ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ

ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИҒаройиб ғоялар
ЧИҚИНДИЛАРНИНГ КАТТА ИМКОНИЯТЛАРИ улар электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин

Чиқиндилар кимёвий алоқаларга бой энергияга эга бўлади. Олимлар шуни назарда тутиб, узоқ йиллар ушбу имкониятдан эзгу мақсадда фойдаланиш устида изланиш олиб боришди. Ва ниҳоят, чиқиндиларни плазма — қаттиқ қиздириш натижасида вужудга келадиган ионлашган модда воситасида газга айлантириш технологиясини яратишди.
Бу жараён назарий жиҳатдан оддийгина. Яъни чиқинди ҳамда газ ёки ҳаво билан тўлдирилган идиш ичига, айтайлик, камерага электр токи юборилади. Натижада 7000 даражадан ортиқ иссиқликка эга плазма — ионлашган газ ҳосил бўлади. У мутахассислар тилида яшин деб аталади. Бинобарин, бамисоли шиша ичидаги чақмоқ вазифасини ўтайди.
Плазмаларнинг бениҳоя қизиши камерадаги ҳар қандай чиқиндининг молекуляр боғланишларини парчалаб, органик бирикмаларни, шу жумладан, карбонат ангидрид ва водородни синтезлашган газга, қолдиқларини шишасимон мўрт тошқолга айлантиради. Ҳосил бўлган газ электр станциялари турбиналарини ишлатиш учун зарур ёнилғи вазифасини ўтайди, шунингдек, метанол, этанол ва дизель биоёнилғиси тайёрлашда асқатади. Электр энергия ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитни кўмирга нисбатан анча кам заҳарлайди. Тошқолларидан эса қурилиш ашёлари тайёрланади. Улардан Япония ва Францияда бир неча йиллардан буён қурилишда кенг фойдаланилади.
Тўғри, плазма воситасида газлаштириш ҳозирча маиший чиқиндиларни анъанавий усулда қайта ишлаш усуллари билан рақобатлаша олмайди. Лекин, АҚШнинг Жоржия штатидаги Техник тадқиқотлар институтининг пплазмаларни ўрганиш бўлими директори Луис Сирсеонинг таъкидлашича, кейинчалик унинг технологияси такомиллашиши натижасида таннархи нисбатан арзон энергия ишлаб чиқриш имкониятини бериши мумкин. Қолаверса, турли ҳажмли ва шаклли чиқиндиларни плазмали қайта ишлаш учун уларни кўмиб ташлашга нисбатан камроқ маблағ сарфланади.
Бундан икки ярим йилча бурун чиқиндилар билан шуғулланувчи энг йирик Waste Management компанияси Орегон штатидаги янги inEnTec компанияси билан бирга энг сўнгги плазмали газлаштириш жараёнларини саноатга татбиқ этиш бўйича битим тузди. Флорида, Луизина ва Калифорнияда эса ҳар кеча-кундузда минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга йирик иншоотлар барпо этила бошланди.
Тўғри, плазмали газлаштириш жараёнида ҳосил бўладиган тошқоллар таркибидаги заҳарли оғир металлар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси талабларига жавоб беради. Шунга қарамай, уларнинг мавжудлиги чиқиндиларни плазма асосида қайта ишлайдиган заводларни кўпайтириш ниятида бўлган айрим кишиларни бир оз иккилантирмоқда. Мутахассислар эса АҚШда мавжуд қаттиқ маиший чиқиндиларнинг барчаси плазма воситасида қайта ишланса ва ҳосил бўладиган газдан унумли фойдаланилса, у мамлакат эҳтиёжи учун сарфландиган жами электр энергиянинг 5-8 фоизини ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкинлигини уқтирмоқдалар. Бу демак, янги усул тахминан 25 та атом электр станцияси ёки АҚШда мавжуд барча гидростанциялар ўрнини боса олдади..
2020 йилга бориб, ушбу мамлакатда ҳар куни 1 миллион тонна атрофида чиқинди тўпланиши кутилмоқда. Уларни плазмали газлаштириш йўли билан қайта ишлаш фойда келтирса келтирадики, асло зарар қилмайди.


Абдунаби ҲАЙДАРОВ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.