АЛЛЕРГИЯДАН ҚУТИЛИШ МУМКИНМИ?

  АЛЛЕРГИЯДАН  ҚУТИЛИШ  МУМКИНМИ?Шавкатжон ПРИМОВ,
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси аллерголог шифокори
Аллергик хасталиклар кўп тарқалган хасталиклардан бири бўлиб, улар биринчи навбатда турли кўринишдаги тери шикастланишлари, нафас олишнинг бузилиши, кўпинча тумов кўринишида намоён бўлади.
Тери шикастланишлари турли омиллар натижасида ривожланиши мумкин. Масалан, нотўғри овқатланиш, юқумли касалликлар юқиши, гормонал бузилишлар, қаттиқ чарчаш, асаб-психик жароҳатлар шулар жумласидандир.
Аллергик ринит ( тумов)ни қўзғатувчи омилларга биринчи навбатда атроф-муҳитдаги аллергенлар- ўт-ўлан ва дарахтларнинг гулларидан тарқаладиган чанглардан ташқари, хонадонларда яшовчи, гилам, намат, жун одеалларга жойлашиб олган ва кўзга кўринмайдиган каналар ҳам аллергик жараёнларни келтириб чиқариши мумкин.
Сизда аллергиянинг асосий симптомлари - тез-тез аксириш, бурун битиши, сув кетиши, кўз қичиши ва қизариши, нафас олишнинг қийинлашиши, терининг қизариб, турли тошмалар тошиши кузатилса, дарҳол аллерголог врачга мурожаат қилишни унутманг.
Кўпчилик аллергик хасталиклардан қутилиш учун антигистамин воситалар ( димедрол, пипольфен, супрастин, гистимет)ни қабул қилишга тушади. Шифокор маслаҳатисиз бу дори-дармонларни қабул қилишга шошилманг. Чунки, ноўрин истеъмол қилинган дори-дармонларнинг ҳам инсон организмига зарар қилиши ва турли асоратларни қолдириши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.
Қийғос гуллаш пайтида шафтоли, нок, сабзи, ёнғоқ (айниқса фундук), киви, ананасларни, уларнинг шарбатларини истеъмол қилишни рад этинг, олмани камроқ енг. Гречка, манний ёрмаси, гуруч ва сули ёрмаларини керагидан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Таркибида эрмон миқдори кўп бўлган сут, ароқ, вермут виноси сингари ичимликларни ичмаган маъқул. Яхшиси, қатиқ маҳсулотларини, ёғсиз гўшт, балиқ, картошка еб туриш керак.
Агар сизда аллергик ринитга мойиллик бўлса, кўчада ёмғирдан кейин сайр қилишга одатланинг. Баҳорги –ёзги гуллаш мавсумида шампунлардан, суюқ совунлардан, ўт ва дарахт экстрактли гелдан, ўсимлик ва гул косметикаларидан, кремлардан фойдаланмасликкка ҳаракат қилинг.
Билиб қўйинг, гул чангида қўзғалувчи реакциядан ташқари, замбуруғ аллергияси ҳам мавжуд, шунинг учун ёз ойларида спорали замбуруғларга дучор бўлишдан эҳтиёт бўлинг.
Аллергия хасталигини ўз вақтида даволамаслик салбий оқибатларга олиб келиши тиббиётда аллақачон исботланган. Агар аллергиянинг нафас олиш билан боғлиқ ҳолларида даволанмаслик бронхиал астмага, тери аллергиясида эса сурункали экзема касаллигига ва дорилардан аллергия юзага келганда, лайелла синдроми яъни терида пуфакчали тошмалар пайдо бўлиши каби касалликларга дучор қилади.
Астма билан касалланган беморлар ¬ иложи борича аллергенлардан узоқроқ юриши лозим. Ҳозирги кунда олимлар томонидан 300 мингга яқин аллерген моддалар аниқланган бўлиб улардан 100 мингтаси ўсимлик дунёсига мансуб бўлса, қолган қисми турли хил кимёвий моддалар, дори-дармонларга тўғри келади. Аллергенлар тўртта асосий гуруҳларга бўлинади: Ўсимлик чанглари; уй-рўзгор аллергенлари; эпидермал аллергенлар (уй ҳайвонларининг юнги ва уларнинг ҳаёт фаолияти жараёнидаги маҳсулотлари); озиқ-овқат аллергенлари.
Совуқ ҳаво, вирусли инфекция, ўткир ҳидлар, асабийлашиш ҳолатлари аллерген бўлиб ҳисобланмайди. Бирок бу омиллар ҳам астма хуружини келтириб чиқариши мумкин.
Уй шароитида аллергия юзага келишининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
Ҳар куни намланган латта билан чангларни артиб туриш; хоналарни шамоллатиш; ўзига чанг йиғувчи жиҳозлар (юмшок, мебеллар, гиламлар, оғир дарпардалар) ни уйдан чиқариб ташла; китоб сақланадиган жавонларни албаттга ойна билан ёпиш; уй ишларини (супуриш-сидириш, чанг артиш) иложи бўлса бемордан бошқа киши бажаргани маъқул, агар бунинг иложи бўлмаса намланган ниқоб билан нафас йўлларини тўсган ҳолда бажариш керак. Замонавий кучли чангютгичлардан фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Уй ҳайвонларининг юнги, қазғоғига аллергия кузатилган ҳолларда уларни хонадонларда сақламаслик тавсия этилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.