ИЛТИМОС, ЭМЛАШДАН ВОЗ КЕЧМАНГ! ИЛТИМОС, ЭМЛАШДАН  ВОЗ  КЕЧМАНГ!
болам ногирон бўлиб қолса-чи, деган ёмон хаёлларни унутинг!-дейди вилоят Давлат санитария -эпидемилогия назорати маркази иммунология бўлими мудири Чарос ХИДИРОВА.

UNICEFнинг Ўбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган янги лойиҳа иммунизация яъни эмлаш масалаларига бағишланган. Эмлашнинг болалар ҳаётида муҳим ўрин тутиши ҳақида аҳолимизнинг хабардорлиги эса ҳали мақтангулик даражада эмас.
Ўтган йили кутилмаганда мактабда ўқиётган жиянимнинг баданларида қизил тошмалар тошиб, тана ҳарорати кўтарилиб кетди. Овқат у ёқда турсин, ҳатто томоғидан сув ҳам ўтмай қолди. Касални то аниқлагунча, меҳмонга келган ҳомиладор опасига ҳам қизилчалар юқиб олди. Сувчечак чиққанини билгач, хавотирга туша бошладик. Эрта- индин дунёга келадиган болага таъсир қилса нима бўлади, деган ташвишли савол пайдо бўлди. Шифокорларнинг маслаҳати хавотирга ўрин қолдирмади. Чунки жиянларимнинг ҳар иккови ҳам ўз вақтида эмланганлиги учун бу юқумли касаллик асоратини қолдира олмаслиги маълум бўлди. Шифокорлар ҳақ экан. Жияним эсон -омон бу хасталикдан қутилди. Болакай ҳам соғ -саломат дунёга келди. Хуллас, бу касалликнинг давоси ўз вақтида эмлаш эканлигига ўзимиз шоҳид бўлдик.
Ўтмишда эса эмланмаганлиги учун худди ана шу касаллик туфайли ногирон бўлиб қолган, баъзи ҳолларда оламдан ўтган болалар ҳам бўлган. Бундан бир неча йиллар аввал қизамиқ, қорин тифи, қоқшол каби юқумли касалликлардан кўплар азият чекиб, ҳатто фожиали асоратлар ҳам қолганини ёши катталар надомат билан эслайди.
Бугунги кунда юқоридаги юқумли касалликлардан қутулганимизнинг асосий сабаби ана шу хасталикларга қарши эмлашнинг самараси албатта.
Минг афсуски, буни аҳолимизнинг барча қатлами ҳам бир хил тушунмаётганлиги оқибатида фарзандларини эмлатиш муҳимлигини унутиб қўймоқда. Ёки нотўғри эмлаш оқибатида болам ногирон бўлиб қолса- чи, деган ноўрин хавотирли хаёлларга берилиш ҳолатлари ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас.
Қуйида эмлаш ҳақидаги 10 та қисқа саволга мутахассис шифокорнинг 10 та қисқача жавобини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1 -савол. Ўзбекистонда нечта касалликка қарши эмланади? Бу бошқа давлатларда ҳам бир хилми?
- Мамлакатимизда 12 та юқумли касалликларга сил, шол, дифтерия, вирусли гепатит В, кўкйўтал, қоқшол, қизамиқ, паротит, қизилча, ротавирус, ХИБ, пневмококк инфекцияларига қарши режали эмлаш ишлари олиб борилади. Бошқа давлатларда ҳам жумладан, қўшни давлатларда ҳам худди шу вакциналар ишлатилади, аммо ёш бўйича фарқланади.
2 – савол. Болаларни эмлаш шартми ва мажбурийми? Ундан бош тортиш мумкинми?
- Болаларни эмлаш шарт, мажбурий эмас, бироқ участка врачи тушунтиришига қарамай тўғри тушунмаса, эмлашдан бош тортганлиги тўғрисида ота ёки онасининг тилидан тилхат олинади.
3 -савол: Эмлашнинг салбий оқибатлари борми? Аниқ мисол бўлса айтинг.
- Эмлашнинг салбий оқибатлари йўқ. Бундай салбий оқибатлар кейинги йилларда кузатилмаган.
4 -савол: Эмланган бола билан эмланмаган бола ўртасида қандай фарқ бўлади? ( касалликка чалиниши, ривожланиши, саломатлиги, иммунитети борасида)
- Эмланган бола эмланиши натижасида ўша касалликка нисбатан иммунитет ҳосил қилади ва касалликка чалинмайди. Эмланмаган бола организми ўша касалликка тез чалинишига мойил бўлади.
5 -савол : Эмлашни кечиктириш мумкинми? Ва қандай ҳолларда?
- Албатта эмлашни кечиктириш мумкин, фақат шифокор кўригидан кейин унинг тавсияси билан. Масалан: болада эмлаш олиш куни ҳарорати 37,5 С дан юқори бўлган болаларга эмлаш ўтказилмайди, камида 1 ҳафта эмлашдан кечиктирилади. Соғломлаштирилгандан сўнг шифокор кўригидан кейин эмланади.
6 -савол: Сертификати бўлмаган вакцина билан эмлашнинг оқибатлари қандай бўлади? Аслида бу мумкинми?
- Республикамизга сертификати бўлмаган вакцина киритилмайди, бу мумкин эмас, вилоятга берилаётган ҳар бир вакцинани сертификати билан қабул қилиб оламиз.
7 -савол: Вакцинанинг яроқли ва яроқсизлигини оддий одамлар қандай билса бўлади?
- Вакцинанинг яроқсизлигини билиш бироз мушкул, фақат уни эмлаш бўйича масъул ходимлар билади.
8 -савол: Эмлашни ўргатиш учун махсус курс ёки дастур борми?
- Эмлашни ўргатиш учун буйруқ, йўриқномалар мавжуд.
9 -савол: Вилоятимизда эмлаш фоизи ва даражаси қандай?
- Вилоятимизда эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори.
10 -савол: Катта ёшлилар ҳам эмланиши мумкинми? Қандай ҳолларда?
- Катта ёшдагилар эпид кўрсатма асосида ёки “Эмлаш маркази” томонидан вакцина харид қилиб, эмланишлари мумкин. Республика ДСЭНМидан берилаётган вакциналар эса аҳолининг 16 ёшгача бўлган қатламига гуманитар ёрдам орқали берилади.
 “ТОЗА ҲАВО”  ТАДБИРИ  ҲАВОНИ ТОЗАЛАЙ ОЛАДИМИ?
Бир неча йиллардан буён ҳар йили мамлакатимизнинг барча ҳудудларида икки босқичда “Тоза ҳаво”тадбирларида ўтказилади. Вилоятимизда ҳам вилоят ҳокимининг 2019 йил 10 апрелдаги фармойишига асосан жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача худди ана шундай тадбирнинг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, ҳудудимиз атмосфера ҳавосини турли зарарли газлардан тозалаш, автокорхона раҳбари ва хусусий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг бу борадаги масъулиятини оширишдан иборат.
Бу тадбирга кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида вилоят экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан реклама роликлари, турли плакат ва паннолар тайрланди.
Нима бўлганда ҳам, “Тоза ҳаво” тадбири кундан - кунга оғирлашиб бораётган ҳавомизни тозалашга ёрдам берсин!

ИННОВАЦИЯ БИЗ УЧУН ОДАТИЙ ҲОЛИННОВАЦИЯ  БИЗ  УЧУН ОДАТИЙ   ҲОЛ

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Навоий кон- металлургия комбинати тарихи” музейида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун “НКМК фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжумани бошланишидан олдин иштирокчиларга 2015-2018 йилларда комбинатда ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича устувор лойиҳаларга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Анжуманда НКМК Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси АКТ мониторинги ва маъмуриятчилиги бўлим бошлиғи С.Шамурадов, НКМК Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи В.Пўлатовларнинг мавзуга доир ҳисоботлари тингланди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторида ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2016 йил 1 августдаги “2016-2018 йилларда иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳани ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб келмоқда. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, 2015-2018 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида АКТни ривожлантиришга 14,7 миллион АҚШ доллари йўналтирилган.
Сўнгги тўрт йил мобайнида соҳа мутахассислари томонидан комбинат ахборот-коммуникация инфратузилмасининг техник қайта жиҳозлантирилиши амалга оширилди. Ҳусусан, шахсий компьютерлар (ШК) сони икки бараварга оширилиб, ходимлар компьютер техникалари билан тўлиқ таъминланди. Натижада НКМК шахсий-ҳисоблаш тармоғига уланган ШКлар сони 5 386 нафар, Интернет тармоғига уланганларнинг сони эса 1 568 нафар фойдаланувчиларни ташкил этади. НКМК бўлинмаларида 30 та сервер асбоб-ускуналар янгиланди, маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этилди, 400 та маълумотларни тарқатиш телекоммуникация асбоб-ускуналари алмаштирилди, ахборот тизимлари билан ишлашга 5 минг нафарга яқин фойдаланувчилар ўқитилди, барча кон бошқармалари ва НКМКнинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонасида видеоконференцалоқа тизими ишга туширилди. 11 минг нафардан ортиқ абонентлар симли телефон алоқасига уланди ҳамда 6 минг нафардан зиёд абонентлар мобил алоқа билан таъминланди.
Мазкур инфратузилманинг модернизацияси 200 дан ортиқ ишлаб чиқариш ва бошқариш вазифаларини ечадиган 20 дан зиёд НКМК ахборот тизимларининг узлуксиз ва самарали ишлашини йўлга қўйишга имкон берди. Улар орасида транспорт, молия, ходимлар, моддий-техник таъминот, корхона энергия манбалари, режавий таъмирлаш, инвестиция дастурларини бошқариш ва бухгалтерлик ҳисоби.
Жумладан, транспортни бошқариш ахборот тизимини жорий этиш натижасида 3,5 мингта мониторинг объектларида GPS/GSM трекерлари ўрнатилди, 150 дан ортиқ фойдаланувчиларининг иш жойлари компьютер техникаси билан таъминланди. Комбинатнинг транспорт хизматлари ва автокорхоналарида транспорт воситалари ва механизмлар ишлашини оператив назорат қилиш ситуацион марказлари ташкил этилди. 2015-2018 йилларда транспорт воситаларини спутник орқали мониторинги тизими негизида ёқилғи-мойлаш материалларини ишлатиш назорати дизель ёқилғиси сарфини 67 миллиард сўмга камайтиришга имкон берди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ёқилғидан оқилона фойдаланиш, транспорт воситалари ва механизмлар ишлаш самарасини ошириш, ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнат интизомини яхшилаш, транспорт воситалари қаерда эканини назорат қилиш, дизель ёқилғиси сарфини камайтиришни таъминламоқда.
НКМК фаолиятида турлича технологик жараёнлар ишлатилади: гидрометаллургия, кон ишлари, уран ишлаб чиқариш. Ушбу жараёнларнинг самарадорлигини таъминлаш учун технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари (ТЖБАТ) ва оператив диспетчетлик бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари (ОДБАТ) жорий этилган. Мазкур тизимлар технологик регламент меъёрларидан оғишларни ўз вақтида аниқлашга ва ишлаб чиқариш қувватлари суръатларининг пасайишини олдини олишга, технологик участкаларининг унумдорлигини кўпайтиришга, сарф меъёрларининг узлуксиз мониторинги орқали энергия манбаларини иқтисод қилишга, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини оширишга ёрдам беради.
Матбуот анжумани якунлари бўйича маърузачилар журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб беришди.



Мурожаат учун маълумотлар:
НКМК Матбуот маркази, Иш телефони: +99879 227-74-73
НКМК расмий веб-сайти: www.ngmk.uz
НКМК Матбуот маркази расмий веб-сайти:www.pressangmk.uz
НКМК Матбуот маркази ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари:
https://t.me/pressangmk, www.facebook.com/pressa.ngmk, www.twitter.com/pressa_ngmk
ЧИҚИНДИЛАР КАМАЯРМИКИН?..
ЧИҚИНДИЛАР  КАМАЯРМИКИН?..
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
10 августдаги “17-18 август кунлари жамоат экологик акцияси ва умумхалқ Хайрия ҳашари ўтказилиши тўғрисида”ги 672-ф-сон Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳудудида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Вилоят прокуратурасининг Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги
“2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича талабномасига асосан вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими шаҳар ва туман инспекциялари ҳодимлари томонидан вилоят бўйича ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш ва уларни вилоят прокуратураси ташаббуси билан бартараф этиш ташкил этилди.
Чиқинди муаммоси шу қадар жиддий хавф туғдирмоқдаки, авваллари ҳеч қачон прокуратура бу масала билан шуғулланганлигини эслай олмаймиз.
Вилоят бўйича жами 72 та ноқонуний чиқиндихоналар аниқланиб, 1200 тоннага яқин ноқонуний жойлаштирилган чиқиндилар чиқиндиларни кўмиш полигонига жойлаштирилди. Вилоят прокуратураси ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими ва вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари билан биргаликда жамоат экологик акцияси ва умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши ва аниқланган ноқонуний чиқиндиларни бартараф этиш бўйича Кармана ва Қизилтепа туманларида аниқланган ноқонуний чиқиндихоналар жойига бориб ўрганилди ҳамда ҳомий ташкилотлар ва “Тоза ҳудуд” ДУК филиаллари махсус техникалари жалб этилган ҳолда аниқланган ноқонуний чиқиндихоналар тўлиқ бартараф этилиб, туманларда жойлашган маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларига жойлаштирилиш таъминланди.
Бир кунлик ҳашар чиқиндиларнинг камайишига ёрдам берди, аммо чиқиндилар ҳамон атмосферамизни ифлослантирмоқда.
Зубайда ДУШАНОВА,
эколог