Планетани қутқармоқчимисан, табиатдан қўлингни торт!

Планетани қутқармоқчимисан, табиатдан қўлингни торт!Планетани қутқармоқчимисан, табиатдан қўлингни торт!
Фарҳод ЭРНАЗАРОВ,
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати
Ер шарида содир бўлаётган табиий офатлар асосан инсоннинг табиатга шафқатсиз муносабатда бўлишининг фожиали оқибатлари натижаси эканлигини барчамиз жуда яхши биламиз. Коронавирус пандемияси сабабли карантин даврида планетамизда атроф- муҳит тозалиги бирмунча яхшиланиб, ҳавога заҳарли газлар чиқариш миқдори 20-30 бараварга камайгани кузатилди. Йўқолиб кетган оддий мусича, қалдирғочлар сони кўпайганлиги, қизилиштон, сўпитўрғай, какку каби қушларнинг юртимизга учиб келиши, ёввойи ўрдак ва олмахонларнинг кўпайиши бир томондан бизни қувонтирган бўлса, иккинчи томондан теварак атрофни ишлатилган ниқоб ва қўлқоплар, пластик ва зарарсизлантирувчи идишлар ва озиқ-овқатлар учун ишлатиладиган бир марталик пластик қадоқлар қоплаб қолаётганлигидан афсусдамиз.
Сайёрамизнинг турли бурчакларида ўрмон ёнғинлари, кучли шамол, бўрон ва тўфонлар, баъзи бир жойларда эса қурғоқчилик атроф- муҳитга хавф туғдирмоқда. Бу глобал иқлим ўзгаришларининг натижаси албатта.
Тўғри, коронавирус тарқалишидан олдин ҳам пластиклардан ифлосланиш ҳолати сайёрамиз учун энг катта таҳдидлардан бири бўлиб келаётган эди. БМТнинг интернетдаги ахборотларига таянган ҳолда биргина пандемия шароитида бир марта ишлатиладиган ҳимоя ниқобларининг глобал бозори 2019 йилда 800 миллион АҚШ долларига ва жорий йилда эса бу кўрсаткич 166 миллиард долларга баҳоланганини кўришимиз мумкин.
Аммо ана шу ишлатилган ҳимоя воситаларини ишлайдиган фуқаролар кунига 2-3 мартагача, бошқалар эса ўз шароитидан келиб чиқиб уни вақти-вақти билан алмаштиради. Баъзида кўча бўйлаб юрганингизда ёки одамлар гавжум бўлган жойларда ерларда сочилиб ётган ниқобларни кўрасиз. Ҳамма унга беэътибор ўтиб кетади.
Пандемия бошланган вақтда пойтахтнинг Миробод туманида фаолият юритаётган «Мироншоҳ» ва «Раҳнамо» муқобил санитар тозалаш хусусий корхоналари Hasher Week лойиҳаси билан ҳамкорликда янги лойиҳа асосида ишлатилган ниқоблар, резина қўлқоплар, турли хилдаги тиббий ҳимоя воситаларини ташлаш учун мўлжалланган замонавий чиқинди қутиларини ўрнатишган эди. Аммо афсуски, бундай қутилар бошқа ҳудудларда йўқ.
Вирусдан ҳимояланиш учун қўлланиладиган ниқоб ва қўлқопларда вирус 24 соатдан 72 соатгача яшаши аниқланган. Биргина Россия давлатида ҳар куни 10 миллион дона ниқоб ва қўлқоплар ишлатилиб, ташлаб юборилар экан. Таҳлилчиларнинг ҳисобига кўра пандемия даврида 8 соат ишловчи ходим бир кунда бир марталик ниқобни 4 марта алмаштирса, 5 кунлик иш ҳафтасига 80 дона ниқоб сотиб олишига тўғри келар экан. Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, жуда катта рақамларда ишлаб чиқарилган ана шу ҳимоя воситалари ишлатилганидан кейин ахлат қутиларига ташлаб юборилишининг ўзи ҳам экологиямиз учун жуда катта хавф туғдиради.
Бизнинг ҳудудда ҳам «Тоза ҳудуд», «Бережливость» корхоналари томонидан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш борасида тизимли иш олиб борилаяпти. Аммо юқорида қайд этилган муаммо бўйича бирорта ҳам лойиҳа йўқлиги ачинарли албатта.
Республикамизда яшовчи ҳар бир киши кунига ўртача 0,6 килограм, бир йил давомида эса 200 килограм маиший чиқинди ҳосил қилар экан. Бу кўрсаткич вилоят марказлари ҳамда шаҳарларда яшовчи киши бошига кунига 0,87 килограм, бир йилда эса 300 килограмни ташкил этар экан. Бу рақамларни барча яшовчи аҳолига нисбатан олсак жуда катта рақам бўлиши одамни саросимага солиши аниқ. Умуман маиший чиқиндилар тўпланиб қолиши атроф- муҳитни иккинчи бор ифлослантиришга сабаб бўлмоқда. Ҳар йили юртимизда 90 кун давом этадиган чанг бўронлари натижасида 15-75 миллион тоннагача чанг атмосферага кўтарилади.
Бундан ташқари, атмосферамизни энг кўп кимёвий моддалар билан ифлосланиши даражаси ҳам вилоятимиз ҳисобига тўғри келиши сақланиб қолинмоқда.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджетидан атроф -муҳит муҳофазаси учун 1017,2 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги ҳақида ахборот берилди. Ушбу маблағнинг 9,4 миллиард сўми атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш учун йўнатилтирилган, 7,2 миллиард сўм ер ва сув хўжалиги тадбирларига, 85.3 миллиард сўм флора ва фаунамиз муҳофазасига, шунингдек, 22,7 миллиард сўм Оролбўйи минтақасида экологик тадбирлар учун йўналтирилган, 7,8 миллиард сўм маблағ эса ерни сув ва шамол эрозиясидан ҳимоялаш ва ерни мелиорацияси учун ажратилган. Санитария корхоналари учун махсус техникалар сотиб олиш ва полигонларда тўпланган чиқиндиларни зарарсизлантириш ва йўқ қилишни яхшилаш тадбирлари ва уларни утилизация қилиш тадбирлари учун 2,5 миллиард сўмни ташкил этган ва бу ўтган йилга нисбатан 147,1 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон экологик партияси томонидан ҳукумат қарорларининг ижроси Навоий вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилиб, вилоятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни бошқариш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тармоқлари ҳолати, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, саноат корхоналарининг салбий таъсирини камайтириш, санитария эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, вилоятдаги экологик ҳолатга салбий таъсир ўтказаётган омиллар хусусида партиянинг вилоят кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан бир неча марта бевосита мулоқот ташкил этилди ва бу ишлар давом эттирилмоқда.
Яқинда интернет манбаларидан Швеция давлатида 99 фоиз миқдордаги чиқиндилар қайта ишланиб, бошқа маҳсулотлар яратилиши ҳақида ўқиб қолдим. Ҳали дунёнинг бирорта давлатида бундай тажриба йўқ, яъни ишлаб чиқаришда чиқитларсиз ишлаш, тоза ҳаво ва тоза сувга эришилмаган экан. Фақатгина атиги 0,7 фоиз чиқиндилар ахлат полигонларида кўмиш орқали утилизация қилинаркан. Бу материалдаги яна бир нарса яъни ҳар бир швед хонадонида бир нечта этикеткалик махсус идишлар бўлиб, уларнинг бирида шиша, бошқасида картон, учинчисида металл, тўртинчисида пластик ва бешинчисида газеталар учун, яна бир бўш идишга эса овқат чиқиндилари ташланиши эътиборимни тортди. Краскалар, тирноқ учун лак, эски қувватлагичлар, лампочка ва электр жиҳозлари хавфли чиқинди сифатида махсус жойларга утилизация қилиш учун топширилади. Чиқиндилар йиғишни ташкил этиш ва уни утилизацияси бўйича муниципалитет жавоб берар экан.
Инновацион экологик қарорлардан фойдаланган ҳолда шведлар экологияни жаннатга айлантириш мумкинлигини бутун дунёга исботлашга ҳаракат қилмоқда. Швеция давлати биринчилардан бўлиб Швецияда шаҳар ва шаҳарлараро қатновчи автобуслар тўлиқ биоёқилғи ва этанол асосида ишлашга ўтган. Ёнувчи газларни истеъмолдан чиқариш борасида иш олиб борилмоқда.
Келгусида ўзимизда ҳам янги қурилган турар-жойларда чиқиндиларни утилизация қилиш ва йиғишни ташкил қилиш, велосипед йўлаклари ва парклари, ҳаммабоп ва экологик тоза жамоат транспортлари, ақлли электр тармоқлари ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз депутатлар сайёрамизни келажак авлодга тоза ва мусаффо қолдириш учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини мунтазам олиб боришимиз, фуқароларимиз онгида экологик маданиятни юксалтириш учун инқилоб қилишга эришишимиз лозим. «Планетани қутқармоқчимисан, уни чиқиндилардан халос этиш учун курашишни ўрган, табиатдан қўлингни торт!» деган даъват ҳар биримизнинг шиоримизга айланмоғи шарт.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.