ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?ЭКОЛОГИК  МАДАНИЯТ НИМА?
Хуршида ХУРСАНОВА,
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси
Инсон ҳамма нарсага қодир. Аммо гоҳида унинг қилмишларидан одамларгина эмас, бутун атроф-муҳит азият чекади, зарар кўради. Унинг эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги Она сайёрамизга беписандлиги қимматга тушиши мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Мана оддийгина чиқиндилар масаласини олайлик.
Ўз уйимизни, ўз кўчамиз, ўз маҳалламизни озода тутиш зиммамиздаги қарз бўлишига қарамасдан чиқиндиларни хоҳлаган жойга ташлашга ўрганганмиз. Атроф-муҳитга етказаётган зараримизнинг оқибатларидан асло ташвишланмаймиз. Табиатга бундай ёмон муносабатимизни фарзандларимиз биздан ўрганади. Ўзимизнинг “тажрибамиз” бир куни ўзимизга зиён етказиши хаёлимизга ҳам кириб-чиқмайди. Хуллас, экологик маданият деган тушунчалар кўпчиликка бегона.
Узоқ умр кўриш, соғ-саломат бўлишни орзу қиламиз, аммо унга амал қилишни унутиб қўйганмиз. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда айнан ана шу муаммолар муҳокама қилинади. Аҳолига экологик маданият ҳақидаги тушунтиришлар, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик тўғрисидаги танбеҳларнинг самараси унчалик сезилмаяпти. Жумладан, яқинда Кармана тумани Гулобод маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91 –моддасига асосан фуқароларга ноқонуний жойларга чиқинди ташлаганлик учун энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши маҳалла аҳолисига тушунтирилди. Тадбирда маҳалла фуқароларига 44 та огоҳлантириш хатлари тарқатилди.
Тумандаги “Талқоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи У. Жалилов ҳам амалдаги тартиб-қоидаларга амал қилмаганлиги, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаганлиги учун энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
Шунингдек, тумандаги Фарҳод маҳалласида ҳам ана шундай тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлишига қарамасдан фуқаро К. Болтаевга белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаганлик ҳолати аниқланиб, унга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима қўлланилди. Худди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳ. Санаева ҳам маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаганлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Ўзимиз яшаётган маконни, ўзимиз нафас олаётган ҳавони ифлослантиришдан наҳотки виждонимиз қийналмаса? Экологик маданиятни фуқароларимиз қачон ўрганади?
Ҳаёт дарси
БУРЧИНГИЗНИ УНУТМАДИНГИЗМИ?БУРЧИНГИЗНИ  УНУТМАДИНГИЗМИ? 		      Қуш  уясида кўрганини  қилади...
Қуш уясида кўрганини қилади...
Paъно ЎСАРОВА,
Зарафшон кончилик электроэнергетикаси
касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Юксак маънавиятли шахсни камол топтиришда оилада олинган тарбия муҳим аҳамият касб этади. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оилада шаклланади. Боланинг характери, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар, яхшилик ва эзгулик, олийжаноблик ва меҳр-оқибат каби тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир.
Комил инсонни тарбиялаш, оилада ахлоқий мезонларни қарор топиши илмий-назарий таълимотлардагина эмас, балки фалсафий-дидактик ва бадиий асарларда ҳам кенг талқин килинган. Масалан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида Ойтўлди ўғли Ўгдулмишга бир қанча насиҳатлар беради: “Менинг ягона ташвишим, – дейди у. – сенинг кейинги ҳаётингдир. Отанинг иш амали ўғлига сингса, унинг хулқида акс этади. Болани тергаб назорат қилиш ота-она юзининг ёруғлигини таъминлайди. Назоратдан ташқаридаги бола бебош ва ярамаслик сари оғади. Эрка бўлиб ўсган ўғил-қизлар хатти-ҳаракати ота-онага ғам ва алам келтиради”.
Фарзандларни жамият учун керакли шахс этиб тарбиялаш ота-онанинг ижтимоий бурчи саналади. Демак, ҳар бир ота-она оилада соғлом турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва фаровонликни қарор топтириш, фарзандининг бўш вақтини фойдали меҳнатга йўналтириш борасида бош қотириши лозим.
Биргина сегарета чекишни оладиган бўлсак, ёшлар орасида ҳам бу ҳолатнинг кўпайиши аввало оила муҳитига бориб тақалади. Чекиш одамнинг иш қобилиятини ошириб, асаб тизимини тинчлантиради, деган фикрлар мутлако нотўғри ҳисоблансада, баъзи катталарнинг дунёқараши ёшларда бошқача тасаввур уйғотмоқда. Чекишни эндигина бошлаган кишининг организми ҳаттоки бир дона сигаретадан ҳам ўткир заҳарланиши мумкин.
Боланинг қизиқишига қараб, уни бирор бир тўгаракка – фойдали машғулотга жалб килишда отанинг талабчанлиги, онанинг жонкуярлиги кераклигини ҳеч вақт унутмайлик. Бу албатта, боланииг келажагини белгилаб беради. Демак, ҳар бир ота-онанинг бурчи, фарзандга таълим-тарбия бериш ва баркамол бўлиб вояга етиши учун шароит ва имконият яратишдан иборатдир. Бурчингизни унутманг, азиз ота-оналар! Ахир қуш уясида кўрганини қилади...
ДУНЁ ТАЖРИБАСИ:ДУНЁ  ТАЖРИБАСИ:        “ ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ  ТЎЛАЙДИ”
“ ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ ТЎЛАЙДИ”
Алижон ЖАЛИЛОВ,
Навоий вилоят Экология ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармаси инспекция бошлиғи,
вилоят Кенгаши депутати


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича яқинда ўтказган йиғилишида дунё тажрибасида кенг қўлланилаётган “Ифлослантирувчи тўлайди” тамойили асосида янги тартиб жорий қилиш кераклигини таъкидлади. Яъни маҳсулотдан ҳосил бўладиган чиқиндини утилизация қилиш уни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобидан қопланиши лозим.
Йиғилишда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, чиқиндини қайта ишлаш ва ундан энергия олиш бўйича янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида урғу берди.
Айрим одамларда ҳалигача чиқиндини махсус белгиланган жойга ташлаш, ўз кўчаси ва ҳудудини озода сақлаш маданияти шаклланмагани ҳам қайд этилди. Шу боис ҳудудларни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортиш таъсирчан механизмларини яратиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда табиат, жамият ва инсон ўртасидаги мутаносибликнинг бузилиши, аҳоли сони шиддат билан ўсиши атроф-муҳитга боғлиқ муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Жумладан, миллионлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш масалалари бутун олам аҳлини қаттиқ ташвишга солмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозир дунё бўйича ҳар йили 5 миллиард 754 миллион килограмм чиқинди пайдо бўляпти. Уларнинг фақат 30 фоизи қайта ишланяпти, қолганлари эса ер юзида тўпланиб, уни тобора кўпроқ ифлослантиряпти.
Президентимиз 2017 йил 21 апрелда имзолаган “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор юртимизда айни йўналишдаги муаммоларни ҳал этишга, экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш ишларини тартибга солишга қаратилди. Унда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш ишлари билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантириш зарурлиги алоҳида уқтирилди. Республикамизнинг барча ҳудудларида ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар мамлакатдаги реал экологик ҳолат халқ¬аро тажрибалар асосида аниқ баҳоланади. Шу асосда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Маиший чиқиндиларни бош¬қариш миллий стратегияси, Ўзбекис¬тонда биологик хилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурлари ишлаб чиқилади.
Жисмоний ва юридик шахслар масъулиятини ошириш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, наботот ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга доир қонунлар талаблари бузилиши юзасидан жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Масалага кенгроқ ёндашадиган бўлсак, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга жиддий муносабатни шакллантириш масалаларига дунёнинг кўплаб мамлакатларида жиддий эътибор қаратилганлигини кузатиш мумкин. Ўз навбатида, жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилганлиги маълум. Масалан, Испанияда машина деразасидан чиқиндини улоқтириш 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорида жарима солишга асос бўлади. Германияда беодоб фуқаролар “чиқинди изқуварлари” томонидан ушланади. Чиқиндини махсус қутига ташланмагани кўчага ўрнатилган видеокамера орқали аниқланган қонунбузарга 100 еврогача миқдорда жарима солинади.Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғозини, чанқовбосди ичимликлар шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични ва овқат қолдиғини дуч келган жойга улоқтириш 35 евро, эски мебель, электрон техника воситасини тақиқланган жойда қолдириш 150 дан 600 еврогача миқдорда жарима жазоси тайинланишига олиб келади. Швецияда қоғозни ерга ташлаган киши 90 евро, Сингапурда 300 дан 1000 долларгача миқдордаги маблағидан жудо бўлади.
Албатта, бизда ҳам чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки чиқариб қўйиш учун жазолар белгиланган. Аммо бу тартиб-қоидаларга аҳоли ҳам, масъул ташкилот-идоралар ҳам амал қилаётгани йўқ. Бундай жазоларни жаҳон андозаларига мос равишда қайта кўриб чиқиш фурсати етиб келмадимикин? Ана шунда муаммоларга ечим топилиши аниқ.
ЭКОЛОГИК ТАРБИЯГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЭКОЛОГИК  ТАРБИЯГА  ИННОВАЦИОН  ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган « ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш » мавзусидаги давлат ижтимоий буюртмаси танловининг, “Табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишни ва оммалаштиришни ташкил этиш, экологик таълим савиясини оширишга кўмаклашиш” йўналиши бўйича “Бухоро вилояти махсус “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳаси учун 140 миллион сўмга эга бўлди. ЭКОЛОГИК  ТАРБИЯГА  ИННОВАЦИОН  ЁНДАШУВ
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат буюртмачиси бўлган мазкур лойиҳа аҳолининг экологик билимларини ошириш, ёшларни табиатни севишга, ҳайвонот ва наботот оламини асрашга ўргатиши билан бир қаторда юртимизга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.
-Бир вақтлар “Жайрон” экомаркази деб аталган махсус “Жайрон” питомниги Қизилқум чўлининг жануби ғарбида, Бухоро вилояти (Бухоро шаҳридан 42 км. узоқлиқда) Когон тумани ҳудудида жойлашган.- дейди лойиҳа раҳбари, “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси директори Эшмамат Тоғаев.- У Республика аҳамиятига эга бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд сифатида 1977 йилнинг май ойидан буён самарали фаолият кўрсатмоқда.
-Маълумки, ўтган асрнинг 70-йилларида, Қизилқум саҳросининг ноёб ва эндемиги, чўл оҳуси – жайрон ареалини асраб қолиш мақсадида 13 та питомник ташкил этишга қарор қилинган ва ўша даврда 7 та питомник ташкил этилиб, бугунги кунга қадар шулардан бор-йўғи биттаси, яъни махсус “Жайрон” питомниги сақланиб қолинган холос.
-Ҳозирда питомникнинг асосий фаолияти: ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни кўпайтириш, уларнинг биологиясини ўрганиш, генетик маълумотлар банкини ташкил этиш ва кўпайтирилган ҳайвонларнинг меъёрдан ортганларини зоопаркларга ҳамда ҳусусий коллекцияларга сотишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳисобдор бўлган питомник экологик йўналишдаги илмий ва ишлаб чиқариш ташкилот мақомига эга бўлиб, унда асосан илмий ходимлар фаолият юритади.
Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ҳалқаро аҳамиятга эга бўлган илмий амалий марказлардан бирига айланган питомник ишчи ва ходимлари, айни пайтда, табиий шароитда кам қолган ноёб ҳайвонлар: жайрон, қулон, Прежевал оти, Бухоро тоғ қўйи, морхўр, Бухоро хонгулини ярим тутқинлик шароитида сақлаб қолиш ва кўпайтириш ишлари билан шуғулланади.
Бундан ташқари, бу ерда йўқолиш хавфи арафасида бўлган айрим тур ҳайвонлар бўйича нуфузли халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Ҳозирда питомник ҳудудида 985 бош жайрон, 125 бош қулон, 23 бош Прежевал оти, 3 бош Бухоро буғуси (хонгул), 1 бош бурамашохли тоғ эчкиси (морхур), 48 бош Бухоро қўйи ва бошқа кўплаб ноёб ҳайвонлар бор.
Питомник ходимлари томонидан ўтган 40 йил давомида жуда катта ишлар амалга оширилишига қарамасдан, корхона фаолияти тарғиботи, қолаверса, унинг ички ва ташқи рекламаси масалалари замонавий талабларни тақозо этаётганлиги “Жонли табиат” маркази масъуллари эътиборидан четда қолмади.
-Масалан, - дейди лойиҳа раҳбари, биология фанлари номзоди Э. Тоғаев, - шундай катта имконият ва салоҳиятга эга бўлган бу масканда ҳозирда жуда долзарб бўлган экотуризм тизими самарали йўлга қўйилмаганлиги, бу йўналиш бўйича марказда инфратизим қулайликлари йўқлиги яққол кўриниб турибди. Маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни олиб келган автоуловларнинг турар жойлари, биотуалетлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
- Тўғри, қўриқхона маъмуриятининг режаларига кўра, туристларнинг питомникда кўпайтирилаётган ҳайвонларни кузатиш, ҳудудни ва фауна оламини суратга олиш учун қулайлик яратиш мақсадида махсус кузатув майдонини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида ушбу муаммо ечимига реал ёндашилди ва қўриқхонага четдан кирувчиларнинг ортиб бораётганлигини инобатга олиб, питомникдаги ҳайвонларнинг яшаш тарзига халақит бермаслик мақсадида режадаги кузатув майдонини 3 бараварга қисқартириб, кўпайтирилаётган 8 тур сут эмизувчи ҳайвонлар учун алоҳида-алоҳида, ҳар бир объектнинг биологияси эътиборга олинган холда волъерлар қуриш сметага киритилди.
-Умуман олганда, питомник ҳудудини мониторинг қилиш, ўзаро суҳбатлар ва ўрганиш ҳамда таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, питомникнинг фаолияти тарғиботи босма ва IT майдонларда талаб да-ражасида ёритилмаган ва экологик тарбия бўйича дастурлар мавжуд эмаслиги аён бўлди ҳамда экологик туризмни самарали ташкил этиш учун имкониятлар жуда ҳам чегараланган.
Мазкур лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Биринчидан, “Жайрон” питомниги тўғрисида чоп этилган босма ва IT маълумотлар базаси тўлиқ ўрганилади, корхона учун хос интерактив экобилим дастурлари (3 турда) ишлаб чиқилади. Иккинчидан, питомникда экологик таълим самарасини ошириш бўйича амалий ишлар қилинади, IT базаси сифати оширилади, электрон майдонда фаол бўлиш тизими яратилади, унинг ташқи ва ички рекламаси йўлга қўйилади ва бу йўналиш тўлиқ тартибга солинади. Учинчидан, питомникдаги ноёб ҳайвонларни сақлаш учун ўралган, таьмирга муҳтож, майдон лойиҳа маблағлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда питомникнинг моддий материаллари ҳисобидан волъерлар мажмуасига айлантирилади. Тўртинчидан, питомник офисида махсус кутубхона ташкил этилади ва у ҳуқуқий ва махсус адабиётлар билан тўлдирилади. Бешинчидан, жаҳонда ягона бўлган қўриқхона ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида электрон материаллар, 3 хил буклетлар ва Республикамизнинг маҳаллий туристлари, мактаб ўқувчилари учун мўл-жалланган 5 хил тарқатма материаллар чоп этилади.
“Жонли табиат” маркази бу борада етарли тажрибага эга. Фикримизни мазкур марказ томонидан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа интитутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грантлари доирасида 3 та грант ва 1 та давлат ижтимоий буюртма лойиҳаларини амалга оширилганлиги исботлаб турибди.
Жумладан, Жамоат фондининг 2011 йилдаги гранти асосида бирлашманинг “Навоий шаҳар «Хончарбоғ» маҳалласи қошида экологик таълим-тарбия алифбо мактаби ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси доира-сида атроф-муҳит муҳофазаси масаласида оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги муҳим учлик эканлиги ғояси илгари сурилди.
2012 йилда, бирлашманинг “Навоий вилоятининг деградацияга учраган тоғ олди ерларида экспериментал хандон писта плантациясини ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси пистанинг энг шимолий ареалларидан бўлган Навоий вилояти ҳудудида ҳам ўса олишини исботлади.
“Жонли табиат”нинг 2016 йилдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва экологик ННТларни жамоат экологик назорат фаолиятига махсус тайёрлаш ва янги институтни бошқариш тизимини ташкил этиш” лойиҳаси Навоий вилоятининг барча (305 та) МФЙларини жамоатчилик экологик назорати мавзуси билан қамраб олди.
2014 йилда бирлашма томонидан бажарилган “Учқудуқ тумани, Жарақудуқ ҳудудидаги “Тошўрмон”га муҳофаза этиладиган табиий-тарихий ҳудуд мақомини бериш ва унинг тарғиботига маҳаллий ёшларни жалб қилиш” мавзусидаги ижтимоий буюртма лойиҳаси бу табиий объектни ноёб экотуризм маскани сифатида ташкил этиш учун тегишли бўлган хуж-жатларни тайёрлаб берди.
Бундан ташқари, 2012 йилда бирлашма Америка қўшма штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси гранти асосида “Навоий шаҳрининг 30 та маҳалласи базасида 60 та фаоллардан иборат жамоатчилик экологик назорати тизимини ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳани бажарди. Унда ҳар бир маҳалладан иккита маҳалла фаолларига жамоатчилик экологик назоратнинг дастлабки тушунча ва билимлари берилди ва улар маҳаллалардаги экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш жамоатчилик комиссиялари ишларида фаоллик кўрсатишларига эътибор берилди.
Шунингдек, бирлашма томонидан ижтимоий шериклик асосида қуйидаги лойиҳалар амалга оширилди. “Холодные ключи” ва «Феникс» ёввойи ҳайвонларни кўпайтиришга мўлжалланган питомниклар учун зарурий ҳужжатлар тайёрлаб берилди. Майдони 3300 га бўлган “Битав” буюртма қўриқхонасининг Низоми ва паспорти ишлаб чиқилди. Зарафшон шаҳридаги, ҳудуди 32 гектар бўлган, технологик сув ҳавзасини балиқлантириш бўйича илмий тавсиялар, «Навоий» халқаро аэропорти худудининг орнито-логик вазияти илмий-амалий жихатдан ўрганилди ва ҳаво кемаларининг учиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосли тавсиялар берилди. “Навоийазот” АЖ базасида янги балиқчилик технологияларини қўллаган ҳолда йиллик қуввати 5 тонна бўлган балиқчилик тизимини ташкил этиш бўйича амалий хулосалар берилди. 2014 йилдан, айни пайтга қадар, бирлашма Навоий тоғ- металлургия комбинати ва “Қизилқумцемент” АЖ билан “ Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида болалар ва ишчиларни заҳарли судралиб юрувчи ҳайвонлар ҳамда ҳашаротлар чақишини олдини олиш” бўйича шартнома асосида хайрли ишларни амалга оширмоқда.
“Жонли табиат”нинг навбатдаги қадами ҳам хайрли ва самарали бўлишига шубҳа йўқ.
“ЖОНЛИ ТАБИАТ” “ЖОНЛИ  ТАБИАТ”
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Навоий вилоятида кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган “Жонли табиат” биоэкологик маркази” жамоат бирлашмаси нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам кўпчиликка яхши таниш. Мазкур марказнинг жонли фаолияти туфайли ноёб фауна ва флорани асрашга ўрганяпмиз. Дунёдаги машҳур “Тошўрмон”лар қаторидан жой олган Учқудуқдаги Тошўрмон муҳофазасига оид давлат буюртмаси, Хандон писталарни кўпайтиришни кўзда тутган грант лойиҳаси, буюк Канфуций таълимотига асосланган “Қорни оч одамга балиқ берма, унга балиқ овлашни ўргат!” каби кичик грантларнинг соҳиби бўлган мазкур жамоат бирлашмаси яна бир янги муҳим лойиҳани қўлга киритди. Газетамизнинг “Жонли табиат” саҳифаси орқали ана шу лойиҳа ҳақида танишиб борасиз.
ЕР – ХАЗИНА, СУВ- ГАВҲАР
Ёки бойликлар қонун ҳимоясида

Бу сўзлар бизга ота-боболаримиздан мерос қолган, У сувдан ва ердан оқилона фойдаланиш ҳар қандай даврнинг талаби эканлигини эслатиб турадиган даъватга айланган, десак ҳам хато қилмаган бўламиз.

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Барча жабҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир ҳаракат ва жараённинг қонунийлигини таъминлаш борасида етарли тажриба тўпланган. Янги тармоқ ва тизимлар ташкил этилиб, мамлакат иқтисодиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ -овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ана шундай янги назорат органи сифатида фаолият юритаётганлигини ва амалий натижаларга эришаётганлигини таъкидлаш мумкин.
Мазкур инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ва такрорий экинлар экилишини таъминлаш йўналиши бўйича берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан кундалик назорат тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Жумладан, инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан аниқланган 119 та ҳолатда 15,81 гектар экин майдонларида қўллатиб суғориш ҳолатлари, 70 та ҳолатда 994 л/с сувни зовурга ташлаб қўйиш ҳолатларини бартараф этилди, 27,1 км бўлган ариқ ва зовурлар тозаланишига амалий ёрдам кўрсатилди, яроқсиз бўлган 289 та гидропостларнинг 241 тасини, аниқланган 142 та насос агрегатларининг 136 тасини таъмирлашга, 1319 нафар сувчиларнинг керакли анжомлар билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари давомида сув истеъмоли шартномаларини тузилиши аҳволи ўрганилганда, вилоят бўйича 115 та сув истеъмолчилари уюшмалари билан шартномалар тузилганлиги аниқланган бўлсада, бу борада айрим камчиликларга ҳам йўл қўйганлигини кўриш мумкин. Масалан, Кармана туманида 80 та, Навбаҳорда 4 та, Хатирчи туманида 29 та ҳамда Конимех туманида 2 та ҳолатда ўзбошимчалик билан сувдан фойдаланиш ҳолатлари, яъни истеъмолчилар томонидан тегишли шартномалар тузмасдан туриб сувдан фойдаланиб келаётганликлари ҳолатлари аниқланган.
2018 йил 1 июндан бугунги кунгача жами 81 та яъни 19659,9 минг сўм миқдордаги маъмурий жарималар расмийлаштирилган, шундан 32 та яъни 7982,62 минг сўм миқдорда жарима ундирилган.
Бундан ташқари, Кармана туманида 9 та 4478,0 минг сўмлик иқтисодий жарималар қўлланилган бўлиб ундириш чоралари кўрилмоқда.
Иқтисодиётимизда қишлоқ хўжалиги етакчи ўринда эканлигини инобатга олган ҳолда ҳар бир фуқаро ердан самарали фойдаланиши ва сувни тежамкорлик билан ишлатиши лозимлиги муқаддас бурчга айланиши шарт.

Руслан РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ -овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси