“ТОЗА ҲАВО” ДАН ТОПИЛГАН ЗАҲАР

“ТОЗА ҲАВО” ДАН ТОПИЛГАН ЗАҲАР“ТОЗА  ҲАВО” ДАН  ТОПИЛГАН   ЗАҲАР

Йилдан- йилга автотранспорт воситаларининг сони ортиб бориши инсонлар турмуш тарзининг яхшиланиши ва автомобилсозлик саноатининг ривожланишидан далолат берса, иккинчи томондан автомобилларда ёқилғи ёқилиши билан ажралиб чиқувчи чиқинди газлари миқдорининг ошиши билан атроф муҳитга салбий таъсирнинг кўпайиши кузатилмоқда.
Ҳозирги кунда атмосфера ҳавосига ташланадиган жами ташламаларнинг 50-60 фоизи транспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдорига тўғри келаётганлигини кўпчилик яхши билади.
Автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари таркибида углерод, азот, олтингургут оксидлари, альдегидлар, тетраэтилсвинец, бенз(а)пирен ва бошка зарарли моддалар мавжуд бўлиб, улар атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқараётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Автотранспорт воситаларининг двигателларидан чиқаётган чиқинди газларни атмосфера ҳавосига ташланишини камайтириш мақсадида Республика миқёсида ҳар йили икки босқичда «Тоза ҳаво» тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Вилоятимизда «Тоза ҳаво» тадбирининг жорий йилдаги биринчи босқичи ҳам вилоят ҳокимининг 2017 йил 14 апрелдаги Ф-32-сонли фармойиши асосида самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилди.
Фармойишга асосан тузилган Ишчи гуруҳи томонидан тадбирни самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида қўшма тадбир ишлаб чиқилди. Вилоятнинг серқатнов автомагистралларида 11 та экологик постлар ташкил қилиниб, тадбирнинг 1-босқичи давомида постларда 6845 та, автокорхоналарнинг кириш чиқиш жойларида 877 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори ўлчанди. Натижада 162 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги аниқланди.
«Тоза ҳаво» тадбирини ўтказиш давомида атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашда автомобил ҳайдовчиларининг бурч ва маъсулиятлари хусусида ҳайдовчилар, корхона ва ташкилот раҳбарларига кенг тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Дилфуза АҲМЕДОВА,
вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш»инспекцияси бошлиғи

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.