ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?

Экобилим
ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА?ЭКОЛОГИК  МАДАНИЯТ  НИМА?
Нурзия ҲАМИДОВА,
Вилоят Экология ва атроф -муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси
Она сайёрамизда юз берган экологик муаммолар, танглик ва инқирозлар маълум маънода инсонларнинг табиат неъматлари, бойликларидан шафқатсизларча фойдаланиши, атроф-муҳитга масъулиятсизлиги ва экологик маданиятнинг пастлиги билан боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг тараққиёти жараёнида жумладан, экологик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда экологик ҳуқуқий таълим –тарбиянинг муҳим ва ҳал қилувчи ролини англаган ҳолда бу тизимни, унинг таркибий қисми бўлган фанларни такомиллаштириш устувор вазифалардан бири, деб белгиланди.
Маълумки, шахснинг экологик маданияти экологик таълим ва тарбия маҳсулидир. У болалигимиздан табиатга нисбатан шаклланган ижобий муносабатимиз, меҳримиздан бошланади, албатта. Бу меҳр ва муносабат аввало, ҳовлимиз, кўчамиз, маҳалламизни озода тутиш, кўкаламзорлаштиришда кўринади. Демак экологик тарбиянинг дастлабки босқичи оилада шаклланади. Мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида бу тарбия мукаммаллашиб боради.
Экологик муаммоларни ечишда ёш авлодга ана шу йўналишдаги таълим-тарбияни, экологик маданиятни шакллантириш асосий вазифалардан ҳисобланади. Экологик маданият деганда, энг аввало табиат ва жамият ўртасидаги боғланишларни тўғри тушуниш, табиатга зарар келтирмаслик, ундан нормал фойдаланишни тушунамиз.
Табиат ва атроф муҳит билан боғлиқ соҳадаги ҳуқуқий таълим асосида экологик ҳуқуқ ва бурчларини яхши биладиган жамият аъзоларигина ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида онгли равишда меҳнат қилади ва уларнинг яратувчанлик фаолияти юқори бўлади. Экологик таълим-тарбия беришда тарихий меросдан самарали фойдаланиб, уларни бугунги замон талаблари билан боғлиқ ҳолда ёшлар онгига сингдириш айниқса яхши самара беради. Бу борада Соҳибқирон Амир Темурнинг ободончилик, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, боғу роғлар яратиш борасида олиб борган ишлари алоҳида аҳамиятга эга.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам экологик тарбия ва таълимга алоҳида аҳамият берилган. Китобда 2244 та сув манбаси ҳақида маълумот берилган ва 17 хил сувга таъриф берилган. Ичимлик суви сақланадиган ҳовуз, қудуқ лабига фақат ихота дарахтларини экишга рухсат берилган. Ушбу китобда табиатга зиён етказадиган кишиларни жазолашга ҳам алоҳида эътибор берилганлиги муҳимдир.
Қуръони Карим ва Ҳадису шарифда ҳам яратганнинг одамзодга ажойиб туҳфаси она еримизни асраб-авайлаш, чиройига чирой қўшишга даъват этувчи оятлар мавжуд.
Конституция ва экологик қонунларнинг эзгу мақсадларини, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ғоясини аниқ кўрсата билиш экологик-ҳуқуқий таълим-тарбиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлиши лозим.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.