Тоза ҳавони соғиндик! ҲАММА НАРСА ИНСОН УЧУН...МИ?

Тоза ҳавони соғиндик!
ҲАММА НАРСА ИНСОН УЧУН...МИ?Тоза ҳавони  соғиндик! ҲАММА  НАРСА  ИНСОН  УЧУН...МИ?

Инсон учун энг қимматли нарса - ҲАЁТ! У инсонга бир марта берилади... Уни қандай яшаш инсоннинг ўз хоҳиши, аммо қандай шароитларда умр кечириш гоҳо инсонга боғлиқ бўлмай қолади. Умрнинг яхши-ёмонлиги, қисқа ёки узунлигини атроф-муҳитнинг таъсири белгилаши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги техника асри, барча соҳалардаги ривожланишлар, тенгсиз тараққиёт ўзгаришлари инсон ҳаётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқ. Саноатнинг ривожланиши, завод, фабрикалар, автотранспорт воситаларининг кўпайиши бу борадаги мураккабликларни янада ошириши табиий.
Ўйлаб кўринг. Тонгда тоза ҳаводан тўйиб нафас олганингизни эслай оласизми? Уйқудан уйғониб, бошингизга гўёки қўрғошин қафас қуйилгандек ўзингизни нохуш сезишингиз ҳам оддий ҳақиқатга айланиб қолдими?
Бунинг сабабини бугунги кунда барчамиз жуда яхши биламиз: Шаҳримизда жойлашган саноат корхоналари чиқараётган зарарли чиқиндилар. Хусусан “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан чиқаётган зарарли газлар эшикни ёпсак, тешикдан кириб,соғлигимизга зиён етказмоқда.
Республикамиздаги йирик кимё саноати корхоналаридан бири сифатида ном қозонган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотларининг катта қисмини ишлаб чиқараётган мазкур корхона шўролар даврида қурилганлигини инобатга оладиган бўлсак, масала янада ойдинлашади. Ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида узлуксиз фаолият кўрсатаётган мазкур корхона модернизацияга муҳтожлигини таъкидлашга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли газлар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги оқибатида келиб чиқаётган муаммоларни санаб адоғига етиш қийин.
Ана шу муаммолар ечимини топиш мақсадида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси томонидан “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг умумий фаолияти ва унинг атроф- муҳитга таъсири” мавзусидаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсадини “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни жойларда амалга оширишдан иборат бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят адлия бошқармаси, вилоят экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, вилоят санитария ва эпидемиология назорати маркази шифокорлари, вилоят Гидрометереология маркази мутахассислари, вилоятдаги йирик саноат корхоналарининг бош экологлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Навоий шаҳар ва Кармана туман маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари ҳамда вилоятнинг бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувини ташкил этишда Ўзбекистон экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси координатори Эшмамат Тоғаев бош-қош бўлди. Тадбирда вилоят Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Бақоевнинг “Навоий вилоятининг йирик саноат корхона ва ташкилотлари, уларнинг атроф -муҳитга таъсири”, Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Д. Аҳмедованинг “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг саноат йўналишидаги фаолияти ва табиатга кўрсатаётган салбий таъсири”, вилоят давлат санитария ва эпидемиология маркази бош врачи ўринбосари Ш.Набиевнинг “Вилоят атмосфера ҳавосининг санитар-гигиеник ҳолати ва унда “Навоийазот” АЖ фаолиятининг ўрни”, “Навоийазот” акциядорлик жамияти бош экологи Н.Саломованинг “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги маърузалари тингланди.
Жамоатчилик эшитувидан асосий мақсад аҳоли саломатлигига хавф туғдираётган омилларни бартараф этишдан иборат бўлиб, мутахассислар ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда аниқ таҳлиллари билан иштирок этдилар. Қуйида уларнинг мулоҳазалари билан танишишингиз мумкин:
Хайрулло БАҚОЕВ,
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари

-Бугунги кунда атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш глобал муаммога айланган. Атмосфера ҳавоси табиий ва антропоген омиллар таъсири остида ифлосланади. Йирик саноат корхоналари, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ҳавони ифлослантираётганлиги инсон саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Маълумки, йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, собиқ шўролар тузуми даврида, аҳоли яшаш пунктларига яқин масофаларда, яъни табиий сув манбаларига яқин жойларда қурилган. Навоий вилояти аҳолиси ҳам худди ана шу ҳолатдан азият чекмоқда.
Мустақилликкача бўлган даврда маҳсулот ишлаб чиқаришда инсон соғлиғига, айниқса Марказий Осиё республикалари аҳолиси саломатлигига, беписандлик, бефарқлик билан қаралганлиги ҳеч кимга сир эмас. Таъкидлаш лозимки, кимё саноатининг табиатга, инсон соғлиғига таъсири энг кучли бўлган корхоналари худди шу ҳудудга қурилган.
Умуман олганда, вилоят ҳудудида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти, геология ишларининг олиб борилиши, маъданларни қазиб олиш тизими ва улардан керакли метал ва хом ашёларни ажратиб олиш ҳамда ҳосил бўлган ташланма ва чиқитларни жойлаштиришдек мураккаб технологик жараёнлар табиатга салбий таъсир этмай қолмайди.
Мавжуд барча ишлаб чиқариш мажмуаси атроф-муҳитга, аввалом бор инсон соғлиғига, атмосфера ҳавоси таркибига, сувнинг сифатига, тупроқ структураси тизимига, ёввойи ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсининг сифат ва сон жиҳатдан ўзгаришига салбий томондан таъсир этиб, жойларда экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Технологияларнинг эскириши ишлаб чиқариш жараёнларининг бузилишига, бу эса атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорининг кўпайишига сабаб бўлади. Ўтган йил мобайнида “Навоийазот” АЖда технологияларнинг носозлиги оқибатида 12 марта авария ҳолатлари қайд этилган. Бугунги давр янги технологияларни ҳаётга тадбиқ этишни тақозо этмоқда. Юртбошимизнинг алоҳида эътибори туфайли “Навоийазот” корхонасида ҳам модернизация ишлари бошлаб юборилган. Чет эл инвестицияси ёрдамида айрим цехларнинг қайта қурилиши электр энергиясини тежашга, маҳсулот сифатини оширишга, энг муҳими, табиий муҳитга етказиладиган зарарни камайтиришга ёрдам бериши аниқ.
Дилфуза АҲМЕДОВА,
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи

-Вилоятимизда атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатувчи металлургия, иссиқликлик энергетикаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кимё саноати соҳасида фаолият кўрсатаётган 572 та назорат остига олинган объектлар мавжуд. Шу жумладан, 304 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, 268 та транспорт корхоналаридир.
Атмосфера ҳавоси бўйича Навоий вилоятининг мониторинг рўйхатига кири-тилган объектлар қаторида “Навоийазот” АЖ ҳам бор. Мазкур корхона фаолиятида 2016 йил давомида 8,044 минг тонна зарарли газлар атмосфера ҳавосига чиқариб ташланган.
Вилоятда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича мониторинг ишлари Навоий вилояти гидрометеорология бошқармасининг лабораторияси томонидан олиб борилади. Вилоятда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилиш учун 3 та стационар ва 1 та кўчма кузатув постлари мавжуд бўлиб, постларда атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар: чанг, олтингугурт оксиди, углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, озон, фенол ва аммиак моддалари бўйича намуналар олинади ва уларнинг таркибига кимёвий таҳлиллар ўтказилади. Мавжуд постлардан олинган намуналарнинг кимёвий таҳлиллари натижасида атмосфера ҳавосида бирор -бир ингредиентнинг миқдори улар учун белгиланган меъёрдан ортиш ҳолатлари аниқланган тақдирда зудлик билан қўмитага хабар берилади. Ҳисобот даврида чанг миқдори, азот икки оксиди белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги қайд этилди. Бу ўз навбатида хасталикларнинг кўпайишига, ногиронлар сонининг ортишига, носоғлом чақалоқлар туғилишига сабаб бўлиши аён. Бунга бефарқ қараш миллатимиз келажагига раҳна солиши муқаррарлигини ҳеч ким инкор этолмайди.
Тадбирда жамоатчилик вакиллари “Навоийазот” корхонаси ва унинг атроф- муҳитга таъсири бўйича ўзларини қийнаб ва қизиқтириб келган саволларга тегишли соҳа мутахассислари томонидан жавоб олдилар.
Иштирокчилар таъкидлаганларидек, бугунги кунда атроф- муҳитга антропоген ва техноген таъсирни камайтириш масаласи муҳим ва долзарб муаммолардан биридир. Демак, атроф -муҳит ҳолатини мониторинг қилиб бориш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Уни амалга ошириш учун ифлослантирувчи манбалар ҳисобини олиш, экологик мониторинг жараёнини максимал автоматлаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, мавжуд ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш, инновациялар, хавфсиз экологик технологияларни сингдириш ҳамда давлат ва жамоатчилик экологик назоратини кучайтириш орқали эришиш мумкин, деган хулосага келинди.
Тадбир якунида жамоатчилик эшитувида билдирилган таклиф, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича 15 кун муддатда “Навоийазот”нинг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш; “Навоийазот”АЖнинг барча йўналишлари бўйича экологик норматив ҳужжатларни жорий йилнинг декабрь ойигача ишлаб чиқиш; корхонанинг айрим цехларини босқичма-босқич шаҳар ҳудудидан чиқариш таклифини Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий Кенгашига ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига бериш; Навоий шаҳрининг 10-кичик тумани ҳудудида “Навоийазот”АЖ маблағлари ҳисобидан 2018 йилнинг май ойига қадар гидромет пост қуриш таклифини киритиш; “Навоийазот” фаолияти билан боғлиқ экологик муаммоларни ва янги технологик жараёнларни яхшилаш мақсадида 2018 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Навоий бўлими, Навоий давлат кончилик институти ва Навоий давлат педагогика институти олимлари иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошириш; “Навоийазот”нинг умумий фаолияти ва унинг атроф -муҳитга таъсири” масаласини вилоят ҳокими соатига масала сифатида киритиш; корхонада содир бўлган технологик ва кутилмаган ташланмалар бўлганда, давлат экологик назорати ходимларининг сўзсиз ўз вақтида кириш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш; Табиатдан фойдаланувчи корхона ва ташкилотлар томонидан атроф-муҳит софлигини сақлаш бўйича ажратиладиган маблағларнинг етарли ёки етарли эмаслиги тўғрисида кретерий белгилаш; Навоий шаҳрида бўлган 1 километрлик “Яшил белбоғ” зонасини тиклаш бўйича бир қатор тавсиявий мақомга эга бўлган таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоатчилик эшитуви амалга оширилди. Соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Аммо унинг ижросига ким кафолат беради? Таклиф ва тавсиялар қоғозда қолиб кетмаслигига, атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ масалалар мутасадди раҳбарларнинг виждон ишига айланишига умид қиламиз. Бу тоза ҳавони соғинган барча навоийликларнинг энг катта ОРЗУСИ ва ИСТАГИ! Ахир ҳамма нарса ИНСОН учун эмас...ми?




Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.