ЭКОЛОГИК ТАРБИЯГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ

ЭКОЛОГИК ТАРБИЯГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЭКОЛОГИК  ТАРБИЯГА  ИННОВАЦИОН  ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган « ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш » мавзусидаги давлат ижтимоий буюртмаси танловининг, “Табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишни ва оммалаштиришни ташкил этиш, экологик таълим савиясини оширишга кўмаклашиш” йўналиши бўйича “Бухоро вилояти махсус “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳаси учун 140 миллион сўмга эга бўлди. ЭКОЛОГИК  ТАРБИЯГА  ИННОВАЦИОН  ЁНДАШУВ
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат буюртмачиси бўлган мазкур лойиҳа аҳолининг экологик билимларини ошириш, ёшларни табиатни севишга, ҳайвонот ва наботот оламини асрашга ўргатиши билан бир қаторда юртимизга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.
-Бир вақтлар “Жайрон” экомаркази деб аталган махсус “Жайрон” питомниги Қизилқум чўлининг жануби ғарбида, Бухоро вилояти (Бухоро шаҳридан 42 км. узоқлиқда) Когон тумани ҳудудида жойлашган.- дейди лойиҳа раҳбари, “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси директори Эшмамат Тоғаев.- У Республика аҳамиятига эга бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд сифатида 1977 йилнинг май ойидан буён самарали фаолият кўрсатмоқда.
-Маълумки, ўтган асрнинг 70-йилларида, Қизилқум саҳросининг ноёб ва эндемиги, чўл оҳуси – жайрон ареалини асраб қолиш мақсадида 13 та питомник ташкил этишга қарор қилинган ва ўша даврда 7 та питомник ташкил этилиб, бугунги кунга қадар шулардан бор-йўғи биттаси, яъни махсус “Жайрон” питомниги сақланиб қолинган холос.
-Ҳозирда питомникнинг асосий фаолияти: ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни кўпайтириш, уларнинг биологиясини ўрганиш, генетик маълумотлар банкини ташкил этиш ва кўпайтирилган ҳайвонларнинг меъёрдан ортганларини зоопаркларга ҳамда ҳусусий коллекцияларга сотишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳисобдор бўлган питомник экологик йўналишдаги илмий ва ишлаб чиқариш ташкилот мақомига эга бўлиб, унда асосан илмий ходимлар фаолият юритади.
Нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ҳалқаро аҳамиятга эга бўлган илмий амалий марказлардан бирига айланган питомник ишчи ва ходимлари, айни пайтда, табиий шароитда кам қолган ноёб ҳайвонлар: жайрон, қулон, Прежевал оти, Бухоро тоғ қўйи, морхўр, Бухоро хонгулини ярим тутқинлик шароитида сақлаб қолиш ва кўпайтириш ишлари билан шуғулланади.
Бундан ташқари, бу ерда йўқолиш хавфи арафасида бўлган айрим тур ҳайвонлар бўйича нуфузли халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Ҳозирда питомник ҳудудида 985 бош жайрон, 125 бош қулон, 23 бош Прежевал оти, 3 бош Бухоро буғуси (хонгул), 1 бош бурамашохли тоғ эчкиси (морхур), 48 бош Бухоро қўйи ва бошқа кўплаб ноёб ҳайвонлар бор.
Питомник ходимлари томонидан ўтган 40 йил давомида жуда катта ишлар амалга оширилишига қарамасдан, корхона фаолияти тарғиботи, қолаверса, унинг ички ва ташқи рекламаси масалалари замонавий талабларни тақозо этаётганлиги “Жонли табиат” маркази масъуллари эътиборидан четда қолмади.
-Масалан, - дейди лойиҳа раҳбари, биология фанлари номзоди Э. Тоғаев, - шундай катта имконият ва салоҳиятга эга бўлган бу масканда ҳозирда жуда долзарб бўлган экотуризм тизими самарали йўлга қўйилмаганлиги, бу йўналиш бўйича марказда инфратизим қулайликлари йўқлиги яққол кўриниб турибди. Маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни олиб келган автоуловларнинг турар жойлари, биотуалетлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
- Тўғри, қўриқхона маъмуриятининг режаларига кўра, туристларнинг питомникда кўпайтирилаётган ҳайвонларни кузатиш, ҳудудни ва фауна оламини суратга олиш учун қулайлик яратиш мақсадида махсус кузатув майдонини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида ушбу муаммо ечимига реал ёндашилди ва қўриқхонага четдан кирувчиларнинг ортиб бораётганлигини инобатга олиб, питомникдаги ҳайвонларнинг яшаш тарзига халақит бермаслик мақсадида режадаги кузатув майдонини 3 бараварга қисқартириб, кўпайтирилаётган 8 тур сут эмизувчи ҳайвонлар учун алоҳида-алоҳида, ҳар бир объектнинг биологияси эътиборга олинган холда волъерлар қуриш сметага киритилди.
-Умуман олганда, питомник ҳудудини мониторинг қилиш, ўзаро суҳбатлар ва ўрганиш ҳамда таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, питомникнинг фаолияти тарғиботи босма ва IT майдонларда талаб да-ражасида ёритилмаган ва экологик тарбия бўйича дастурлар мавжуд эмаслиги аён бўлди ҳамда экологик туризмни самарали ташкил этиш учун имкониятлар жуда ҳам чегараланган.
Мазкур лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Биринчидан, “Жайрон” питомниги тўғрисида чоп этилган босма ва IT маълумотлар базаси тўлиқ ўрганилади, корхона учун хос интерактив экобилим дастурлари (3 турда) ишлаб чиқилади. Иккинчидан, питомникда экологик таълим самарасини ошириш бўйича амалий ишлар қилинади, IT базаси сифати оширилади, электрон майдонда фаол бўлиш тизими яратилади, унинг ташқи ва ички рекламаси йўлга қўйилади ва бу йўналиш тўлиқ тартибга солинади. Учинчидан, питомникдаги ноёб ҳайвонларни сақлаш учун ўралган, таьмирга муҳтож, майдон лойиҳа маблағлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда питомникнинг моддий материаллари ҳисобидан волъерлар мажмуасига айлантирилади. Тўртинчидан, питомник офисида махсус кутубхона ташкил этилади ва у ҳуқуқий ва махсус адабиётлар билан тўлдирилади. Бешинчидан, жаҳонда ягона бўлган қўриқхона ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида электрон материаллар, 3 хил буклетлар ва Республикамизнинг маҳаллий туристлари, мактаб ўқувчилари учун мўл-жалланган 5 хил тарқатма материаллар чоп этилади.
“Жонли табиат” маркази бу борада етарли тажрибага эга. Фикримизни мазкур марказ томонидан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа интитутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грантлари доирасида 3 та грант ва 1 та давлат ижтимоий буюртма лойиҳаларини амалга оширилганлиги исботлаб турибди.
Жумладан, Жамоат фондининг 2011 йилдаги гранти асосида бирлашманинг “Навоий шаҳар «Хончарбоғ» маҳалласи қошида экологик таълим-тарбия алифбо мактаби ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси доира-сида атроф-муҳит муҳофазаси масаласида оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги муҳим учлик эканлиги ғояси илгари сурилди.
2012 йилда, бирлашманинг “Навоий вилоятининг деградацияга учраган тоғ олди ерларида экспериментал хандон писта плантациясини ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳаси пистанинг энг шимолий ареалларидан бўлган Навоий вилояти ҳудудида ҳам ўса олишини исботлади.
“Жонли табиат”нинг 2016 йилдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва экологик ННТларни жамоат экологик назорат фаолиятига махсус тайёрлаш ва янги институтни бошқариш тизимини ташкил этиш” лойиҳаси Навоий вилоятининг барча (305 та) МФЙларини жамоатчилик экологик назорати мавзуси билан қамраб олди.
2014 йилда бирлашма томонидан бажарилган “Учқудуқ тумани, Жарақудуқ ҳудудидаги “Тошўрмон”га муҳофаза этиладиган табиий-тарихий ҳудуд мақомини бериш ва унинг тарғиботига маҳаллий ёшларни жалб қилиш” мавзусидаги ижтимоий буюртма лойиҳаси бу табиий объектни ноёб экотуризм маскани сифатида ташкил этиш учун тегишли бўлган хуж-жатларни тайёрлаб берди.
Бундан ташқари, 2012 йилда бирлашма Америка қўшма штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси гранти асосида “Навоий шаҳрининг 30 та маҳалласи базасида 60 та фаоллардан иборат жамоатчилик экологик назорати тизимини ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳани бажарди. Унда ҳар бир маҳалладан иккита маҳалла фаолларига жамоатчилик экологик назоратнинг дастлабки тушунча ва билимлари берилди ва улар маҳаллалардаги экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш жамоатчилик комиссиялари ишларида фаоллик кўрсатишларига эътибор берилди.
Шунингдек, бирлашма томонидан ижтимоий шериклик асосида қуйидаги лойиҳалар амалга оширилди. “Холодные ключи” ва «Феникс» ёввойи ҳайвонларни кўпайтиришга мўлжалланган питомниклар учун зарурий ҳужжатлар тайёрлаб берилди. Майдони 3300 га бўлган “Битав” буюртма қўриқхонасининг Низоми ва паспорти ишлаб чиқилди. Зарафшон шаҳридаги, ҳудуди 32 гектар бўлган, технологик сув ҳавзасини балиқлантириш бўйича илмий тавсиялар, «Навоий» халқаро аэропорти худудининг орнито-логик вазияти илмий-амалий жихатдан ўрганилди ва ҳаво кемаларининг учиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосли тавсиялар берилди. “Навоийазот” АЖ базасида янги балиқчилик технологияларини қўллаган ҳолда йиллик қуввати 5 тонна бўлган балиқчилик тизимини ташкил этиш бўйича амалий хулосалар берилди. 2014 йилдан, айни пайтга қадар, бирлашма Навоий тоғ- металлургия комбинати ва “Қизилқумцемент” АЖ билан “ Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида болалар ва ишчиларни заҳарли судралиб юрувчи ҳайвонлар ҳамда ҳашаротлар чақишини олдини олиш” бўйича шартнома асосида хайрли ишларни амалга оширмоқда.
“Жонли табиат”нинг навбатдаги қадами ҳам хайрли ва самарали бўлишига шубҳа йўқ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.