Хазонлар тутуни-беомон душман...

Хазонлар тутуни-беомон душман...Хазонлар тутуни-беомон душман...
Фарҳод Эрназаров - халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати
Ўлкамизда олтин куз фасли ҳукмронлик қилмоқда. Дов-дарахтлар барглари аста-секинлик билан олтин рангли кўйлагини кийиб, атрофга гўзаллик, саранжомлик ва хушнудлик бахш этмоқда. Шу билан бирга ана шу дарахтлардан ерга тушаб гиламдек тўшалган барглар хазони ҳам йўл бўйлари ва йўлакларда уюм-уюм ҳолда тўпланиб қолаётгани кўзга ташланиб қолади.Қаердадир бу йўл-йўлаклар хазонлардан халос қилиниб махсус жойларга олиб бориб ташланса, қаерлададир уларни тўплаб ўт қўйиб юборишаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бугунги кунда биз аъзо бўлган Ўзбекистон Экологик партияси “Хазонларни ёқмаслик “ юзасидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини бошлаб юборган. Албатта, ҳар йили вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хазон ва чиқиндиларни ёқмаслик юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради.
Хазон ва бошқа чиқиндиларнинг ёқилиши натижасида ҳосил бўладиган тутун таркибида жуда кўп миқдорда заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Булардан азот оксидлари, углерод оксидлари, углеводородлар ва ис гази ҳисобланади. Бу заҳарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чикаради. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ташланади. Битум ёқилганда, ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин экан.
Албатта жонажон юртимизда табиатга зарар етказмаслик, хазонларни ёқмаслик масаласи қонун билан мустаҳкамланиб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик тўғрисидаги 88-моддасининг 3-бандида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб қонунда қайд этилган.
Албатта, хазонларни ёқиш оқибатида зарар кўрган фуқаролар, фарзандларимизни соғлигини жарималар билан қоплаб бўлмайди.
Шундай экан мен маҳаллий Кенгаш депутати, экологик партия аъзоси сифатида барча-барчадан хазонларни ёқмасликни сўраб қоламан.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.