ДУНЁ ТАЖРИБАСИ: “ ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ ТЎЛАЙДИ”

ДУНЁ ТАЖРИБАСИ:ДУНЁ  ТАЖРИБАСИ:        “ ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ  ТЎЛАЙДИ”
“ ИФЛОСЛАНТИРУВЧИ ТЎЛАЙДИ”
Алижон ЖАЛИЛОВ,
Навоий вилоят Экология ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
бошқармаси инспекция бошлиғи,
вилоят Кенгаши депутати


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича яқинда ўтказган йиғилишида дунё тажрибасида кенг қўлланилаётган “Ифлослантирувчи тўлайди” тамойили асосида янги тартиб жорий қилиш кераклигини таъкидлади. Яъни маҳсулотдан ҳосил бўладиган чиқиндини утилизация қилиш уни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобидан қопланиши лозим.
Йиғилишда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, чиқиндини қайта ишлаш ва ундан энергия олиш бўйича янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида урғу берди.
Айрим одамларда ҳалигача чиқиндини махсус белгиланган жойга ташлаш, ўз кўчаси ва ҳудудини озода сақлаш маданияти шаклланмагани ҳам қайд этилди. Шу боис ҳудудларни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортиш таъсирчан механизмларини яратиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда табиат, жамият ва инсон ўртасидаги мутаносибликнинг бузилиши, аҳоли сони шиддат билан ўсиши атроф-муҳитга боғлиқ муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Жумладан, миллионлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш масалалари бутун олам аҳлини қаттиқ ташвишга солмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозир дунё бўйича ҳар йили 5 миллиард 754 миллион килограмм чиқинди пайдо бўляпти. Уларнинг фақат 30 фоизи қайта ишланяпти, қолганлари эса ер юзида тўпланиб, уни тобора кўпроқ ифлослантиряпти.
Президентимиз 2017 йил 21 апрелда имзолаган “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор юртимизда айни йўналишдаги муаммоларни ҳал этишга, экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш ишларини тартибга солишга қаратилди. Унда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш ишлари билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантириш зарурлиги алоҳида уқтирилди. Республикамизнинг барча ҳудудларида ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар мамлакатдаги реал экологик ҳолат халқ¬аро тажрибалар асосида аниқ баҳоланади. Шу асосда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Маиший чиқиндиларни бош¬қариш миллий стратегияси, Ўзбекис¬тонда биологик хилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурлари ишлаб чиқилади.
Жисмоний ва юридик шахслар масъулиятини ошириш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, наботот ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга доир қонунлар талаблари бузилиши юзасидан жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Масалага кенгроқ ёндашадиган бўлсак, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга жиддий муносабатни шакллантириш масалаларига дунёнинг кўплаб мамлакатларида жиддий эътибор қаратилганлигини кузатиш мумкин. Ўз навбатида, жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилганлиги маълум. Масалан, Испанияда машина деразасидан чиқиндини улоқтириш 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорида жарима солишга асос бўлади. Германияда беодоб фуқаролар “чиқинди изқуварлари” томонидан ушланади. Чиқиндини махсус қутига ташланмагани кўчага ўрнатилган видеокамера орқали аниқланган қонунбузарга 100 еврогача миқдорда жарима солинади.Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғозини, чанқовбосди ичимликлар шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични ва овқат қолдиғини дуч келган жойга улоқтириш 35 евро, эски мебель, электрон техника воситасини тақиқланган жойда қолдириш 150 дан 600 еврогача миқдорда жарима жазоси тайинланишига олиб келади. Швецияда қоғозни ерга ташлаган киши 90 евро, Сингапурда 300 дан 1000 долларгача миқдордаги маблағидан жудо бўлади.
Албатта, бизда ҳам чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки чиқариб қўйиш учун жазолар белгиланган. Аммо бу тартиб-қоидаларга аҳоли ҳам, масъул ташкилот-идоралар ҳам амал қилаётгани йўқ. Бундай жазоларни жаҳон андозаларига мос равишда қайта кўриб чиқиш фурсати етиб келмадимикин? Ана шунда муаммоларга ечим топилиши аниқ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.