ДАРДНИ  ОШКОР  ҚИЛИНГ,  ЯШИРМАНГ!...Саломат бўлинг!
ДАРДНИ ОШКОР ҚИЛИНГ, ЯШИРМАНГ!...
Халқимизда “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деган жуда ажойиб нақл бор. Лекин шунга қарамай аксариат ҳолларда иситмаси ошкор қилиб, дард суяк -суягимиздан ўтиб кетгунича ҳам овозимизни чиқармаймиз. Айниқса, жамиятдаги ўрнимиз, мавқеимизга, обрўимизга путур етказадиган “нозикроқ” дард бўлса, ўлсак ҳам, асло ошкор қила кўрмаймиз. Чунки унинг ҳаётимиз ва тақдиримизга асорати дарднинг касофатидан кўра ёмонроқ, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, касалликнинг олдини олиш, уни даволаш мумкинлигини жуда яхши биламиз. Онгимизга ўрнашиб олган бу иллатдан қутула олмаганимиз учун қуйидаги сингари фожиаларга дуч келаётганимизни яширишга ҳожат йўқ, албатта.
Биринчи воқеа: Нигорахон жуда чиройли ва одобли қиз бўлиб вояга етди. Маҳалла- кўйда ҳамманинг хаваси келадиган бу қиз ҳар- ҳар замонда номаълум хасталик туфайли ҳолсизланиб қоларди. Мактабда касалликларга қарши эмланганда ўзини ёмон ҳис этар, ҳатто кўрпа-тўшак қилиб ётиб қоларди. Нимжон ва нозиклиги учун шундай бўлса керак, деб онаси ҳам анча вақт бу ҳақда жиддийроқ ўйламади. Йўтал, ҳолсизлик қизнинг тинкасини қуритди. Шифокорга мурожаат қилишдан бошқа чора қолмаган эди. Шифокор аёлнинг тахминларидан онанинг юраги шувиллаб кетди. Наҳотки бу қизим ҳам шу дардга чалинган бўлса... Чунки катта қизи анча йиллардан буён шу оғир касалликдан азоб чекарди. Бир ҳовлида, бир хонада, бир тўшакдан, битта гигиена воситаларидан фойдаланиб келган опа-сингилларнинг соғлигидан сира хавотирланмаган Она қизини тиббий кўрикдан ўтишга олиб борар экан, йўл бўйи ўзи билан ўзи олишиб борди: агар бу юқумли хасталик тасдиқланса, уни албатта ҳаммадан яширади, ахир қизининг келажаги, бахти учун шундай қилади. Ахир катта қизи шу дард туфайли бахтсиз бўлди-ку.
Шифокор қабули... Иккиланишга ҳожат йўқ. Нигорахоннинг танасига хасталик анча йиллар олдин ўрнашиб олганлиги маълум бўлди. Она яна бир қалқиб тушди. Одамлар билмасин, деб қизини шифохонага ётқизишдан бош тортди. Уйда даволанишга ваъда берди. Қизимга ўзим ётиғи билан тушунтираман, деб шифокорни ишонтирди. Орадан йиллар ўтди... Уйдаги муолажа унча кор қилмади. Қайтанга хасталик танага чуқурроқ ўрнашиб олди, дори-дармонларни врач тавсиясига кўра ичишни канда қилгани учун уларнинг ҳам таъсири ўзига яраша бўлиб қолди. Хасталик гоҳ ошкор, гоҳ яширин ҳамла қилаверди.
Орадан анча вақт ўтди. Эшикдан совчилар кела бошлашди. Яқиндагилар қизни кўриб, эҳтиёткорроқ бўлишди, қайтиб эшик қоқишмади, узоқдагилар эса ёшлигида сал жигари оғриган эди, шунга рангпар кўринади, деган тушунтиришдан кейин хавотирни унутишди... Хуллас, узоқ қариндошиникига меҳмонга борганда қизни кўриб ёқтириб қолган йигит совчи жўнатди. Онанинг орзуси ушаладиган бўлди. Кўп ўйланиб ўтирмасдан тўй тараддудига тушишди. Саксонинчи йиллар эмасми, тўйдан олдин тиббий кўрик деган нарсалар ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмасди. Тўй ҳам ўтди. Она ҳаммаси тинчгина ўтганидан мамнун. Кунлар, ойлар ўтди. Қизининг ҳомиладорлигини эшитиб, яна бир карра қувонди. Аммо бу қувонч узоққа бормади. Фарзанд туғилгач, қизининг аҳволи бирдан ёмонлашди. Барча бу ҳолдан ҳайрон. Фақат она жим... Қизни кўришга келган қишлоқ шифокори унинг йўталига қараб, ҳушёр тортди. Қизнинг кўзларида чексиз илтижо бор эди. “Хасталигимни уйдагилар билмасин”, деган сассиз нидо ҳар қандай юракни тешиб ўтарди. Шамоллашнинг асорати, ўтиб кетади, дея ёлғон далда билан кетган шифокорнинг виждони қийналди, аммо ...
Касални узоқ яшириб бўлмади. Йўталганда хотинига рўмолча тутган йигитнинг ранги докадек оқариб кетди... Қон! У ўзини йўқотиб қўйди. Шифокорлар бу гал ёлғон гапиришга ботинолмади. Ҳамма нарса ошкор бўлди.
Кутилмаган зарба йигитнинг кутилмаган қарор қабул қилишига сабаб бўлди. Ажралиш... Миттигина чақалоқ билан ажралиб кетган бемор кўп ўтмай, она уйида бу ёруғ оламни тарк этди. Унинг ёш умри хазон бўлишига онанинг худбин орзулари, шифокорларнинг эътиборсизлиги, йигитнинг шафқатсизлиги, ўзининг иродасизлиги, жамиятнинг бепарволиги-ю, атрофдагиларнинг бағри торлиги сабаб бўлди. Силнинг давоси борлигини тан олмаслик ана шу фожиага олиб келди.
Иккинчи воқеа: Дилноза бувиси раҳматлик оғир хасталик туфайли ёш оламдан ўтганини ота-онасидан кўп бор эшитган. Қўшни хола тенгдоши Нодира билан ўйнаб қолса, дарров неварасини уйга чақириб қолишининг сабабини ҳеч тушунолмасди. Анча улғайиб, бугун Нодиранинг бувиси айтган гаплар қулоғига чалингач, кўп нарсани англагандек бўлди, ўзини йиғидан зўрға тўхтатиб қолди. “Неча марта айтдим сенга бу қиз билан ўйнама деб, ахир унинг бувиси юқумли хасталик сабабли ёш ўтиб кетган, у ҳам балки касалдир, сенга ҳам юқиб қолса, нима қиламиз...” дея неварасини койиётган холанинг сўзлари уни ҳеч кимга айтмай, шифокор кўригига боришга ундади. Дилноза кўрикдан ўтиб, соппа-соғ эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бўлган воқеани онасига айтиб берди. Онасига бу ҳақда қўшни холага гапириб ўтирманг, дея таъкидлаб ҳам қўйди.
Орадан йиллар ўтди. Қизлар бўйга етди. Дилнозани сўраб келган совчилар остона ҳатламай кўчадан қайтиб кетадиган бўлишди. Кунлардан бир кун олийгоҳда бирга ўқийдиган йигит совчи юборадиган бўлди. Аммо совчилар эшикка яқинлашмай маҳалладан қайтиб кетишди, эртаси куни институт ҳовлисида қизни кутиб турган ошиқ йигит ҳам “нега касалингиз борлигини мендан яширдингиз, сиздан буни кутмагандим...” деб Дилнозадан хафа бўлди... Дилноза эса ундан қаттиқ ранжиди, аммо йигитга ҳеч нарса демади... Иккиси ҳам ортга қарамади...
Орадан бир йил ўтди. Йигит совчилар топган қизга уйланмоқчи бўлди. Тиббий кўрик вақтида қизнинг тузалмас касали борлиги аён бўлди. Тўй тўхтатилди. Йигит доғда қолди. Бу тақдирнинг унга қайтарган дунёси эди..
Ҳа, яхшилар, ҳаммамиз инсонмиз. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади. Боз устига дард сўраб келмайди. Аммо ҳар қандай дарднинг ҳам давоси борлиги аён. Шундай экан, дардни яширмайлик, ошкор қилайлик, унинг давосини топайлик. Беморларга меҳрлироқ бўлайлик, улардан ўзимизни олиб қочмайлик. Соғлом турмуш тарзи, аҳолининг тиббий ва санитария маданияти ҳамда тиббий саводхонлигини ошириш борасидаги тарғибот ва ташвиқотларимизни кучайтирайлик. Ана шундагина соғлом ҳаёт ва соғлом тафаккурга эга бўламиз.
Маруса ҲОСИЛОВА, журналист
Эҳтиёт бўлинг!	  СИМОБЛИ ЛАМПАЛАР  ҚУЛАЙ, АММО...Эҳтиёт бўлинг!
СИМОБЛИ ЛАМПАЛАР ҚУЛАЙ, АММО...
Жасур АБСОЛИЕВ,
Уйғун ШОДМОНОВ,
Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси масъул ходимлари
Бугун кундалик ҳаётимизни электр нурисиз тасаввур қила олмаймиз. Айниқса, ёруғлик манбаи бўлган электр лампалари хонадонимиз, иш жойимизни чароғон қилгани учун кўнглимиз доимо ёруғ. Эҳтиёжларимизни ҳисобга олиб, кейинги йилларда мамлакатимизда энергия тежовчи лампалардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Чўғланма лампалардан кўра уларнинг афзалликлари кўп: электр энергиясини тежаб, яхшигина иқтисодий фойда келтиради, узоқ вақт хизмат қилиши туфайли истеъмолчи учун жуда қулай, қолаверса, хонада ёруғликни тенг тақсимлаб, кўзни толиқтирмайди. Шу боис, симобли, бошқача айтганда, люминесцентли лампалар яқин келажакда чўғланма лампаларни истеъмолдан сиқиб чиқаришига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Ҳозирда нафақат корхона ва муассасаларда, балки кўпгина хонадонларда ҳам фойдаланилаётган бундай замонавий лампаларнинг қулай жиҳатларини барчамиз яхши биламиз. Аммо масаланинг иккинчи мураккаб томони ҳам бор.
Гап шундаки, мазкур лампалар таркибида симоб моддаси мавжуд. Ишлаб чиқариш жараёнида люминесцентли лампаларга уларнинг ҳажмига қараб, 60 миллиграммдан 120 миллиграммгача симоб солинади. Физик хоссасига кўра, суюқ металл бўлган симоб ўтказувчанликни яхшилаб, нурнинг бир хил миқдорда тарқалишини таъминлайди. Бу яхши, албатта, бироқ симобнинг одам организмига салбий таъсирини ҳам унутмаслигимиз керак.
Симоб ҳаводан етти марта оғир металл, шунинг учун хонанинг пастки қисмида кўпроқ тўпланади ва ҳавонинг ифлосланишига олиб келади. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу модда асосан нафас йўллари ва тери орқали организмга таъсир кўрсатади. Ютилган симобнинг 80 фоизи ўпкада қолади, организмдан чиқиб кетмайди, аксинча, тўқималарда тўпланиб, асаб тизими, мия фаолиятига салбий таъсир қилади, жигар ва ошқозон-ичак фаолиятини ишдан чиқаради. Симоб осон буғланади ва унинг буғи бошқа органик моддалар билан бирикиши натижасида салбий таъсири янада ортади ва оғир генетик оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Бош оғриғи, ҳолсизланиш, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, қўл-оёқларнинг қалтираши симоб билан заҳарланишнинг энг асосий белгилари ҳисобланади.
Агар хонада битта люминесцент лампа синса, муайян вақт ўтгач, симоб буғи концентрациясининг организмга зарарли таъсири 20 баробар ортади ва инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Ишдан чиққан чўғланма лампаларни бемалол чиқиндихоналарга ташлашга одатланганмиз. Бироқ бу одатни яроқсиз ҳолга келган люминесцент лампаларга нисбатан қўллаш асло мумкин эмас. Чунки лампа таркибидаги симоб атроф-муҳитга ниҳоятда зарарли таъсир ўтказиб, ҳавони заҳарлайди.
Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда бу борада ҳукуматимиз томонидан тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, дастурлар ишлаб чиқилган ва амалга татбиқ қилинаяпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 сентябрда қабул қилинган "Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир. Низомга кўра, юридик ва жисмоний шахслар таркибида симоб мавжуд бўлган яроқсиз лампаларни махсус утилизация қиладиган корхоналарга топширишлари шарт. Симоб таркибида кучли заҳар борлигини инобатга олиб, энергия тежовчи люминесцентли лампалардан фойдаланганда ҳушёрликни унутмаслик, лампа ишдан чиққан ёки куйган тақдирда уни эҳтиёт қилиб, хавфсиз, махсус омборларда сақлаш зарур.
Шаҳар кўчаларини, ташкилот-муассасаларнинг хона ва ҳовлиларини ёритиб турган симобли лампалар ишдан чиққанида махсус хизматчилар томонидан алмаштирилади ва қайта ишлаш жойларига топширилади. Аммо хонадонлардаги лампалар-чи? Хонадон эгалари уларни нима қилиш кераклигини билишадими? Бизнингча, йўқ! Чунки кўп қаватли уйлар, аҳоли тиғиз жойлашган ҳудудлардаги чиқиндихоналарда кўп ҳолларда синиб ётган люминесцентли лампаларга кўзингиз тушади. Бу эса юртдошларимизнинг симобли лампалардан фойдаланишга оид истеъмол маданиятини шакллантиришда тарғибот-тушунтириш тадбирларига эҳтиёж катта эканлигини кўрсатади.
Энг аввало ҳар биримиз симобнинг зарарини тўғри тушуниб етишимиз зарур. Мутахассисларнинг қуйидаги маслаҳатларини билиб қўйиш эса фойдадан холи бўлмасди.
Симобни асло қўлингиз билан ушламанг! Чангютгичдан фойдаланишни ҳаёлингизга ҳам келтирманг, бу билан сиз хавфли моддани ҳавога тарқатасиз холос. Симобни асло супурманг: супурги симобни майда симоб чангига айлантиради ва уни йиғиб олиш янада қийинлашади. Симобни йиғиб олмагунингизча хонада елвизак қилакўрманг, акс ҳолда симоб шарчалари бутун хона бўйлаб тарқалади. Симоб теккан кийим ёки пояфзални кир ювиш машинасида ювиб бўлмайди, ушбу буюмларни ташлаб юборган маъқул. Симобни канализацияга оқизманг. Унинг канализация қувурларида ўрнашиб қолиш хусусияти бор. Бундан ташқари симобни канализациядан тозалаш ниҳоятда мушкул иш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 октябрдаги 405-сонли “Таркибида симоб моддаси бўлган лампалар ва приборлардан фойдаланиш ва уларни фойдали равишда ишлатиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил биринчи ярим йиллиги давомида Навоий вилоятида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ишга яроқсиз, таркибида симоб моддаси бўлган лампалар ўзига тегишли бўлган ташкилотлардан 9990 дона ҳамда “Навоийазот” АЖ томонидан ишга яроқсиз таркибида симоб моддаси бўлган корхоналар топширган 6111 дона лампалар жами 16101 дона ишга яроқсиз лампалар зарарсизлантирилди. Вилоятда мазкур қарор ижросини тўлиқ таминлаш бўйича барча корхона ва ташкилотларда ҳаётимиз, соғлигимиз учун муҳим бўлган бу ҳужжатнинг мазмун моҳияти ҳақида йиғилиш, семинар ва давра суҳбатлари доимий ўтказиб келинмоқда.
Хушхабар!Хушхабар!
“ЖОНЛИ ТАБИАТ”ГА - БИР ЮЗ ҚИРҚ МИЛЛИОН СЎМ

Кейинги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди. Президентимизнинг 2018 йил 4 майда қабул қилинган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Нодавлат ташкилотларига муносабат ва эътибор ўзгарди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб -қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган грант танловларининг салмоғи йилдан-йилга ошиб бораётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳар гал эълон қилинган грант танловлари ғолиблари аниқланганда, жамиятимизнинг нодавлат сектори ҳаёти ва фаолиятида янги-янги ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Куни кеча 2018 йилда эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмалари ғолиблари аниқланди. Улар орасида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган “Жонли табиат” биоэкологик маркази жамоат бирлашмаси ҳам борлиги барчамизни қувонтирди.
-Табиатнинг ноёб ва бетакрор мўъжизалари жуда кўп,- дейди марказ директори, эколог олим Эшмамат Тоғаев.- “Бухоро вилолят махсус “Жайрон” қўриқхонасида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳани тақдим қилган эдик. Талабгорлар жуда кўплигига қарамасдан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат буюртмачиси сифатида эълон қилинган танловда 140 миллион сўм грант маблағини ютиб олишга муяссар бўлдик. Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг адолатли ва холис фаолиятидан биз чекка вилоятлардаги нодавлат ташкилотлари чексиз миннатдормиз.
Маруса ҲОСИЛОВА
Атиргулнинг ажойиб хусусиятлари...Атиргулнинг ажойиб хусусиятлари...

Айтишларича қадимда Миср маликалари атиргулни сувга солиб, илиқ ҳолида баданларини чайиб юришган экан. Балки шунинг учун ҳам уларнинг юзлари тиниқ бўлган. Келинг, энг яхшиси атиргулнинг фойдалари
ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтамиз.

1.Атиргулнинг асал билан тайёрланган гул мураббоси меъда сусайишининг олдини олади, овкат ҳазм булишида самарали доривор ҳисобланади.

2. Доривор гул баргларини қайнатиб, сиқиб ташламасдан шишларга боғланса, уларни қайтаради. У яна сарамаснинг тузалишига ёрдам беради.

3.Атиргул ва узум шарбати қайнатилиб, милкларга суртилса, уларнинг мустахкамлиги ошади. Шу билан бирга қулоқ оғригига қўлланса хам яхши самара беради.

Ширасини кўзига томизса киши,
Қовоқдан кетади мижжалар шиши.
Бошингдан кетади бошинг оғриши.
Бошингга боғласанг янгисин агар.

Шарк ҳалклари табобатида атиргул кадим замонлардан кенг микёсда қўлланилиб келинган. Бу ўсимликнинг гул баргидан тайёрланган мураббо ва гул қанддан хам кўплаб дардларга шифо сифатида фойдаланилган.
Жумладан: офтобуриши, дармонсизлик, сурункали ва ўткир йўтал, камконлик, ич кетиши каби касалликларда кони шифолиги исботланган.
Кейинги пайтларда замонавий тиббиётда хам атиргул мойининг шифобахш хусусиятлари кенг кўламда ўрганилди. Унинг ўпка яллиғланиши, шамоллаш билан боғлиқ хасталикларга яхши самара бериши аникланди. Бундан ташкари, у шиллик пардаларни ташки таъсирлардан, бронх мушакларини спазм, яъни буғилишдан хам сақлайди.
Атиргулнинг шарбати юрак ўйнаши ҳамда кўнгил айнишини буткул қолдиради. Мен ўзим бу атиргулни олиб синовдан ўтказганман. Атиргулни олиб, қайнаган сувга солиб илиқ бўлгач юзингизни ювиб кўринг. Мўъжизасини ўзингиз ҳам кўринг.

Лобар Мирзо
Манба замин.уз.
Доривор ўсимликлар

КОВРАКНИНГ БЕБАҲО ХУСУСИЯТЛАРИ
у женшендан устунми?
Коврак ўсимлиги бир қарашда кишида кераксиз, ёввойи ўсимлик сифатида таассурот қолдиради. Уни барчамиз йўлда, чўлда кўп учратганмиз. Аммо унинг шифобахш хусусиятларини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифларидан бирида коврак етиштирувчилар ассоциациясини тузиш таклифини ўртага ташлаган эдилар. Дарҳақиқат, юртимизда коврак доривор ўсимлигини табиий равишда кенг тарқалганлиги ва қўшимча суньий экиб кўпайтириш имкониятларининг мавжудлигини инобатга олиб, кенг истиқболли режаларни назарда тутган эдилар.
Топшириққа асосан коврак доривор ўсимлиги майдонларини кенгайтириш, плантациялар ташкил қилиш, уларни қайта ишлашни ривожлантириш борасида ҳам улкан ишлар бошлаб юборилди.
Ковракнинг фойдали хусусиятлари бизга аввалдан маълум бўлган бўлиб, Абу Али ибн Сино, Беруний каби алломаларимиз адабиётларида турли касалликларни даволашда ундан тайёрланган дори воситалари ва пархез таомларни қўллаш тавсия қилинган.
Коврак туркумига мансуб турлар республикамизнинг қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади. Унинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларида ўсадиган турлари дориворлиги юқори саналади. Коврак Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Покистон ҳамда Ҳиндистонда ҳам кенг тарқалган.
Худудимизда бу ўсимлик март-апрель ойларида гуллайди, меваси апрель-майда пишиб етилади.Ўсимлик кўп йиллик ҳисобланади, ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ой яшайди. Ковракнинг бўйи 1,5-2 метргача, илдизи йўғон 15-20 смгача етади, лавлагисимон чуқур жойлашган. Баҳор мавсумида хали тўлиқ етилмаган илдизидан маҳаллий аҳоли томонидан кўк сомса, бичак каби таомлар тайёрланади.
Одатда доривор маҳсулотлар сифатида илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан тайёрланадиган шираси, кукуни, настойкаси, эмулсияси ва таблетка шаклида фойдаланилади. Асосан елими-илдизидан олинадиган смоласи-шираси тиббиётда кенг ишлатилади.
Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади, булар сассиқ коврак, рова, куҳистон ковраги ва бошқа номдаги ковраклар ҳисобланади. Табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida) кенг тарқалган бўлиб, республикамизда тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган смола-елим асосан шу турдан олинади.

Шифобахш хусусиятлари кўплиги сабабли тиббий мақсадларда кенг қўлланилади. Ошқозон-ичак йўлини шлаклар ва гижжалардан тозалашдан ташқари, бошқа касалликларни даволашда жуда фойдали ҳисобланади. Ангина, бронхит ва нафас аъзолари шамоллаши билан кечувчи бошқа касалликларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Эритмаси билан оғиз чайиш учун антисептик ва оғриқ қолдирувчи хусусияти борлиги учун нафас йўлларини микроблардан тозалаш ҳамда оғиздан ёқимсиз хид келишини йўқотса, оз миқдорда ичиш билан овоз бўғилишига даво бўлади.
Кўз касалликларида катарактани бошланғич босқичларини самарали даволаш, заҳарли ҳашоротлар чаққанда эса заҳарли таъсирини камайтиришда қўллаш мумкин.
Буйракдан тош тушириш, псориаз, экзема, терини тозалаш, жигарни тозалаш ва касалликларни даволаш хусусияти Ибн Сино адабиётларида алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Асаб тизимидаги бузилишлар ва тутқаноқни даволашда жуда самарали эканлиги, тиш оғриғи, мушак бўғимдаги оғриқлар, артрит, остеохондрозда жуда яхши натижа бериши маълум. Шарқ табобатида мастопатия, бепуштлик, жинсий ожизликни даволашда ишлатилган. Замонавий тиббиётда қатор онкологик касалликлар, бачадон миомаси, простата бези аденомасида ижобий натижалар қайд этилаётгани баён қилинмоқда.
Коврак ўсимлиги томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал каби бошқа хасталикларни даволовчи доривор ўсимлик хисобланиши билан бирга инсонга қувват берувчи, энергетик балансни ва тонусни тикловчи восита ҳам хисобланди.
Яна бир муҳим жиҳати баҳор фаслидаги эт узилди даврида турли фойдали витаминлар, микроэлементлар ўрнини тўлдириш билан организмни тўпланиб қолган зарарли шлаклардан, хилтлардан тозалайди, руҳий тетиклик беради.
Ана шулар боис тажрибали табиблар, шифокорлар ковракни хаётбахш женшендан устун ҳисоблашган.
Булардан ташқари, Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Хитой, Хиндистон ва бошқа Осий давлатларида коврак маҳсулотларидан таом тайёрлашда кенг қўлланилади. Коврак смола елимидан олинган кукуни зиравор сифатида, пиёз ва саримсоқ ўрнини босувчи сифатида таомга қўшилади. Овқат хазм қилишни кучайтириши сабабли, ҳинд халқида коврак кўшилса ошқозон михни ҳам ҳазм қилиб юборади, деган машҳур ибора юради. Ҳазм бўлиши қийин бўлган таомларни тайёрлашда таомга албатта қўшилади. Иштаҳани очиш билан бирга дам ҳосил бўлиш, кекиришни хам йўқотади.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, коврак ўсимлигини шифобахш доривор ўсимлик сифатидаги хусусиятларини халқимизга кенг етказишимиз зарур. Бундан ташқари, халқ табобати соҳасида мутахассислар билан бир қаторда шифохоналарда фаолият кўрсатиб келаётган врачларимиз даволаш амалиётида кенг қўллашлари жуда муҳим ҳисобланади.
Коврак ўсимлигининг шифобахшлигидан фармацевтика саноатида унга талаб ортиб бормоқда, дунё бозорида ҳам бу маҳсулот харидоргирлиги юқорилигича қолмоқда.
Шундан келиб чиқиб вилоятимизда коврак етиштириш учун кулай иқлим шароити мавжудлиги, кам сарфли экинлиги боис плантациялар ташкил қилиб, мавжудларини янада кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Табиий худудларда ўсувчи ковракни эса асраб- авайлаш, йўқолишига олиб келувчи ҳар қандай харакатларга йўл қўймаслик ҳам долзарб масаладир. Энг муҳими, коврак етиштириш, қайта ишлаш сердаромад бўлиб, уни ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши иқтисодиётимизга ижобий самара беради.

Фарҳод ҚУРБОНОВ,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти Навоий вилоят филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди,
Акбар ТУРСУНОВ,
Вилоят Давлат санитария
эпидемиология назорати маркази
бўлим мудири