Оловсиз “куйган” одамлар

Оловсиз “куйган” одамлар  Оловсиз  “куйган”  одамлар
Бутун дунёда гиёҳвандликка қарши курашишнинг барча чоралари кўрилаётганлигига қарамасдан бу турдаги жиноятлар турли кўринишларда турли ёшдаги, турли миллат ва турли тоифадаги фуқаролар томонидан ҳамон содир этилмоқда.
Владимир Собировнинг (исми- шарифлар ўзгартирилган) таржимаи ҳолида Ўзбекистон фуқароси эканлиги ва икки нафар фарзанди борлигини инобатга олмаса... бошқа ҳавас қилгулик нарсанинг ўзи йўқ. У 1966 йилда Навоий шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, 2 нафар фарзанднинг отаси бўла туриб оиласидан ажрашган.
У биринчи марта жиноят содир этганида одам ақлу ҳушини йиғиб оладиган, ҳаётнинг пасту баландини биладиган 44 ёшда эди. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2010 йил 9 декабрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан ЖКнинг 57-моддаси тартибида 5 йил озодликдан маҳрум қилинган. Орадан маълум муддат ўтгач, унга инсонпарварлик кўрсатилиб, жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг 2013 йил 20 ноябрдаги ажримига кўра Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 1 йил 11 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Аммо бу адолатпарварликни тескари тушунган, хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган В. Собиров 2019 йилда яна такрор жиноят содир этган.
Бу галги жиноятда унинг “садоқатли” шериги ҳам бор. Ёмонликнинг кетиши қийин, аммо илдиз отиши осон, дейишади. В. Собировнинг “ҳамтовоғи” Алексей Борисов ҳам гиёҳвандлик кўчасига кириб, ёмонлик йўлини танлаганлардан бири. У 1971 йилда Навоий шаҳрида туғилган, миллати рус, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, иккинчи гуруҳ ногирони, оилалик, 1 нафар фарзанднинг отаси.
Алексейнинг жиноятлар мундарижаси ҳам Владимир “акаси”никидан қолишмайди. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2009 йил 14 апрелдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси тартибида 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган, иккинчи марта эса, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2010 йил 9 декабрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида 7 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиниб, жазони бир муддат ўтаб бўлгач, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2013 йил 14 февралдаги ажримига кўра қолган 3 йил 13 кун жазо муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2013 йил 16 октябрдаги ажримига кўра ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан олдин шартли озод қилинган. Аммо у бу мурувватнинг, бу озодликнинг қадрига етиш, тавба қилиш ўрнига яна янги жиноят содир этишда давом этган “қаҳрамонимиз” бизга “Ўрганган одат ўлганда қолар...” деган нақл бекорга айтилмаганлигини ҳам эслатиб қўйди.
Оғу томган умрлар...

Судланувчилар В.Собиров ва А. Борисовларнинг бу галги ҳамкорликдаги янги жиноят “тарихи” 2019 йил 25 февраль куни дафтар варағи бўлагига қадоқланган “марихуана” гиёҳванд моддасини навоийлик фуқаро О. Нодировга 60.000 сўмга сотишдан бошланган.
Орадан икки кун ўтиб, В.Собиров жиноий ҳаракатларини давом эттириб, А. Борисов билан гугурт қутисига қадоқланган “марихуана” гиёҳванд моддасини яна ўша фуқарога 600.000 сўмга яшаш хонадонига этиб сотган.
Оғуфурушларнинг ишлари ўнгидан ва овлари бароридан келиб, бу заҳри қотилни яна ва яна сотишда давом этадилар.
Бу ҳам етмаганидек В. Собиров гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун бангихона ҳам ташкил қилиб, А.Борисовнинг истеъмол қилиб кўриши учун шароит ҳам яратиб берганлиги аниқланган.
Савдоси юришган ошналар ҳар куни гиёҳвандлик моддасини сотиб, бойиб кетмоқчимиди, ёки бошқа режалари бормиди, бу бизга қоронғу, аммо улар чучварани хом санагани аниқ эди...
Суднинг қора курсисига ўтиришга ўрганиб қолган бу жамият зараркунандаларига жиноятига яраша жазо тайинланди.
Албатта адолатли жамиятда судлар ҳам адолат тамойилига асосан иш кўриши табиий. Тўғри йўлдан адашиб, эгри йўлдан неча бор панд еган бўлишига қарамасдан бу йўлдан қайтиш ҳақида ўйламаётган бу жанобларнинг “марихуана” гиёҳвандлик моддасини ўзлари ҳам истеъмол қилганлигини тан олиши, қилган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёшини ва оилавий аҳволини, қарамоғида фарзандлари борлигини инобатга олган суд уларга қонуний енгиллик беришни лозим топди.
Алексей нафақат наркотик сотувчи балки гиёҳванд сифатида ҳам суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб , 2019 йилнинг февраль ойида таниши Владимир қўнғироқ қилиб, ундан ошнаси учун гиёҳвандлик моддаси топиб беришни сўраганлигини ва шундан савдолари "юришиб“ кетганлигини тан олди.
Судда гувоҳ сифатида иштирок этган Навоий вилоят Божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили Ж.Турсунов ўзини О. Нодиров деб таништирган шахс ариза билан мурожаат қилиб, Навоий шаҳрида яшовчи Алексей ва Владимир исмли шахслар ноқонуний гиёҳвандлик моддалар олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлигини билдирган. Божхона ходими шунингдек, О. Нодиров ҳатто улардан гиёҳвандлик моддаси сотиб олганлигини, ушбу гиёҳвандлик топширмоқчи эканлигини маълум қилганлигини, сўнгра холислар иштирокида тақдим этилган қоғоз бўлагига ўралган яшил рангдаги ўткир ҳидли гиёҳванд моддага ўхшаш ўсимликни топширганлигини ҳам баён қилган.
Шундан сўнг божхона ходими фуқаронинг аризаси юзасидан тезкор тадбир ишлаб чиқилиб, шартли харидор сифатида О. Нодиров жалб қилиниб, В. Собиров ва А. Борисовлар гиёҳвандлик моддасини сотиш жараёнида қўлга олинганлигини билдирди.
Суд ҳайъати, судланувчи А. Борисов ва В. Собировларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб баҳоласа, илгари ҳам қасддан жиноят содир этганлиги жазосини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам “Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилиши алоҳида кўрсатилган. Суд ҳукми ҳам худди ана шу мезонлардан келиб чиқиб тайинланди.
Ҳаётнинг мақсадсиз ва шафқатсиз кўчалари...

Судланувчи Владимир Собиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди ва 273-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли, деб топилди ва унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Алексей Борисов Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли, деб топилди ва унга ушбу модда билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилинди.
Ҳа, жуда қисқа умрнинг мақсадсиз йўллари ва ҳаётнинг шафқатсиз кўчалари... Такрор ғафлат, такрор жиноят, такрор суд, яқинларга такрор алам ва такрор зарбалар, темир панжара ортига бошлаган қоронғу йўллар...
Бу ҳаётда ҳар бир инсоннинг яшашдан мақсади, орзу-ниятлари бор. Уларга эришиш учун меҳнат қилиш, машаққат чекиш, қийинчиликларни енгиш яхши ниятли инсонларга хос фазилатдир. Ўз умрини елларга совураётган, ҳам ўзига, ҳам яқинларига ҳамда атрофдагиларга, ҳам жамиятга зарар етказаётган кимсалар эса яхшиликка ярамайди. В.Собиров ва А. Борисовлар ҳам яшашнинг маъносини, яхшилик деган сўзнинг мазмунини ҳис этганларида эди, Ҳазрат Навоийнинг яхшилик қилолмаган одам ҳеч бўлмаганда, ёмонлик қилмаса, шунинг ўзи яхшилик қилиш билан баробар эканлигини англаган бўлардилар... Афсус... Оловсиз “куйган” одамлар буни тушунармикан?
Шерзод МАМИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.