ЭКОЛОГИЯ БИЗДАН БОШЛАНАДИ!

ЭКОЛОГИЯ БИЗДАН БОШЛАНАДИ!  ЭКОЛОГИЯ  БИЗДАН  БОШЛАНАДИ!
  ЭКОЛОГИЯ  БИЗДАН  БОШЛАНАДИ!
  ЭКОЛОГИЯ  БИЗДАН  БОШЛАНАДИ!
2019 йил 21 сентябрь -Бутунжаҳон тозалик куни сифатида инсоният тарихидаги энг катта миқдордаги чиқиндиларни йиғишга сафарбар этилган, миллионлаб кўнгиллиларни бирлаштирган кун. Бу лойиҳа 2008 йилда илк маротаба Эстонияда амалга оширилиб, 5 соат давомида эстонлар иложи борича мамлакат бўйлаб кўпроқ чиқинди тўплаб, ҳудудларни тозалашга ҳаракат қилишганди. ekolog.uz сайтининг маълумотига кўра, бу йили дунё бўйлаб тозалик ишларида 169 та мамлакатдан 36 миллион нафар кўнгиллилар қатнашиб, энг катта акция Индонезияда бўлиб ўтди. Унда 7,6 миллион нафар аҳоли қатнашган. Мазкур ташаббусга бу йил Ўзбекистон ҳам қўшилди.
Навоий вилояти Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза худуд” давлат унитар корхонаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят бўлими ҳамкорлигида ана шу сана муносабати билан “Экология биздан бошланади” шиори остида экологик акция ўтказилди. Мазкур акция экоҳашар кўринишида Нурота тумани “Айдаркўл сув” ҳавзаси қирғоқлари ва Навбаҳор тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида trashtagchallenge форматида ташкил қилинди.
-Мазкур экологик акция барча халқларни сайёрамиз тозалиги учун бирлаштирган давримизнинг энг катта фуқаролик ҳаракатларидан биридир,-деди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хайрулло Бақоев.- Вилоятимизда ўтказилган экологик акцияда 300 дан ортиқ кўнгиллилар қатнашди.
Энг муҳими, акцияда ёш болаларнинг иштирок этиши катта аҳамият касб этди. Чунки табиатни асрашга, севишга ўргатишнинг энг мақбул йўли саналган бундай тадбирларнинг бола қалбига таъсири кучли эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз. Ёш табиатшунос Навоий шаҳридаги 18-умумий таълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Сабрина Абдуқодирова ўз ота-оналари билан тозалик тадбирига келган тенгдошларига намуна бўлди.
Фаол иштирокчиларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.
Акцияни ўтказиш учун айнан Айдаркўл ҳудудининг танланганлиги ҳам бежиз эмаслигини алоҳида эътироф этиш лозим. Сабаби, табиатнинг ноёб мўъжизаси, Айдар- Арнасой кўллар тизими- Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудидаги оқмас кўллар бўлиб, Қизилқум чўли шарқи, Чордара сув омборидан жануби-ғарбда жойлашган Айдаркўл кўлининг вилоятимиз ҳудудидаги табиий бойликларимиздан бири эканлигини кўпчиликка кўрсатиш имконияти пайдо бўлганлигини айтиш мумкин.
Она сайёрамиз мусаффолигини асрашдек эзгу мақсад бирлаштирган иштирокчиларни табиатга меҳр бир дастурхон атрофига тўплади. Тозаланган ҳудудлардан баҳра олган кўнгиллар эса покиза туйғулар ҳамда ойдин хаёлларга лиммо-лим бўлди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.