КИТОБ- ТАФАККУР ХАЗИНАСИКИТОБ-  ТАФАККУР  ХАЗИНАСИ

Юртимизда китобхонлик нафақат санъатга айланди, балки давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Миллат бахти, юрт келажаги, Ватан тараққиёти билимда, тафаккурда эканлиги нафақат бугунги ҳаётимиз, балки улуғвор тарихимизда ўз аксини топганлигини барчамиз яхши биламиз. Барча муваффақиятларимизнинг калитини қўлимизга киритишимиз ҳам китоб орқали эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Китоб -кўнглимиз мулки, одамийлик мулки. Китоб- бебаҳо хазина.
-Шу йилнинг март ойида муҳтарам Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифлари чоғида биз конимехликлар ҳам учрашиб, ўзимизнинг истак ва илтимосларимизни айтиш имконига эга бўлдик,- дейди туман Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Данагул Бердиалиева.- Туманимиздаги 35 та мактабнинг 27 тасида қозоқ тилида таълим берилади, аммо қозоқ тилидаги адабиётлар жуда кам. Мен Юртбошимиздан конимехликлар номидан қозоқ тилидаги адабиётларни чоп эттиришга амалий ёрдам беришларини илтимос қилдим. Ўзбек адабиётининг, жаҳон адабиётининг нодир дурдона асарларини қозоқ тилида ўқиш орзуимиз борлигини айтдим. Илтимосимизни бажону дил қабул қилганлари учун Юртбошимизга ташаккур. Ҳадемай қозоқ тилидаги бадиий китобларни севиб ўқиш имконига эга бўламиз. Чунки бу масала Давлатимиз раҳбарининг шахсан назоратларида.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан амалга оширилаётган “Интеллектуал салоҳиятли ёшлар- Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги” номли грант лойиҳаси доирасида китоб ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган ибратга лойиқ қатор хайрли тадбирлар ўтказилди. “КИТОБ – ТАФАККУР ХАЗИНАСИ” мавзусидаги лойиҳа календар режасининг сўнгги тадбир манзили сифатида олис Конимех тумани танланди. Тумандаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган ёш китобхонлар учрашуви ёшларнинг китобсеварлиги, ўзлари севиб ўқиган асарлари, Ватан ҳақида ёд айтган шеърлари билан китоб байрамига айланди. Мен севган китоб, мен севган асар қаҳрамони мавзусидаги қизғин баҳс –мунозаралар ёш китобхонларнинг китобга бўлган меҳрини намоён этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими раиси Ё. Умаров китоб ҳақиқатан ҳам тафаккур хазинаси эканлигини ёшларга такрорларкан, мактаб кутубхонасига жаҳон ва классик адабиётимизнинг нодир дурдоналари, ўзбек ёзувчи ва шоирларининг сара асарларидан 3,5 миллионлик китоблар тўпламини топширди.
-Конимехдаги аскарият мактаблар қозоқ тилига ихтисослашган, 270 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабимизда эса сабоқлар ўзбек тилида олиб борилади,- дейди мактаб директори Гулзода Абдуллаева.- Кутубхонамизда бор-йўғи 1000 дан ортиқ китоб фондимиз бор эди. Бугунги совға ўқувчиларимиз ва ўқитувчиларимиз, қолаверса маҳалладошларимиз учун бебаҳо туҳфа бўлди. Буюк ёзувчилар Чингиз Айтматовнинг “ Оқ кема”, “ Эрта қайтган турналар”, Ришод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши” , Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Тоҳир Маликнинг “Ҳалол нима-ю... ҳаром нима”, “Нафс кишанлари” асарларини ўқишга жуда илҳақ эдик. Алишер Навоий ҳикматлари эса бизга сувдек, ҳаводек зарур эди. Шундай хайрли акцияни айнан бизнинг мактабимизда ўтказилганлиги чўл фарзандлари учун катта мукофот бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Бундай эътибордан беҳад миннатдормиз.
Маруса ҲОСИЛОВА
Қутлаймиз!

ЭКОЛОГИЯ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ ёки
ТАБИАТНИ СЕВГАН ИНСОНЭКОЛОГИЯ  ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ    ёки    ТАБИАТНИ  СЕВГАН   ИНСОН
Маруса ҲОСИЛОВА
Эшмамат Тоғаевни нафақат Навоий вилоятида, балки Республикамизда ҳам тажрибали эколог сифатида жуда яхши танишади. Бунинг сабаби бор албатта. Бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмасига раҳбарлик қилаётган Э. Тоғаев вилоятда экологик маданиятни юксалтириш бўйича ўзига хос мактаб яратган инсонлардан бири, десак асло муболаға бўлмайди. Республика ва Халқаро миқёсдаги форумларда ўз сўзи, ўз таклиф ва тавсиялари билан иштирок этаётган тажрибали олим экологик муаммоларнинг ечим топишига йўл қидиради. Бу борада ўқийди, изланади, жаҳон тажрибасини ўрганади.
Атроф-муҳитни ифлосланишидан сақлаш, табиий бойликлардан тежаб фойдаланиш кўп жиҳатдан инсонларнинг саводхонлигига боғлиқ. Аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш эса бугунги даврда устивор масалалардан ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам кўплаб корхона ва ташкилотлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабларнинг экологик муаммолар масаласида маслаҳатлар ва маълумотлар олиш учун ҳеч иккиланмасдан Эшмамат акага мурожаат қилиши бежиз эмас. Экология энциклопедиясига айланган қаҳрамонимиздан табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик билимларни ошириш, вилоятимизнинг ноёб фауна ва флораси, ажойиб мўъжизалари тўғрисидаги барча маълумотларни билиб олишингиз мумкин.
Табиатга меҳрли, экологик муаммолар ечимига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган, табиатни севган, табиат билан анча-мунча сирлашиб, тиллашган кучли мутахассис 2002 йилда табиатшунос олимлар, экологлар ҳамда табиат жонкуярлари, ташаббускорлар таклифи билан «Жонли табиат” биоэкологик маркази жамоат бирлашмасини ташкил этишга муваффақ бўлди. Мустақил давлатимизнинг атроф табиий муҳити, табиий бойликларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва экологик мувозанатни барқарорлаштириш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларида нодавлат ташкилотлар ҳамда давлат органларига яқиндан ёрдам беришни асосий мақсад қилган мазкур бирлашма ўтган давр мобайнида кўплаб ютуқларни қўлга киритди.
Жумладан, вилоятнинг умумий экологик холатидан келиб чиққан холда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган барча танловларда фаол иштирок этиб, уч марта грант лойиҳаси ва бир марта ижтимоий буюртма танлови ғолиблигини қўлга киритган.
Қатор йилларда қўлга киритилган “Навоий шаҳар, “Хончарбоғ” маҳалласи ҳузурида экологик алифбо мактабини ташкил этиш” ва “Навбаҳор туманининг деградацияга учраган тоғ олди ҳудудларида пистазор ташкил этиш эксперименти” ҳамда “Навоий вилояти фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва экологик йўналишдаги ННТларда жамоатчилик экологик назорат тизимини ташкил этиш” каби грант лойиҳалари ва “Учқудуқ тумани Жарақудуқ ҳудудида жойлашган “Тошўрмон”га қўриқланадиган табиий ҳудуд мақомини бериш ва унинг тарғиботига маҳаллий ёшларни жалб этиш” мавзусидаги давлат ижтимоий буюртма лойиҳасининг амалга оширилиши катта аҳамият касб этади. Эшмамат ака доимо изланишда. Ташаббускор ва тиниб-тинчимас биоэкологик марказ раҳбари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси томонидан эълон қилинган кичик грант танловида ҳам иштирок этиб, “Қорни оч қолган одамга балиқ берма, унга балиқ овлашни ўргат!” номли долзарб лойиҳа билан ҳам ғолибликни қўлга киритди.
«Халқ фаровонлиги йўлида биргамиз!» мавзусидаги мазкур танлов қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашга кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни бошлаш яъни чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, парранда боқиш каби соҳаларда банкдан имтиёзли кредит олиш борасида юзага келаётган муаммоли масалаларни изчил муҳокама қилиш ва амалий ёрдам беришни назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир. Конфуций таълимотига асосланган мазкур замонавий лойиҳа айниқса мустақил ҳаёт остонасида турган кўпчилик ёшлар учун фойдали бўлди.
Дарвоқе, марказ 2014 йилда Ўзбекистоннинг ННТ Ассоциацияси томонидан эълон қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликнинг энг яхши тажрибаси” танловида ҳам “Атроф муҳит муҳофазаси бўйича вилоят, давлат Дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бир қатор халқаро конвенция талабларини ҳамкорликда бажаришга йўналтирилган ижтимоий шериклик тажрибаси” мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок этиб, танлов ғолиблари қаторидан жой олди, махсус гувоҳнома ҳамда интернет саҳифаси сертификати билан тақдирланди.
-Маълумки, ҳар қандай ривожланган давлатларда барча йўналишлар қатори, хусусан ҳайвонлар ва ўсимликлар бўйича ҳам тўлиқ кадастр маълумотлари бўлиши шарт,- дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси координатори Баҳром Жўрақулов.- Оддий тилда айтганимизда, сон ва сифат жиҳатдан биз Ўзбекистондаги ҳар бир ёввойи ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари бўйича батафсил маълумотларга эга бўлишимиз лозим. Минг афсуски, ҳозирга қадар Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар бўйича умумлаштирилган, халқаро стандартларга мос келадиган кадастр хужжатлари ишлаб чиқилмаган. Бу борада ҳам жонкуяр устозимиз Э. Тоғаев жон куйдираётганликлари таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси “Жонли табиат” маркази ҳамкорликда халқаро экологик конвенция ёки келишувлар талабларини бажаришда ҳам фаол иштирокчи. Маълумки, халқаро Рамсар конвенцияси рўйхатига Ўзбекистоннинг иккита сув ҳавзаси (Денгизкўл, Айдаркўл) киритилган. Улар қаторига Навоий вилояти ҳудудида жойлашган Тудакўл ва Қуйимазор сув ҳавзаларини ҳам киритиш ишлари 2010 - 2011 йилларда олиб борилди. Ушбу рўйхатга вилоят сув ҳавзаларини киритиш бўйича илмий-амалий материаллар тўплаш ва таҳлил қилишда ҳамда жамланган Рамсар ахборот варағини Вазирлар Маҳкамасига топширишдек хайрли биоэкологик вазифаларни сидқидилдан бажарилишида тажрибали эколог олим, биология фанлари номзоди Эшмамат Тоғаевнинг муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этиш ўринли.
Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида, маҳалла ва оилада, ҳамкасблари ҳамда кенг жамоатчилик орасида катта ҳурмат-эътибор топган камтарин ва самимий инсон Эшмамат Тоғаев ўзининг 60 йиллик умр довонига ёруғ юз ва қалбида Ватанга чексиз муҳаббат, табиатга тенгсиз меҳр билан етиб келди. Одатда ниҳолларни парвариш қилган, катта-катта боғлар яратган инсонни боғбон деб эъзозлаймиз. Ҳам ҳаёт, ҳам оила, ҳам табиат боғбони сифатида жамиятимизда ўз ўрнига эга бўлган қаҳрамонимизга умрингиз бундан ҳам зиёда бўлсин. Чўққилар саодати сизга ҳамиша ҳамроҳ бўлсин деймиз.
ДАРД  БИЛАН ЁНМА-ЁН ЮРГАН ДАВОЛАР 		АСАБНИ  АСРАНГ... ДЎСТЛАР!Саломатлик кутубхонасидан
ДАРД БИЛАН ЁНМА-ЁН ЮРГАН ДАВОЛАР
АСАБНИ АСРАНГ... ДЎСТЛАР!
*Асаб бузилганда ва уйқусизликда 1 стакан қайнатилган сувга 1 чой қошиқ асал билан яримта лимон шираси қўшиб дамлама тайёрланади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан 30 дақиқа олдин учдан бир стакан ичилади.
* Асаб бузилишларида ва хафақонликда олма ейиш ва ҳидлаш жуда фойдали. Олма мияга тетиклаштирувчи таъсир кўрсатиб, фаоллигини оширади.
* Пиёзни тенг иккига бўлиб, бурунга яқин олиб келинган ҳолда тез-тез ҳидлаб турилса, асаб хуружини тўхтатади.
* Бундан ташқари, майиз ҳам юқори калорияли ва тўйимли озиқ маҳсулот бўлиб, асаб тизимига, асаби бузуқ ва ўта таъсирчан одамларга ижобий таъсир кўрсатади, жаҳлдан туширади, юрак, ўпка ва жигарни мустаҳкамлайди.

ЖИГАР ВА ЎТ ПУФАГИ КАСАЛЛИКЛАРИ
* 1 л узум мусалласига 100 г уруғсиз наъматак толқони солинади, бир ой қоронғи ва салқин жойда сақланади, сўнгра 5-7 дақиқа паст оловда қайнатилади, совитилади, тиндирилади. Жигар, ўт пуфаги ва ўт йўллари, ошқозон-ичак тракти касалликларида, организм ориқлаганда, камқонликда кунига 2-3 маҳал овқатланишдан олдин 50 граммдан ичилади.
* Ўт пуфагида тош бўлса, узоқ вақт давомида лавлаги шарбати ичилади- тошлар аста-секин ва оғриқсиз эриб кетади.
* Ҳажмига кўра тенг қисмда лимон шарбати, қора турп шарбати ва зайтун мойи аралаштирилади. Ўт пуфаги-тош касаллигида шу аралашма 1-2 ой давомида эрталаб оч қоринга 1 ош қошиқдан ичилади.
* 4 та лимон шарбати 4 бўлак саримсоқ шираси билан аралаштирилади. Сариқ касаллигида овқатдан 2 соат кейин 1 чой қошиқдан ичилади. Музлаткичда сақланади.
ЮРТИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАКОР МАСКАНЛАРИЮРТИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАКОР МАСКАНЛАРИ
Манзура АТАҚУЛОВА,
Навоий давлат педагогика институти
ўқитувчиси
Бекмурод РУСТАМОВ,
Табиий фанлар факультетининг
1-курс талабаси

Юртимизнинг ҳавоси, табиати, тарихий обидалари, жумладан, тоғу тошлари, ўрмонлари, шаршаралари-ю ғорлари, қўриқхоналари ва бошқа қатор кўз кўрса ҳайратланадиган мўъжизали манзиллари кўп. Айни баҳор фаслида сиз мўъжиза кўриш учун узоқ юртларга саёҳатга боришингиз шарт эмас, у шундоққина ёнимизда, ўз юртимизда. Табиатнинг инъом этган бу мўъжизалари сизни ҳайратга солишига ҳеч шубҳа йўқ. Ички туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларга баҳо бериш эса сайёҳларга боғлиқдир.
Мамлакатимизнинг табиий ландшафт шароитида ноёблиги жиҳатидан улкан дарахтлар ҳам учрайди. Жумладан, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Пўлкан қишлоғида ёши 500 йилга яқин бўлган садақайрағоч яшнаб турибди. Мазкур дарахтнинг баландлиги 40 метр ва танасининг айланаси 6 метрдан иборат. Садақайрағочнинг кенг ва тармоқланган шохлари улкан соя ҳосил қилгани боис дарахт жойлашган ер маҳаллий аҳолининг севимли масканига айланган.
Иссиқ иқлимли Ўрта Осиё шароитида қуюқ сояли чинорларни парваришлаш қадимдан одат бўлган. Шу боис, мамлакатимизнинг турли бурчакларида ёши 5-10 асрга тенг чинорларни учратиш мумкин. Айниқса, Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида кўп асрлик чинорлар кўплаб сақланиб қолган. Жумладан, мамлакатимизда мавжуд чинорлардан энг кексаси ва йириги (ёши 1200 йил ва айланаси тахминан 26-27 метр) Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Хўжа илм кони қишлоғидадир. Маҳобати ва ёши жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган чинор эса ( ёши 1000 йил, айланасининг узунлиги 22 метр) Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғида ўсиб гуркирамоқда. Шунингдек, Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги улкан чинорнинг ёши-700 ёш, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги чинор 500 ёш, Ургут туманидаги Юқори Чорчинор қишлоғидаги чинорнинг ёши эса 600 йилдан ошади.
Яна бир мўъжиза. Нурота тоғларидаги Чашма муқаддас зиёратгоҳ сифатида нафақат республикамизда, балки чет ел сайёҳлари ўртасида ҳам яхши маълум. Нур чашмасидаги сувнинг ҳарорати бутун йил давомида +19,5 даражага тенг. Сув таркибидаги 15 дан ортиқ микроэлементлар, жумладан, олтин, кумуш, бром, ёд кабилар чашма сувига нодир шифобахш хусусият бахш этган. Тангачалари бўлмаган қорабалиқ (маҳаллий аҳоли тилида "шоҳбалиқ") ҳам чашма суви каби муқаддас саналади. Таъкидлаш жоизки, заҳарли қопчага эга бўлган мазкур балиқни истеъмол қилиш инсон ҳаёти учун жуда хавфли. Ҳар сонияда 400 литр сув чиқадиган мазкур чашма ноёб ерости сув ариқлари орқали Нурота шаҳрини сув билан таъминлайди. Ушбу ерости ариқлари коризлар деб аталади.
Диққатга сазовор масканлардан яна бири Сурхон воҳасида Мочай дарёси бўйида жойлашган "Шифобулоқ" масканидир. Унинг бундай номланиши сувининг таркибида олтингугурт кўп. Шу ерда яшовчи маҳаллий аҳоли бу водород сулфидли сувдан тери касалликлари ва бошқа хасталикларни даволашда фойдаланмоқда. Бойсун мўъжизаларидан яна бири бу—"Ёнарбулоқ". Бу булоқ баланд қоялар пастида, тош-шағаллар орасидан муздай сув қайнаб чиқиб туради. Агар унга гугурт чақсангиз лов этиб ёнади.
Бундай мўъжизалардан ҳайратланмасдан илож йўқ. Бу ердаги маҳаллий аҳоли қишда (йўловчилар, чўпонлар) булоқни ёқиб, исиниб, кейин яна оловни ўчириб қўярканлар. Агар сиз бу мўъжизага ишонмасангиз Бойсун томон ҳозироқ йўл олинг.
Бу юртимиздаги мўъжизаларнинг ҳаммаси эмас, сизга айримлари ҳақида маълумот бердик холос. Булар бизнинг жаннатмакон юртда яшашимиздан далолат беради. Бу она табиатнинг бизга берган инъоми, уни асраб-авайлашимиз лозим.