Долзарб мавзу
ТАБИАТГА МУНОСАБАТИМИЗНИ ЎЗГАРТИРИШИМИЗ ШАРТ! ТАБИАТГА МУНОСАБАТИМИЗНИ ЎЗГАРТИРИШИМИЗ ШАРТ!
Кейинги йилларда табиат, жамият ва инсон ўртасидаги мутаносибликнинг бузилиши ва демографик ҳолатни шиддат билан ўсиши ҳамда ривожланиб бориши натижасида унинг атроф муҳитга таъсири муаммолари янада кенгайиб бормоқда.
Айниқса чиқинди муаммоси бугунги кунда бутун дунё аҳлини ташвишга солаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Урбанизация жараёни жадаллашиб, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан бирига айланди. Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича бир йилда 5 миллиард 754 миллион килограмм чиқинди ташланади, унинг фақат 30 фоизигина қайта ишланади. Қолгани аста-секин она сайёрамизни қоплаб бормоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетишни тартибга солишга қаратилган. Ҳозирда чиқинди муаммосини бартараф этиш бўйича республикамизнинг барча ҳудудида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Жорий йилнинг 2 февралида Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев ҳузурида Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбарлари ҳисоботи юзасидан йиғилиш ўтказилиб, шу соҳа мутасаддилари олдига бир қатор вазифалар қўйилди.
Мажлис баёнида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва амалий ишлар натижадорлигига эришишда давлат қўмитаси биринчи раҳбарлари жавобгар эканлиги қайд этилган.
Баённомада қайд этилишича визирлик ва тегишли вилоят ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда жойларда давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари буюртмасига кўра соҳада тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш режасини ишлаб чиқиб республиканинг 9 шаҳрида яъни (Бухоро, Гулистон, Жиззах, Навоий, Нукус, Термиз, Урганч, Қарши ва Ангрен) инновацион технологияларга асосланган қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш кластерларини тўлиқ ишга тушириш ва ривожлантириш ва бу ҳудудларга қўшимча туманларни бириктириш зарурлиги қайд этилган. Чунки юқоридаги қарорда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжудлиги алоҳида таъкидланган эди.
Шунингдек, баённомада Бош вазир ўринбосарларига, Экология атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, молия, иқтисодиёт вазирлиги ва давлат солиқ қўмитасига икки ой муддатда санитар тозалаш соҳасининг ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, республикада маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишга ҳамда чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни солиққа тортиш тизимини қайта қўриб чиқиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш кўрсатмалари берилганлиги мазкур соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилиши аниқ.
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар халқаро тажриба асосида мамлакатдаги реал экология ҳолатни аниқ баҳолаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини, республикада маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида устувор йўналишларни белгилаб берувчи маиший чиқиндиларни бошқариш миллий стратегиясини, БМТнинг “Биохилмахиллик тўғрисида”ги конвенцияси тадбирларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурларини қўмита тегишли вазирлик ва идоралар билан ишлаб чиқиши топширилган ҳамда икки ой муддатда соҳага оид барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиёт ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши назарда тутилган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.Жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши юзасидан жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, баённомада май ойигача хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда экологик назорат тизимини такомиллаштириш, ички экологик назорат ва экологик аудит тизимини кенг жорий қилиш, давлат экологик экспертизасини ташкил этишни қайта кўриб чиқиш билан қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш белгиланган.
Ҳақиқатан ҳам, аҳолининг экологик маданиятини, атроф муҳитга жиддий муносабатда бўлишини қатъий белгилаб берадиган нормаларнинг амалиётга киритилиши кўзланган мақсадга эришишни таъминлаши мумкин.
Масалан, Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда ахлоқсиз фуқаролар “чиқинди изқуварлари” томонидан ушланади. Кўчага ўрнатилган видеокамера орқали махсус қутига ташланмаган ахлат учун аҳолининг ана шундай қатламига 100 еврогача жарима солинади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақич, қолдиқ овқат улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150 дан 600 еврогача жарима тўлашга сабаб бўлади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.
Бизда ҳам белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик учун маълум миқдорда жарима белгиланган. Аммо бунга на аҳоли, на масъул ташкилотлар амал қилмаётганлиги қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Давлатимиз раҳбарининг қўшни Бухоро вилоятига февраль ойидаги ташрифи чоғида “ Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамиятидаги атроф-муҳитни ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида ибрат қилиб кўрсатганларига барчамиз гувоҳмиз.
Юртимизни обод ва тоза ҳудудга айлантиришни истасак, халқимизни соғ ва саломат кўриш истагида бўлсак, албатта ўзи кони зарар, қайта ишланса кони фойда бўлиши мумкин бўлган соҳага алоҳида эътибор қаратишимиз шарт!
Хулоса шуки, чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамизга айланмоғи лозим.
Алижон ЖАЛИЛОВ,
Навоий вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг инспекция бошлиғи, вилоят Кенгаши депутати