ЖУРНАЛИСТ- АМАЛДОРЛАРНИНГ РАҚИБИ...МИ?!
БИР КАРВОН ЙЎЛИДАМИЗ-КУ!
ЖУРНАЛИСТ-  АМАЛДОРЛАРНИНГ  РАҚИБИ...МИ?! 	БИР  КАРВОН  ЙЎЛИДАМИЗ-КУ!
Давлат ва жамиятда, сиёсатда, кундалик ҳаётда матбуотнинг ўрни беқиёс. Аммо бугун мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари анча мураккаб даврларни бошдан кечирмоқда. “Тўртинчи ҳокимият” деб таъриф берилган бу машаққатли хизмат бугун қандай аҳволда деган сааволга ростини айтиш керак, матбуот, газета ва журналлар, босма оммавий ахборот воситаларининг кўпчилиги бугун жар ёқасида деб жавоб бериш мумкин. Республикамиздаги баъзи нуфузли нашрлар ҳам бир оз танаффус эълон қилишга мажбур бўлганини жуда яхши биламиз. Ёки туман ва шаҳалардаги айрим 70 йил, 80 йилдан буён чоп этилаётган газеталар ҳам ёпилиш арафасида турганлиги рост. Амал-тақал қилиб чиқаётган газеталарнинг ҳам адади ўша ҳудуднинг аҳолиси сони билан солиштирганда, жуда ачинарли аҳволда. Баъзи номдор нашрлар ҳам ойлик берса, гонорарга маблағ тополмай сарсон. Матбуотга муносабат сохталигича, юзакилигича қолмоқда. Ўз муассислигидаги газета ёки журнални иқтисодий инқироздан ҳимоя қилолмаган, унга ёрдам беришни хоҳламаган амалдорларни бугунги давр раҳбари, деб айтолмаймиз.
Тўғри, бизга кўп таъна қилишади: Ҳақиқатни ёзсанглар, газеталарингни одамлар ўзи излаб топади, дейишади. Тан оламиз, матбуотнинг мавқеини кўтарадиган энг катта мезон – ҳақиқат ва адолат! Ҳақиқат эса жуда аччиқ! У кимгадир ёқса, кимгадир ёқмаслиги аниқ. Чунки одамлар энг сўнгги ишонч ва умид сифатида таҳририятларга мурожаат қилади, бутун умр ушалмаган орзулари ушалишини, йиллар давомида ечилмаган муаммолари ечилишини сўраб таҳририятлар эшигига бош уради. Ҳеч бўлмаса дилидаги ҳақиқатларни қоғозда кўриб, кўнгли таскин топади.
Шу шарафли ва машаққатли соҳада қирқ йилдан ортиқроқ вақт мобайнида фаолият кўрсатаётган бўлсам, матбуотимиз бошидан ўтказган кўплаб “ савдолар”нинг шоҳиди бўлганман. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги матбуот ҳақиқатлари ва миллатимизга нисбатан адолатсизликларни навоийликлар ҳам бошидан ўтказган.
Кечагидек эсимда, Ҳар бири 40 минг нусхадан кўпроқ чиқадиган “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” вилоят газеталаридаги ҳолатлар. “Знамя дружбы” газетаси мухбири А. Пазовский имзоси билан рус тилида тайёрланган миллатимизнинг энг илғор зиёлилари, элу юрт танийдиган, ҳармат қиладиган олимлари, фан ва тиббиёт фидоийлари, айбсиз айбдорларга нисбатан бўҳтон ва туҳматлар ёғдирилган мақолаларни рус тилидан ўз тилимизга алам билан, ғазаб билан таржима қилишимиз, Ленинграддан юборилган вилоятнинг ўша вақтдаги биринчи раҳбари топшириғи билан газетамиз саҳифаларида бир бет қилиб ёритилишини ҳозир эсласак, юракнинг зарби тезлашади. Шукрким, бугун бундай сўз орқали “осиш” ва “отиш” ҳолатлари йўқ.
Бугунги матбуотда сўз эркинлиги, ҳақиқат мундарижаси бор. Жаҳон матбуоти билан тенглаша оладиган ютуқларимиз бор. Журналистлар дунёга чиқиш, у ердаги ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриш имкониятларига эга бўлди.
Тўғри, одамлар ҳозир матбуотдан, газета- журналлардан кўра кўпроқ, турли интернет тармоқларига тобе бўлиб бормоқда. Бу тобеликнинг оғир бадаллари борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳис-туйғуларимизни хиралаштирган, тафаккуримизни ўтмаслаштираётган ана шу интернет ёлғонлари матбуотдан кўпчиликни узоқлаштирмоқда. Мафкура майдонига қадам босишга қудрати, билими, савияси етмаётган айрим раҳбарлар мажбурий обуна деган иборага аввало ўзларини ишонтиришди. Газета ва журналларга обуна қилмаслик учун барча ҳунарларини ишга солган қанча амалдорлар республикамизда чоп этилаётган баъзи нашрларни ўқиш у ёқда турсин, ҳатто номини ҳам билмайдиган даражага етди.
Ахборот технологияларининг тараққий этиши мана -ман деган ривожланган давлатларда босма оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб ва эҳтиёжга заррача путур етказгани йўқлиги биздаги баъзи баҳона эгаларини уялтириши керак....
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг нуфузини кўтарадиган, имиджини кўз-кўз қиладиган воситалар орасида энг муҳимларидан бири матбуот эканлигини тан олиш керак! Демак, матбуотга ҳам янгича муносабат, янгича эътибор зарур! Мамлакатимизда унча катта бўлмаган рақамларни ташкил этадиган журналистлар давлатнинг дардига шеригу, аммо иқтисодий масалаларда “давлатдан ташқарида” эканлиги жуда ачинарли. Журналистлар ҳам СЎЗ излаши керак, ҳам НОН топиши керак! Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хайрли қадамларни бошлаганидан хурсандмиз. Журналистларнинг ҳам елкасига офтоб тегишига жуда катта умид боғлаяпмиз.
Газета- журналларнинг ўқимишли бўлиши учун нима қилсак бўлади, деб кўп сўрашади. Кимдир “Газета ва журналларни зўр қилиб чиқарсангиз, одамлар ўзи топиб ўқийди деса, кимдир танқидий материалларни кўпроқ ёритиш керак”, дейди. Менинг фикримча, энг аввало халқимизни етти ёшдан етмиш ёшгача эмас, балки нол ёшдан юз ёшгача интернет чангалидан чиқаришимиз керак. Кекса итернет шайдоларини қайта тарбиялаш эса осон эмас, албатта. Иккинчидан, газеталарда ёритилган танқидий материал учун журналистни муҳокама қилиш, судга бериш ўрнига, қўлини осмонга узатса етадиган “қаҳрамон”лар мақолани ёзишга мажбур қилган муаммони тузатиш чораларини кўрса ёмон бўлмасди. Чунки журналист амалдорларнинг рақиби эмас, балки улар билан халқ ўртасидаги кўприкдир, уларга кўмакдошдир.
Мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли эканлигини кўп такрорлаймиз. Аммо Моцартнинг рус тилидан ўзбек тилига таржимаси қандай бўлади, деб ўз ёрдамчисидан сўрагувчи саводсизлар амал курсиларида ўтириб, маърифатдан, маънавиятдан маъруза ўқийдиган бўлса, маърифат чўққиларини ҳеч қачон забт эта олмаймиз.
Ҳозир сир эмас, газетани журналистларнинг ўзи чиқариб, ўзи ўқияпти. Битта ҳам газета кирмайдиган хонадонлар анча-мунча. Авваллари бошқача эди. Мафкуранинг тили, қўли ва оёғи матбуот эди. Масалан, биз оилада ўн бир фарзанд эдик. Онам ишламасдилар. Дадамнинг бир ўзлари ишлаб, бизни боққанлар. Оддий темирчи бўлсалар ҳам ҳамамизни ўзимиз танлаган касб эгаси бўлишимиз учун жон куйдирганлар, шароит яратганлар. Рўзғордан ортиб, газета- журналларга ҳам ҳар йили обуна бўлардилар. Эсимда, ўқувчилик йилларимизда 70- йилларнинг бошида уйимизга “Правда”, “Известия”, “Совет Ўзбекистони” газеталари, “За рулём” ва “Саодат” журналлари мунтазам келарди. Дадамга қўшилиб, уларни биз ҳам ўқирдик. Журналистикага ҳавасимнинг илдизлари оиламизда матбуотга бўлган ана шундай меҳрдан сув ичган бўлиши аниқ.
Бугун ҳам худди шундай ҳар бир оилада матбуотга ҳурмат, эътибор бўлишини истайман. Матбуотга садақа эмас, МЕҲР керак! Газета дўконлари олдида худди анча йиллар аввалгидек турнақатор навбатларни кўришни хоҳлайман. Мафкуранинг ўткир қуроли бўлган матбуотга ҳукумат доирасида эътибор қаратилишига ишонаман.
Ота-онам, устозларим, дўстларим ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Соҳадаги кўп йиллик меҳнатларим қадр топди. Ўтган йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари кунида Президентимиз Фармони билан “Дўстлик” ордени соҳиби бўлдим. 2019 йилда Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида “Олтин қалам” мукофотининг Хитой Халқ Республикаси томонидан эълон қилинган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги Халқаро номинация ғолиблиги менга насиб этди. Тақдиримдан миннатдорман. Касбимдан ифтихордаман. Агар яна қайта туғилиш насиб этганда, ҳеч шаксиз яна журналистика соҳасини танлаган бўлардим.
Касб байрамимиз арафасида кимнидир дилини оғритиб қўймаслик учун тилимни бироз тиймоқчиман. Шунинг учун фақат яхши нарсалар ҳақида фикрлашдик. Азиз ҳамкасбларимизни байрам билан қутлаб, машаққатли соҳадаги ишларига омад тилайман. Бизни газета саҳифалари орқали интиқлик билан кутаётган азизларга эса, “Бу дунёга сўз излаб келганмиз. Кўнглингиздаги сўзни топиб, Сизга улашишдан ғоят бахтиёрмиз” деймиз!
Маруса ҲОСИЛОВА,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
БИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ! БИЗ  КЕЛАЖАК  УЧУН  ЖАВОБГАРМИЗ!

Алижон ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

Мамлакатимизда янги сиёсий куч- янги партия - Ўзбекистон Экологик партияси майдонга чиқди.
Янги партия зиммасига мустақил ривожланиш йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида тўпланган тажрибани янада бойитиш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида шаклланган илғор халқаро талабларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш вазифаси юкланган. Бугунги глобаллашув жараёнида замонавий Ўзбекистон учун атроф -муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масаласи ўта долзарб вазифа эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз.
Энг аввало, атроф муҳитни асраш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда Она табиатимизни авайлашдек эзгу ишларга бефарқ бўлмаган фуқароларни партия сафига жалб этиш партия дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Партия мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун ўзи ҳақидаги ахборотларни эркин тарқатиш, партия ғоялари, мақсад ва вазифаларини, қарорларини кенг тарғиб қилиш, сайлаб қўйиладиган органларда ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш, маҳаллий сайловларда иштирок этиш, ўз фаолиятига боғлиқ йиғилиш, конференция ва бошқа тадбирларни ўтказиш, қонунда назарда тутилган тартибда оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳамда турли ОАВдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти ижроия қўмитаси Кенгаши аъзолари томонидан вилоятдаги ташкилот, корхона ва муассаса ҳамда тадбиркорлик субъектларида партия аъзолигига қабул қилиш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Партияга 18 ёшга тўлган фуқаролар якка тартибда, ихтиёрийлик асосида, амалда белгиланган тартибда аъзо бўладилар ва энг кам иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида аъзолик бадалини тўлайдилар.
Вилоят Экология ва атроф -муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Давлат санитария эпидемиология маркази, Навоий давлат педагогика ва Навоий давлат кончилик институтлари, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, “Бережливость” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари биринчилардан бўлиб партия сафига аъзо бўлдилар.
Кенгаш аъзолари томонидан “Навоийазот” АЖ, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси ва унинг бўлинмаларида, таълим тизими, ободонлаштириш, кўплаб хусусий корхоналарда ишчи-ходимлар билан кенг кўламдаги тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
Ана шундай масъулиятли дамларда мамлакатимизда ёшларнинг экологик билим ва маданиятини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланганлигини эътироф этиш мумкин. Концепциянинг мақсади ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш, экология соҳасидаги илм-фанни инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда такомиллаштиришдан иборатдир.
Концепция мақсадига кўра мактабгача таълим муассасаларида “Эколог болажон” дастури жорий этилади ва “Экологик йўлакчалар”ташкил этилади. Шунингдек, “Она табиат” мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари,
мактабларда эса “Энг яхши экологик тоза мактаб”, “Энг яхши эколог ўқувчи” кўрик танловлари ўтказилиб, лицейлар ва коллежлар ўқувчилари ўртасида “Экология билимдони” мусобақаси ташкил этилса, олий таълим муассасалари, талабалар турар жойларида “Эко-клублар” фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.
Мазкур концепция “Биз келажак учун жавобгармиз!” ғоясини ўзининг бош шиори сифатида қабул қилган партиямизнинг мамлакатнинг экологик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги мақсад ва вазифаларига муштаракдир.
Зиммамизда Ватан ободлиги, элимиз соғлиги, бетакрор табиатимизни келгуси авлодларга безавол етказишдек шарафли вазифа бор. Партиямиз сафига она юртимиз тақдирига дахлдор, унинг мусаффо ҳавоси, тоза суви, ҳар бир қарич ери учун қайғурадиган ҳақиқий ватанпарварларнинг бирлашишини истаймиз.