БОЛАНГИЗГА ЎРНАК БЎЛИНГ!

Экологик тарбияБОЛАНГИЗГА  ЎРНАК   БЎЛИНГ!
БОЛАНГИЗГА ЎРНАК БЎЛИНГ!

Зарифа БОБОХОЛОВА,
Навоий шаҳридаги “Эртак” номли
10-сон мактабгача тарбия муассасаси
тарбиячиси

Жажжигина қизалоқ дадаси ҳовлиларидаги болта билан чопиб ташлаган катта дарахт шохларига , бир пасда сўлиб қолган япроқларга қараб раҳми келди. Дадасидан нима учун шундай азим дарахтни чопиб ташлаганини сўради. Дадаси бу дарахт ўрнига ошхона қуришни режалаштирганлигини, кейин аяси бу ерда ширин таомлар пиширишини таъкидлади. Орадан анча вақт ўтиб, ошхона ҳам битди. Ширин таомларнинг ҳиди бутун ҳовлини тутиб кетди. Бутун оила аъзолари дастурхон атрофида жамул-жам бўлдилар. Аммо қизалоқнинг томоғидан овқат ўтмади... Қизча ҳамон шохлари синган, барглари илтижоли ҳилпираётган дарахтни ёддан чиқаролмасди. У болаларига табиатни севишга, ўсимликларни, ҳар бир гулу гиёҳни асрашни ўргатган, уларга озор бериш гуноҳ саналишини уқтирган дадаси нимага ўз сўзига амал қилмаганини тушунолмасди.
Дарҳақиқат, инсон жамият ва табиат ўртасидаги ўзаро ўзгариб турувчи муносабатларнинг оқилона бир тарзда тартибга келишини, шунингдек ҳар бир киши табиатни асрашга интилиши, келажак авлодлар олдида жавобгарлик ҳиссини сезиши шарт.
“Бола бошдан...”, деган гап тўғри. Мактабгача ёшдаги болаларга илк ёшданоқ дарахтларнинг шохларини синдирмасликка, гулларни, капалакнинг қанотини узмаслик, ниначига озор бериш, қушларни ўлдириш, ит-мушукларни қийнаш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш гуноҳ эканлигини машғулотларда, сайрларда, ривоят, ҳикоялар ва шеърлар оркали тушунтириб бериш зарур.
Мактабгача тарбия ёшидаги болажонларга табиат ҳақида тушунча беришнинг аҳамияти жуда катта. Зеро бола борлиқ муҳитни табиат орқали англайди. Теварак атрофимизни қуршаб олган нарса ва ҳодисаларни кўриб, солиштиради ва таҳлил қилиб, хулосалар чиқаради.
Масалан, бир ўсимлик кўкариб гуллагунга ва мева туккунга қадар бўладиган даврни кузатганда, ўзи учун қанча янгиликларни кашф қилади, ҳайратланади.
Демак, бола ақлий томондан ҳам тарбияланади, ҳам мантиқий тафаккури ўсади.
Экологик билим беришда мактабгача тарбия ёшидаги болаларда назария ва амалиётни бирга олиб борилса, табиатни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш тасаввур ва тушунчаларни кенгрок камраб олади. Она юртимиз табиатини ҳар бир мавсумда ўзгаришини болажонлар билан кузатишимиз ва унинг мазмунини секин-аста мураккаблаштириб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Мактабгача тарбия ёшидаги болажонларга экологик вазифалар бўлган ҳайвонларни парвариш килиш, ўсимликларни эҳтиёт қилишга одатлантириш, болаларни истироҳат боғига, боғча полизига, экинзорларга сайрга олиб чиқиш, у ердаги дарахт, гуллар, экин ва ҳайвонлар билан таништириш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш керак. Болаларда табиат гўзаллигидан завқ олиш туйғусини тарбиялаш, ўсимлик ва ҳайвонларга зиён етказмаслик, атроф- муҳитни ифлос қилмаслик чиқиндиларни ҳар ерга ташламасликка ўргатиш зарур. Болалар онгига сув, хаво, озиқ-овқат, кийим -кечак, ёруғлик, иссиқликнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамиятини, уларни тежаш зарурлигини ҳам сингдириш керак. Табиатнинг тозалиги факат табиат учунгина эмас, энг аввало инсонларнинг ўзлари учун ғоят муҳимлигини уқтириш лозим.
Экологик маданиятли киши ўз фаолиятини тўлалигича табиатдан рационал фойдаланиш талабларига бўйсундиради.Табиатни асрашга ғамхўрлик қилади, унинг бузилиши, ифлосланишига йўл қўймайди. Шундай экан, биз педагоглар экологик тарбияни мактабгача ёшдаги болажонлардан бошлайлик. Энг аввало ўзимиз уларга ўрнак бўлишни унутмайлик.

“Энг муҳим масала- аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин.”
Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.