Навоий шаҳри 60 ёшда...
Барча Навоийликларни ва шу гўзал шаҳарни бунёд этишда иштирок этган бунёдкорларни севимли шаҳримизнинг шонли 60 йиллик юбилейи билан муборакбод этамиз!
ЮРТИМ НАВОИЙГА

Юртим, ҳар қадаминг бахтдан нишона,
Бағрингда гул, баҳор, чўлнинг шамоли.
Бунчалар ярқироқ бу кенг пешонанг,
Сен рўёбга чиққан Шоир хаёли.

Таърифингга сўз йўқ, сен дилбар ғазал,
Сен азизсан менга ҳаттоки жондан.
Фахрим, ифтихорим, тақдирим азал,
Сенга тенг келолмас тенгсиз Жаҳон ҳам...

Маруса ҲОСИЛОВА
ЎТМИШИ ШАРАФЛИ, БУГУНИ ХАЙРЛИ, ЭРТАСИ НУРАФШОН- НАВОИЙ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ –
РИВОЖЛАНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА НКМК - 60 ёшда!

Одатда қайсидир шаҳар, ёки корхонанинг 50 ёки 60 йиллик юбилейларига унчалик аҳамият касб этмайдиган сана сифатида қаралади. Аммо шундай корхоналар борки, йиллар эмас, ҳатто ойлар мобайнида шуҳрат қозонади, довруқ таратади, юксалишларга юз тутади. Навоий кон-металлургия комбинати ана шундай технополис корхоналардан бири.
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройидаги Навоий кон-металлургия комбинати тарихи музейида Навоий кон-металлургия комбинати ташкил топганлигининг 60 йиллиги муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида комбинат бош директорининг иқтисод масалалари бўйича ўринбосари Нурмат Жўлибеков, НКМК касаба уюшмалари Кенгаши раиси Исроил Раҳматов, комбинатнинг маънавият ва маърифат масалалари бўйича масъули Холмамат Раупов, туман, шаҳар, вилоят ва республика газеталарининг мухбирлари, телевидение ва радио ходимлари иштирок этди.
Дастлаб “ Ривожланиш ва юксалиш йўлида” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 октябрдаги “Навоий шаҳри ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларига маълумот берилди.
-Корхонамиз эгаллайдиган ҳудуди, фаолиятининг кўлами, иқтисодий салоҳияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ассортиментининг кенглиги, ишчи-ходимлар сони, ижтимоий дастурларни молиялаштириш ҳажми бўйича Ўзбекистонда энг йирик корхона,-дейди НКМК бош директорининг ўринбосари Н. Жўлибеков,- 365 кун, 24 соат ишлайдиган корхонамиз юбилейга ёруғ юз билан етиб келганлигини фахр билан таъкидлашга ҳақлимиз. 60 мингдан ортиқ ишчи-ходим хизмат қилаётган корхонамизнинг ишлаб чиқариш объектлари мамлакатимизнинг бешта вилояти ҳудудида жойлашган.
-Жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, илғор технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналар барпо этилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш усулида қайта ишлаш технологияси муваффақиятли жорий этилди. Марказий кон бошқармасида олтинни уюмда ишқорлаш цехи ва “мурунтов” конида эмульсион портловчи моддалар заводи, Қўшработ тумани Заркент қўрғонида 4-гидрометаллургия заводи, “Мурунтов” конида қуввати бўйича жаҳонда ягона бўлган Тик-қия конвейери ишга туширилди.
Матбуот анжуманида жаҳонга маълум мазкур технополисга айланган корхонанинг ривожланиш пиллапоялари, дунёда эътирофларига сазовор бўлган олтини учун олган олтин медаллари, жаҳон майдонида 9999 рақамли сифатли олтиннинг софлик белгиси Ўзбекистон нуфузи белгисига айланганлиги фахр ва ғурур билан тилга олинди.НКМК - 60 ёшда!
Шунингдек, жорий йилда комбинатда илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Инновация маркази ташкил этилганлиги ва “Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача инновацион ривожлантириш дастури” қабул қилинганлиги, мазкур Дастурдаги 105 та инновацион лойиҳанинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши натижасида олтин таркибли рудалар ва уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш,экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сонини кенгайтиришга замин яратилиши таъкидланди.
Кадрлар сиёсати, салоҳияти ва ижтимоий ҳимоя масалалари корхонанинг бош вазифаси. Барча ютуқларнинг омили ҳам ана шунда.
Тараққиётда истиқбол, ривожланишда барқарорлик кафолатланган мазкур олтин корхона бугун ўзининг 60 йиллик байрамини тантанали нишонламоқда. Беҳисоб ер ости бойликларини қазиб олишда дунё ҳамжамиятида ҳавас уйғотаётган мазкур корхонанинг ўтмиши шарафли, бугуни хайрли, эртаси нурафшондир! Олтинтопар замондошларимизга Олтмиш йиллик довон муборак бўлсин, деймиз.
Маруса ҲОСИЛОВА.
Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилди"Ўзбекистон экологик партияси "ташкил этилди
"Ўзбекистон экологик партияси "ташкил этилди
Мамлакатимиз пойтахти Тошкентдаги Халқаро савдо марказида янги партия ташкил этиш бўйича мамлакат фуқароларидан иборат ташаббускорлар гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига асосан экологик партия ташкил этиш бўйича мамлакат фуқароларидан иборат ташаббускорлар гуруҳи шаклланди. Ана шу ташаббускор гуруҳ таркибида вилоятимиздан А. Жалилов ва И. Тогаевлар ҳам тасдиқланишган. Бугун, 14 ноябрь куни Халқаро савдо марказида янги партия ташкил этиш бўйича мажлис бўлиб ўтди. Мажлисга Борий Алихонов раислик қилди. Тадбирда Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилгани маълум қилинди.
Тадбир иштирокчиси Навоий вилоят Кенгаши депутати А.Жалилов “Ушбу партия юртимизда экология соҳасидаги қилинадиган ишлар самарадорлигини ошириш, юртимиз табиатини асраш, барча табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланишда сардор партия бўлади”, деб уйлайман, дейди биз билан бўлган телефон орқали суҳбатда.
“БИР  МАКОН,  БИР  ЙЎЛ”  ДА    ҚЎЛНИ-ҚЎЛГА БЕРИБ...
“БИР  МАКОН,  БИР  ЙЎЛ”  ДА    ҚЎЛНИ-ҚЎЛГА БЕРИБ...

Хитой цивилизацияси дунёдаги қадимий цивилизация бешикларидан бири эканлиги тарихдан маълум. Хитой маданияти жаҳондаги энг қадимий афсонавий маданият ўчоғи ҳисобланади. Конфуций таълимоти бир неча юз йиллар давомида Хитой мафкурасининг қуроли бўлиб келган. Хитой маданияти узоқ йиллар давомида қўшни мамлакатлар учун эталон бўлиб, Япония, Корея, Вьетнам каби кўплаб давлатлар хитой урф-одатлари ва анъаналарини қабул қилган. Хитой тасвирий санъати ва поэзияси чуқур фалсафага эга. Хитой буюк ихтиролар ватани, айнан компас ва порох Хитойда кашф қилинган.Электрон автолари эса яна бир ютуқ. «Буюк Ипак йўли»ни ҳам хитойлик сайёҳлар очганлигини яхши биламиз.
Ўз тилини қадрлаш борасида ҳам Хитойга тенг келадиган давлатни топиш қийин. Хуллас, меҳнат ва қатъият туфайли жуда катта ютуқларни қўлга киритаётган хитойликларга бугун тенглашиш осон эмас.
Кейинги йилларда Хитой ҳатто Японияни ортда қолдириб, жаҳон бозорида иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. «Керак-ми, демак уддалайман!» деган ишончли даъват ва қудрат Хитойни аграр давлатдан жаҳоншумул улкан саноат фабрикасига айлантирди. Оддий ўйинчоқдан то мураккаб электроникагача ишлаб чиқаришга эришиш осон кечмади, албатта.
Бир миллиард 400 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Хитой давлати дунёдаги энг катта инвесторлардан саналади. “Бир макон, бир йўл” ... Қадимий Ипак йўли анъаналарини ўзида мужассам этган мазкур лойиҳа Евроосиё мамлакатларини қамраб олади. Лойиҳа доирасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутган хитойликлар Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори сифатида фаолият юритмоқда. Ўзининг ўн миллиардлаб долларлик сармояларини ривожланган мамлакатларга киритаётган Чин юрти кейинги йилларда Ўзбекистон билан ҳам иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда
Бунинг учун мамлакатимизда инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонуний асос яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ инвесторлар учун қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди. Хусусан, Фармонда биринчи марта “Ишончни ҳимоя қилиш принципи” тушунчаси қўлланилди. Унга кўра давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилса ёки бекор қилинса, унинг натижасида инвестор
ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириш йўлида бу муҳим қадам саналади.
Республикамиздаги йирик саноат корхоналаридан бири саналган “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида йирик лойиҳаларни амалга ошираётган Хитойнинг “China CAMC Engineering Co.Ltd” ва “HQC Shаnghal cоmpany” компаниялари консорциуми иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга киришганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Ўзбекистон ва Хитой билан биргаликда ташкил этилган қўшма корхонада Хитой 501,1 миллион долларни ташкил этувчи поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси қуриш бўйича бош пудратчи мақомини олган. Лойиҳада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқариш ва шундан 50,0 минг тоннасини экспорт қилиш, 71, 8 минг тонна каустик сода ишлаб чиқариш ва шундан 22, 5 минг тоннасини экспорт қилиш, ҳамда 295,4 минг тонна метанол ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуа қуриш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2019 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши 903 нафар янги иш ўрни очилиши имконини беради ва ишлаб чиқаришни лойиҳада кўрсатилган қувват даражасига олиб чиқиш, электр энергияси сарфини лойиҳа кўрсаткичигача камайтириш ва Навоий кон-металлургия комбинатини зарур бўлган кимёвий реагент- натрий цианиди билан талаб миқдорида таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, хитойлик тадбиркорлар “Навоий” эркин иқтисодий зонасида одам ва юк ташишга мўлжалланган лифт ишлаб чиқариш заводини қурмоқчи. Яқинда улар вилоятимизда бўлиб, эркин иқтисодий зона фаолияти билан таншишди. Лойиҳа учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади ва 5 нафар хорижлик мутахассис ҳамда 30 нафар маҳаллий кадрлар иш билан таъминланади.
Шуи нгдек, мазкур давлатнинг “ SDV Consultinq Enqineers “ компанияси ҳам эркин иқтисодий зонада тадбиркорларга консалтинг хизматлари кўрсатишни амалга ошириш ниятида.
Текстиль саноати бугун Хитой енгил саноатининг етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Хитойликлар жуда меҳнаткаш ва кўзлаган мақсадига албатта эришадиган халқ. Буни Хитойга ижодий сафаримиз давомида ўз кўзимиз билан иш тажрибасининг гувоҳи бўлганимиз биргина тадбиркор мисолида исботлаш мумкин. Чанлэ районидаги Н&C текстиль корхонаси -хусусий корхона. Бир вақтлар сув қалқиб турган жойда қад ростлаган мазкур корхонанинг бунёд этилишидаги машаққатли меҳнат акс эттирилган ҳужжатли фильмни кўриб, очиғи қойил қолдик. Сувни тупроқ билан тўлдириб, ер ҳосил қилиб, у ерда кўп қаватли корхона биносининг биргина биринчи фазасини бунёд этиш учун 1 миллиард АҚШ доллари кетганлигининг ўзиёқ корхона катта салоҳиятли фабрикалардан бири эканлигини кўрсатиб турибди. Тўқув толаларини тайёрлашга мўлжалланган корхона маҳсулотларининг 30 фоизи Хитойда, қолган 70 фоизи эса Америка, Италия, Англия ва бошқа қатор ривожланган давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонанинг шиори :шундай: “Мен гўзаллик яратаман!” . Бугунги кунда 2-фаза қурилиши ҳам жадал суръатда давом этмоқда. Иш жараёнлари автоматлашган мазкур корхона Karl Maver center мақомини олган. У ҳа демай дунё бўйича текстиль толаларининг 33 фоизини етказиб беришига асло шубҳа йўқ. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр турган мазкур енгил саноат иншооти масъуллари Германия, Япония, Франция ва бошқа қатор давлатлардаги юзлаб рақобатчиларни ўрганиш орқали ривожланиш босқичларидан юқорилаётганлигини таъкидлашди. Инновацион ғояларга эътибор, илмий изланишлар олиб борадиган ходимлар учун ҳам алоҳида шароитлар яратилганлиги эътиборимизни тортди.
Хусусий корхона соҳибини айнан шу сувлик ерда фабрика қуришга нима мажбур қилди экан, деган саволимизга ўринли жавоб олдик. Асосий сабаблардан бири хом ашё таъминоти шу ерда қулайлиги, ҳукумат томонидан шу ерни ўзлаштиргани учун солиқдан имтиёз берилганлиги бўлса. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, корхона раҳбари айнан ана шу ҳудудда туғилиб, ўсган. Эллик икки ёшли ишбилармонда ўз она юртига садоқат ва ватанпарварлик туйғуларининг юксаклиги ҳам ана шу машаққатли йўлни танлаш ва забт этишга ёрдам берган.
Сув устида қад ростлаган баланд-баланд бинолар, маҳобатли кўприклар билан боғланган текстиль шаҳарчаси билан танишар эканмиз, юқори савияли билимдон ишчи-ходимларнинг маданияти, автоматлаштирилган иш жараёнлари, маҳсулотларнинг сифатига тан бердик.
Хитой афсона эмас, ҳақиқатлар ва чин мўъжизалар мамлакати эканлигига гувоҳ бўлдик.
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Сафар таассуротлари

ТИЛИМИЗ  БОШҚА, ДИЛИМИЗ   БИР...
ТИЛИМИЗ  БОШҚА, ДИЛИМИЗ   БИР...
ТИЛИМИЗ  БОШҚА, ДИЛИМИЗ   БИР...
Хитой Халқ Республикаси- Дунё харитасидан аҳолиси кўплиги, ишлаб чиқариши ривожланганлиги, янги инновацион ғоялар ижодкорлиги, техника тараққиётидаги улкан ютуқлари билан мустаҳкам ўрин эгаллаган Чин мамлакати. Аҳолисининг 92 фоизи Хитой халқ республикаси вакилларидан иборат. Бир юз йигирма тилда гаплашишади. Пурвиқор тоғлари, бетакрор дарё денгизлари, ҳаётнинг рангидек яшил ўрмонлари билан. биз журналистларни лол қолдирган мамлакат. Ижодий сафаримизни Тошкент-Пекин авиарейси орқали мазкур давлатнинг пойтахти Пекин шаҳридан бошладик. Ниҳоятда гўзал, осмонўпар бинолари, бетакрор гуллари, дарахтлари, кўрган кишини ҳайратга соладиган автолари ва маҳобатли кўприкларини тасвирлашга тил ожиз.
Сафаримизнинг биринчи қадамлари Пекиндаги Мин ва Цинлар сулоласи салтанати даврида императорлар учун қурилган Самовий ибодатхонадан бошланди. Умумий майдони 273 гектарлик мазкур ибодатхона Хитойнинг энг қадимий ва ўзига хос олий даражадаги ансамблларидан бири ҳисобланади.
Бу ноёб тарихий ёдгорлик деса арзийдиган маскан 1961 йилда мамлакатдаги эҳтиёт қилинадиган энг муҳим маданий бойликлардан бирига айланди. 2009 йилда давлат аҳамиятидаги маданий тасвир ҳудуди сифатида қайд этилди. Қисқа қилиб айтганда, Ибодатхона Пекин рамзларидан бирига айланган.
Ўзида қадимий руҳ ва жилоларни сақлаб қолган бу комплексларнинг ҳар бирида ўзига хос рангларни кўриш мумкин. Бир қарашда улкан бир боғни эслатадиган бу маскан ҳамиша одамлар билан гавжум. Яшиллик олами, ҳар бир дарахтнинг тарихий умри битилган белгилар кишини ҳайратга солади.
Кейинги манзил- Император саройи. Асрларнинг силсиласини кўтарган бу саройнинг қўрғонлари шунчалик мустаҳкамки, ҳозир ҳам бирор ёғийнинг бу ерга қадам босиши амри маҳол. Сарой деворларининг метинлиги ўз хусусиятини асло йўқотмаган. Миллионлар одамлар ташрифига қарамасдан Саройдаги мингга яқин хоналар асл ҳолича сақланган. Кўтарилиш зиналарининг барчасида 9 та пиллапояни кўриш мумкин. Бунда тўққиз рақамининг қандайдир хосияти ўз аксини топганлиги аниқ.
Иккинчи кунимиз Хитой марказий телевидениеси билан танишишдан бошланди. Марказий телевидение 60 йиллик юбилей арафасида экан. 10 000 дан ортиқ ходим хизмат қилади.
Телевидение биноси 42 қаватдан иборат. 37-қаватда шишадан қилинган айлана полдан пастга қараш қанчалик ваҳимали эканлигини тасаввур қилдик. Журналистларни синовдан ўтказиш усулларидан бири деб тушундик бу ойна полни. Ахборот узатиш технологияларининг замонавийлиги, ходимларнинг юқори савияси кўрсатувларнинг сифатини таъминламоқда.
Хитой Марказий телевидениесининг рус тили кўрсатувлари дирекцияси раҳбарларидан бири жаноб Хуан ва рус тилидаги кўрсатувларни эфирга узатаётган ходимлар билан учрашувимиз ҳар икки томон учу ҳам қизиқарли бўлди. Энг аввало марказий телевидение биносининг бетакрорлиги, керак бўлса ҳаммани ҳайратга соладиган даражада маҳобатли эканлигига қойил қолдик. Ўн йилдан буён эфирга узатилаётган рус тилидаги кўрсатувларни тайёрлашда 150 нафар ижодий ходим меҳнат қилмоқда. 24 соатлик эфир вақтида янгиликлар, нуқтаи назар,маданий ва кўнгилочар кўрсатувлар Россия, Беларуссия, Қозоғистон ва бошқа бир қатор давлатларга узатилиши йўлга қўйилган. Шундан 8 соати жонли эфир. Телевидение кўрсатувларидан нафақат Хитой балки, бошқа давлатлар ҳаётига оид янгиликлар ҳам ўрин олган.
- Томошабинларимиз сони ҳозирча 1 миллионга яқин,-дейди Хуан жаноблари.- Сайтимиз ва интернет тармоқлари орқали 3000 обуначиларимиз бор. Улар қамровини янада кенгайтирамиз. Чет эллик ҳамкорлар билан яхши алоқадамиз. Келгусида Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор. Энг катта ютуқларимиздан бири ахборотни тўғри узатишдан иборат.
Суҳбатдошимиз Россия Федерациясида аниқроғи-Москвада таҳсил олган. “РИА Новости” - Россия Ахборот агентлигида ишлагаб, етарли тажриба тўплаган.
Халқаро коммуникация марказидаги учрашув ҳам таассуротларга бой бўлди. Хитойнинг ривожланиш босқичлари ва қўлга киритган ютуқлари, бой маданий мероси, саноати, санъати, барча-барчаси тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар шу марказда яратилади. Радио ва телевидение Корпорацияси вице раиси Эй Сюн бяо кабинет директори Ли Минди, радиоянгиликлар бўйича бош директор Чжао Лин, Бош муҳаррир кабинетининг директор ўринбосари Чэн Ян, Хайся телеканали бош директори Фан Шаоюн, Фуцзянь телерадиоэшиттиришлари бошлиғи Гао Чуньфан Дуннань телеканали директори ёрдамчиси Ли Хунлар билан учрашувда уларнинг иш тажрибаси билан танишдик. Хайся телеканали кўрсатувлари 129 та давлатни қамраб олган. Дуннань телеканали Шимолий Америка ва Европа хамда Жанубий Шарқий Осиёни қамраб олганлиги билан эътиборга лойиқ. Халқаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг ўзида Бразилия, Жанубий Америка билан тажриба алмашиш тўғрисида шартномалар имзоланган. Халқаро даражадаги Мультимедия студиясининг қурилиши ахборот тўплаш ва тармоқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. Ижодий гуруҳ шунингдек, Таиланд, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Филлипин, Япония, Европа каби ўнлаб давлатлар оммавий ахборот воситалари билан узоқ муддатли ҳамкорликка эришган.
Хитой газеталари ҳам жаҳондаги етакчи нашрлар қаторига киради. “Жэньминь жибао” газетасида мингдан ортиқ журналистлар хизмат қилади. Дунёнинг турли мамлакатларида 70 дан ортиқ мухбирлик бўлимлари мавжуд. Газета тиражи 2 миллион 800 мингдан ортиқ . 15 июнь 1948 йилда ХХР марказий қўмитаси бюроси нашри сифатида ташкил этилган мазкур газета 1949 йил 1 августда Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун арафасида Хитой коммунистик партиясининг расмий нашрига айлантирилган. Мао Цээдун ўз қўли билан унга ном қўйди. Кундалик газета хитой, рус, инглиз, япон, француз, испан, араб, монгол, тибет, уйғур, қозоқ, корейс тилларида чоп этилади.
Кейинги манзилимиз Фуцзянь провинцияси. Қисқача номланиши Минь деб аталадиган бу жой мамлакатнинг энг катта ҳудудларидан бири саналади. Қуруқликдаги майдони 124 минг квадрат километр. 136 минг квадрат километр эса денгиз экваторийсига тўғри келади. Аҳолиси 38,74 миллион кишидан иборат. Провинция таркибига 9 та йирик шаҳар ва 85 та район киради. Нафақат иқтисодий ривожланиш нуқтаси, балки фан ҳам, маданият ҳам, таълим ва маърифат бобида ҳам ўзига хос мактаб яратган ўлка. Барча шаҳар ва районларида оптик толали гигабит тарқатилган. Барча қишлоқлари 3G алоқаси билан тўлиқ таъминланган. Барча шаҳар ва районлари эса 4G алоқасидан фойдаланади. Оилавий кенг полосали доимий интернет тармоғидан фойдаланиш коэффиценти 77,2 фоиз. Мобиль интернетдан фойдаланиш эса 78,6 фоизни ташкил этади.
Фуцзянь газетаси таҳририятида бўлдик. Бу газета 300 000 нусхада ҳар куни чоп этилади. Газетанинг мобил версияси ҳам бор. Ундан 6 миллион киши фойдаланади. Янги медиа бозорида барча соҳалар алоҳида тармоқлар бўйича 11 та газетага бўлинган бўлиб 16 бетлик ҳар бир газетанинг ўз ўқувчиси бор. Хитой тилида чоп этилади.
-Оддий фуқаролар умумий ҳаёт ҳақидаги газетани кўпроқ ўқийди-, дейди . газета раҳбари Фу Цзянь Жи Бао жаноблари.
Газеталарнинг ҳар бир саҳифаси рангли суратларга бой. Инфографикадан кенг фойдаланилади.
Бундан ташқари, “Бизнес” деб номланган газетада бизнес хабарлари ва рекламаларни кўриш мумкин. “ China daily” газетаси инглиз тилида чоп этилган бўлиб, унда нафақат Хитой балки бошқа Марокко, Иордания, Япония, Германия, Австралия, Франция ва қатор давлатлардан мақолалар ёритилган.
Ижодий сафаримиз давомида хитойлик дўстлар билан таржимон орқали гаплашган бўлсак-да, тилимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам дилларимиз, урф-одатларимиз, айрим анъаналаримиз бир-бирига мос ва яқин эканлигини юракдан ҳис этдик.
Мазкур провинциядаги сафаримиз ҳали давом этади. Хитойдаги энг нуфузли Сямэнь университети ҳақида кейинроқ ҳикоя қиламиз.
Маруса ҲОСИЛОВА,
Тошкент-Пекин-Фуцзянь- Пекин-Тошкент