самарадорлигини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлиқ амалга ошириш, юридик ёрдам кўрсатиш ва юридик хизматлар тизимини такомиллаштиришни олиб чиқишни назарда тутувчи жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, ушбу йўналиш 2018-2021 йилларда жиноят ва
жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштиришни, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилишни ҳамда вақти-вақти билан унинг натижаларини эълон қилиб боришни, адвокатурани ривожлантиришни, нотариат тизимини ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилишни ҳам ўз ичига олганлиги ва бу вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги барчамизга аён.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, суд мустақиллигини таъминлаш, уни жазолаш аппаратидан давлатнинг ҳақиқий мустақил, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш ҳамда муҳофаза қилиш институтига айлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чоралар комплекси амалга оширилди.
Бироқ айни пайтда, жамиятимиз мавжуд янгиликлардан етарли даражада хабардор эмас ва оммавий ахборот воситалари фуқаролар ҳуқуқий саводхонлигининг шаклланиши, ошиши масалаларида асосий ролни эгаллаши керак. Айнан шу сабабдан журналистлар “ҳуқуқий журналистика” бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишлари, давлат томонидан фуқаролар ҳимоясининг таъминланиши борасида малакали ахборот тарқата олишлари, шунингдек, адолатли мустақил суд жараёнлари мазмун-моҳиятини чуқур англашлари зарур. Суд ишлари бўйича ҳуқуқий масалаларнинг ОАВда ёритилишининг ўзига хослиги, ахборот олишнинг ахлоқи қоидалари, ҳамкорликда журналистик суриштирувни ўтказиш каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси масъуллари, фуқаролик ишлари бўйича суд идоралари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этган семинар –тренингда айнан ана шу долзарб масалалар муҳокама қилинди ва “Таҳририятга фуқаро мурожаат қилди” рукни остида вазият тақозоси ҳозиржавоб ўйинлари ўртага ташланиб, кичик гуруҳлар тақдимоти тингланди.
Семинар-тренингда тренерлар Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова ҳамда “Нуроний” газетанинг бош муҳаррири, юридик фанлари номзоди Олимжон Ўсаровлар иштирокчиларнинг мавзуга оид барча саволларига батафсил жавоб бердилар.
Тадбир қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.
Маруса ҲОСИЛОВА