ҚОЯ СУРАТЛАРИ САНЪАТИ

ҚОЯ СУРАТЛАРИ  САНЪАТИҚОЯ СУРАТЛАРИ САНЪАТИ
унга эътибор қандай?
Хайрулло БАҚОЕВ,
Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш
қўмитаси раиси ўринбосари, Экоҳаракат
Навоий ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг барча йўналишлар қатори табиий, тарихий ва археологик ёдгорликлар муҳофазасига ҳам эътибор кучайтирилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон қадимий тош суратларнинг кўплиги билан жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, айни пайтга қадар мамлакатимиз ҳудудида 145 дан ортиқ қоя суратлари санъати объектлари мавжуд.
Сармишсой ана шундай йирик тош суратлар санъати объектларидан биридир. Бу расмлар сойнинг икки қирғоғи бўйлаб икки километргача бўлган жойда акс этади. Бу суратлар археологлар томонидан 15 гуруҳга бўлинган. Сармиш дараси ва унинг ландшафти ўзбек халқи, қолаверса бутун инсоният учун табиий-тарихий ёдгорлик сифатида катта аҳамиятга эга.
Қоя тошлардан ташқари, бу дара ҳудудида, тахминан 7-8 асрларга тааллуқли бир нечта қадимги қўрғонларнинг жойлари, қадимги одамлар яшаган чуқурликлар, пана жойлар, ғорлар ҳамда сағаналар ва ўрганилмаган тош уюмлари борлиги аниқланган.
Бу ноёб табиий ва тарихий ёдгорликни сақлаб қолиш ва унинг муҳофазасини ташкил этиш бўйича бир неча бор ҳаракатлар бўлган. Масалан Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси таклифи билан умумйи майдони 5000 гектар бўлган “Сармиш миллий табиат боғи”ни ташкил этиш бўйича 1997 йил 21 апрледа Навоий вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинган. “Сармиш миллий табиат боғи” қўмитанинг Бионазорат инспекцияси томонидан доимий ташкил этиладиган рейдлар асосида муҳофаза этиб келинди. Бу ҳаракатларнинг самараси етарли эмаслиги албатта аён.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилда қабул қилинган “муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни асосида Табиат боғларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киритилди. Бу масала бўйича ҳам “Сармиш табиат боғи”нинг барча тегишли материаллари Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди, аммо афсуски, масала натижасиз, очиқ қолди.
Сармишсойнинг ноёб ландшафтини сақлаб қолиш мақсадида Навоий вилояти ҳокимининг “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонасини ташкил этиш, музей муҳофаза зонасини белгилаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги 2004 йил 23 сентябрдаги Қ-193-сонли қарори қабул қилинганлиги бу борадаги уринишларнинг иккинчиси эди. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш ва ер ажратиш бўйича орадан беш йил ўтгач, Навбаҳор тумани ҳокимининг 2009 йил 14 июлдаги қарори қабул қилинди ва туман ҳокимининг 2009 йил 11 августдаги қарори билан “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музей-қўриқхонасини ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер танлаш ва ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланган. Аммо мазкур қарорнинг ижросини таъминлашга эътиборни талаб даражасида деб бўлмайди. Оддий қилиб айтганда, қўриқхона талабларининг биттаси ҳам бажарилмаганлигини кўриш мумкин.
Баҳор фаслида маҳаллий халқнинг ушбу ҳудудда тартибсиз дам олиши бу борада кескин чоралар кўриш зарурлигини кўрсатиб турибди. Тўғри, “Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш” инспекциямиз томонидан доимий равишда Сармишсой табиий-археологик музейи ҳудудини назорат қилиш мақсадида 6 нафар инспекторлар бириктирилган бўлиб, улар томонидан махсус режа асосида рейдлар ўтазилиб келинмоқда. Рейдлар натижаси кўра ўтган йил давомида 11 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунбузарларга 1 302 400 сўм жарма ҳамда табиатга етказган зарарлари учун товон пули солинган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 9 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунбузарларга 1 172 160 сўм жарима ҳамда табиатга етказган зарарлари учун 1 432 640 сўм томон пули солинганлигини айтиш мумкин.
Бундан ташқари, “Сармишсой Навоий” масъулияти чекланган жамият томонидан туристик пункт ҳудудига ички ва ташқи экотуризмни ривожлантириш мақсадида Сурхондарё вилояти Денов тумани “Ҳазорбоғ” ширкат хўжалигидан 13 000 туп арча , 1000 туп ўрик ва 10 000 туп тол дарахти кўчатлари, 2000 дона софора ва 3000 дона айлант кўчатлари, 1000 дона ёнғоқ, 1000 дона бодом, 2000 дона олма, 1000 дона гилос кўчатлари экилди. 2015-2016 йилларда эса мазкур жамият томонидан 2 минг дона маҳаллий тут кўчатлари, 2 минг дона маҳаллий чинор дарахтлари ҳамда 3 минг дона атиргул ва бошқа гуллар экилиб, парвариш қилинмоқда.
Барча саъйи ҳаракатларга қарамасдан, бугунги даврнинг ўзи мазкур ноёб табиий ва тарихий ёдгорликка Республика аҳамиятига эга бўлган мақом бериш ва ЮНЕСКО рўйхатига киритишни кечиктириб бўлмаслигини тақозо этади. Энг муҳими, асрлардан –асрларга ўтиб келаётган бу ноёб ёдгорликни асраш ҳар бир фуқаронинг виждонига айланмоғи даркор. Шундагина биз бу бебаҳо ва бетакрор мўъжизани келгуси авлодларга етказа оламиз.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.