БАРГИ ХАЗОН УМРИМИЗГА ЗАВОЛ БЎЛМАСИН!

БАРГИ ХАЗОН УМРИМИЗГА ЗАВОЛ БЎЛМАСИН! БАРГИ ХАЗОН  УМРИМИЗГА  ЗАВОЛ  БЎЛМАСИН!

Зебохон ТЎРАҚУЛОВА,
Вилоят Экология ва атроф –муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси


Ўлкамизга куз фасли кириб келиши билан дов-дарахтларнинг барглари олтин тусга кира бошлайди. Шу тариқа табиат қишки уйқуга ҳозирлик кўради. Бир томондан қарасангиз чор атрофнинг олтин тусга кирганлиги дилларни қувонтирса, иккинчи томондан уларнинг тўкилиб, барча майдонларга тарқалиши дилни хира қилади. Лекин дарахт шохларида ям-яшил бўлиб турадиган, иссиқ пайтлари оромбахш соя берадиган барглар сарғайиб ерга тушганда, баъзи фуқаролар уларни териб, йиғиштириб олиб, дарҳол йўқ қилишнинг энг осон йўли- ёқиб юборишга шошиладилар.
Вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари томонидан ҳар мавсумда айнан хазонларни ёқиб юбориш оқибатида қандай моддалар ажралиб чиқиши ва атроф -муҳитга тарқалиб қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида вилоятимиздаги умумий таълим мактабларида, қишлоқ врачлик пунктларида, шунингдек бир қанча корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Қуриган япроқлар ёки хазон ёниши учун юқори ҳарорат талаб қилинмайди, лекин, ёниши оқибатида ҳосил бўладиган тутун таркибида жуда кўп миқдорда заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Булардан азот оксидлари, углерод оксидлари, углеводородлар ва ис гази ҳисобланади. Бу заҳарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чикаради. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Шифокорларнинг маълумотларига кўра, атмосфера ҳавосини ифлосланишининг организмга таъсири инсоннинг индувидуал хусусиятлари ёши, жинси, саломатлигига боғликдир. Одатда ёш болалар, кексалар ва беморлар заиф бўладилар. Шунинг учун улар тезроқ ва оғирроқ зарар кўриши аниқ.
Барчамиз атмосфера ҳавосининг ифлосланиб кетаётганлигидан нолиймиз, зорланамиз. Лекин унинг ифлосланишида инсонларнинг таъсири катталиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.
Баргихазонларни йиғиб, махсус чиқиндихоналарга чиқариб компослаш йўли билан маҳаллий ўғит олиб, кейинги йилда қишлоқ хўжалигида маҳаллий ўғит сифатида ишлатиш ҳам мумкин.
2017 йилнинг 9 ойи давомида вилоятимиз бўйича ноқонуний битум эритилганлиги, шох-шаббалар ва ўсимлик қолдиқлари ҳамда барги ҳазонларни ёққанлиги учун 100 та қонунбузарларга нисбатан 18023037 сўм миқдорида жарима солинди ва ундириб олинди. Биз экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассисларининг мақсадимиз фуқароларни ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жаримага тортиш эмас, аксинча уларда табиатга бўлган меҳрни кучайтириб, барчамиз учун керакли ва азиз бўлган табиатимизни келажак авлод учун асрашдан иборатдир.
Ҳар бир инсон соғ-саломат бўлишни истаса, атроф- муҳитни асраб-авайлашни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблаши лозим.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.