“КЕЧИРАСИЗ, НИҚОБИНГИЗ ТОЗАМИ?”
“КЕЧИРАСИЗ, НИҚОБИНГИЗ ТОЗАМИ?”

Бугун дунёда энг ­қимматбаҳо капитал нима? Ғоя! Илғор ва креатив ғоялар! Ҳар қандай жараённинг ўзаги шу! Тараққиётга бусиз эришиш ҳам имконсиз. Ғоя — мақсадга, мақсад — амалга айландими, билингки, муваффақият манзили яқин!

“Халқ сўзи” газетаси бу жараённи оддийгина ишбилармон фаолияти мисолида очиб беришга ҳаракат қилибди. Мақола қаҳрамон тилидан баён этилган шундай ҳикоя билан бошланади: “Ҳар куни тонгги соат 4:00да уйқудан уйғонаман ва ўзимга-ўзим савол бераман: кеча ишим қандай бўлди, сермазмун ўтдими, режалаштирган барча юмушни бажара олдимми? Амалга оширолмаган бўлсам, нима учун бундай бўлди, деган саволларимга жавоб қидираман. Аслида ҳар бир инсон мана шундай мушоҳада юритиб туриши керак, ўшанда иш олдинга силжиши, шубҳасиз...”.

Материалда Тошкент вилоятилик фермер Маматқул ота Саломовнинг илғор тажрибаси қаламга олинган. Қизиқ, 83 ёшли тадбиркор нима учун айнан шу интенсив усулни танлади? Натижаси қандай бўлди? Бу ҳақда таҳририят ходими Раҳим Шерқуловнинг “Сувдаги хазина” сарлавҳали мақоласида ўқийсиз.

Бу йил мамлакатимизда коронавирус пандемияси боис жорий этилган чекловлар абитуриентларнинг ўқишга кириш учун тайёргарлик жараёнига ҳам таъсир ўтказди. Шу боис Президентимиз мутасаддиларга битирув ва кириш имтиҳонларини соддалаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, абитуриентларни қўллаб-қувватлаш, тест топширишдаги мавжуд тартибларни соддалаштириш бўйича топшириқлар берганди. Хўш, бунинг амалий натижалари нималарда намоён бўлмоқда? Бу йилги тест синовлари қандай шароитда ўтади? Ҳужжат топшириш жараёни қандай кечмоқда? Қайси фанлардан тест топшириш керак? Топшириқлар соддалаштирилдими? Бу каби саволлар жавобини Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган “Тест синовлари: талаб, тартиб ва ўзгаришлар” сарлавҳали мақоладан топасиз.

“Народное слово” газетасида Сергей Лининг Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевдан олган интервьюси “Налоговая политика: не дать бизнесу уйти ко дну” (“Солиқ сиёсати: бизнес таназзулига йўл қўйилмайди”) сарлавҳаси остида эълон қилинган. Унда Ш. Кудбиев мамлакатимизда пандемия шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган солиқ сиёсати борасида ўз фикрларини билдирган.

Хусусан, шу йил 19 март куни Президентимиз томонидан имзоланган фармонга кўра, имтиёзларнинг биринчи пакети шу йилнинг 1 апрелидан 1 октябригача тадбиркорлар учун ижтимоий солиқларни камайтиришни ўз ичига олади. Бу мамлакатда 239 минг нафар хусусий тадбиркорга 232,9 миллиард сўмни иқтисод қилиб қолиш имконини беради. Шунингдек, 2020 йилнинг 15 октябригача мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати узайтирилди. Солиқ имтиёзларининг иккинчи пакети эса сув ресурсларидан фойдаланиш борасида қатор имтиёзларни кўзда тутади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги хулосасини ўқиб ажабланмаслик мумкин эмас: ҳозир Ер юзи нуфусининг бир миллиарддан зиёди — турли даражадаги ногиронликка эга инсонлар. Уларнинг аксарияти аҳолининг камбағал қатламини ташкил этади ва бу тоифадаги инсонлар ижтимоий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинмаган. Шундай экан, ногиронликка эга кишилар давлатнинг кўмагига янаям кўпроқ муҳтож. Бу борада Ўзбекистон қандай йўл тўтмоқда? “Правда Востока” газетасида эълон қилинган “Международные стандарты в сфере защиты прав лиц с инвалидностью: Опыт Узбекистана” (“Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: Ўзбекистон тажрибаси”) сарлавҳали материалда шу мавзу таҳлили билан танишасиз.

“Ишонч” газетасида берилган “Масъулиятсиз раҳбарларга танбеҳ” номли мақолада Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги спорт мактабларидан бирида мураббийлар мактаб ҳудуди ва стадионини ободонлаштиришга мажбуран жалб қилинганлиги ҳақида сўз боради. Нормурод Мусомовнинг “Ўзингга инсоф берсин, замондош” сарлавҳали мақоласида эса пандемия шароитида қўлни-қўлга бериб, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиб вазиятдан чиқишни ўйламасдан, оддий тиббиёт ниқобини фалон сўмга пуллашдан тортиб, йўл кира ҳақларини икки, уч баробарга ошириб олган, “Саховат ва кўмак” ҳамда шунга ўхшаш бошқа жамғармаларга келиб тушган пулларни ўзлаштиришга улгурган замондошларимиз ва уларнинг қилмишлари ҳақида мулоҳаза юритилади. Бундан ташқари, газета саҳифаларида “Кечирасиз, ниқобингиз тозами?”, “30 кишилик тўйлар” каби мақолалар ҳам чоп этилган.

“Журналист ким ўзи? Унинг меҳнатини, ички кечинмаларини айшу ишрат кўнглига урган бир ҳовуч тўралар асло тушунмайди. Журналист —қалб меъмори. Бошқаларнинг муаммоси деб бош урган эшиклар бир кун ўзига керак бўлганида очилмаслигини билиб туриб, одамларга яхшилик қилишга ўрганган касб эгаси у. Вақти келиб ҳақ сўзини айтиб, қўлини осмонга узатса етадиган айрим амалдорларнинг “тинчини бузгани” учун суд залигача боришга ҳам тайёр бўлган жасоратли касб эгаси у. «Инсон ва қонун» газетасида босилган “Журналист ким?” номли эсседа ушбу машаққатли касб эгаларининг фидойилиги ҳақида ўқишингиз мумкин. Шунингдек, газетада кимдир чўкаётган, яна бири автоҳалокатга учраган, кимдир бир-бирини савалаётган вақтда ёрдам қўлини чўзиш, уларни ажратиш ўрнига “эксклюзив” лавҳаларни суратга олиб интернет “юлдузига” айланаётганлар танқид остига олинган.

Самарқандда 5 апрель куни коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилганида барчанинг ҳаловати йўқолди. Шундан сўнг шаҳардаги қатор шифохоналар фаолияти қайта кўрилиб, бутун эътибор эпидемиологик вазиятни юмшатиш, осойишталикни таъминлашга қаратилди. Касаллик сонининг ортиб бориши, вилоятнинг «қизил» ҳудудга айланиши янада кескин чоралар кўришни тақозо қилди. Тиббиёт муассасаларининг «касби»ни ўзгартиришга киришилди, шифокорлар самарали ишлаши учун зарур шароитлар тўлиқ яратиб берилди. «O’zbekiston bunyodkori» газетасида берилган Ҳамза Шукуровнинг “Лайлаклар саломатлик ва поклик рамзига айлансин” сарлавҳали материали ушбу мавзу таҳлилига бағишланган.

* * *

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

https://bit.ly/2YXjR7G
Журналист ким?
ЖУРНАЛИСТ КИМ?
ЖУРНАЛИСТ — давр куйчиси. Бугуннинг суратини кўрсатиб бера оладиган, ҳар бир куннинг, ҳар бир лаҳзанинг ҳароратини юракларга етказа оладиган, муҳрлайдиган касб эгаси.
Одатда тантаналар, шонли саналар арафасида ҳаммамиз худди тўйларга янги кўйлак кийган каби жарангдор сўзларимизни ишлатишга ўрганиб қолганмиз. Бу гал касб байрамимиз арафасида нимагадир эски анъанадан чекиниб, кўнглимиздан ўтган ўйларни қоғозга туширишга аҳд қилдик. Бунга йиллар давомида тўпланган армонлар ва бугунги сўз эркинлиги сабаб бўлса керак...
Хўш, журналист ким ўзи?
Юракдан-юракка ўтгувчи йўлларда журналистнинг изи бор. Инсонга таскин, тасалли берувчи журналистнинг мададга муҳтожларни кўра оладиган қалб кўзи бор. Кимнингдир йиллар давомида чўзилган муам­мосини ҳал этган, ёруғ бир ҳолатдан чексиз миннатдорлик юзи бор журналистда.
Ҳаёт қувончлари ва ташвиш­лари мудом ёнма-ён экан, фуқароларимиз ўз дарди, дунёси, ғаму ташвишлари билан не-не идораларга бош уради. Энг сўнгги илинж истаб, уларни сарсон-саргардон қилган кимсалардан шикоят қилиб, таҳририятларга журналистларнинг ҳузурига боришга ошиқади. Сўнгги нажот остонасида уларнинг кўкрагидан ҳеч ким итармаслигини, дардини тинглайдиган журналист бор эканлигини яхши билишади. Кимдир кўчада қолдим, уй ололмадим, кимдир пенсияга чиқа олмаяпман, кимдир ноҳақликдан ишдан бўшатишди, тиклашга ёрдам беринг деса, яна кимдир ногирон бўла туриб, “ногирон эмас”лиги борасидаги бузилган ҳақ-ҳуқуқимни тиклаб беринг, фирибгарлардан панд едим, зўравонлик қурбони бўлдим, ўз ерим ўзимга тегмаяпти, коррупция ва бюрократларнинг дастидан дод, деб мурожаатлар қилади.
Одамлар журналистга адолат истаб, ҳақиқат истаб мурожаат қилишади. Журналист улар билан бирга ҳақиқатнинг ёпиқ эшиклари ортида қанчалар мустар бўлиб сарғаяди, адолатнинг кўчаларида саргардон кезади. Ўша суд залидаги ҳақсиз жазолар сабаб озодликдан маҳрум қилинган шахс билан, унинг яқинлари билан бирга изтироб чекади, ҳақиқатни излаб курашади. Журналист суриштируви давомида жуда “баланд” турувчи идораларга бош суқавериб, югуравериб, анча савдоларга дуч келади. Ойлаб, йиллаб битмаган ишлар битса агар, ечилмаган муаммолар ҳал этилишига ҳисса қўшиб, ўксик кўнгилларга бир қатим ёруғлик олиб кирса агар, ундан бахтли одам йўқ. Бу шодликлар таъмини эса тотган билади...
Журналист ким ўзи?
Унинг меҳнатини, ички кечинмаларини айшу ишрат кўнг­лига урган бир ҳовуч тўралар асло тушунмайди. Журналист — қалб меъмори. Бошқаларнинг муаммоси, деб бош урган эшиклар бир кун ўзига керак бўлганида, очилмаслигини била туриб ҳам одамларга яхшилик қилишга ўрганган касб эгаси у. Вақти келиб ҳақ сўзни айтгани учун, қўлини осмонга узатса етадиган айрим амалдорларнинг “тинчини бузгани” учун суд залигача боришга ҳам тайёр бўлган жасоратли касб эгаси у.
Гоҳида камчиликларни топиб ёзган журналист айбдору хатога йўл қўйган, айрим фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузганлар, давлат мулкини талон-торож қилганлар ғолиб бўлган ҳолатларни ҳам кўрганмиз.
Чунки бу энг осон йўл. Бундан ҳам баттари эса — “қўллари узунлар” дастидан содир этилган бахтсиз ҳодисалардан Худо асрасин...
Устозимдан айирган мақола — “Ғирромлик” эди...
Бу мудҳиш воқеа 16 йил аввал содир бўлганди. Кечагидек эсимда. Навоий вилоят ҳокимининг матбуот котиби қўнғироқ қилиб: “Устозингиз Тошкентда автоҳалокатга учрабди, уйдагиларига тезроқ билдириш керак”, дея хабар берди. Бу хабар шунчалик даҳшатли эдики, отамдек меҳрибон устозимдан жудолик даҳшатини сезгандим. Уйдагилар устоз бу ёруғ оламни тарк этганидан хабар топди. “Халқ сўзи” газетасининг Навоий вилояти мухбири бўлиб ишлаётган журналист Абдуваҳоб Пирматов таҳририятга хизмат сафарига бориб, тирик қайтмаслиги ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Қалами ўткир, ўзи оддий журналистнинг сирли ўлими сирлилигича қолишини истаганлар бунинг уддасидан чиқишди. Аммо у “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Навоийдонмаҳсулот” корхонаси ҳақида ёзилган “Ғирромлик”, деб номланган танқидий мақоласи учун “кетгани”ни кўпчилик яхши билар эди... Чунки устозни “уриб кетган” машина ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатларида, терговни олиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг уни “ҳимоя” қилишларида сир яширин эди... Тунда содир бўлган бу фожиа экспертизаси Тошкентда ўтказилганлиги ва бунда на оиласидагилар ва на яқинлари иштирок этмаганлиги ҳам бу ерда қандайдир жумбоқ борлигини исботлайди. Афсусланарлиси эса, унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмади, жазоланмади...
Устозни тупроққа қўядиган куни “Халқ сўзи”нинг мухбири Абдуваҳоб Пирматов энг сўнгги мақоласи билан газета саҳифаларида ўз мухлислари, ўз ўқувчилари билан видолашди. “Йилнинг энг фаол журналисти” бўлган А.Пирматовнинг ҳаёти 53 ёшида ана шундай фожиали якун топди. Аммо қайтар дунёларнинг қайтиши аниқлиги, ёмонлик албатта ва юз чандон оғирроқ эканлигини инобатга оладиган бўлсак, айбдорлар Оллоҳнинг жазосидан қоча олмади. Озодлик тирикликдан ҳам қадрли эканлиги учун шундай фикр билдираётганимизни, кимни назарда тутаётганимизни кўпчилик англаган бўлса керак...
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг “Ҳақиқатни айтадиган одамнинг кафани елкасида бўлиши керак...” деган фикрларини яна такрор-такрор эслашга мажбурмиз. Ҳақиқат учун жонини хатарга қўяётган, бошларида тегирмон тоши айланаётган журналистлар, афсуски, ҳозир ҳам йўқ эмас.
Сўз эркинлиги томон хайр­ли йўлга тушганимиз билан журналистларга қилинаётган тазйиқлар, танқидий чиқишлар учун таъқиблар ва пўписалардан ҳозир ҳам холи эмасмиз.
Бу жиҳатдан гоҳида бошқа давлатлардаги журналист ҳамкасбларимиз ҳаётини, қаламини “ПРЕССА”, деган ёрлиқнинг ўзиёқ, ҳатто ўқ ёмғирлари ёғилаётган, оловли нуқталарда ҳам ҳимоя қилаётганлигига ҳавас қиламиз. Журналистнинг ҳаёти дахлсизлиги жуда муҳим. Журналист қўлидаги ўткир қуроли билан жамиятдаги иллатларга муросасиз курашиш йўлида хизмат қилади. Бу ғаддор дунё эса... уни душманга, айрим амалдорлар эса уни рақибга айлантириб қўяди ўзича.
Ҳадиси шарифлардан бирида шундай ёзилган: “Кимки бирор камчилик ёки гуноҳ ишни кўрса, қўли билан тўхтатсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, дилидан ўтказсин”. Журналист шунинг учун камчиликларни кўриб-кўрмасликка олиб кета олмайди. Чунки унинг виждони уйғоқ. Виждонга эса қарши бориб бўлмайди.
Биргина мисол. Бир вақтлар айтган ҳақ сўзи учун “Армиямиз обрўсини туширган журналист”, дея бошига не-не тошлар отилган Карим Баҳриев бугун нафақат юртимизда, балки кўплаб чет давлатлар тан оладиган энг кучли журналистлардан бири эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бу ҳақиқатнинг, қаламнинг синмаслигидан далолатдир.
Бошпанаси қалам, кўрпаси қалам...
Журналистлар жуда хокисор халқ. Манаман деган журналистларнинг кўпчилиги узоқ йиллар ижарама-ижара яшаганидан хабардормиз. Рес­публикада хизмат кўрсатган журналистлардан айримлари ишчилар ётоқхонасидан зўрға жой олганини ҳам биламиз.
Бизни давлат билан халқ ўртасидаги кўприк, баландпарвоз қилиб айтганда, “тўртинчи ҳокимият”, дейишади. Аммо кези келганида, айримлар бу кўприкка ўт қўйиб юборишга ҳам тайёр туришади... Бировларнинг имтиёзларини тиклаб бериш учун елиб-югурадиган журналистнинг ўзида жилла қурса биттагина имтиёзи йўқлигини айтмайсизми?
Бу асло ўтмишга қайтиш эмас, ҳозир ҳам кучини йўқотмаган ҳақиқат. 80-йилларда Собиқ иттифоқ журналистлар уюшмаси аъзоси эдим. 1986 йилда оиламизга Навоий шаҳридан 3 хонали уй ажратилди. Бу уйнинг бир хонаси журналистлигим учун журналистлар ижодий уюшмасининг оммавий ахборот воситаларига доир ҳужжати асосида қўшиб берилганди.
Бугун бундай имтиёзлар уёқда турсин, жамиятни сўзи билан уйғотадиган, ҳар битта ҳарф устида ҳушёр турадиган касб эгаларининг турмуш шароитлари ҳам ҳамин қадар эканлигига нима дейсиз? Шунга қарамасдан, бу касб эгалари ҳамиша даврнинг садоси бўлиб мағрур ҳолда майдонга чиқаверади.
Байрамингиз муборак бўлсин, фидойи ҳамкасблар.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
5-июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни5-июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Атроф муҳит муҳофазаси учун барчамиз маъсулмиз!
Ёшлар онгида экологик маданиятни шакллантириш, уларни атроф муҳит тозалиги ва мусоффолигини сақлаб қолиш ҳамда кейинги авлодларга етказиш учун маъсуллик руҳида тарбиялаш.

Ҳозирги глобаллашув даврида ёшларнинг онги ва қалбида меҳр ва маданиятни ўстириш учун кураш қизғин паллага кирган бир вақтда, уларда экологик маданиятни шакллантириш, келажак авлод учун мусаффо табиатни асраб қолиш, муҳим вазифалардан бўлиб ҳисобланади. Шундай экан экологик муаммолар бунданда кенгайиб уларни ҳал этиш муҳим долзарб вазифалардан бўлиб қолмасдан бу муаммоларни ҳал қилишда инсоният учун асосан экологик маданият ва экологик онгнинг ўрни беқиёслигини тушуниб етмоғи лозим. Янги асрнинг баркамол кишиси ўзида экологик маданият унсурларини ҳам намоён эта олиши замон талабидир. Экологик маданият- бу атроф-муҳит тўғрисида чуқур билимга, табиатни асраш туйғусига эга бўлиш, ўсимликлар ҳамда ҳайвонларга нисбатан ғамхўрлик кўрсатишга, табиат заҳираларидан оқилона фойдаланиш, уларни кўпайтириш борасида қайғуришга қаратилган амалий фаолиятнинг юксак кўрсаткичидир. Истеъмолдан ортиқча сув жўмраклардан оқишига йўл қўймаслик, сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик, чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик, турар-жойларни озода сақлаш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш, қушларни парваришлаш каби ҳаракатларни амалга ошириш экологик маданиятлиликнинг энг оддий кўринишлари саналади. Бу муаммолар айтилганда жуда жўн бўлиб эшитилиши мумкин, аслида эса муаммоларнинг бошланиши ана шундай биз эътибор қаратмайдиган қўштирноқ ичидаги майда муаммолардан келиб чиқади. Шундай экан ҳозирги даврда табиат ва инсон, фан-техника тараққиёти ва атроф-муҳит, жамият ва экология ўртасида номутаносиблик вужудга келмоқда.
Табиат ва инсон ўртасидаги муносабат маълум бир қонунлар орқали бошқарилади, уларга риоя қилмаслик эртами кечми албатта экологик ҳалокатга олиб келади. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтираётган ва келтириши мумкин бўлган фожиали оқибатлари жиҳатидан ядро уруши ҳалокатидан кейин иккинчи ўринда туради.
Экологик фожиаларни бу даражада жадаллашиб боришини олдини олишда экологик маданият ва экологик онг алоҳида ўрин тутади.
Экологик маданият ва экологик онгнинг асосий вазифаси халқимиз экологик маданиятини ошириш орқали ҳуқуқий фуқаролик жамияти тамойиллари асосида табиатдан фойдаланишни йўлга қўйиш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида Давлат назорати билан бир қаторда жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқимиз онги ва маданиятида она ватанимиз табиатига бўлган меҳр-муҳаббатини ошириш, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлод учун зарур ҳаётий шароитлар қолдиришимиз кераклигини кўрсатишдир.
Инсон табиатнинг бир бўлаги бўлган ҳолда, у билан муносабат орқали экологик маданият шакллана бориши туфайли табиатни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солишда уни бошқариш учун табиат қонунларини кашф қилиб келган. Аммо инсон ўзининг табиатга таъсири орқали ундаги мувозанатни бузди ва табиат ҳодисаларининг даврий кетма кетлигини издан чиқарди.
Халқимизда бир мақол бор: “Булоқ суви қуримагунча инсон унинг қадрига етмайди.” Дарҳақиқат, неча асрлар давомида инсон ўзининг тараққиёти жараёни билан бирга экология инқирози жараёнини тезлаштирди.
Табиатимизни асраш, уни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва жамиятда экологик маданият ва экологик онгни ривожлантириш шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг она ватанимизга, унинг табиатига бўлган фарзандлик бурчидир. Юртимиз келажаги ёш авлодлар қўлида экан, уларни ҳар томонлама етук, инсонпарвар, табиат ва жамият олдида масъуллик руҳида тарбиялаш энг устивор мақсадларимиздан биридир. Бугунги кунда халқимиз ва давлатимиз тарихида катта ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар юз бермоқда. Кўп асрлик беқиёс маънавий меросимиз тарихи маданиятимиз дин тилимиз қайта қад ростлади. Барча турдаги таълим муассасаларида ёшларимиз қалбида миллий ифтихор, экологик мадананиятни таркиб топтиришга жиддий аҳамият берилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, табиат инсонларнинг барча моддий, маънавий рухий эҳтиёжларини қондирувчи асосий манбадир. Шундай экан табиат бизга эмас, биз табиатга муҳтожмиз. Табиатни асраш ва ундан оқилона, тежаб тергаб фойдаланиш барчамизминг инсонийлик ва конституциявий бурчимиздир.
А.Жалилов
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати