ЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИГА
МАРТАБА БЕРИШ ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШДИЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИГА   МАРТАБА БЕРИШ ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШДИ

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сон қарори билан юридик хизмат фаолияти соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси ташкил этилган.
Шўъба томонидан бугунги кунда вилоятдаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган 200 нафарга яқин юридик хизмат ходимлари ҳамда ташкилотлардаги юридик хизматга оид бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар яхлит бир тизимга келтирилиб, марказлаштирилган онлайн тартибда юритилиб, уларнинг фаолиятига методик ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ эндиликда адлия органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимлари лавозимга тайинланганда ва лавозимдан озод этилганда мажбурий равишда адлия органлари билан келишилади.
Бугунги кунга қадар бошқарма ҳузурида ташкил этилган Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини келишиш комиссияси томонидан ҳужжат тақдим этган номзодлардан 101 нафар юридик хизмат ходимлари суҳбатдан ўтказилиб, лавозимга тайинланган бўлса, 30 нафар юридик хизмат ходимлари лавозимдан озод қилинганда адлия бошқармасининг розилиги олинди .
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бошқарма раҳбарияти ҳамда шўъба ходимлари ташаббуси билан Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда 2017 йилнинг октябрь- ноябрь ойларида Навоий шаҳрида сайёр тартибда малака ошириш курслари ташкил қилиниб, 55 нафар юридик хизмат ходимларининг малакаси оширилиб, аттестациядан ўтказилди ҳамда тегишли гувоҳномалар берилди. Ушбу тадбирларнинг самараси натижасида яхлит тизимга олинган вилоятдаги юридик хизмат ходимлардан
122 нафарининг малака оширилиши ҳамда 100 нафарининг аттестациядан ўтказилиши ва тегишли гувоҳномаларнинг берилиши билан таъминланди.
Шунингдек, алоҳида қайд этиш жоизки, Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарор билан эндиликда юридик хизмат ходимларига ҳам адлия органлари ходимларига бериладиган мартаба даражалари берилиши белгиланди.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомга асосан эгаллаб турган лавозимини ҳисобга олган ҳолда берилиши белгилаб қўйилди.
Мартаба даражаларини бериш босқичма-босқич ходимнинг эгаллаб турган лавозими ва меҳнат стажига мувофиқ, шунингдек, унинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Мартаба даражаларини бериш учун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига тавсиянома билан мурожаат қилинади (ходим Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ташаббусига кўра мартаба даражаларига тавсия этилган ҳоллар бундан мустасно). Мазкур тавсияномага ходимнинг касбий фаолияти, ишчанлик ва ахлоқий жиҳатлари акс эттирилган маълумот-тавсифнома, паспорти нусхаси, меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси (агар малака оширган бўлса), аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси (агар аттестациядан ўтган бўлса), олдинги иш ёки хизмат жойида махсус унвонлар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатлар) нусхаси (агар махсус унвонлар берилган бўлса) илова қилинади.
Маълумот-тавсифномада ходимнинг амалдаги мартаба даражаси (агар мавжуд бўлса), сўнгги икки йил давомидаги иш сифати ва кўрсаткичлари, қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлари, судлардаги иштироки, хулқи, касбий-ахлоқий томонлари, меҳнат фаолияти давомидаги ютуқлари ва бошқа муҳим масалалар кўрсатилади.
Маълумот-тавсифнома тавсиянома берган шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.
Тегишли малака бўйича иш тажрибасига эга бўлмаган шахсларга мартаба даражаси лавозимга тайинлангандан кейин камида 1 йил ўтгач берилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига қуйидаги лавозимларга мувофиқ мартаба даражалари берилади:
1-даражали адлия маслаҳатчиси — юридик департамент ёки юридик бошқарма бошлиғи;
2-даражали адлия маслаҳатчиси — республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик бўлим ёки юридик бюро бошлиғи;
3-даражали адлия маслаҳатчиси — республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик бўлим ёки юридик бюро бошлиғи;
1-даражали юрист — республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти;
2-даражали юрист — республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг катта юрисконсульти ва юрисконсульти, ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи юрисконсульти, туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бош юрисконсульти;
3-даражали юрист — ҳудудий (вилоят) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг катта юрисконсульти ва юрисконсульти, туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи, катта юрисконсульти ва юрисконсульти.
Ҳар бир мартаба даражасида бўлиш муддати:
1-даражали юристлар учун — 2,5 йилни;
1-даражали адлия маслаҳатчилари учун — 4 йилни ташкил этади.

Ушбу Низомга асосан вилоятдаги 50 нафарга яқин юридик хизмат ходимлари Адлия вазирининг буйруғи билан мартаба даражаларига эга бўлишди ва ушбу тадбирлар юридик хизмат ходимларининг ижтимоий муҳофазаси таъминланаётганлигидан далолат беради.
Зарина ЖЎРАЕВА,
Навоий вилояти адлия бошқармаси масъул ходими