ЎЗБЕК ТИЛИ - МИЛЛАТ РУҲИНИНГ ИФОДАСИДИРЎЗБЕК ТИЛИ - МИЛЛАТ РУҲИНИНГ ИФОДАСИДИР

Маънавий бойлигимиз бўлган она тилимизнинг ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Даврлар оша қадр-қимматини йўқотмай келаяпти. Қанчалик таъна-дашномларга дуч келган бўлсада, лекин халқимиз, миллатпарвар юртдошларимиз жасорати билан асл ҳолатини йўқотмади. Балки замонлар оша барчамиз учун ардоқли ва қадрли, дунё саҳнасида эса қудратли бўлиб қолаверди.
Ўзбек тили... Нақадар жарангдор ва қадрли сўз. Инсон қалбига беихтиёр ғурур, беқиёс ифтихор бағишлайди. У шунчалик улуғворки, оҳанграбоси қалбга яқин, кенг маънога эга. Бунинг боиси, она тилимиз рўйи заминда Маҳмуд Қошғарий, Навоий, Лутфий, Бобур, Беруний, Ибн Сино, Беҳбудий, Чўлпон, Авлоний, Абдулла Қаҳҳор, Қодирий ва бу каби юзлаб миллатпарвар, ватанпарвар аждодларимизнинг буюк ҳиссаси билан жаҳонга бўйлади, шукрки,йиллар силсиласида тенгсизлигини кенг намоён этиб келаяпти.
Тилимизнинг бундай қудратга эга эканлигини чуқур англаган собиқ тоталитар тузум сиёсати уни обрўсизлантириш пайига тушди. Аммоки, замон талотўплари ўз таъсирини ўтказсада, лекин шакл-шамойилини тўла сақлаб қолди. Бу йўлда эса кўплаб юртдошларимиз шаҳид бўлдилар. Бунга тарих гувоҳ. Кекса авлодга мансуб юртдошларимиз бу ҳақида кўп таъкидлашган. Улардан қора кучлар томонидан тилимизга тазйиқ ўтказилиб, ҳаттоки, қадрини пастга ўриб, йўқотиш пайи бўлгани ҳақида кўп эшитганмиз. Небахтки, ундай бўлмади. Аксинча, МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бўлиб, биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрда давлат тилими мақомини олди.
Биласизми, туркий тиллар оиласига мансуб бўлган ўзбек тилида бугун дунё бўйича 50 миллионга яқин одам сўзлашади. Қувонарлиси, ўзбек тилимизгаманаман деган ривожланган давлатларида ҳам борган сари эътибор ошиб бораяпти. Бу, бежиз эмас. Негаки, юқорида таъкидлаганимиздек, она тилимиз ҳар жиҳатдан қудратли, бой ва ўрганишга арзигуликдир. Ҳозирги кунда АҚШнинг 14та, Туркиянинг 19та, Жанубий Кореянинг 3та, Ҳиндистоннинг 2та нуфузли ўқув юртларида хорижий тил сифатида ўрганилаётгани фикримизнинг амалдаги тасдиғидир.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, айни пайтда эса муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида она тилимизни равнақ топтириш йўлида тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари тилимизнинг ҳақиқий юксалиш даврини бошлаб берди. Бу борада қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Биргина мисол, давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятни равнақ топтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида ҳам тилимизни асраб-авайлаш, ёшлар онгига чуқр сингдириш, буюклигини амалда тараннум этишдек ғоят улуғвор эзгу мақсад мужассам. Бизнинг вазифамиз эса бу хайрли ҳаракатда фаол иштирок этиш, ўз ҳиссамизни қўшиш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришдан иборат.
Демак, ушбу долзарб мавзу ҳақида сўз юритар эканмиз, айни пайтда кўз ўнгимизда намоён бўлаётган баъзи бир жиҳатлар, кундан-кунга илдиз отиб бораётган оғриқли нуқталари ҳақида сўз юртишни лозим, деб биламиз. Жумладан, ҳозирги кунда биз ахборот асрида яшаяпмиз. Ижтимоий тармоқлар, Интернет орқали ўзга миллатлар тили, маънавияти, маданияти, урф-одатларига хос турли ахборот хуружлари халқимиз онгига суқилиб кираяпти. Ва инсонларимиз, ёшларимиз тафаккурини ўзгартиришга уринмоқда. Шак-шубҳасиз, бу яхши эмас. Тўғри, бошқа миллатлар тилини ҳурмат қиламиз. Аммо, кенг фойдаланишда ўзимизнинг тилимиздан қўймасин!Она тилимиз нақадар латофатли, жозибадор эканлигини, бетакрор оҳангларда дунёқарашимизни забт этган меҳрибон онажонларимиз аллалари, бахшилар куйлаган достонлар, ҳофизларимиз ижро этган мумтоз мақомлар, аждодларимиз яратган бебаҳо китобларимизни унутмайлик, уларни ўғил-қизларимиз қалбига олиб кирайлик!
Ҳаммамиз буюк адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини ўқиганмиз, у асосида суратга олинг фильмни томоша қилганмиз. Ушбу асар қанчалик юксак маҳорат билан ёзилгани, жарангдор ва ибратли ўзбекона сўзлар талқин этилгани ҳамда асар мазмунига чуқур миллий руҳ сингдирилганидан фахрланамиз. Романни ўқиган сайин, инсон тафаккурига завқ беради, қўлдан қўймай бебаҳо асарни яна берилиб ўқигинг келаверади. Ундаги сўз сеҳрига маҳлиё бўлиб беихтиёр асар оламига шунғиб кетасан киши. Энг муҳими, йиллар ўтсада, лекин бу асар ўз сайқалини йўқотмай, маънавий хазинамизнинг бой мероси сифатида довруқ, шон-шуҳрат қозониб келаяпти. Бугун биз шу каби бебаҳо асарларимизни янада кўпайтиришимиз керак эмасми? Халқимиз ҳурматли ёзувчи-шоирларимиздан тил ва миллат руҳини бундай ёрқин ифодалайдиган бундай нодир ҳамда ўлмас асарларни интизор кутмоқда.
Яна бир мулоҳазага тўхталиб ўтмоқчиман. Назаримда борган сари ҳаётимизга турли ажи-бужи, ҳаттоки, уни танлаган эгаси ҳам тушунмайдиган сўзлар кириб келаётгани, нега бундай номлар танланаётгани ҳеч биримизни ташвишлантирмаяпти. Бу, шак-шубҳасиз, ачинарлидир. Бу ҳақида ҳар-ҳар замонда оммавий ахборот воситалари ҳам бир бонг уриб қўяди, лекин ундан кутилган натижа, акс-садо йўқ. Демоқчимизки, бугун шаҳару қишлоқлар бўйлаб борар экансиз, ҳурматли юртдошларимиз, тадбиркорларимиз ўз савдо нуқталари, фирмаларини хорижий тилларда номлаётганига, ташқи рекламалар бу номларда тўлиб-тошиб кетгани, қанчалик, маънавиятимиз, маданиятимиз, ўзлигимизга зид эканлигини, ўзимизнинг ўзбекона сўзлар улардан ҳам жарангдорироқ акс-садо беришлиги ҳақида нега ўйлаб кўрмаймиз? Бунга, ҳаттоки, масъул ҳокимият органлари, идоралар, тилшунослар, кенг жамоатчилик ҳам бефарқ. Очиғи, бизда реклама тўғрисидаги қонун яхши ишламаяпти.
Яна бир масала. Ҳар бир ҳудудда аҳоли ўзи танлаган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган шеваларда мулоқат қилишади, оғзаки тилда гаплашишади. Бу ҳам ўзига хос кўп йиллик тарихга эга ўлмас қадрият. Буни ниҳоятда ҳурмат қиламиз. Лекин бизда расмий манбаалар, оммавий ахборот воситалари орқали ахборот тарқатиш, жамоатчиликнинг олдига чиқишда талаб этиладиган адабий тил меъёрлари бор. Бундан асло кўз юммаслик керак. Бироқ кейинги пайтда матбуотга юзлансангиз истаган киши, истаганча ўз шевасида жамоатчилик олдига чиқаётгани халқимиз, бошқа шеваларда сўзловчи аҳоли кайфиятига тегаётгандек назаримда. Менимча, бу ҳақида чуқур ўйлаб кўриш, мулоҳаза юритишимиз лозим. Бу ҳақида жойлардаги маслаҳатчиларимиз, тилимиз жонкуярлари, зиёлилар, журналистлар ва тааллуқли бошқа соҳа вакиллари одамлар фикрларини, таклиф-мулоҳазаларини ўргансалар, сўровномалар ўтказсалар, муносабатларини билдирсалар айни муддао бўларди!?
Сир эмас, айрим жойларда ҳужжатлар билан ишлаш ва иш юритиш, мажлисларни ўтказиш рус тилида олиб борилиши ҳалиям кузатилмоқда. Мана ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига ҳам 30 йилдан кўп вақт ўтаяпти. Шу пайтгача қонун талабларида қайд этилганидек, давлат тилида ҳужжатлар қабул қилиш, иш юритиш ва ҳокозаларга эриша олмадик. Хўш, бу кетишда биз қачон давлат тили ҳақидаги қонунчилик талабларини таъминлаймиз? Бундан ташқари, айни пайтда баъзи бир кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларимиз ҳақида ҳам кўп куйиниб гапириш мумкин. Бугун жонажон тилимиз ютуқлари билан бирга, баъзи бир юқоридаги каби муаммоларимиз ҳам борлиги бизни жипсликда, биргаликда ҳаракат қилишимизни талаб этади, албатта.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони белгиланган ҳар йўналишлар ҳар доим биз учун муҳим дастурлар амал бўлиши керак.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 20 январдаги 34-сонли қарори ижросини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат органларида давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш бўйича белгиланган вазифаларни тизимда амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар тайинланди.
Келгусида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида ишлаётган ходимларни давлат тили лотин алифбосига ўргатиш курсларида ўқитиш, шунингдек давлат қўмитасининг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси, Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор; Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима, тўлов варақасини бланкаларини марказлашган ҳолда лотин алифбосида тайёрланиши режалаштирилмоқда.
Чунки ўзи саъй-ҳаракатларимиз келажакда буюк мутафаккирларимиз ижод қилган, аждодларимиз сўзлашган, энг муҳими, миллат руҳи бўлган она тилимизни нафақат сақлаб қоламиз, балки уни тўла-тўкис келажак авлодларга етказишга ҳам кенг имкон беради. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ва танга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.
Қувончли томони, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Ушбу янги тузилма биз маслаҳатчиларнинг ишини самарали ташкил этишда муҳим роль ўйнайди, деб ўйлайман.
Бир сўз билан айтганда, тилимизни юксакларга кўтариш, ёшлар қалбига чуқур сингдириш ва бошқа муҳим йўналишларда амалга оширилиши муҳим ва долзарб бўлган ишларимиз ҳали кўп. Бу борада биргаликда ҳаракат қилишга барчани даъват этаман!
МИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ –ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚМИЛЛИЙ БОЙЛИГИМИЗ –ЎЗБЕК ТИЛИ ҲАМИША ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚ

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Негаки тил софлигини асраб қолиш – миллат қаршисидаги муҳим вазифа, келажак олдидаги қарздир. Сўз мулкининг султонидан мерос қолган нодир ҳикмат - “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” мисраларини ёд билганлар кўп. Алишер Навоий тилнинг миллат тарбиясида тутган ўрни қанчалар беқиёслигини икки оғиз жумласида мукаммал кўрсатган. Албатта тилга доимий эътибор - миллат келажаги камолоти, анъаналаримиз, қадриятларимиз давомийлигини таъминлаши шубҳасиз.
Ахборот тезлиги қуёш тезлигига тенглашаёган замонда яшаяпмиз. Медиа маконда бир-биридан ўзаётган интернет тармоқлари истаймизми, йўқми халқ номли катта аудитория минбарида сўзлагач кишилар онгу руҳониятига қайсидир маънода таъсир этувчи кучга айланади. Миллий матбуотда ҳеч бир тўсиқсиз жаранглаётган овозларнинг барчаси ҳам тилимиз софлигига хизмат қилаяпти, дея олмаймиз. Айрим манбаларда шевалар устунлиги, ғализ жумлалар, жаргонлар ижтимоий ҳаётимизга бамайлихавотир кириб келаётгани ўзбек тили фидоийлари, мутасадди олимлар, кенг жамоатчиликни ташвишга солмай қўймаяпти.
Давр – муттасил янгиланишга эга. Лекин миллатнинг тили, қадриятлари, урф-одатлар, анъаналар ўзгармасдир.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрда имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кенг жамоатчилик томонидан юксак эътибор билан кутиб олинди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва жорий йил 20 январда “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат барча соҳаларда иш юритишни давлат тилида тўлақонли ташкил этиш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этишни таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектлар, маданий мерос объектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши, ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек Давлатимиз раҳбари “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу албатта кишилар онгу шуурида давлат тилининг нечоғли муҳимлигини англатиш билан бирга, асрлар оша яшаб келаётган қадимий тилимиз эъзоз ва эътирофга муносиб эканини англатади. Айни кунда Олий Мажлис қонунчилик палатасида яна бир хайрли иш – “Ўзбек тили ҳақида”ги қонуннинг янги, замонавий таҳрири муҳокомаси бўлиб ўтмоқда.
Қонунчилигимиздаги ушбу ислоҳотлар давлат тили мавқеини юқори даражага кўтариш, кишилар онгу шуурида тил маданиятини юксалтириш, давлат тилига эътиборни ҳаёт тарзига айлантириш, ўзбек тилини ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани билан аҳамиятли.
Ушбу сиёсий жараёнларга ҳар биримиз иштирокчимиз. Шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро давлат тилида соф сўзлай олиши, уни ҳурмат қилиши зарур. Зеро ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Бу албатта етарли тажриба демакдир. Жойларда, корхона ва муассасаларда ўзбек тили ва адабиёти марказларини очиш, ўзбек тилида иш юритиш услублари ва ўзбек тилида сўзлашиш, нутқ маданияти курсларини онлайн ташкил этиш мутасаддилар қатори, тилимиз ва миллатимиз жонкуярлари, олимларимиз қаршисида турган маънавий вазифа, миллий позиция, десак муболаға бўлмас. Айни карантин вақтида бунинг учун вақт ҳам, масъулият ҳам топилади. Зеро ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган хайрли ишларда ташаббус кўрсатиш ҳаққоний ватанпарварлик намунаси, маънавий бурчимиздир.
Ҳилола ИСМАТОВА