МАКТАБДА ЭКОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

Табиатни севишга ўрган!МАКТАБДА ЭКОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

МАКТАБДА ЭКОЛОГИЯ МУЗЕЙИ

Саховатли қуёш, зилол сув, серунум тупроқ, яшилликка бурканган турли хил ўсимликлар-у ҳайвонот олами. Ушбу табиат неъматларисиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Улар биз учун шу қадар азизки, беихтиёр момо ер, она табиат сингари муқаддас номлар билан атаймиз. Минг йилларки инсониятдан ўз ҳимматини аямай келаётган табиат сиз-у бизга она каби меҳр улашади гўё.
Афсуски, кейинги йилларда тараққиёт атамаси остида илм-фан янгиликлари, саноат корхоналарининг кўпайиши атроф-муҳит билан боғлиқ турли муаммоларни юзага келтирмоқда. Афсуски, орамизда бунга бепарволик билан қараётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Аммо юртимизда гўзал диёримизни гулистонга айлантиришни мақсад қилган, экологик маданият тушунчасининг мазмунини англаб етган ёш авлодни ҳар қадамда учратиш мумкин. Навоий шаҳридаги 12-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига ташриф буюрар экансиз, ушбу масканда ана шундай йигит-қизлар таҳсил олаётганига гувоҳ бўласиз.
Таълим муассасасининг кириш эшиги ёнида ташкил этилган жонли бурчак нигоҳингизни ўзига тортиши тайин. Ўқувчилар томонидан чизилган табиат мавзусидаги расмларни кўриб кўнгилда завқ тошади. Бурчакка ўзгача руҳ бериб турган сайроқи қушчаларнинг шўх овози шубҳасиз ҳар қандай кайфиятни кўтаришга қодир. Узун зал гуллар билан безалган. Ҳар қадамда кўзни қувонтирувчи гўзалликка дуч келиш мумкин.
– Атроф-муҳит муҳофазаси учун барча бирдек масъул. Биз ушбу шиор остида ўқувчиларимиз онгига она табиатимизга бўлган меҳрни сингдириш йўлида тинимсиз изланамиз, янгидан -янги тадбирлар, лойиҳаларни амалга оширамиз, – дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилбар Ҳожиева. – Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлиши лозимлиги, мактаб ҳудудида тозалик ишларини мунтазам ўтказиш ҳозирда йигит-қизларимиз учун анъана тусига кириб қолган. 2001 йилда ташкил қилиниб ушбу кунга қадар фаолият юритиб келаётган мўжаз “Экология” музейи ҳам уларнинг атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимликлар оламига бўлган меҳр-муҳаббатини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзим музейда мавжуд экотўгарак раҳбари сифатида ўқувчи-ёшларнинг она табиат саховати, унинг бизга бераётган неъматлари ҳамда юзага келаётган айрим муаммолар ҳақидаги қарашларини шакллантиришга қаратилган мавзуларда дарслар олиб бораман.
Дарҳақиқат, эзгу мақсадлар йўлида очилган музей фаолияти билан қизиққанимизда Дилбар опанинг сўзларига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Айни вақтда музейда чўл, тўқай ҳамда тоғ минтақасида ўсувчи ўсимликлардан намуналар, қуш ва ҳайвон экспонатлари мавжуд. Иқтидорли ўқувчилар ижодига мансуб қўлда чизилган ранг-баранг расмлар музейни ҳам безаб турибди.
– Мен “Экология” музейида жорий қилинган “Ёш қўриқчилар” тўгараги аъзосиман, – дея сўз бошлади биз билан суҳбатда мактабнинг 7-синф ўқувчиси Феруз Эркинов. – Ботаника фанига қизиқишим сабаб ҳар ҳафта тўгарак машғулотларида мунтазам иштирок этаман.
-“Қушлар – бизнинг дўстимиз”, “Қизил китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвонлар”, “Ўзбекистонда ҳозирги экологик муҳит”, “Инсон ва тупроқ” сингари бизга топширилган мавзуларда ижодий ишлар ёзар эканман, табиатга бўлган қизиқишим янада ортди.
Мазкур таълим масканида Феруз сингари ботаника, биология фанларини чуқур ўзлаштираётган йигит-қизлар сони кўплиги бизни қувонтирди. Уларнинг ҳозирда билимлар беллашуви, фан олимпиадаларига қизғин тайёргарлиги кейинчалик мактаб нуфузига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Хуллас, Навоий шаҳридаги 12-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби жамоаси атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар -атмосферанинг заҳарланиши, сувнинг ифлосланиши, табиий бойликларнинг камайиб кетишига қарши ёшлар онгида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида намунали ишларни олиб бормоқда. Ўйлаймизки, ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ҳар бир ёш келажакда фусункор табиатимиз неъматларидан оқилона фойдаланадиган, юқоридаги муаммолар ечими йўлида жон куйдирадиган муносиб авлодлар бўлиб етишади.
Санжар ҚУРБОНОВ,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.