“НАВОИЙ   ВОРИСЛАРИ”  -  НАВОИЙДА...“НАВОИЙ ВОРИСЛАРИ” - НАВОИЙДА...

2019 йил 12-13 февраль кунлари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Навоий шаҳрида буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишлаб “Навоий ворислари” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.
Мамлакатимизда иккинчи бор ўтказилаётган кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази хамда Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда кўрик-танловнинг вилоят босқичларида ғолиб бўлган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўз ўқитувчилари билан иштирок этдилар.“НАВОИЙ   ВОРИСЛАРИ”  -  НАВОИЙДА...
“НАВОИЙ   ВОРИСЛАРИ”  -  НАВОИЙДА...
“Навоий ворислари” Республика кўрик-танлови Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти”нинг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Мазкур танлов партия Дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар асосида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига сингдириш мақсадида ташкил этилди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий ўзлигимизни англаш мақсадида буюк аждодлар номига чуқур эҳтиром, уларнинг нодир маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Навоий мероси бизни, аввало, ота-боболаримиз йўлини муносиб давом эттиришга, ҳамиша эзгулик яловини маҳкам тутишга, маънавий камолот ва саодатга интилиб яшашга ўргатади. Шунингдек, шеърият султони ижоди, лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр, тимсолларга доир машғулотлар ёшлар, китобхонларнинг билими, маънавий дунёсини бойитиш ва янада кенгайтириш имконини беради.
Тадбирда қайд этилганидек, 2018 йилда кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва ҳудудий босқичларида Республикамизнинг 4 минг 997 та умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 11 минг 368 нафар ўқитувчи ўз ўқувчилари билан иштирок этдилар. Бу рақамлар 2017 йилга нисбатан иштирокчилар сонининг икки баробарга ортганини кўрсатади. Танлов натижасида Алишер Навоий ижодига бефарқ бўлмаган, унинг 50тадан 100 тагача ғазалларини тўлиқ ёд оладиган ва нафақат ёд олиш, балки ғазал матнининг насрий баёнини ярата оладиган ҳамда ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера оладиган 14 мингдан ортиқ иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кашф этилди.
Кўрик-танловнинг Республика босқичи иштирокчилари дастлаб вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғидаги шоир ҳайкали пойига гуллар қўйиб, улуғ мутафаккир даҳосига ҳурмат бажо келтирдилар.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган кўрик-танловда иштирокчилар тўрт шарт — энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёнини ярата олиш, ундаги сўзлар мазмун-моҳиятини изоҳлаб бериш каби шартлар бўйича баҳслашди. Навоий ижоди, лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр ва тимсолларга доир маълумотлар нафақат танлов қатнашчилари, балки томошабинларга ҳам буюк бобокалонимиз меросидан баҳраманд бўлиш, билимини бойитиш имконини берди.
Кўрик-танлов давомида иштирокчиларнинг улуғ шоир ғазалларидан камида 40 тасини ёд олгани ва уларнинг насрий баёнини тақдим эта олиш қобилиятига эътибор қаратилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти ўзининг серқирралиги ва кўламдорлиги билан беқиёс ўрин тутади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва улуғлигини англаш туйғуси халқимиз онгу шуурига, қалбига, аввало, Навоий асарлари билан кириб келади. Навоийни англаш, унинг фалсафий, ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушунишнинг ўзи улкан саодатдир. Мазкур кўрик-танлов ҳам бобокалонимизнинг умрбоқий асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар билан ёшларни янада яқинроқ таништиришда муҳим ўрин тутади. Зеро, даврлар алмашса-да, буюк аждодимиз қолдирган маънавий мероснинг қадр-қиммати тобора ортиб бораверади. Бунга яқинда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг навоийшуносликка маълум бўлмаган икки қўлёзмаси аниқланганини мисол қилса бўлади.

Кўрик-танловнинг тақдирлаш маросими Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтди.
Танловда биринчи ўрин- Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани 33-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси- Шукрулло Зикрияевга, иккинчи ўрин -Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Лобар Давроновага, учинчи ўрин эса – Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Хуршида Акбарқуловага ҳамда Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Дурдона Исароваларга насиб этди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Навоий вилояти ҳокими Қобулжон Турсунов ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратовлар улуғ шоир асарларидаги инсонпарварлик, адолатпарварлик, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатиш сингари ғоялар ёшлар тарбияси ва камолотида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, бу ҳаётбахш меросни изчил ўрганиш, янада теран анг¬лашда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг мазкур лойиҳаси алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар.
Қайд этилганидек, туркий халқларнинг “шамс-ул-миллат”и бўлган Навоий жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг буюк шеърияти, фан соҳаларининг турли тармоқларига бағишланган илмий мероси билан бойитган сўз санъаткори ҳисобланади. Ўз ижодий меросида 26 мингдан ортиқ луғат бойлигидан фойдаланган бу буюк даҳо беш асрдан ошибдики, асарларидаги чуқур фалсафий мушоҳада, маъно-моҳиятнинг теранлиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади.
Тадбир сўнгида кўрик-танлов ғолиблари ва иштирокчиларга Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Маруса ҲОСИЛОВА
КЎНГИЛЛАРНИ ЁРИТГАН ОФТОБ...
НАВОИЙ ДАҲОСИГА ТАЪЗИМКЎНГИЛЛАРНИ   ЁРИТГАН  ОФТОБ...  			НАВОИЙ ДАҲОСИГА  ТАЪЗИМ

Академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг машҳур сатрларини эслайсизми?
Китобинг кирмаган ўзбек элида хонадон йўқдир.
Рубобий куйларинг ёд билмаган жонажон йўқдир. ..
Бу сатрлар шаксиз буюк мутафаккир Алишер Навоий даҳосига эҳтиромдан яралган.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Навоий давлат педагогика институти Ўзбекистон Республикаси фанла академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида “Алишер Навоий меросининг умумбашарият маънавий- маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги III анъанавий халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.
Халқаро конференцияда Озарбайжон, Афғонистон, Бошқирдистон, Венгрия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Россия, Туркия, Швеция, Ҳиндистон, Туркманистон, Тожикистон каби 15 га яқин давлатлардан 50 нафардан ортиқ навоийшунос олимлар, шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидан таниқли академиклар, профессорлар, ижодкор зиёлилар, маъанавий соҳа мутахассислари, фаоллар, ёш олимлар ва талаба ёшлар қатнашди.
Тадбир тантаналари эрта тонгдан Навоий шаҳар марказидаги истироҳат боғидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Конференция қатнашчилари, чет эллик меҳмонлар ва вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.
Асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган “Ёшлар маркази”да мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий асарларининг янги талқин ва кўринишда чоп этилган намуналари асосида бадиий кўргазмаси ҳамда акция ташкил этилди.
Академик Бахтиёр Назаров бошқарган анжуман дастуридан 160 дан ортиқ маърузалар ўрин олган.
Ҳар бир маъруза, ҳар бир суханда Навоий тафаккури кўнгилларни ёритганлигини кўриш мумкин.КЎНГИЛЛАРНИ   ЁРИТГАН  ОФТОБ...  			НАВОИЙ ДАҲОСИГА  ТАЪЗИМ
КЎНГИЛЛАРНИ   ЁРИТГАН  ОФТОБ...  			НАВОИЙ ДАҲОСИГА  ТАЪЗИМ
Навоий шарафини янада улуғлаш мақсадида жорий йилда вилоятда Алишер Навоий жамғармаси фаолият бошлади.
Навоий шаҳрида Алишер Навоийнинг хокидан тупроқ олиб келиб, зиёратгоҳ ҳамда музей ташкил қилиш ва Навоий достонлари қаҳрамонлари боғини яратиш борасида ҳам эзгу ва ҳайрли ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Қобул Турсунов иштирок этиб, буюк шоир номи билан аталган шаҳарни жаҳон навоийшунослигининг илмий марказига айлантирамиз, дея ифтихор билан таъкидлади.
Анжуман шўъба йиғилишларда давом этмоқда.
Йиллар ўтади, замонлар ўзгаради. Аммо Навоий ғояларига эҳтиёжимиз, муҳаббатимиз асло кам бўлмайди, ўзгармайди. Буюк шоир тафаккури кўнгилларимизни ҳамиша ёритиб туради.
Конференцияда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодировнинг “Навоийни англаганимизда эди...” деган сўзлари эса бу улуғ даҳо ижодини ўрганишимиз ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини яна бир бор эслатди.
Маруса ҲОСИЛОВА.